Do’st bolish osonmi? (Kiril ve Lotinda)
21 Eylül 2015  //  By:   //  Dr. N. Normumin  //  No Comment   //   515 Okunma

21.09.2015

ДЎСТ БЎЛИШ ОСОНМИ?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

…Отам раҳматлининг бир дўсти бўларди. Орадан бир неча ўн йиллар ўтиб кетди, қанча ҳаракат қилсам ҳам у амакимнинг исмини эслай олмадим. Отам билан болаликдан ошно бўлишган экан. Кейин биз бошқа туманга, отамнинг ўша дўсти оиласи билан бошқа туманга кўчиб кетишганди. Мен ақлимни танигандан бери, отамнинг у дўсти билан борди келди қилганини яхши эслайман. Гоҳ отам у дўстининг, гоҳида эса дўсти отамнинг меҳмони бўларди. Бундай зиёратлар одатда уч, тўрт кун, баъзан эса бир ҳафтагача давом этар, икки дўст роса мириқишиб суҳбатлашар, шундан кейин навбатдаги учрашувгача икки уч йил кўришмай кетишарди…

Менинг ўғлим ватандан узоқда вояга етди. Унинг ҳам худди бобоси каби дўстлари жудаям кам. Туркияда менинг бир дўстимнинг ўғли билан жуда яқин ошнолиги бор. Норвегияда мусулмон бўлган бир маҳаллий йигит билан доимо бирга юради. Яна баъзи покистонлик ва араб ошнолари ҳам бор…

Менинг эса болалигимда ошноларим жуда кўп эди. Талабалигимда ҳам олти етти дўстдан иборат жамоатимиз бор эди. Доимо бирга эдик. Кейин ҳаёт бизларни айирди. Бугун менинг дўстим борми, деб ўйланиб қоламан. Алҳамдулиллаҳ, Норвегияда ҳам, Туркияда ҳам жуда яхши мусулмон биродарларим бор. Аммо дўстлик бошқача эканда…

Ояти каримада шундай дейилади:

“Аллоҳга имон келтириб, яхши амаллар қиладиган, бу шаклда Иброҳимнинг ҳанифлик динига эргашган кишининг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Аллоҳ Иброҳимни дўст тутинган эди”. (Нисо сураси 125 оят)

Иброҳим (ас) болалигидан Роббига кўнгил қўйганди, имон келтирганди. Шунинг учун ҳам инсонларнинг турли ҳайкалларни, санамларни Роббимиз, Илоҳимиз, дейишларига чидай олмасди. Чунки у Оламларнинг Робби бўлган “Дўстини” қизғанарди, инсонларнинг тошу дарахтларни, санаму бутларни бу Буюк Дўсти ўрнида кўришларига тоқати йўқ эди. Шу сабабдан Иброҳим (ас) отаси билан ҳам жанжал қилганди:

“Иброҳим (пайғамбар) отаси Озарга: Санамларни ўзингизга Илоҳлар қилиб олдингизми? Тўғриси, мен сизни ва қавмингизни гумроҳлар (имонда адашганлар), деб биламан” (Анъом сураси 74 оят)

Иброҳим (ас) Аллоҳ таолога бергани ваъдасида қаттиқ турди, бутун кучи билан инсонларни Ҳақ йўлга давъват қилди. Бу билан кифояланмай мушриклар бандалик қиладиган ҳайкалларни болта билан уриб синдирди. Аммо инсонларнинг кўпи санамларга, ҳайкал бутларга бандалик қилиш гумроҳлигидан воз кечмадилар. Улар ўзларига Ҳақни таблиғ қилган пайғамбарни оловга ташлашга қарор қилдилаар:

“(Иброҳим ас бутпарастларга): Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган санамларингизга ҳам суф-э! Ахир ақлларингизни ишлатмайсизларми, деди. Улар (бутпарастлар, мушриклар бир бирларига): Уни оловга отиб, ёқинглар. Бу амал билан Илоҳларингизга (бутларингизга) ёрдам берган бўласизлар, дейишди” (Анбиё сураси 67-68 оятлар)

Аммо ҳақиқй Дўст бўлган Оламларнинг Робби Пайғамбарлардан бири қилиб танлаган Ўз дўстини қийинчиликда ёлғиз ташлаб қўярмиди?

