Биcмиллахир Рохманир Рохийм
Салом берса алик олиши, акса урса ташмит айтиши, чақирса бориши, касал бўлса ҳолидан хабар олиши, вафот этса жанозасида иштирок этиши, ҳақ устида ёрдам бериши, олдида ҳам, орқасидан ҳам уни мудофаа қилиши, обрў ва номусини ҳимоя қилиши, холис насиҳат қилиши, шодлигу ғам-аламига шерик бўлиши, ўзи учун яхши кўрган яхши нарсани унга ҳам яхши кўриши мусулмоннинг мусулмон биродари устидаги ҳақ-ҳуқуқларидан
Аллоҳ таоло айтади:
«Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 10).
«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Албатта Аллоҳ Азиз, Ҳакимдир» (Тавба: 71).
«(Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўринглар)! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир»(Ҳужурот 12).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминнинг мўмин устида олтита ҳаққи бор: касал бўлса бориб кўради, вафот этса жанозасида ҳозир бўлади, чақирса[1] ижобат қилади, учрашганда салом беради, акса урса ташмит айтади[2], йўқлигида ҳам, борлигида ҳам унга холис муносабатда бўлади» (Муслим, Насоий, Абу Довуд ривоятлари)
Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни етти нарсага: беморни кўришга, жаноза ортидан боришга, акса урганга ташмит айтишга, қасамнинг устидан чиқишга, мазлумга ёрдам беришга, чақирган жойга боришга, саломни ёйишга буюрдилар (Муттафақун алайҳ).
Асмо бинт Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким биродарининг обрў-номусини ғойибона ҳимоя қилса[3], уни дўзахдан озод қилиш Аллоҳнинг зиммасида бўлади» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 6240).
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким биродарининг обрў-номусидан (маломатни, ғийбатни) қайтарса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан (бутун жисмидан) дўзах ўтини қайтаради» (Аҳмад, Термизий ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6262).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, мўмин мўминнинг биродаридир, унинг тирикчилиги ўтмай қолишининг олдини олади ва ортидан (йўқлигида) уни (нг оиласи, моли ва обрўсини) сақлайди» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110).
Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин – насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар[4] (Муслим, Насоий, Абу Довуд ривоятлари).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингга золим бўлса-да, мазлум бўлса-да ёрдам бер», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман. Лекин, золим бўлса қандай унга ёрдам бераман?», деб сўради. «Уни зулмдан тиясан. Шу унга ёрдам беришинг бўлади», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмонларнинг қонлари (ҳурмат ва қасосда) тенг, энг паст даражадагиси ҳам уларнинг ҳимояси борасида саъй-ҳаракат қилади, энг узоқда бўлгани ҳам ўз ҳимоясига ола билади, бошқалар қаршисига улар бир қўл (яъни, бир жону бир тан)дирлар» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 2391).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши мусулмон кишини обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган ўринда ёрдамсиз қўйса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг ёрдамини истаб турган ўринда ёрдамсиз қўяди. Қай бир киши мусулмон кишига обрў-номуси тўкилаётган ва ҳурмати поймол қилинаётган ўринда ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга Ўзининг ёрдамини истаб турган ўринда ёрдам беради» (Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 5690).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир банда ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча иймони комил бўлмайди» (Муттафақун алайҳ).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Ким биродарига ғойибона ёрдам берса, Аллоҳ дунёю охиратда унга ёрдам беради» (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1217).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан бирингиз акса урса: «Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳол» (Ҳар бир ҳолатда Аллоҳга ҳамд бўлсин), десин, шунда биродари ёки ҳамроҳи унга: «Ярҳамукаллоҳ» (Сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин), десин, у: «Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу болакум» (Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ҳолингизни ислоҳ қилсин», деб жавоб қайтарсин» (Бухорий, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4209).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида икки киши акса урди. У зот улардан бирига ташмит айтиб, иккинчисига айтмадилар. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, икки киши акса урди, сиз улардан бирига ташмит айтиб, иккинчисига айтмадингиз?», деб сўралди. «Буниси Аллоҳга ҳамд айтди, униси эса айтмади», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Мўминнинг мўминлар ичида тутган ўрни ва унинг мисоли
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин киши иймон аҳлига нисбатан бошнинг жасадда тутган ўрнидадир, мўмин киши иймон аҳлига етган мусибатдан худди бош жасадга етган оғриқдан дард чеккандек дард чекади» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6659).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситмада бирга бўлади» (Муттафақун алайҳ).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўминлар битта одамга ўхшашки, агар унинг боши оғриса ҳамма ери оғрийди, кўзи оғриса ҳамма ери оғрийди» (Муслим, Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 6668).
