ЖАМШИД КАРИМОВ: ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ БИЛАН КЎП УЧРАШГАНМАН

31.01.2018
(интервью, 5-якуний қисм)

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (5-якуний қисм)

30.01.2018

Азиз ўқувчилар!

Мана ўтган уч ойдан бери Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган президент Ислом Каримовнинг жияни таниқли журналист Жамшид Каримов билан туркум суҳбатларимизни катта қизиқиш билан ўқиб боряпсиз.

Бугун 30 январь – Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги куни Жамшид Каримов билан интервьюмизнинг якуний 5-қисмини эътиборингизга ҳавола этишдан аввал баъзи мулоҳазаларга тўхталиб ўтмоқчимиз.

ЯНГИ КИТОБ

Аввал хабар қилганимиздек, Жамшид Каримов билан интервьюмизнинг беш қисмини ҳозирча ўзбек тилида китоб қилиб чиқармоқчимиз. Кейинроқ эса, имкониятимизга қараб, китобни рус ва инглиз тилларида ҳам нашр қилиш ниятидамиз.

Китоб икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда Ж.Каримов билан интервьюнинг барча қисмлари ўрин олади.

Иккинчи бўлимда эса, 40 нафар фаоллар билан қилган ёзма интервьюларимиз уларнинг суратлари билан чоп этилади. Уларга 8 та савол билан мурожаат қилганмиз. Аксарият фаолларнинг жавобларини олиб бўлдик. Қолганлар ҳам аста-секин жавобларини йўлламоқдалар.

Бизлардаги рўйхатда номлари бор бўлган 400 га яқин фаоллар ичидан фақат 40 нафарини ажратиб олганимизнинг сабаби: жуда оддий. Агарда ҳаммага саволларимизни йўллаб, уларнинг жавобларини китобга киритмоқчи бўлсак, табиийки, бир китобда барчага жой етмайди, том-том китоб бўлиб кетади. Китоб саҳифалари эса чекланган.

Шу сабабли барча фаолларга мурожаат қилмаганимиз учун улардан узр сўраймиз.

Хўш, бу 40 нафар фаоллар кимлар?

Улар айни дамда Ўзбекистонда ва хорижда яшаётган бир қатор таниқли фуқаролик жамияти фаоллари, атоқли шоир ва ёзувчилар, давлат ва сиёсат ҳамда жамоат арбоблари, фан олимлари, собиқ сиёсий маҳкумлар, сиёсатшунослар, собиқ давлат ва ҳукумат мулозимлари, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, дипломатлар, депутатлар, журналистлар ҳамда бошқа соҳа намоёндаларидир.

Ҳозир китоб устидаги ишлар қизғин паллада. Муҳарриримиз таҳрир ишлари билан банд.

Китобнинг Масъул муҳаррири таниқли адибларимиздан. Муҳаррир ва мусаҳҳиҳ ҳам тажрибали қаламкашлардан.

Китобга меҳнати сингган мутахассислар номларини, насиб қилса, китобимиз нашрдан чиққандан кейин билиб оласиз. Ҳозирча бу кичик сир бўла қолсин.

Китобда яна мавзуга оид ҳужжатлар, суратлар ҳам нашр қилинади. Самарқанддан яқинда махсус олинган фотосуратлар ҳам китоб ичида чоп этилади.

Режамизга кўра китоб шу йилнинг баҳор-ёзида нашр этилиши кутилмоқда.

Асар қандай номланишини устозлар билан маслаҳатлашяпмиз.

*****
ИСЛОМ КАРИМОВ ФОНДИ ВА ЎЗБЕКИСТОН МАТБУОТЛАРИНИНГ МУНОСАБАТИ

Жамшид Каримов билан интервьюмизнинг тўрт қисми бир қатор хориждаги сайтларда нашр қилинганидан кейин Тошкентдаги Ислом Каримов фонди томонидан қайсидир маънода бунга нисбатан муносабат билдирилганлиги зукко ўқувчиларимизга маълум.