“ Биз оловга унга (Иброҳимга) салқин ва саломат бўл, дедик”  (Анбиё сураси 69 оят)

Ривоятларда айтилишича, мушриклар Иброҳим (ас)ни оловга отишга ҳозирланишар экан, Жаброил (ас) унга ёрдам таклиф қилади. Аммо Иброҳим (ас) “Мен Роббимга таваккул қилганман, фақат Унинг ёрдамига муҳтожман”, деган экан…

Яъни, осонликда ҳам, қийинчиликда ҳам Дўстга ишониш ва фақат Ундан ёрдам кутиш…

Демак, дўстлик ўз ўзидан бўладиган иш эмас. Унинг асли, илдизи қалбга, қалбдаги имонга бориб тақалади. Имон эса синов билан, имтиҳон билан тараққий қилади. Аллоҳ таоло Ўзига дўст тутингани Иброҳим (ас)ни яна бир катта синов билан имтиҳон қилганди:

“(Иброҳим): Роббим, менга бир солиҳлардан (фарзанд) бер, деди. Бас, қачон у фарзанди (Исмоил ас) вояга етиб, отаси билан бирга юрадиган бўлганида (Иброҳим ўғли Исмоилга): Эй, ўғилчам! Мен тушимда сени сўяётганимни кўрдим. Қара, бу ишга нима дейсан?, деди. У (Исмоил ас): Отажон сизга (тушингизда) амр қилинган ишни қилинг, инша Аллоҳ мени сабр қилувчилардан топасиз, деди. Шу тарзда икковлон (Аллоҳга) таслим бўлиб, (Иброҳим ас Исмаил ас ни сўйиш учун ёнбош ётқизганида): Биз: Эй, Иброҳим, дея нидо қилдик. Шубҳасиз, сен тушни тасдиқ қилдинг. Албатта, Биз гўзал иш қилувчиларни шундай мукофатлаймиз. Албатта, бу очиқ ойдин бир синов эди”. (Саффот сураси 100-106 оятлар)

Демак, ҳақиқий Дўст сўзида, каломида шубҳа бўлмаган У Буюк Зотдир…

Муҳаммад (сав) Абу Бакр (ра) билан ёшликларидан дўст эдилар. Бу дўстлик бу икки буюк шахсиятнинг бутун ҳаётлари бўйича давом этди. Бу дўстликнинг чўққиси сифатида Абу Бакр (ра) “Сиддиқ” (содиқ дўст) унвонига эришди. Чунки Муҳаммад (сав) пайғамбарликларини эълон қилганида дўсти Абу Бакр ҳеч тараддуд этмасдан У Зотга имон келтирган ва Ислом динига кирган эди. Яна Исро ва Меърож ҳодисасида Муҳаммад (сав)нинг мўъжизавий шаклда Аллоҳ таолонинг ҳузурига юксалганларига инсонлар шак келтирганларида Абу Бакр (ра) “Агар Муҳаммад (сав) буни айтган бўлсалар, бу албатта ҳақиқатдир”, дея  у улуғ дўстларининг ёнларида жой олдилар. Бу билан Қуръони Каримда марҳамат қилинган бу ҳақиқатга шубҳа этмасдан иймон ҳам келтирдилар. Муҳаммад (сав) Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларида ёнларида Абу Бакр (ра) бор эди. Чунки у киши ҳам саҳобабоши ҳамда Расулуллоҳнинг энг ишонган ва таянган дўстлари эди. Ҳудайбия шартномасида баъзи саҳобалар бу шартнома шартларини қабул қилишда тараддуд қилишганда яна Абу Бакр (ра) Муҳаммад (сав)ни қўллаб қувватладилар…