Мусулмон биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида юрадиган ва ундан дунё ташвишларидан бир ташвишни аритадиган одамнинг фазли
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир мусулмондан дунё ғамларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан охират ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир мусулмоннинг (камчилигини) ёпса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг (айбини) ёпади. Банда модомики, биродарига ёрдам бериш пайида экан, Аллоҳ унга ёрдамчи бўлади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, душманига топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини чиқариш йўлида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқариш йўлида бўлади. Ким мусулмон кишидан битта ғам-ташвишини аритса, Аллоҳ ундан Қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг Аллоҳга суюмлироғи (одамларга) нафи кўпроқ тегадиганидир. Амалларнинг Аллоҳга суюмлироғи бир мусулмоннинг дилига шодлик киритишингиз ё ундан бир ғам-ташвишни аритишингиз ё қарзини ўтаб қўйишингиз ё очлигини кетказишингиздир. Мусулмон биродарим билан бирга бирон ҳожати учун юришим мен учун бир ой масжидда эътикоф ўтиришимдан яхшидир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбини ёпади. Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб аччиғини ичга ютса, Аллоҳ қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким мусулмон биродари билан бирга то унинг бир ҳожатини раво қилгунча юрса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган кунда унинг қадамини собит қилади. Ёмон хулқ амални худди сирка асални бузганидек бузади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 176).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Амалларнинг энг афзали мўмин биродаринг дилига шодлик киритишинг ёки унинг бирон қарзини ўтаб қўйишинг ёки унга нон едиришинг» (Саҳиҳул-жомиъ: 1096).
Ибн Мункадирдан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда: «Мўминнинг қарзини ўтаб қўйиб, ҳожатини раво қилиб, бирон ғамини аритиб унинг дилига шодлик олиб кириш энг афзал амаллардандир».
Суфён ибн Уяйна айтади: Ибн Мункадирдан сўралди: «Лаззатбахш амаллардан нима қолди?» «Биродарларга фазлу-марҳамат кўрсатиш», деб жавоб берди у (Байҳақий «Шуъабул-иймон»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2291).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Аллоҳ таоло қиёмат куни айтади:
– «Эй одамзот, мен касал бўлдим, кўргани келмадинг».
Банда: – «Эй Роббим, мен Сени қандай кўргани бораман, ҳолбуки Сен бутун оламлар парвардигори бўлсанг?», дейди.
– «Билмадингми, фалон бандам касал бўлди, сен уни бориб кўрмадинг. Агар уни кўргани борганингда Мени унинг ҳузурида топган бўлардинг! Эй одамзот, Мен сендан емиш сўраб келдим, сен менга таом бермадинг».
– «Эй Роббим, мен Сенга қандай таом беришим мумкин, ҳолбуки Сен бутун оламлар парвардигори бўлсанг?»
– «Билмадингми, фалон бандам сендан емиш сўраб келди, сен унга емиш бермадинг. Агар уни тўйғизганингда Мени унинг ҳузурида топган бўлардинг! Эй одамзот, Мен сендан сув сўраб келдим, сен менга сув бермадинг».
– «Эй Роббим, мен Сенга қандай сув беришим мумкин, ҳолбуки Сен бутун оламлар парвардигори бўлсанг?»
– «Фалон бандам сендан сув сўраб келди, сен унга сув бермадинг. Агар уни суғорганингда Мени унинг ҳузурида топган бўлардинг!» (Муслим ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир биродарига бирон ишида воситачи бўлган бўлса-ю, биродари унга шу иши учун бирон ҳадя берса ва у ўша ҳадяни қабул қилса[5], судхўрликнинг каттасини қилган бўлади» (Аҳмад, Абу Довуд ривояти, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3025).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло баъзи кишиларни бандаларга манфаатлар етказиб туришлари учун неъматлар (қобилият ва имкониятлар) билан хослаган бўлади. Модомики, ўша неъматларни сарф қилиб туришаркан, уларни унда мустаҳкам қилади. Агар сарфлашмаса улардан олиб, бошқаларга бериб қўяди» (Ибн абид-Дунё ва Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2617).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ қай бир бандага мўл-кўл неъмат берган бўлса, сўнг унга одамларнинг эҳтиёжларини туширса-ю, шунда у безор бўлса, ўша неъматни заволга юз туттирган бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2619).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Рамода» йилида (қаттиқ очарчилик бўлган йил) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аъробийларни туя, дон-дун ва ёғ билан таъминлашдан қаттиқ қийналиб кетгач, туриб: «Эй Парвардигор, тоғ чўққилари узра уларга ризқ юборгин», деб дуо қилди. Аллоҳ унинг ва мусулмонларнинг дуосини ижобат қилди. Устига ёмғир томчилари тушган пайт: «Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ таоло бу ҳолатни биздан аритмаганида, ўзига тўқроқ бўлган биронта мусулмон хонадонини қўймасдан улар ҳузурига ўзларининг сонича камбағалларни киритган бўлар эдим. Шунда бир кишига етарли таом билан икки киши ҳалок бўлмай қолар эди», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 438).