Эслатиб ўтамиз, Ж.Каримов билан суҳбатимиз дунёнинг олти мамлакати: АҚШ, Франция, Туркия, Ирландия, Швеция ва Норвегияда жами саккизта нашрда чоп этилди:

Анонс – 2017 йил 29 октябрь;
1-қисм – 2017 йил 5 ноябрь;
2-қисм – 2017 йил 15 ноябрь;
3-қисм – 2017 йил 22 ноябрь;
4-қисм – 2017 йил 20 декабрь;
5-қисм – 2018 йил 30 январь

кунлари нашр қилинди.

1. Маълумки, 20 декабрда нашр қилинган 4-қисм бошида Ислом Каримовнинг 60-йиллардаги ҳаётини ёзгандик. Айнан ўша куни Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасида собиқ президентнинг бир сурати: “Первый год работы на заводе “Ташсельмаш”. 1960 год” номи билан берилди. Балки бу тасодифдир… Лекин, унгача мазкур саҳифада И.Каримовнинг ёшлик йилларидаги бирорта сурати берилмаган эди; (1-сурат: сайтларда ва қуйидаги изоҳ бўлимида ҳам берилди).

2. 30 декабрь куни яна шу саҳифада бир қизиқарли сурат нашр қилинди. Бу ҳақда ўша куни Тошкентдаги сайтлар хабар тарқатди. Биз ҳам Facebook’даги саҳифамизда хабар қилгандик.

Ўша сурат остига шундай ёзилган эди: “Каримовларнинг ушбу оилавий фотосурати 1928 йилда, яъни Ислом Каримов таваллудидан 10 йил аввал олинган. Суратда у кишининг ота-оналари Абдуғани ота (1894 йилда туғилган) ва Санобар ая (1902 йилда туғилган) ҳамда опа-акалари Меҳринисо (1920 йилда туғилган), Амонулло (1922 йилда туғилган), Ибодулло (1926 йилда туғилган) акс этган”. (2-сурат: сайтларда ва қуйидаги изоҳ бўлимида ҳам берилди).

Бу сурат ҳақида бизда баъзи бир қизиқарли мулоҳазалар борки, уни китобда ўқийсиз. Сурат бўйича фотоэкспертлар билан гаплашганмиз… Ҳозир айтишимиз мумкин бўлгани шуки, Жамшид Каримов бу суратни ҳеч қачон кўрмаган. Хўп, майли, кўрмаган бўлса кўрмагандир.

Лекин, масаланинг бошқа бир муҳим жиҳати бор:

Ислом Каримов фонди, аниқроғи, Лола Каримова-Тиллаеванинг ёзишига кўра, бу сурат 1928 йилда тасвирга олинган. Суратда, кўриб турганингиздек, ота-она билан бирга тўрт фарзанд акс этган. Яъни, Меҳринисо (1920 й.т.), Омонулло (1922 й.т.), Ибодулло (1926 й.т.).

Аммо, тўртинчи фарзанд, яъни ота-онанинг қўлидаги чақалоқ ким эканлиги ушбу сурат остидаги тагсўзда ёзилмаган.

Лекин, биз биламизки, Ибодулло Каримовдан кейин Жамшид Каримовнинг отаси Арслон Ғаниевич 1931 йилда туғилган.

Савол: Ушбу сурат ҳақиқатдан ҳам 1928 йилда тасвирга олинган бўлса, расмдаги тўртинчи чақалоқ ким? Мантиқ бўйича у Арслон Ғаниевич Каримов бўлиши керак. Бироқ, Арслон Ғаниевич 1931 йилда дунёга келган бўлса, қандай қилиб у 1928 йилда бу суратга тушиши мумкин?

1926 йилдан 1931 йилгача Ғани Каримов оиласида фарзанд туғилмаган.

У ҳолда бу чақалоқ КИМ?

Афсуски, бу саволларга жавобни Ислом Каримов фонди, аниқроғи, Лола Каримова очиқ қолдирган.

Бу саволни Жамшид Каримовга бердик. Жамшид ака ҳам ҳайрон бўлиб: “Мен умуман, бундай суратни оилавий альбомларимизда на Самарқандда, на Жиззахда ҳеч кўрмаганман. Суратдаги чақалоқ-тўртинчи фарзанд ким эканлигига ҳам ҳайронман. Лекин, аниқ биламанки, отам Арслон Ғаниевич Каримов 1931 йилнинг 6 августида Самарқандда туғилган”, деб жавоб берди.