Абу Бакр (ра) Ислом йўлида молу жонини киприк қоқмай фидо қиладиган ҳақиқий мўмин эдилар. Муҳаммад (сав) у кишидан қизлари Оишани ўзларига турмушга беришга сўраганларида ҳам бу никоҳга бажону дил рози бўлдилар. Чунки бу оддий бир эркакнинг оддий бир қизга уйланиши эмас, Ислом тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк бир воқеа ҳам эди. Шу никоҳ туфайли Қуръони Каримдан кейин Исломнинг иккинчи манбаси бўлган Ҳадис илми ва Расулуллоҳ (сав)нинг Суннатларининг ривоят қилинишида Оиша (ра) онамиз энг катта ўринга сазавор бўлдилар…

Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ (сав) мўминларга қарата “Сизлардан ҳар бирингиз ким билан дўст эканлигига эътибор қилсин. Чунки инсон дўстининг динида бўлади”, дея марҳамат қилганлар.

Бунинг маъноси дўстликнинг кўнгилларда бошланиши ва дўстларнинг дунё ва охират масалаларида фикрдош бўлишларидир. Бекорга “сиз менга дўстингиз кимлигини айтинг, мен сизга сизнинг кимлигингизни айтаман”, дейилмаган ахир…

Уламолардан баъзилар Муҳаммад (сав) ва Абу Бакр (ра)ни “икки тандаги бир руҳ”, дея таъриф қиладилар. Бу ерда албатта муболаға йўқ эмас. Чунки дўстлардан бири, яъни Муҳаммад (сав) Аллоҳ таолонинг каломига (ваҳийга) лойиқ кўрилган сўнг Пайғамбардир…

…Бобур Мирзо Андижондан қувилиб, жуда оз йигитлари билан Шайбонийхон эгаллаб олган Самарқанд атрофида бу шаҳарни қўлга киритиш режаси билан ёнмоқдадир. “Бобурномадан” ўқиймиз:

“Дедимким: Келинг, айтингким, Аллоҳ рост келтирса, Самарқандни қачон олгаймиз?. Баъзилар дедиларким: “Ёзда олғаймиз”. У маҳал кеч куз эди. Баъзилар “бир ой қирқ кун”, яна баъзилар ”йигирма кун”, дедилар. Нуён кўкалдош ““Ўн тўрт кунда олурмиз”, деди. Аллоҳ рост келтирди “роппа роса ўн тўрт кунда Самарқандни олдик..”.

Бобур кўп ўтмасдан очиқ урушда Шайбонийхонга мағлуб бўлиб, Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлади:

“Тонгласи хабар келдиким Нуён Кўкалдош мастлиқда жардан йиқиб ўлибдир. Ҳақназарким, Нуённинг туққан тоғаси эди, яна бир жам (жамоат) билан юборилди, бориб Нуённинг йиқилган еридан топиб, эҳтиёт қилиб, Нуённи Пискентда тупроққа топшириб келдилар…Манга ғариб таъсир қилди, кам кишининг мавтига (ўлимига) мунча мутаассир бўлиб эдим. Бир ҳафта ўн кунгача ҳамиша йиғлар эдим…”.

Дўстлик мана шундай бир неъматдир: Борлиғида севинчдан, йўқлигида ҳасратдан кўз ёшларининг тинмай оқишига сабаб бўладиган ва кам топиладиган бир неъматдир дўстлик…

Яна Бобур Мирзо айтардирким, Алишур Навоий ва Ҳусайн Байқора бир бирларининг дўсти эканлар. Ҳусайн Байқора суннийликни қўйиб, шиаликни ихтиёр қилмоқ истаганида, Алишер Навоий ва бошқалар подишоҳга насиҳат қилиб, уни бу йўлдан қайтаришган экан…Ҳақиқатан ҳам ҳақиқий дўст ўз дўстининг имонини қўришига ва тараққий қилишига ёрдамчи бўлади…

