ФАЙСБООК АҲЛИНИНГ ЗАФАРЛАРИ

Бугун Файсбоок аҳли ғамда, ташвишда. Сабаби Ўзбекистонда бу тармоққа ва умуман интернетга кириш тобора қийинлашиб бормоқда. Тўғрироғи, Президент Мирзиёевнинг атрофини ўраб олган ватан ва халқ душманлари бўлган Рустам Иноятов (собиқ МХХ Раиси), Хайриддин Султонов (собиқ давлат маслаҳатчиси), Зокир Алматов (собиқ ички ишлар вазири), Алишер Хўжаев (Ўзбекистон телевиденияси раҳбари, Ўзбек тилини билмайди) каби раҳбарлар ҳали ҳам турли мансабларда ўтирибдилар ва диктатор Каримовнинг зулм ва ёлғон сиёсатини давом эттирмоқдалар.

Қулоқларимизга келаётган гапларга қараганда бу ватан ва миллат хоинлари бўлган раҳбарлар Президент Мирзиёвни вазифа жиҳатидан асир олганлар ва ҳатто уни ҳокимиятдан ҳам ағдаришлари мумкин экан. Ағдаришга уринсинлар, шу билан ўзлари ҳам балки гум бўлишар…

Аммо Файсбоок аҳли бўш келаётгани йўқ, курашни давом эттирмоқда. Чунки аввало Файсбоок аҳли ёлғиз эмас. Ёнида Озодлик ва ББС Ўзбеклар бор. Қолаверса, Кун.уз, Соф.уз, Хабар.уз, Турон24.уз каби ахборот манбалари ҳам имкон даражасида Ўзбекистонда сўз, фикр, матбуот эркинлиги ва фуқаровий жамият шаклланиши учун ўз ҳиссаларини қўшишга уринмоқдалар.

Шу муносабат билан Файсбоок аҳли қўлга киритган муҳим зафарларни яна бир марта эслаб, уларга далда бергим келди. Золим Ислом Каримов ўлганидан кейин Шавкат Мирзиёев бошқарувни ўз қўлига олди. У аввал муваққат, сўнгра сайлов ўтказиб ҳақиқий Президентга айлангандан кейин Ислом Каримов режимининг сирлари ва жиноятларини бирин кетин фош қила бошлади. Прокурорларнинг ҳаммасини порахўр, МХХ ходимларини мурдалар, деб атади. Президентнинг бу баёнотларидан илҳомланган Ўзбек жамоатчилиги, яъни зиёлилар, диндорлар ва оддий инсонлар ҳаракатни бошладилар. Ҳар ким ўз фикрини айта бошлади, эркинлик ва адолат талаби шу тарзда кучайиб бораверди…

Ҳол шундай экан, Ислом Каримов диктатурасини “Бу Кунлар” романи билан ичдан фош қилган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Ўзбекистонга қайтди. Уни МХХ раиси Рустам Иноятовнинг буйруғи билан (шахсан мен шундай деб ўйлайман) Тошкент Ҳаво Майдонидан (аэропортидан) қўлларига кишан солиб, қамоқхонага олиб кетишди. Бу зулмга қарши Файсбоок аҳли ғалаёнга келди. Миллионларча инсон бу зулмга қарши чиқди, миллатпарвар ёзувчининг озод этилиши учун Файсбоокда мингларча имзо тўпланди. Ҳукумат орқага чекинишга мажбур бўлди. Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон беш кунлик ҳибсдан кейин озод қилинди.

Орадан кўп ўтмай Руссияга иш излаб кетаётган 52 Ўзбек ўғлони Қозоғистон ҳудудида бир автобусда тириклайин ёниб кул бўлишди. Файсбоок аҳли яна исён қилди. Воқеа жуда катта гов шувга ва мунозараларга сабаб бўлди. Президент Мирзиёев бу фожеали воқеада раҳбариятни, яъни ўзини ва бошқа ҳукумат раҳбарларини айблади.