[1] Яъни, зиёфат, никоҳ тўйи, ақиқа кабиларга чақирса боради.
[2] Ташмит – ярҳамукаллоҳ дейиш.
[3] «Нега энди ғойибона ҳимоя қилса?», деган савол бўлиши мумкин. Бунга жавоб шуки, мусулмон киши биродарининг обрўсини ғойибона, яъни унинг йўқлигида ҳимоя қилиши унинг биродарига бўлган муҳаббатининг чинлигига, биродарига нисбатан ўзининг зиммасидаги ҳақни чинакам риоя қилишига, Аллоҳ учун бажараётган ишида чин ихлосли эканига далолат қилади. Чунки мусулмон биродарнинг ҳурматини ғойибона ҳимоя қилиш ортида бирон дунёвий тамаъ яширинган бўлмайди. Шунингдек, мусулмон кишининг ҳурмати ўзи йўқлигида поймол қилинганда у ўзини ҳимоя қиладиган одамга муҳтожроқ бўлади. Аксинча, ўзи борлигида ҳурмати поймол қилинса, у ўзини ўзи ҳимоя қилишга қодир бўлиши ва ёрдамга у қадар муҳтож бўлмаслиги мумкин.
[4] Аллоҳга нисбатан насиҳат-холислик маъноси – Унга иймон келтириш, Уни шериксиз деб билиш, Унга тоат-ибодат қилишдир.
Аллоҳнинг китобига нисбатан насиҳат-холислик маъноси – унга иймон келтириш, уни тиловат қилиш, унинг оятларини тасдиқлаш ва ҳукмларига амал қилиш, маъноларини англаш демакдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат-холислик – ул зотни севиш, буйруқ ва қайтариқларига итоат қилиш, суннатларини тирилтириш, даъватларини ёйиш, у зотни ва суннатларини озорлардан ҳимоя қилиш каби маъноларни ифодалайди.
Мусулмонларнинг имом-пешволарига нисбатан насиҳат-холислик – ҳақ устида уларга ёрдам бериш ва итоат қилиш, уларни ҳаққа чорлаш, мусулмонларнинг эҳтиёжларини уларга етказиш, уларнинг орқасида намоз ўқиш ва улар билан бирга жиҳод қилиш, улар тарафидан бирон ножўя иш содир бўлса қаршиларига қилич кўтариб чиқмаслик каби маънолардадир. Дин уламолари бўлмиш имомларга нисбатан насиҳат-холислик – уларнинг сўзларини қабул қилиш, ҳукмларда уларга эргашиш ва уларга нисбатан яхши гумонда бўлишдир.
Мусулмон оммасига нисбатан насиҳат-холислик – уларни дунёвий ва ухровий манфаатларига йўллаб қўйиш, улардан зулму озорларни даф қилиш, уларга бирон зиён-заҳмат етказмаслик, динларидан билмаган нарсаларини таълим бериш, сўзу амалда уларга ёрдам бериш, айбларини яшириш, камчиликларини тўлдириш, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш, уларга меҳр-шафқатли бўлиш, катталарини ҳурмат, кичикларига раҳм қилиш, уларга хиёнат ва ҳасад қилишдан сақланиш, ўзига яхши кўрган нарсани уларга ҳам яхши кўриш ва ўзига ёмон кўрган нарсани уларга ҳам ёмон кўриш, уларнинг молу жонларини ҳимоя қилиш каби маънолардадир
[5] Яъни, ким бировнинг бирон ҳожатини ўташ ё муаммосини ҳал қилиб бериш ё бирон ташвишини аритиш учун у билан махсус идоралар ё муайян шахслар ўртасида воситачи бўлса, сўнг бу иши эвазига ўша одамдан ўз ихтиёри билан берган бирон ҳадяни қабул қилса, у судхўрликнинг катта бир турини қилган бўлади. Ушбу ҳадис далолатига кўра, ҳимоячилик (адвокатлик) касби хатарли касб экани маълум бўлади. Чунки, ҳимоячи – аслида у кўпинча куфр қонуни бўйича иш юритишга мажбур – судда одамларнинг манфаатини ҳимоя қилиш олдидан бу ишига албатта хизмат ҳақи талаб қилади, иши кўрилаётган одам муҳтожми, камбағал ё қийин аҳволдами, бу уни қизиқтирмайди. Шак-шубҳасиз, бундай сифатдаги кишининг гуноҳи воситачилик қилгани учун ўзи сўрамагани ҳолда берилган ҳадяни қабул қилган одамнинг гуноҳидан улкан. Саҳиҳ ҳадис борки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳали бир қавм келадики, сигир ердан ўт егани каби тиллари билан тирикчилик қилишади».
Manba: Islamnuri.com