Норвегияда Илёс исмли бир Ингуш биродар билан дўстлашдик. Имонли, ибодатли ва яхши ахлоқли йигитдир бу Илёс…Аммо Оврупонинг кўп ўлкаларига бориб мурожаат қилса ҳам унга бошпана беришмаган экан. Расмий бошпана олмаган кишиларнинг ғарб мамлакатларида яшаши ниҳоятда қийин. Ишлашга, ўқишга рухсат берилмайди. Ижтимоий ёрдам ҳам кўрсатилмайди. Бир куни Илёс менга “ака бошимни олиб дунёнинг бошқа бурчакларига кетмоқчиман”, деди. Унга: “Қаерга борсангиз ҳам ёнингизда ўзаро ёрламлашадиган, яхши ёмон кунда бирга бўладиган бир дўстингиз бўлсин”, деб насиҳат қилдим. Шу тарзда хайрлашдик. Орадан уч тўрт йил ўтиб кетди. Бир куни телефоним жиринглади, олсам Илёс экан…”Янги Зенландиядаман деди у, ҳол аҳвол сўрашганимидан кейин…Бир насиҳатингизни асло унутганим йўқ. Аммо ундай дўстни ҳам топа олмади. Дунёда ёлғизман гўё”, деди у ҳасрат ва надомат билан…

“Дўст бўлиш осон, уни сақлаш қийин, узма дўстлик торини боғлаш қийин”, дейилади шеърда. Чунки инсонга бирор инсон ёмонлик қилса, керак бўлганида ёрдам қўлини узатмаса, бунга парво қилмаслик ёки унутиш осондир..Аммо кишига дўст хиёнат қилса, оғир аҳволда ёлғиз ташлаб кетса, бундай одамнинг кўзига дунё қоронғу кўриниши аниқдир. Чунки дўст инсоннинг яхши кунларда маваларни бирга баҳам кўрган боғи, ёмон кунларда эса суянган тоғидир…

Дўстлик мавзу бўлганда ҳар кимнинг қалбидан шу сўзлар кечса керак, деб ўйлайман:

“Эй, дўст! Кел бир биримизнинг шодлигимизга ҳам, ғамимизга ҳам шерик бўлайлик. Сен мен учун ойна бўл, мен сен учун кўзгу бўлай, ки нуқсонларимиз баратараф бўлсин. Бирликда Аллоҳ ризосини истайлик…Қўшиқда айтилгани каби:

“Дўст бўлсанг ёнимда тур…”

Бандаларининг Эгаси ва Ёрдамчиси оламларнинг Парвардигори Аллоҳ таолодир. У Зотдан бошқа ҳақиқий Эга ва Ёрдамчи топилмас. Омин.!

Илова: Яна бир неча кундан кейин инша Аллоҳ қурбон байрамини нишонлаймиз. Аллоҳ таоло Иброҳим (ас)ни Исмоил (ас) қурбонлик қилиш амри билан имтиҳон қилганди. Бу Роббимизга дўст бўлишнинг энг олий имтиҳони эди. Қурбон луғатда яқинлик маъносидадир. Шу сабабдан бутун мўмин мусулмон биродарларимизни ўзимга яқин олиб, ушбу мақолани уларга қурбон байрами ҳадяси сифатида тақдим қиламан. Аллоҳ таоло тақводорлардан қабул қилади. Роббимиз бизларни тақводорлар сафига қўшсин. Қурбон байрамингиз муборак бўлсин, ҳурматли дўстлар!

Намоз НОРМЎМИН

19 сентябрь 2015 йил

DO‘ST BO‘LISh OSONMI?

