Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари Хоразмдан Тошкентга юриш бошлади

22 сентябрь куни хоразмлик журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш бошлади.

Журналист ва унинг яқинлари Тошкентда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан шахсан учрашиш мақсадида яёв кетмоқда.

Маҳмуд Ражаб Туркиядан шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнамоқда.

Юриш иштирокчиларига номаълум аёллар ҳужум қилди

Урганч шаҳрига кетаётган юриш иштирокчиларига номаълум аёллар ҳужум қилди. Буни Фейсбук орқали жонли чиқиш қилган блогер Шабнам Оллашукурова маълум қилди.

Юриш иштирокчилари сафи кенгайди

Тунни Янгибозор туманидаги кафелардан бирида ўтказган юриш иштирокчилари Урганч шаҳрига етиб келгач, уларга яна уч нафар киши қўшилди. Яна бир киши Боғотда, икки киши Ҳазараспда қўшилишини маълум қилди.

Хоразм ИИБ бошлиғи ҳам Маҳмуд Ражабни тўхтатишга уринди

22 сентябрь куни кечқурин ўзини Хоразм вилоят ички ишлар бўлими бошлиғи деб таништирган киши юриш иштирокчилари билан учрашди.

– Мен Пўлат Раззақович Бобожоновнинг вакилиман. Мен сизни хавфсизлигингизни таъминлаб вазиримиз билан учраштириб бераман, дея ваъда қилди ўзини Хоразм ИИББга бир ой аввал бошлиқ қилиб тайинланганини айтган киши.

– Пўлат Бобожонов шу вилоятнинг вакили. Шу вилоятда ҳоким бўлган. Ҳозир вилоятдан мана шундай аҳволда бориш яхшими?, деди ўзини ИИБ деб таништирган киши.

Фейсбук орқали жонли берилган видеода тасвирлар қоронғуликда олингани сабаб ўзини ИИБ бошлиғи деб таништирган кишининг юзи аниқ кўринмайди.

Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий сайтида бошқарма бошлғи генерал-майор Даврон Назармухамедов экани кўрсатилган.

Маҳмуд Ражаб ИИБ бошлиғининг илтимосларини инобатга олмади ва юришни давом эттирди.

Гурлан туман ҳокими Маҳмуд Ражабни қайтаришга уринди

Гурлан туман ҳокими Алишер Солаев Тошкентга пиёда йўлга чиққан юриш иштирокчилари олдига бориб, уларни тўхтатишга ҳаракат қилди.

Бироқ Маҳмуд Ражаб ва унинг яқинлари ҳоким сўзларина қулоқ солмади.

Маҳмуд Ражаб Фейсбук орқали жонли намойиш қилинаётган видео давомида ҳоким Солаевни фермерларни юриб, ҳақоратлашда айблади.

Гурландан Тошкентга юриш

Маҳмуд Ражаб ўзининг яқинлари, уни қўлловчи шахслар билан биргаликда 22 сентябрь куни тушдан кейин Гурлан туманидан Тошкентга пиёда йўлга чиқди. Юриш иштирокчилари орасида ёши катта аёллар, ёш болалар, ҳатто чақалоғи билан чиққан бир аёл ҳам бор. Юриш иштирокчилари сони жами йигирмага яқин одам.

Маҳмуд Ражаб Хоразм вилоятидаги Ички ишлар бўлимлари ходимлари фаолиятига норозилик сифатида ушбу юришни бошлаганини билдирди.

У сўнгги 5 ой ичида тўхтовсиз терговга чақиртирилганига норозилик билдираяпти.

– Пичоқ суякка бориб етди. Хоразм вилояти Ички ишлар ходимларининг зулмидан, золимлигидан, ноҳақлигидан жонимиздан жудаям тўйиб кетдик. Тошкентга ёзган хатларимиз, аризаларимизга жавоб бўлмагани учун ўзимиз ноилож пиёда йўлга чиқишга қарор қилдик. Мақсадимиз Тошкентга бориб, Пўлат Бобожонов билан юзма-юз учрашиш. Мен ноҳақ туҳматга учраганман. Ўзимнинг ноҳақлигимни Хоразмда исботлаш имкони бўлмади. Шунинг учун Тошкентга йўл олдик, деди Маҳмуд Ражаб юришни бошлашдан аввал Фейсбук орқали.

Ушбу юриш блогер @Shabnam Olloshkurova нинг Фейсбук саҳифаси орқали жонли равишда ёритилмоқда.

Маҳмуд Ражабга очилган иш

Маҳмуд Ражаб 21 сентябр куни Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари уни олиб кетишга келишгани, аммо маҳалладошлари қаршилик кўрсатиши туфайли қайтиб кетишгани ҳақида Озодликка гапирганди.

Унинг Фейсбук орқали маълум қилишича, сўнгги 3 кун ичида ички ишлар ходимлари уйига бостириб, кириб, уни олиб кетишга ҳаракат қилишган.

2019 йилнинг 30 апрель куни “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан М. Раджаповга (Маҳмуд Ражаб) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Бу модда бўйича айбли деб топилса, журналист беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Маҳмуд Ражаб ўзига қўйилган бу айбловни шу йилнинг март ойида Туркиядан мухолифат етакчиси ва шоир Муҳаммад Солиҳнинг китобларини Ўзбекистонга олиб келгани билан боғлайди.

Маҳмуд Ражаб Тбилисидан Истанбул орқали шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида тақиқланган адабиётлар сифатида китоблар олиб қўйилган эди.

Маҳмуд Ражаб, Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек журналистидир.

Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.

lwww.ozodlik.org/a/30178901.html

Alakalı yazılar

Yorum yazın