Ўзбекистон: ДХХ судларнинг мустақиллигига жиддий таҳдид солмоқда – БМТ маърузачиси

Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти Диего Гарсия-Саян Давлат Хавфсизлик Хизматини Ўзбекистонда суд хокимиятининг мустақиллиги ва ҳуқуқ устуворлигига “жиддий таҳдид” деб атади.

Ўзбекистондаги БМТ вакиллигининг расмий вебсайти (www.un.uz) да чоп этилган дастлабки ҳисоботида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг махсус маърузачиси Ўзбекистон суд хокимиятининг мустақиллиги борасида жиддий қийинчиликларга юз тутаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон авторитар ва марказлашган тузилмага чек қўйишда муҳим қадамлар қўйган. Аммо мазкур жараён узоқ давом этади ва келгусида у янада такомиллаштирилиши зарур.

ДХХ зўравонлиги устидан шикоят кўриб чиқилмайдими?

Ўзбекистон: Тарихчи олим Андрей Кубатин оқланди

Самандар Қўқонов: Ўзбекистон Олий Судида ўзгариш йўқ

“Суд хокимиятининг мустақиллиги ва ҳуқуқ устуворлигига жиддий таҳдидлар сақланиб қолмоқда”, – дейди у Ўзбекистонда жамият ва институтларда давлат хавфсизлиги хизматининг интенсив ва доимий равишда бўлишини назарда тутган ҳолда” , дейилади БМТ маърузачисининг дастлабки хулосаларига бағишланган ҳисоботда.

Диего Гарсия-Саянга кўра, жиноий ишлар бўйича “суд жараёнларида прокурорларнинг кенг ваколатларга эгалиги сақланиб қолмоқда”.

БМТ маърузачисининг ишонишича, Президент Мирзиёев ҳукумати ” ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш ва якунига етказиш ҳамда одил судловга етишиш имкониятларига таъсир этаётган ва суд хокимиятининг мустақиллигига эришиш ҳаракатларига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйиш учун тезкорлик билан ҳаракат қилиши лозим”.

Махсус маърузачи сўнгги йилларда оқлов ҳукмлари сонининг ортганлигини ижобий қадам деб атаган.

“Жиноят процессида оқлов ҳукмлари сонининг ортиши судьяларнинг мустақиллиги прокурор қарорини эътирозсиз маъқуллаш билан чекланган тизимдан аста-секин узоқлашилаётганлигидан далолат беради”, – деб айтган Гарсия-Саян.

Бирлашган Миллатларнинг қайд этишича, 2016 йилда бор-йўғи олтита оқлов ҳукмлари қайд этилган. Бу рақам 2017 йилда 263 тани, 2018 йилда эса 867 тани ташкил қилди. Ҳозирги кунда, 2019 йилнинг тўққиз ойида 500 дан ортиқ киши оқланган.

Гарсия-Саянга кўра, тизим умуман инсон ҳуқуқлари томон янада аниқ йўналтирилган бўлиши лозим.

У Ўзбекистон Конституциясига “миллий органлар томонидан қабул қилинган қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар халқаро нормалар ва ва стандартларга зид бўлган ҳолларда, халқаро нормалар ва стандартлар устуворликка эга бўлишини тан олувчи модда киритилиши лозимлиги”ни таъкидлаган.

Адвокатларнинг ҳибсда сақланаётган ўз ҳимоясидаги шахсларнинг олдига киришларига қаршилик қилинганлиги билан боғлиқ бўлган шикоятлар бўйича Гарсия-Саян давлатнинг ҳар қандай мансабдор ходими ёки бундай учрашувга қаршилик қилинганлигига масъул бўлган ҳар қандай шахсга қарши жиддий санкциялар ўртанувчи ҳуқуқий моддани ўрнатиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди, дейилади БМТ сайтидаги мақолада.

БМТ маърузачисига кўра, “коррупция ва давлатдаги у билан боғлиқ бўлган жиноий структуралар давлатнинг институтларига, жумладан суд тизимига ҳам жиддий таҳдид солмоқда”.

Гарсия-Саяннинг айтишича, “Ўзбекистон жазосизликка қарши курашиш учун керакли тергов ва суд процедураларини жорий этиши лозим”.

“Коррупция ва уюшган жиноятчилик билан боғлиқ бўлган ишларда хақиқатни аниқлаш учун айбига иқрор бўлиш ҳақида битим тузиш тўғрисидаги керакли ҳуқуқий нормаларнинг мавжуд бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.”

Махсус маърузачи ҳисоботининг тўлиқ матнини 2020 йилнинг июнь ойида Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашга тақдим этиши билдирилган.

Гарсия-Саян 25 сентябр куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган.

26 сентябр куни Ўзбекистон суди давлатга хиёнатда айбланган турколог олим Андрей Кубатинни бутунлай оқлаган ва суд залидан озодликка чиқарган.

https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-49846351

Alakalı yazılar

Yorum yazın