Bismillahir Rohmanir Rohim

…Otam rahmatlining bir do‘sti bo‘lardi. Oradan bir necha o‘n yillar o‘tib ketdi, qancha harakat qilsam ham u amakimning ismini eslay olmadim. Otam bilan bolalikdan oshno bo‘lishgan ekan. Keyin biz boshqa tumanga, otamning o‘sha do‘sti oilasi bilan boshqa tumanga ko‘chib ketishgandi. Men aqlimni tanigandan beri, otamning u do‘sti bilan bordi keldi qilganini yaxshi eslayman. Goh otam u do‘stining, gohida esa do‘sti otamning mehmoni bo‘lardi. Bunday ziyoratlar odatda uch, to‘rt kun, ba’zan esa bir haftagacha davom etar, ikki do‘st rosa miriqishib suhbatlashar, shundan keyin navbatdagi uchrashuvgacha ikki uch yil ko‘rishmay ketishardi…
Mening o‘g‘lim vatandan uzoqda voyaga yetdi. Uning ham xuddi bobosi kabi do‘stlari judayam kam. Turkiyada mening bir do‘stimning o‘g‘li bilan juda yaqin oshnoligi bor. Norvegiyada musulmon bo‘lgan bir mahalliy yigit bilan doimo birga yuradi. Yana ba’zi pokistonlik va arab oshnolari ham bor…

Mening esa bolaligimda oshnolarim juda ko‘p edi. Talabaligimda ham olti yetti do‘stdan iborat jamoatimiz bor edi. Doimo birga edik. Keyin hayot bizlarni ayirdi. Bugun mening do‘stim bormi, deb o‘ylanib qolaman. Alhamdulillah, Norvegiyada ham, Turkiyada ham juda yaxshi musulmon birodarlarim bor. Ammo do‘stlik boshqacha ekanda…

Oyati karimada shunday deyiladi:
“Allohga imon keltirib, yaxshi amallar qiladigan, bu shaklda Ibrohimning haniflik diniga ergashgan kishining dinidan ham yaxshiroq din bormi? Alloh Ibrohimni do‘st tutingan edi”. (Niso surasi 125 oyat)
Ibrohim (as) bolaligidan Robbiga ko‘ngil qo‘ygandi, imon keltirgandi. Shuning uchun ham insonlarning turli haykallarni, sanamlarni Robbimiz, Ilohimiz, deyishlariga chiday olmasdi. Chunki u Olamlarning Robbi bo‘lgan “Do‘stini” qizg‘anardi, insonlarning toshu daraxtlarni, sanamu butlarni bu Buyuk Do‘sti o‘rnida ko‘rishlariga toqati yo‘q edi. Shu sababdan Ibrohim (as) otasi bilan ham janjal qilgandi:
“Ibrohim (payg‘ambar) otasi Ozarga: Sanamlarni o‘zingizga Ilohlar qilib oldingizmi? To‘g‘risi, men sizni va qavmingizni gumrohlar (imonda adashganlar), deb bilaman” (An’om surasi 74 oyat)

Ibrohim (as) Alloh taologa bergani va’dasida qattiq turdi, butun kuchi bilan insonlarni Haq yo‘lga dav’vat qildi. Bu bilan kifoyalanmay mushriklar bandalik qiladigan haykallarni bolta bilan urib sindirdi. Ammo insonlarning ko‘pi sanamlarga, haykal butlarga bandalik qilish gumrohligidan voz kechmadilar. Ular o‘zlariga Haqni tablig‘ qilgan payg‘ambarni olovga tashlashga qaror qildilaar:
“(Ibrohim as butparastlarga): Sizga ham, Allohni qo‘yib ibodat qilayotgan sanamlaringizga ham suf-e! Axir aqllaringizni ishlatmaysizlarmi, dedi. Ular (butparastlar, mushriklar bir birlariga): Uni olovga otib, yoqinglar. Bu amal bilan Ilohlaringizga (butlaringizga) yordam bergan bo‘lasizlar, deyishdi” (Anbiyo surasi 67-68 oyatlar)