Агарда Жамшид Каримов ўз отасининг туғилган йилида адашяпти десак, инсон ўз ота-онасининг туғилган йилини ҳам билмаслиги мумкинми? Боз устига, Арслон Ғаниевич 1989 йили 8 июнда 58 ёшида автоҳалокатда вафот этган. Ўшанда оиланинг кенжа фарзанди Жамшид Каримов 22 ёшда бўлган (аввалги қисмларга қаранг).

Хуллас, бу саволга ҳозирча жавоб топганимиз йўқ.

3. Суҳбатимизнинг 20 декабрда нашр қилинган 4-қисмида Ислом Каримовнинг эпилептик хасталик – энцефалит (тузалмайдиган формаси) касаллиги ҳақида ўз манбаларимизга таянган ҳолда, маълумотлар асосида батафсил ёзган эдик.

Қайсидир маънода бунга жавобан, жорий йилнинг 15 январь куни ЎзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайтида Ислом Каримовнинг шахсий шифокори эканлиги айтилган, Тошкент тиббиёт академияси анестезиология ва реаниматология кафедраси профессори, Республика шошилинч тиббий ёрдам ўқув маркази директори Вячеслав Аваковнинг Ислом Каримов ҳақидаги хотира-суҳбати нашр қилинди.

Жаноб Аваков ЎзА мухбирига берган суҳбатида: “Ислом Каримов жуда бақувват ва соғлом инсон эди, соғлигидан шикоят қилмасди”, деб айтган. (3-сурат: сайтларда ва қуйидаги изоҳ бўлимида ҳам берилди).

4. Интервьюмизнинг 2017 йил 22 ноябрда нашр қилинган 3-қисмида Каримовлар оиласининг 6-фарзанди, Ислом Каримовнинг 5-акаси Қуддус Ғаниевич Каримов (1934-1995) ва у кишининг рафиқаси Таклифа Насреддинова-Каримова (1938 й.т.) ҳақида батафсил маълумот берган эдик.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги нашри – “Зарафшон” газетасининг zarnews.uz сайтида 2018 йил 20 январь куни “Қалбимизда яшамоқда” сарлавҳали мақола нашр қилинган.

Мақолада Қуддус Каримовнинг рафиқаси, айни пайтда Самарқанд шаҳридаги «Қўшбаққолли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаётган Таклифа Каримованинг қайноғаси Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари ўрин эгаллаган.

Мазкур мақолани kun.uz сайти: “Каримовлар оиласининг келини Биринчи Президент ҳақидаги хотираси билан ўртоқлашди” номли сарлавҳа билан 25 январь куни, “Даракчи” газетаси эса: “Биринчи Президентни яқинлари хотирлади” номли сарлавҳа остида 26 январь куни ўз сайтида кўчириб чоп қилган.

Мақолада Таклифа Каримова шундай ҳикоя қилади:

“Мен бўлғуси президент оиласига 1964 йилда келин бўлиб тушганман. Тўйнинг эртаси куниёқ бу оилада ўзаро иноқлик, меҳр, илмга ташналик бениҳоя юқори эканини англаганман.

Ислом Каримов оилада еттинчи фарзанд бўлиб, опаси Меҳринисо ҳамда ака-укалари билан аҳил-иноқ яшар, улар билан ўзаро илмий ва ақлий тортишувлар қилиб турарди. Айниқса, турмуш ўртоғим Қуддус Каримов билан фан, спорт, таълим-тарбия, диний ва дунёвий билимлар борасида мудом баҳслашарди.

Ўша пайтларда Ислом Каримов Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлар, Самарқандга ҳар икки-уч ойда келиб турарди. Ҳар келганида хўжайиним билан тарих, иқтисодиёт ва астрономия соҳасида фикр алмашарди, тонггача баҳслашишарди.

Бир сафар «Дадаси, укангиз ёш бўлса-да, катталардек фикрлайди, онг, тафаккур доираси ўта кенг. Бунинг сабаби нимада?», деб сўрадим. «Китобни севишида, мутолаа қилиш, ўқиб-изланишдан эринмаганлигида», деди ва бир воқеани сўзлаб берди.

«Уруш йилларидан кейин отамиз Абдуғани ака Иштихон туманидаги «заготконтора» (ўша вақтда шундай номланган)га ишга ўтди ва шу сабабли Ислом Митан шаҳарчасидаги мактаб-интернатда таҳсил олди.

