Фейсбук ва ёшлар
5 Eylül 2015  //  By:   //  YAZARLAR  //  No Comment   //   477 Okunma

Бир ҳафта олдин эски бир ўртоғим телефон қилиб, муҳим бир масалада гаплашмоқчи эканини айтди. Кўришганимизда менга катта бир муаммоси борлигини англадим. Унинг айтишича, опасининг ўн икки ёшли қизининг бир куни компьютер орқали Фейсбук ижтимоий тармоқ саҳифасига кириб ўтирганига кўзи тушибди. У Фейсбукда ўзи тенги ёки ўзидан катта йигит-қизлар билан суҳбатлашар экан. Ачинарлиси, бир аёл ҳали онасининг сути оғзидан кетмаган бу қизда эркакларга нисбатан қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилаётган экан. Бу воқеани гувоҳи бўлган ўртоғим нима қилишни билмай қолибди. Бу муаммони қандай ҳал қилиш керак? Қизнинг ота-онасига айтиш керакми ёки йўқми?

Бу воқеа менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди. Биз бундай мавзуларни эътибордан четда қолдириб, уларга кўз юмиб кетишимиз мумкин эмас. Аксинча, бор кучимиз билан унга қарши курашиб, муносиб бир услуб билан бундай муаммоларни бартараф этишимиз керак. Мен ижтимоий тармоқларнинг, хусусан, Фейсбук саҳифасининг ёшларга, йигиту қизларга зарарини назарда тутаяпман. Бу мавзу ҳар бир ўсмир ёшдаги фарзанди бор барча мусулмон оилаларга тегишли. Компьютер  яшликка ҳам, ёмонликка ҳам ишлаши мумкин. Агар биз ундан тўғри фойдалана олсак, албатта яхши. Акс ҳолда, жуда катта зарарларни келтириб чиқариши мумкин.

Фейсбукнинг ёшларга бўлган хатари

Барча ижтимоий тармоқ саҳифалари, хусусан, Фейсбук саҳифасининг ёшларга нисбатан фойдасидан кўра зарари кўпроқ. Чунки саҳифанинг имтиёзлари кўп. Агар ундан тўғри фойдаланилмаса, кишини жуда ҳам танг аҳволлдарга солиб қўйиши мумкин. Чунки ёшлар бу каби интернет саҳифаларининг фақатгина вертуал ҳаёт экани, у ерларда ўзларини танитаётганлар реал ҳаётда мутлақо бошқача эканларини тушунишмайди ва шу боис ҳар хил қароқчи тармоқларнинг қурбони бўлишади. Хусусан, ижтимоий тармоқларда охирги кейинги пайтда интернет  қароқчилари кенг тарқалди. Улар умумий ва шахсий маълумотлар ҳамда суратларни интернет орқали қўлга киритиб, ўзлаштирадилар. Чунки ёшлар ўз компьютерларига манзил ва шахсий маълумотларини ҳам ёзишади. Аксар ҳолларда бу “қароқчилар” қизларнинг маълумот ва суратларига тажовуз қилишади. Шунингдек, бу ифлос ва тубан найрангбозлар тўқима исмларга очилган ноаниқ логинлар орқали қизларнинг бошларини айлантириб, бу ёшда уларнинг ақлига ҳам келмайдиган нарсалар билан уларнинг ҳис-туйғуларини уйғотишга ҳаракат қилишади. Баъзи қизлар секин-аста уларга мойил бўлишиб, инсон кўринишидаги бу “бўри”нинг тузоғига тушади.

Агар ёшларнинг бундай тармоқларга киришлари қаттиқ назорат остига олинмаса, улар бўш вақтларини бир-бирларига турли хил фаҳш сўзлар ва фаҳш суратлар тарқатиш билан кечирадилар ёки бошқа жинсдаги шахс билан танишиб, кечаю кундуз у билан гаплашиб, вақтларини зоя қилишади. Бу эса инсоннинг ақлини ҳам, қалбини ҳам бузади. Гоҳида бу “ўргимчак тармоқлари”даги алоқалар кучайиб, хусусан, тарбия соҳасида аксар оилалар ўз фарзандларини ҳам ахлоқий, ҳам диний тарафдан тўғри йўналтира олмай турган бир замонда реал алоқаларга айланиб кетиши ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас. Бу саҳифалар ёшларнинг алоқаларидаги барча чекловларни олиб ташлагани боис қанчадан қанча жиноятлар содир этилмоқда.