Ammo haqiqy Do‘st bo‘lgan Olamlarning Robbi Payg‘ambarlardan biri qilib tanlagan O‘z do‘stini qiyinchilikda yolg‘iz tashlab qo‘yarmidi?
“ Biz olovga unga (Ibrohimga) salqin va salomat bo‘l, dedik” (Anbiyo surasi 69 oyat)
Rivoyatlarda aytilishicha, mushriklar Ibrohim (as)ni olovga otishga hozirlanishar ekan, Jabroil (as) unga yordam taklif qiladi. Ammo Ibrohim (as) “Men Robbimga tavakkul qilganman, faqat Uning yordamiga muhtojman”, degan ekan…
Ya’ni, osonlikda ham, qiyinchilikda ham Do‘stga ishonish va faqat Undan yordam kutish…

Demak, do‘stlik o‘z o‘zidan bo‘ladigan ish emas. Uning asli, ildizi qalbga, qalbdagi imonga borib taqaladi. Imon esa sinov bilan, imtihon bilan taraqqiy qiladi. Alloh taolo O‘ziga do‘st tutingani Ibrohim (as)ni yana bir katta sinov bilan imtihon qilgandi:
“(Ibrohim): Robbim, menga bir solihlardan (farzand) ber, dedi. Bas, qachon u farzandi (Ismoil as) voyaga yetib, otasi bilan birga yuradigan bo‘lganida (Ibrohim o‘g‘li Ismoilga): Ey, o‘g‘ilcham! Men tushimda seni so‘yayotganimni ko‘rdim. Qara, bu ishga nima deysan?, dedi. U (Ismoil as): Otajon sizga (tushingizda) amr qilingan ishni qiling, insha Alloh meni sabr qiluvchilardan topasiz, dedi. Shu tarzda ikkovlon (Allohga) taslim bo‘lib, (Ibrohim as Ismail as ni so‘yish uchun yonbosh yotqizganida): Biz: Ey, Ibrohim, deya nido qildik. Shubhasiz, sen tushni tasdiq qilding. Albatta, Biz go‘zal ish qiluvchilarni shunday mukofatlaymiz. Albatta, bu ochiq oydin bir sinov edi”. (Saffot surasi 100-106 oyatlar)
Demak, haqiqiy Do‘st so‘zida, kalomida shubha bo‘lmagan U Buyuk Zotdir…

Muhammad (sav) Abu Bakr (ra) bilan yoshliklaridan do‘st edilar. Bu do‘stlik bu ikki buyuk shaxsiyatning butun hayotlari bo‘yicha davom etdi. Bu do‘stlikning cho‘qqisi sifatida Abu Bakr (ra) “Siddiq” (sodiq do‘st) unvoniga erishdi. Chunki Muhammad (sav) payg‘ambarliklarini e’lon qilganida do‘sti Abu Bakr hech taraddud etmasdan U Zotga imon keltirgan va Islom diniga kirgan edi. Yana Isro va Me’roj hodisasida Muhammad (sav)ning mo‘’jizaviy shaklda Alloh taoloning huzuriga yuksalganlariga insonlar shak keltirganlarida Abu Bakr (ra) “Agar Muhammad (sav) buni aytgan bo‘lsalar, bu albatta haqiqatdir”, deya u ulug‘ do‘stlarining yonlarida joy oldilar. Bu bilan Qur’oni Karimda marhamat qilingan bu haqiqatga shubha etmasdan iymon ham keltirdilar. Muhammad (sav) Makkadan Madinaga hijrat qilganlarida yonlarida Abu Bakr (ra) bor edi. Chunki u kishi ham sahobaboshi hamda Rasulullohning eng ishongan va tayangan do‘stlari edi. Hudaybiya shartnomasida ba’zi sahobalar bu shartnoma shartlarini qabul qilishda taraddud qilishganda yana Abu Bakr (ra) Muhammad (sav)ni qo‘llab quvvatladilar…