Тўртинчи синфда ўқиб юрганида 2-синф ўқитувчиси қаттиқ бетоб бўлиб қолади ва уч-тўрт ой мактабга кела олмаслиги ойдинлашади. Шунда мактаб-интернат директори 4-синф ўқувчиси — укам Исломга ишонч билан ўша синф ўқувчиларини ўқитиб туришни топширади. Ёш Ислом бу ишончни оқилона уддалаш учун кечалари ухламай ўқийди, ўз устида ишлайди. Натижада уч ой давомида ўқувчиларни ўқитувчидан кам бўлмай ўқитади. Унинг бу салоҳияти нафақат мактабда, балки туманда алоҳида эътироф этилади».

Ислом Каримов ана шундай чуқур билим, истеъдод ва иқтидор эгаси эди. Буни мен яқин одами, қариндоши сифатида эллик йиллик ўзаро муносабатларимиз давомида теран англаганман.” (4-сурат: сайтларда ва қуйидаги изоҳ бўлимида ҳам берилди).

Суратда: Таклифа Каримова, Санобар ая (И.Каримовнинг онаси), Меҳринисо Каримова (И.Каримовнинг опаси).

Изоҳ: Ушбу сурат тагсўзи билан “Даракчи” газетаси сайтидан олинди.

*****
ҒАНИ КАРИМОВ ФАРЗАНДЛАРИНИНГ ТУҒИЛГАН ВА ВАФОТ ЭТГАН САНАЛАРИ

Изоҳ: Саналар Жамшид Каримов ва Ислом Каримов фонди, аниқроғи, Лола Каримова маълумотлари асосида тайёрланган.

Шартли равишда Жамшид Каримов маълумотини қавс ичида лотинча (J) ҳарфида, Лола Каримова маълумотини эса (L) ҳарфида келтирамиз.

Ғани Каримов – 1894 йилда туғилган (L), вафоти (J)га кўра тахминан 1961 йил, демак, 67 ёшида вафот этган. 1936 йилдан 1941 йилгача 5 йил (42 ёшидан 47 ёшигача) қамоқда бўлган;

Санобар Каримова – 1902 (L), 1904 (J) йилда туғилган. Ислом Каримов бир интервьюси (самолёт бортида, парвозда, видео)да онаси 80 ёшида вафот этганини айтган. Демак, Санобар ая 1982 йилда вафот этган. 1982 йил 2 январь (J);

Фарзандлар:

1. Меҳринисо – 1920 (L), 1921-1986 (J) = 65 ёш;
2. Омонулло – 1922 (L), ????-1953 (J) = 31 ёш (тахминан);
3. Ибодулло – 1926 (L), 1925-2015 (J) = 90 ёш;
4. Арслон – 1931-1989 (J) = 58 ёш;
5. Икром – 1933-1976 (J) = 43 ёш;
6. Қуддус – 1934-1995 (J) = 61 ёш;
7. Ислом – 1938-2016 = 78 ёш;
8. Хуршид – 1941-2010 (J) = 69 ёш.

(Батафсил маълумотлар аввалги қисмларда тўлиқ берилган).

Суратда 27 ёшли Ислом Каримов (чапдан учинчи) ака-укалари Қуддус, Ибодулло ва Хуршид билан. Самарқанд, 1965 йил. (5-сурат: сайтларда ва қуйидаги изоҳ бўлимида ҳам берилди).

Изоҳ: Ушбу сурат тагсўзи билан Ислом Каримов фондининг Facebook’даги саҳифасида 2018 йил 10 январда эълон қилинган.

*****
Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган президент Ислом Каримовнинг 50 ёшли жияни машҳур журналист Жамшид Каримов билан туркум суҳбатлар.

Собиқ президентнинг учинчи акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда гаплашганмиз.

Унда Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида атрофлича суҳбатлашганмиз.

Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам Жамшид Каримов батафсил сўзлаб берган.

Ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотлар мазкур интервьюдан ўрин олган.

Суҳбатни Норвегиядан журналист Улуғбек Бакир олиб борган.

