Қўйиб беринг ўйнасин, фақат динига фойдали ўйин ўйнасин
Ўйинқароқлик ва серҳаракатлик болажонларга хос хислатлардан биридир. Шу сабабдан бу хислатни динга хизмат қилишга восита бўладиган тарафга йўналтиришга ҳаракат қилинг.
Болажонларнинг серҳаракат бўлишлари ва бир жойда турмасликлари айб ҳам, хато ҳам, камчилик ҳам эмас. Аксинча, бунинг бир қатор фойдалари бор. Болажонларнинг соғ-саломат бўлишлари, заковатли бўлиб етишишлари ва катта бўлганларида тажрибали бўлишлари шулар жумласидандир.
Ё ўзлари, ёки ота-оналари томонидан мажбурланиши туфайли кам ҳаракат қилган ва шу тарздаги ҳаётга кўниккан болаларнинг у хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, номутаносиб, норасо бўлиб қолганларини кўрасиз. Кўпинча, мана шундай камҳаракат ҳаёт тарзли болалар одамови, қўрқоқ, тортинчоқ ва нимжон бўладилар.
Ўйинларнинг болажонлар шахсиятининг шаклланишидаги аҳамиятига доир амалий мисол:
Бу мавзудаги мисоллар жумласига баъзи ривоятларда келган чавондозлик, сузиш ва камонбозликни ёки ақлий қобилиятни ўстирадиган ўйинларни киритишимиз мумкин. Булар маҳоратли бўлишга, тажриба қозонишга ва заковатни ривожланишига васила бўлади.
Болажонлар, масалан ўғил болаларга нисбатан олсак, уларни жасур қилиб етиштирадиган чавондозлик, сузиш ва камонбозлик каби ўйинларга йўналтирилса, келажакда умматга фойдаси тегади. Бундай тарбияни олган болалар умматнинг оғир кунларида мана мен деб олдинга чиқадиган умматнинг жасур шахсларидан бўлади. Шундай экан, келинг барчамиз имкониятимиз даражасида болажонларимиз билан бирга ўйнайлик.
Ўйинларнинг болажонлар шахсиятининг шаклланишидаги аҳамиятига доир қиссалар:
1) Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Ёқуб, Абдуллоҳ ибн Шаддод ибн Ҳод отаси (Шаддод ибн Ҳод)дан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга Оснинг қизи Умомани елкаларига опичлаган ҳолда чиқдилар ва намоз ўқиб бердилар. Рукуъ қилсалар, уни ерга қўяр, рукуъдан турсалар, яна кўтариб олар эдилар”.[1]
Ибн Ҳажар (Оллоҳ уни раҳмат қилсин) айтади: “Баъзи олимлар бу ҳадисдан фарзандга меҳрибон бўлишнинг қадрининг улуғ эканлиги ҳукмини чиқарганлар. Агар бундай бўлмаса, намозда хушуъни муҳофаза қилиш билан боланинг кўнглига қараш орасида қарама-қаршилик чиққан бўларди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчисини, яъни боланинг кўнгилига қарашни олдинга қўйдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишнинг жоиз эканлигини билдириб қўйиш учун шундай қилган бўлишлари ҳам эҳтимолдан холи эмас”.[2]
2) Абу Қатода (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шундай дейди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечқурунги намозлардан бирида масжидга, ҳузуримизга Ҳасанни ёки Ҳусайнни кўтариб чиқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдинга ўтиб, уни ерга қўйдилар ва намозга такбир айтиб, намозни бошладилар. Намоз асносида бир саждаларини узунроқ қилдилар.
Отам айтади: “Шу онда бошимни кўтариб қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждадалар, болакай у зотнинг устига чиқиб олган экан, яна дарров саждага қайтдим. Намоз тугагандан кейин одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Оллоҳнинг расули, намоз асносида бир саждани узун қилдингиз, биз бир нарса бўлди ёки сизга ваҳий келди шекилли, деб ўйладик”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу айтганларингизнинг ҳеч қайсиниси бўлмади. Фақат неварам устимга чиқиб олганди, (кўнгли) тусаганини қилиб бўлгунича уни безовта қилгим келмади”, дедилар.[3]
Ушбу ҳолат ибодат ишларида содир бўлди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болажонларга то ўйиндан улушларини олиб бўлгунларигача қўйиб бериб, раҳм-шафқат қилдилар. Энди ибодат вақтидан бошқа пайтларда қандай бўлиши мумкин?!