Хатони топиб, уни тузатиш

Агар оилада ёшларнинг бири ижтимоий тармоқлардан ёмон йўлда фойдаланётгани маълум бўлса, тезда унга жазо чора-тадбирларини қўллаш ёки бутун оиланинг олдида уни уялтириш нотўғри бўлади. Бугунги кунимизда бундай услублар қўл келмайди. Баъзи акалар укаларини шу ҳолатда кўришса, уни шантаж қилмоқчи бўлишади. Албатта, бу ҳам нотўғри. Бу услубларнинг барчаси ёшларга салбий таъсир қилади ва акс натижа беради. Шунинг учун бу масалада шошмасдан ўйлаб, бу муаммони ҳал қилиш учун имкон қадар яхши натижага олиб борадиган услуб топиш керак.

Бизнингча бу муаммони ҳал қилишнинг йўли қуйидагича. Оилада шу болага энг яқин одам ким экани аниқланади. Бу одам ота, она, ака ёки опалардан бирортаси бўлиши мумкин. Ҳатто бироз кенгроқ доирада, масалан, тоғалар, амакилар ёки уларнинг фарзандлари бўлиши ҳам мумкин. Муҳими шу одам бу болага яқин ва унга ўз таъсирини ўтказа оладиган бўлиши керак. Бу одам болага секин-секин яқинлашиб, унинг “ичи”га киришга ҳаракат қилади. Токи бола бу одам билан дардлашиб, ҳар қандай мавзуда ўзи ёш бўлишига қарамай, бемалол ва қўрқмасдан суҳбатлаша олсин. Кейин эса соддагина қилиб, унга бу интернет саҳифаларидаги одамлар билан суҳбатлашиш қанчалик хатарли экани, шу боисдан пайдо бўлган муаммолар ҳақида айтиб тушунтиради. Бу ишни қилишга қайта-қайта уриниши керак. Илк заҳотиёқ болага ўз фикрини сингдириши ёки унга ғазаб қилиши жуда ҳам нотўғри. Чунки бу нарса болани янада махфий иш олиб борадиган қилади ва ўз-ўзидан муаммо янада катталашади.

Сўнг оилада шу болага нисбатан назоратни кучайтириш керак. Масалан, маълум бир вақтларда компьютер  олдида ёлғиз ўзи ўтиришига ёки узоқ ватқ ўтиришига рухсат бермаслик керак. Бироқ бу ишлар очиқчасига бўлмаслиги керак. Масалан, компьютерни эшиги беркитиладиган хонага эмасу лекин уйда ҳаммага кўриниб турадиган жойга қўйиш керак. Чунки агар бола назорат қилинаётганини ҳис қилиб қолса, бу унга салбий таъсир қилади ва ўзини катта олиб, қайсарлик қилиши мумкин.

Яна бир муҳим масала: ёшларни маданий ёки ижтимоий бир қанча ишлар билан машғул қилиб қўйиш керак. Токи бунақанги интернет саҳифаларига киришга бўш вақтлари бўлмасин ёки Фейсбукда бажариладиган ишларни юклаб қўйиш керак. Шунда унинг бу саҳифалардаги бекорчилар билан гаплашиш, бемаъни ишлар билан шуғулланишга бўш вақти бўлмайди.

Хулоса

Бу жуда ҳам муҳим масала. Уни бир қанча сатрлар билан ифодалаш қийин. Бу масалани чуқур ўрганиб, бу борада барча ҳолат ва вазиятларни инобатга олиб, тарбия, психология, жамиятшунослик ҳамда компьютер  соҳасидаги мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда илмий баҳс мақсадга мувофиқ бўлади.

Манба: Ixlos.org

About the Author :

Yorum Yapın