Бу воқеада автобусда ёниб ҳалок бўлганларни ва уларнинг яқинларини айблаган инсофсиз, золим Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам Файсбоок аҳлининг қаттиқ нафрати ва танқидига учради. Натижада бу халқ хоини ҳокимнинг ҳам попуги пасайиб, овози чиқмай қолди.

Кейин бир ваҳший миршаббоши (милиционер) Самарқандда ўғриликда шубҳаланган бир аёлни қип яланғонч қилиб таҳқирлади. Файсбоок аҳли яна ҳужумга ўтди. Аблаҳ милиционер ишидан олинди, мазлума аёлга Файсбоокчилар ёрдам ташкил қилишди.

Кейин Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан машҳур бўлган журналист Бобомурод Абдуллаев қамоққа олинди. Файсбоок аҳли яна ғалаёнга келди. Кунлар, ҳафталар давомида ҳукумат, тўғрироғи МХХ Раиси Рустам Иноятов ва ташкилотининг бу зулми Файсбоок кун тартибидан тушмади. Охир оқибат Бобомурод Абдуллаев маҳкама хонасидан (суд залидан) озод қилинди.

Файсбоокчиларнинг бундай фаоллигидан қўрқа бошлаган ҳукумат унинг энг фаол иштирокчиларидан Мусанниф Адҳам, Зиёвуддин Раҳим, Муҳаммад Шакур ва бошқа фаолларни қамоққа олинди. Файсбокчилар ўз сафдошларини ёлғиз ташлаб қўймадилар, қўлларидан келганича дўстларини ҳимоя қилишдилар. Натижада 15 кунлик қамоқдан кейин ҳукумат бу дўстларимизни ҳам озод қилишга мажбур бўлди.

Яқингача Бош Вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Зоир Мирзаев Тошкет вилоятида бир неча кичкина раҳбарларни ариқдаги совуқ сувга тушириб, бошқаларини тош кўтартириб жазолади. Файсбоок аҳли яна ғазабга келди, Зоир Мирзаевни шарманда қилди. Натижада бу золим раҳбар ҳам ўз вазифасидан қувилди…

Хуллас, кейинги икки йилда Файсбоок аҳли мана шундай савоб ишларни қилди. Бу яхши тажриба ҳам бўлди. Шу билан бирга бундай матбуот ва сўз эркинлигидан, яъни халқнинг маънавий ва сиёсий оёққа туришидан қўрқадиган, яъни асл халқ ва ватан ДУШМАНЛАРИ бўлган Рустам Иноятов Хайриддин Султонов, Алишер Хўжаев, Бош Вазир Абдулла Орипов каби раҳбарлар Президент Мирзиёевни Ўзбекистонда умуман интернетни, шу жумладан Файсбоок, Телеграмм ва бошқа тармоқларнинг фаолиятини қисқартиришга, торайтиришга кўндирдилар. Шунинг учун ҳам бугун бу тармоқларга кириш Ўзбекистонда анча қийинлашиб қолди…

Аммо бу золим ва хоин раҳбарларнинг яқинда Зоир Мирзаевга ўхшаб ўз мансабларидан кетишлари аниқдир. Бу бир йилда бўладими, икки йилда бўладими, вақт масаласидир.

Файсбоок аҳли эса тушкунликка тушгани йўқ, кўриб, кузатиб бораяпман, ҳамма фоаллар қўлларидан келганча сўз, матбуот эркинлиги, ватанимиз ва халқимизнинг ҳар томонлама тараққий қилиши учун ҳаракат қилишмоқда. Унутмайлик биз юз мингларча, миллионларча ўз ватанини ва халқини севадиган катта жамоатчиликмиз. Агар биргаликда мана шундай ҳаракат қилаверсак, албатта бундан ҳам кўпроқ ютуқларни қўлга киритамиз.

Ҳаммаларингиздан Аллоҳ рози бўлсин, дўстларим. Бўш келмангизлар!

Намоз НОРМЎМИН
13.11.2018

Alakalı yazılar

Yorum yazın