KRIL VA LATINDA.
Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди Ўзбекистон халқаро Ислом академиясига давлат бюджети асосида ўқишга кирган ва рўмол билан ўқишга қўйилмагач ундан ҳайдалган Луиза Мўминжонованинг аризасини рад қилди. Суддан сўнг муносабат билдирган халқаро Ислом академияси рўмолга эмас, ниқобга қарши эканлигини айтмоқда.
25 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда халқаро Ислом академияси устидан судга киритилган аппеляция шикояти қониқтирилмади.
Судья Холмамат Ҳасанов Мўминжонова адвокатларининг барча илтимосларини рад қилди.
“Суднинг кузатувчиларга нисбатан нохолис ёндашгани ва тарафкашлик қилганидан норози бўлдик. Судга ҳатто бошида Луизани ҳам киритишмади. Иккинчи адвокат чиқиб бориб олиб келди. Иккинчидан менинг қизимни ишини ҳам шу судья кўриб чиққан эди. Унинг холислигидан шубҳа қилиб биз икки адвокат судяни рад қилиш тўғрисида ариза киритдик. Бироқ судья аризамизни рад қилиб, ўзи кўриб чиқишини маълум қилди”, дейди Абдувоҳид Яқубов.
Бундан ташқари мустақил экспертиза ўтказиш ёки диний соҳада мутахассис чақиришиш аризалари ҳам судья Холмамат Ҳасанов томонидан рад қилинган.
Судда Луиза Мўминжонова инглиз, рус ва турк тилларини мукаммал билишини, мақсади халқаро Ислом академиясининг зиёрат туризми йўналишида ўқиб, сайёҳларга Ўзбекистоннинг бой тарихи билан таништириш бўлганини айтган.
Маҳкамага халқаро Ислом академияси ётоқхонасининг коменданти чақирилган.
Судда жавобгар сифатида қатнашган Мусулмонлар идораси ва Дин ишлари қўмитасидан келган вакиллар Луиза Мўминжоновага Ислом институтида ёки мадрасада ўқишни таклиф қилган.
Бироқ Мўминжонова у диний билим олишни эмас, балки зиёрат туризмини дунёвий илм масканида, ҳижоби билан ўқишини исташини айтиб, таклифни рад қилди.
“Иккинчидан мен ҳозир бу таклифга кўниб кетсам, ҳижоби сабаб ўқишга қўйилмаётган қолаётган қизларнинг ҳаққига ҳиёнат қилган бўлмайманми. Мен уларнинг ҳам ҳуқуқи учун курашяпман”, деган Луиза Мўминжонова.
“Диндорларни атайин норози қилиш сиёсати олиб бориляпти. Халқнинг Президент билан бирлашиб бир тан, бир жон бўлиб ишлаши йўлида ҳаракат қилишига кимдир тўсқинлик қиляпти. Диндор одамларни ҳар доим норози ушлаб туриш кимларгадир керакка ўхшаяпти, шу томонларини ҳам инобатга олиб қарор қабул қилинг, дедим судяга. “, дейди Абдувоҳид Яқубов.
Суд ушбу аризани рад қилган. Луиза Мўминжонова суд қароридан норози бўлса Олий судга шикоят қилиши мумкин.
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси суд тугаганидан сўнг ўзининг веб саҳифасида ушбу мавзуга бағишлаб учта мақола чоп қилди.
Унда Луизани қўллаб қувватлаган ёки ушбу мавзуни ёритганлар “фитначига” чиқарилганини кўриш мумкин.
“Фитначиларнинг тўхташ ниятлари йўқ. Улар Мўминжонова баҳонасида Ўзбекистонда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатга шубҳа уйғотмоқчилар. Юртдаги юксалишга раҳна солмоқчилар. Жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг нуфузига доғ туширмоқчилар. Луиза Мўминжонова улар ёқмоқчи бўлган гулхан олдида бир учқун холос. Аммо, мана шу оддий ҳақиқатни айрим кимсалар тушунишни истамаяптилар. Бўлдида, етар энди!”, дейилади мурожаатда.
Академия маъмурияти номидан ёзилган яна бир мақолада адвокат Абдувоҳид Яқубов ҳеч қачон даъвосининг қонунийлигини исботлай олмаслигини айтган ва бунинг учун антиқа асос келтирган.
“Чунки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўз фаолиятини амалдаги давлат қонунларига таянган ҳолда ташкил этади. Қонунан ишлаётган ташкилотни қонун олдида жавобгарликка тортишга уринишнинг ўзи мантиқсизлик-ку”, деб ёзади Ўзбекистон халқаро ислом академияси маъмурияти.
Академия икки мақоласида рўмолга эмас, балки уни “ниқоб” шаклида ўрашга қарши эканлигини айтган.
“Яланғоч келишни талаб қилдими? Инсоф қилингда ахир! Қачонгача Ўзбекистон душманларининг ноғорасига ўйнайсиз? Академия талаб қилган форма ҳам кийим-ку? Фақат рўмолни ниқоб шаклида эмас, ўзга маданиятларидан экспорт қилинган шаклига зид ва ўзбек халқининг миллий анъаналарига мос тарзда ўраш талаб қилинди холос? Шунга шунчами”, – дея савол беради академия.
Би-би-сига маълум бўлгани шуки, халқаро Ислом академияси 2018 йилнинг август ойи охири ва сентябр ойларида талаба қизларнинг умумуман рўмол ўрашига қаршилик қилган.
Талабалар бошига парик соч тақишга мажбур бўлган.
Рўмолнинг ниқоб шаклидаги ўралиши Ўзбекистонда деярли учрамайди.