ФУРҚАТДА УЗИЛГАН ЖОН

Бугун, 2021 йилнинг 1 октябр куни яқин дўстимиз, сафдошимиз, истеъдодли олим Озодбек Караматов ватандан узоқда – Туркиянинг Кастамону шаҳрида оғир касалликдан сўнг вафот этди.

Албатта, барчамизни Ўзи яратган, бир кун Ўзига қайтишимиз бор. Озодбек  бир умр илм истаб ўтди. Сирасини айтганда, Туркияга бориб қолгани боиси ҳам илм ортидан бўлди. Бир иқтидорли олим ўз ватани Қирғизистонга сиғмай, мусофирликни бўйнига олган эди. Оллоҳнинг иродаси экан, бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ. Ўзи раҳматига олган бўлсин.

 

Озодбек Караматов 1964 йили Жалолобод вилоятининг Сузоқ қишлоғида туғилди. Унинг ота-бувалари Сузоқ халқи орасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор инсонлар бўлишган. Бундан 50-60 йиллар олдин бутун Сузоқда бир ёки иккита ҳожи она бўлган. Қизилёр маҳалласида яшаб ўтган Хадича ҳожи она шуларнинг биттаси, балки ягонаси эди. Хадича ҳожи она бир умр сузоқлик хотин-қизларни Ислом динидан хабардор қилиб, уларга Қуръони Каримни ўқитиб ўтди. Ўша ҳожи она дўстимиз Озодбекнинг бувиси эди. Мана шундан ҳам билса бўладики, Озодбек Караматов илмдор оиланинг фарзанди бўлган.

Озодбек Караматов билан кўп суҳбатлашганмиз. У Тошкент Ирригация ва сув хўжалиги институтини 1987 йили битирган эди. Тез муддатда иқтисодият соҳасида фан номзоди ва фан доктори илмий даражаларига эришди, профессор унвонини олди. Озодбек бир суҳбатида “Кичик ер майдонларида қишлоқ хўжалик фаолиятини олиб борган деҳқонларнинг даромади пастлигидан эрамиздан 600 йил илгари Грецияда ер майдонларини оптималлаштириш бўйича давлат томонидан зарур тадбирлар ўтказилган. Шу маънода, бугун Ўзбекистонда жуда тўғри йўл тутилмоқда”, дея Ўзбекистонда кечаётган иқтисодий ислоҳотларга ўз муносабатини билдирган эди.

Озодбек Караматов Туркияда бўлар экан, илмий фаолиятини давом эттирди. У ердаги таниқли университетларда иқтисодиёт ва ер кадастри бўйича лекциялар ўқиди, шогирдлар етиштирди, юзлаб талабаларга илм берди. Унинг порлоқ хотираси ҳамюртлари қалбида  ҳамиша яшайди. Охиратингиз обод бўлсин, Озод домла!

Бир гуруҳ дўстлари.