*****
V ҚИСМ

Жамшид Каримов: 2006 йилнинг 12 сентябрь куни кундуз соат 11 ларда мени ҳибсга олишди.

Зулматли кунлар бошланди…

Самарқандда 2017 йилнинг 2 февралигача тутқунликда ҳаёт кечирдим. Биласиз, орада 2011 йили икки ой озодликда юрдим. Менга айтишларига кўра, ўшанда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан президент мени озод қилишга буйруқ берган экан. Кейин яна қамашди.

Улуғбек Бакир: Бу сафар сизни қандай тарзда озод қилишди?

Жамшид Каримов: 2 февраль куни эрталаб бўлим бошлиғи хоразмлик Гулнора Жуманиёзова: “Жамшид, биласиз, ҳар доим сизни озод қилишларини сўраб, хат юборганимизда, улар сизни яна ушлаб туришимизни айтишарди. Энди эса, озод қилишимизни айтишяпти. Тамом, сиз озодсиз, хайр!”, деди. Мен таажжубдан қотиб қолдим.

“Нимага шунча йил бу ерда ўтирдим? Энди бу ёғи қандай бўлади?”, каби саволлар миямга ёғилиб кела бошлади. Кутилмаганда бундай хабар келиши одамни эсанкиратиб қўяркан.

Бундоқ ўйлаб қарасам, ўтган йиллар ичида қай тариқа озодликка чиқишимни ҳеч ўйлаб ҳам кўрмаган эканман.

Шундай қилиб, умумий ҳисобда 10 йилу 3 ой тутқунликда бўлдим. Шунча вақт бу ерда ўтказган умримни менга ҳеч ким тушунтириб бергани ҳам йўқ.

Айбим нима, гуноҳим нима?! Айбим шу оилада туғилганимми?!

10 йил ҳеч ким бу саволга жавоб бергани йўқ!

“Агарда айбсиз бўлсам, кимдир бунга жавоб бериши, кечирим сўраши керакми?! Ахир мен ҳам инсонман-ку!”, дейману кейин “жавоб бериши керак бўлган бадбахт, аниқ жавоб бериши шарт бўлган жойга кетди-ку, энди ҳеч қаерга қочиб қутулолмайди. У мен каби минглаган, миллионлаган инсонларга қилган зулми учун Яратган олдида, албатта, жавоб беради! Мени ва мен каби мазлумларнинг жавобини Парвардигорим Ўзи олиб беради”, дея ўзимни-ўзим тинчлантираман. Бошқа нима ҳам қила оламан. Биз каби инсонларнинг Худодан бошқа кими бор?!

Ўзбекистон халқи ва ниҳоят, бу золимдан қутулди! Энди ҳеч қачон бундай золимлар юртимиз тепасига келмасин!..

2 февраль куни қизим машинада мени олиб кетди. Ҳамма нарсамни йиғиштирдим, қўлёзма асарларимни ҳам чиройли қилиб, бир матога тугиб беришди.

Улуғбек Бакир: Демак, сизга ёзишни тақиқлашмаган, шундайми?

Жамшид Каримов: Умуман, тақиқлашмаган. Ўзлари қоғоз, қалам беришарди, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Аксинча, шеър ёзяпман десам, “ О, илҳом парилари келибди-да, бўпти, ҳалақит қилмаймиз”, дейишарди. Ҳатто ёзганларимни қизиқишиб ўқишарди.

Қамоқда жуда кўп ёздим. 15 га яқин роман, 6 та қисса, 4 та ҳикоя, 2 та шеърий тўплам, 100 га яқин эссе, бир қанча фельетонлар ёздим. Ҳар куни 70-80 бетча ёзардим. Бошқа нима ҳам қилардим: газета, телевизор, радио йўқ бўлса. Ёзганларимни ҳаммасини қайтариб беришди.

Ёзишимга тўсқинлик бўлмаган. Фақат ташқарига чиқариш мумкин эмасди. “Нима ёзсангиз, ҳаммасини тўплаб, олиб қўямиз. Ҳеч кимга, ҳеч қаерга бермаймиз. Бир кун озод бўлганингизда қайтариб берамиз”, дейишган ва шундай қилишди ҳам.