Abu Bakr (ra) Islom yo‘lida molu jonini kiprik qoqmay fido qiladigan haqiqiy mo‘min edilar. Muhammad (sav) u kishidan qizlari Oishani o‘zlariga turmushga berishga so‘raganlarida ham bu nikohga bajonu dil rozi bo‘ldilar. Chunki bu oddiy bir erkakning oddiy bir qizga uylanishi emas, Islom taraqqiyotiga ulkan hissa qo‘shgan buyuk bir voqea ham edi. Shu nikoh tufayli Qur’oni Karimdan keyin Islomning ikkinchi manbasi bo‘lgan Hadis ilmi va Rasululloh (sav)ning Sunnatlarining rivoyat qilinishida Oisha (ra) onamiz eng katta o‘ringa sazavor bo‘ldilar…
Sahih hadisda Rasululloh (sav) mo‘minlarga qarata “Sizlardan har biringiz kim bilan do‘st ekanligiga e’tibor qilsin. Chunki inson do‘stining dinida bo‘ladi”, deya marhamat qilganlar.

Buning ma’nosi do‘stlikning ko‘ngillarda boshlanishi va do‘stlarning dunyo va oxirat masalalarida fikrdosh bo‘lishlaridir. Bekorga “siz menga do‘stingiz kimligini ayting, men sizga sizning kimligingizni aytaman”, deyilmagan axir…
Ulamolardan ba’zilar Muhammad (sav) va Abu Bakr (ra)ni “ikki tandagi bir ruh”, deya ta’rif qiladilar. Bu yerda albatta mubolag‘a yo‘q emas. Chunki do‘stlardan biri, ya’ni Muhammad (sav) Alloh taoloning kalomiga (vahiyga) loyiq ko‘rilgan so‘ng Payg‘ambardir…

…Bobur Mirzo Andijondan quvilib, juda oz yigitlari bilan Shayboniyxon egallab olgan Samarqand atrofida bu shaharni qo‘lga kiritish rejasi bilan yonmoqdadir. “Boburnomadan” o‘qiymiz:

“Dedimkim: Keling, aytingkim, Alloh rost keltirsa, Samarqandni qachon olgaymiz?. Ba’zilar dedilarkim: “Yozda olg‘aymiz”. U mahal kech kuz edi. Ba’zilar “bir oy qirq kun”, yana ba’zilar ”yigirma kun”, dedilar. Nuyon ko‘kaldosh ““O‘n to‘rt kunda olurmiz”, dedi. Alloh rost keltirdi “roppa rosa o‘n to‘rt kunda Samarqandni oldik..”.

Bobur ko‘p o‘tmasdan ochiq urushda Shayboniyxonga mag‘lub bo‘lib, Samarqanddan chiqib ketishga majbur bo‘ladi:
“Tonglasi xabar keldikim Nuyon Ko‘kaldosh mastliqda jardan yiqib o‘libdir. Haqnazarkim, Nuyonning tuqqan tog‘asi edi, yana bir jam (jamoat) bilan yuborildi, borib Nuyonning yiqilgan yeridan topib, ehtiyot qilib, Nuyonni Piskentda tuproqqa topshirib keldilar…Manga g‘arib ta’sir qildi, kam kishining mavtiga (o‘limiga) muncha mutaassir bo‘lib edim. Bir hafta o‘n kungacha hamisha yig‘lar edim…”.
Do‘stlik mana shunday bir ne’matdir: Borlig‘ida sevinchdan, yo‘qligida hasratdan ko‘z yoshlarining tinmay oqishiga sabab bo‘ladigan va kam topiladigan bir ne’matdir do‘stlik…

Yana Bobur Mirzo aytardirkim, Alishur Navoiy va Husayn Bayqora bir birlarining do‘sti ekanlar. Husayn Bayqora sunniylikni qo‘yib, shialikni ixtiyor qilmoq istaganida, Alisher Navoiy va boshqalar podishohga nasihat qilib, uni bu yo‘ldan qaytarishgan ekan…Haqiqatan ham haqiqiy do‘st o‘z do‘stining imonini qo‘rishiga va taraqqiy qilishiga yordamchi bo‘ladi…

