Вилоят ҳокими “беўхшов соқол” қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўришни буюрди

Фарғона ҳокимининг вилоятда соқол ва ҳижобга қарши кураш буйича кескин топшириқ бергани қайд этилган аудиоёзув Озодликка келиб тушди.

38 минутлик аудиони таҳририятга йўллаган манбалар унинг шу кунларда Ғаниев томонидан ўтказилган селектор давомида ёзиб олинганини иддао қилди.

Мажлис давомида овози Шуҳрат Ғаниевникига ўхшаш мулозим қўл остидагиларни “аҳмоқ” деб сўкиб, буйруқ ва топшириқлар бераётганини эшитиш мумкин.

Ҳоким Шуҳрат Ғаниев ўзининг мажлисларида қўпол чиқишлари билан аввал ҳам танилган, президент Мирзиёев томонидан огоҳлантирилганди.

Таҳририятга келиб тушган аудиоёзувда мажлисни олиб бораётган мулозим Фарғона вилоятидаги қатор туманлардан йиғилган масъуллардан ҳисоб сўрайди.

(Ҳозирча бу мажлиснинг қачон ва қаерда бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳокимлик бу борадаги саволларни очиқ қолдирди)

Мажлис мазмунидан асосий эътибор диний тарғибот ишлари ва умумий ўрта таълимга қаратилганини тушуниш мумкин.

Аудиоёзувнинг илк сониялариданоқ мулозим жамоат жойларида “беўхшов соқол қўйиб юрган”лар масаласига тўхталади.

“… шуларнинг 386 нафари соқол қўйган, номардлар.Таҳлиллар бўйича бунақа ҳолатлар Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Бувайда, Фарғона туманларида беўхшов соқол қўйиш ҳоллари кенг авж олган. Бундан ташқари, хотин-қизлар орасида кийиниш – рўмол, ҳижоб маданиятига риоя этмаётган жами 851 нафар хотин-қиз аниқланиб, улар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, 300 тасининг ташқи қиёфаси ва кийиниш маданиятини ўзгартиришга эришилди”, дейди Фарғона вилояти ҳокими эканига ишонилган овоз эгаси.

https://flashvideo.rferl.org/Videoroot/Pangeavideo/2019/09/8/8e/8efc709a-1fdc-4c65-afcd-b360ef0143ac_manifest.mpd

Мулозим, тақиқланган диний ташкилотлар тарғиботи билан шуғулланган 39 шахс жавобгарликка тортилганини маълум қилади.

Айни пайтда, турли давлат идораларида намозхона очиш учун қонунда жазо белгиланганини эслатади.

Шаҳар ва туманлар бўйича ҳисоботлардан парчаларни ўқиркан, мулозим масъулларга юзланиб, савол ташлайди.

Вақти-вақти билан қизишиб, уларни “аҳмоқ” деб таҳқирлайди, сенсираб юборади.

“Шунинг учун ҳурматли ҳокимлар, эшитиб олинглар: бирортанг агар мажлис қилсанг, мен борсам, ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам – маҳалла раисими у, ўқитувчими у, савдогарми у, жамоатчими у, депутатми у – ўша рўмолини олиб, оғзингга тиқиб қўяман!” деб бақиради мулозим.

Мажлис давомида мулозим: “Аёллар бунақа кийимларни қаердан олаяпти?!” деб сўрайди.

Унга жавобан қўл остидаги ходимнинг (аёл киши – таҳр.) “бозорлардан” деган жавоби эшитилади.

Бунинг ортидан мулозим навбатдаги топшириқни юклайди:

“Қайси магазин, қайси бозорчи? Бекордан-бекорга бўлмаётгандир, кимдир олиб келиб сотаётгандир бу кийимларни? Арабнинг кийими ҳам бизга тўғри келмайди, туркники ҳам тўғри келмади, Сурияники ҳам тўғри келмайди. Ўзбекистоннинг ўзини либоси бор. Улар биздан ўрганган кийиниш маданиятини, лекин уларники кейин бузилиб кетган. Нимага индамай ўтирибсиз маҳалла раиси?!” дейди мулозим

Шунингдек, мулозим ўз ходимларини аҳолини ижтимоий тармоқларнинг хавфли оқибатларидан огоҳлантиришга сафарбар қилади.

“Олдин Фэйсбукка киради. Фэйсбукдан кейин “Таблиғи жамоат” деганига ўтади. Таблиғи жамоат дегани … (овоз тушунарсиз) .. жамоа бўлиб яшаш, дейди. Эркак эркак билан яшайди. Ҳеч қанақа уларнинг Исломга, муқаддас динимизга алоқаси йўқ”, дейди бир ўринда мулозим.

Шу тариқа, мулозим Фарғона вилоятидаги қатор шаҳар ва туманлар раҳбарлари ҳисоботини бир-бир ўқийди ва орада уларга янги топшириқлар беради.

Бу вилоят раҳбари даражасидаги мулозимнинг соқолли ва рўмоллиларга кескин чора кўришни талаб қилганини билвосита тасдиқловчи илк ҳолатдир.

Озодлик шу кунларда Наманган вилояти ва Тошкент шаҳрида жамоат жойларида юрган шахслардан соқолини олиш талаб қилинаётгани, айрим ўринларда, соқолини мажбуран олдирилгани ҳақида хабар қилган.

Бундан ташқари, Қўқон шаҳридаги мактабларда рўмолли ўқувчилар ва уларнинг оилалари рўйхати тузилгани маълум.

Аммо шу пайтгача, Озодлик мурожаатларига жавобан соқолни оммавий равишда олдириш ёки рўмолни ечтириш кампанияси бошланганини расмийлар очиқ тан олмаётган эди.

Вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса мажлисларда қўпол чиқишлари билан аввалдан танилган.

Шу йилнинг май ойида Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози, деб иддао қилинаётган аудиоёзувда овоз эгаси вилоят Мажбурий ижро бюроси ва Солиқ идораси бошлиқларига уларнинг “ичагини суғуриб, бошига салла қилиш”, билан таҳдид қилганди.

Ўтган йили январь ойидаги аудиоёзувда эса мулозим Ақтўбе фожиасида 16 фарзандидан айрилган Тошлоқ тумани аҳлини “ҳаромилар” ва “падарингга лаънат” дея ҳақоратлаганди.

Озодликда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қўл телефони рақами бор. Аммо, ҳоким изоҳ учун боғланган мухбирнинг саволини эшитгач, бир неча бор алоқани узиб қўйган. 29 сентябрь кунги боғланиш уринишлари ҳам натижа бермади.

Шу йилнинг 2 августида президент Шавкат Мирзиёев ҳам Фарғона вилояти ҳокимини кескин танқид қилган.

Президент видеоселектор йиғилишда Фарғона вилояти ҳокимини “Ғаниев деган валломат”, деб таърифлаб, хиёнатда айблаганди. Президент ҳокимни Риштондаги ноқонуний бузилишлар учун кескин танқид қилган ва у билан “катта ишларни амалга ошириш” имкони йўқлигини айтганди.

Ана шу танқиддан сўнг Фарғона ҳокими Риштон туманига бориб, аҳолидан кечирим сўраган эди.

Аммо, орадан ҳеч қанча ўтмай – Мустақиллик байрами арафасида айнан шу ҳокимни президент “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлади.

https://www.ozodlik.org/a/viloyat-hokimi-soqolli-va-romolliga-chora-korishni-buyurdi/30189879.html

Alakalı yazılar

Yorum yazın