Norvegiyada Ilyos ismli bir Ingush birodar bilan do‘stlashdik. Imonli, ibodatli va yaxshi axloqli yigitdir bu Ilyos…Ammo Ovruponing ko‘p o‘lkalariga borib murojaat qilsa ham unga boshpana berishmagan ekan. Rasmiy boshpana olmagan kishilarning g‘arb mamlakatlarida yashashi nihoyatda qiyin. Ishlashga, o‘qishga ruxsat berilmaydi. Ijtimoiy yordam ham ko‘rsatilmaydi. Bir kuni Ilyos menga “aka boshimni olib dunyoning boshqa burchaklariga ketmoqchiman”, dedi. Unga: “Qayerga borsangiz ham yoningizda o‘zaro yorlamlashadigan, yaxshi yomon kunda birga bo‘ladigan bir do‘stingiz bo‘lsin”, deb nasihat qildim. Shu tarzda xayrlashdik. Oradan uch to‘rt yil o‘tib ketdi. Bir kuni telefonim jiringladi, olsam Ilyos ekan…”Yangi Zenlandiyadaman dedi u, hol ahvol so‘rashganimidan keyin…Bir nasihatingizni aslo unutganim yo‘q. Ammo unday do‘stni ham topa olmadi. Dunyoda yolg‘izman go‘yo”, dedi u hasrat va nadomat bilan…
“Do‘st bo‘lish oson, uni saqlash qiyin, uzma do‘stlik torini bog‘lash qiyin”, deyiladi she’rda. Chunki insonga biror inson yomonlik qilsa, kerak bo‘lganida yordam qo‘lini uzatmasa, bunga parvo qilmaslik yoki unutish osondir..Ammo kishiga do‘st xiyonat qilsa, og‘ir ahvolda yolg‘iz tashlab ketsa, bunday odamning ko‘ziga dunyo qorong‘u ko‘rinishi aniqdir. Chunki do‘st insonning yaxshi kunlarda mavalarni birga baham ko‘rgan bog‘i, yomon kunlarda esa suyangan tog‘idir…

Do‘stlik mavzu bo‘lganda har kimning qalbidan shu so‘zlar kechsa kerak, deb o‘ylayman:
“Ey, do‘st! Kel bir birimizning shodligimizga ham, g‘amimizga ham sherik bo‘laylik. Sen men uchun oyna bo‘l, men sen uchun ko‘zgu bo‘lay, ki nuqsonlarimiz barataraf bo‘lsin. Birlikda Alloh rizosini istaylik…Qo‘shiqda aytilgani kabi:
“Do‘st bo‘lsang yonimda tur…”
Bandalarining Egasi va Yordamchisi olamlarning Parvardigori Alloh taolodir. U Zotdan boshqa haqiqiy Ega va Yordamchi topilmas. Omin.!

Ilova: Yana bir necha kundan keyin insha Alloh qurbon bayramini nishonlaymiz. Alloh taolo Ibrohim (as)ni Ismoil (as) qurbonlik qilish amri bilan imtihon qilgandi. Bu Robbimizga do‘st bo‘lishning eng oliy imtihoni edi. Qurbon lug‘atda yaqinlik ma’nosidadir. Shu sababdan butun mo‘min musulmon birodarlarimizni o‘zimga yaqin olib, ushbu maqolani ularga qurbon bayrami hadyasi sifatida taqdim qilaman. Alloh taolo taqvodorlardan qabul qiladi. Robbimiz bizlarni taqvodorlar safiga qo‘shsin. Qurbon bayramingiz muborak bo‘lsin, hurmatli do‘stlar!

Namoz NORMO‘MIN
19 sentyabr 2015 yil

About the Author :

Yorum Yapın