Ёзган асарларимни ҳатто бош шифокор ҳам катта қизиқиш билан ўқирди. Ёзувимни ўзимдан бошқа биров ўқиши жуда қийин бўлганлиги учун бош шифокор навбатчи ҳамшира қизларга айтиб, компьютерда матнларни тердириб ўқирди.

Компьютерда терилган матнлар уларда қолди. Қамоқдан олиб келган 7-8 кило қўлёзмаларим устида ҳозир ишлаб ўтирибман. Хориждаги дўстларим шу асарларимни нашрга тайёрлашмоқчи.

Улуғбек Бакир: У ерда почта олди-бердиси бўлармиди?

Жамшид Каримов: Айнан ўша почта орқали менга келган хатларни китобларимга киргизмоқчиман. 2006-2009 йилларда 7-8 та хат олганман. Бундан ташқари яна кўплаб, телеграммалар, открыткалар келган.

Ўзбекистонда озодлигим учун курашиб, намойишлар ўтказган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг плакатлар кўтариб тушган фотосурати ҳам менга етиб келганди. Кўриб жуда қувонганман.

Қамоқдаги одамга бирор яқинидан бир парча нома келиши ҳам катта бахт, катта хурсандчилик ҳисобланади. Буни қисматдошларим яхши билишади. Ватандан ва чет эллардан келган хатлар менга анча таскин берарди. “Мени унутишмабди, озодлигим учун курашаётган одамлар бор экан”, деган умид мени руҳлантирарди.

Менга Елена Михайловнанинг ўша суратини бўлим бошлиғимиз қўллари қалтириб, зўрға берганди. “Тезда кўриб бўлиб, кўз олдимизда ёқиб ташлайсиз, бизга ортиқча ғалванинг кераги йўқ. Эртага текшириш бўлганда бу расм чиқиб қолса, бизга гап тегади”, деб мажбуран қўлимга гугурт ушлатиб, суратни ёқдириб юборишган. Ўша куни бу сурат билан юрагимни ҳам ёқишган эди. Лекин, шу сурат бир умрга кўз ўнгимда муҳрланиб қолган…

Менга келган хатлар ичида мухолифат арбобларидан Нигора Ҳидоятованинг мактуби ҳам бор. Жуда чиройли, таъсирли қилиб ёзган: “Жамшид, биз сиз билан биргамиз! Бардам бўлинг! Кўп куйинманг!”.

Анна Ахматова шеърларини инглиз тилига ўгирган Британиядан моҳир таржимон ва машҳур шоир Ричард МакКейн (1947-2016)нинг менга йўллаган мактубидан ҳамда кўплаб халқаро ташкилотлардан келган хатлардан куч-қувват олардим.

Панжара ортидаги ҳаётим давомида хатлар йўллаган барча азиз инсонларга ташаккурлар айтиб, таъзим қиламан! Улардан бир умр миннатдорман…

Ташқаридан менга почта кирарди. Лекин, мендан чиқмасди. Ташқарига бирор нарса чиқиши қатъий тақиқланган эди.

Қизим орқали ватандаги ва хориждаги ҳамкасбларим, дўстларим билан алоқа қилардим, ташқи дунёдан хабардор бўлардим. Янгиликларни қизим мени кўргани келганда айтиб берарди.

Шундай бўлсада хат ёзиб, муассасанинг почта қутисига ташлайверардим. Хатларим ташқарига чиқмаслигини ҳам билардим. Буни қарангки, ходимлар ўша ёзган хатларимни ташлаб юборишмаган экан. Чиқаётганимда асарларимга қўшиб, ўша ёзган хатларимни ҳам беришди. Қойил! Шунча йиллар давомида хатларимни сақлаб, яна қайтариб берганлари учун уларга ҳам раҳмат!

Улуғбек Бакир: Озод бўлган кунингиз сизга қизингиз: “Дада, амакингиз ўлди”, деганида, унга нима дедингиз?

Жамшид Каримов: Худога шукр-ей, ва ниҳоят қутулибмиз! Шу кунгача тирик етиб келганим учун Яратганга чексиз ҳамдлар бўлсин! Энди ўзбек халқи ҳам чинакам озодликка чиқибди, дедим ва Ислом Каримовнинг шаънига ёмон сўзларни айтдим. Ҳозир у сўзларни сизга айтишга, тўғриси, уяламан. Ўша пайтда қизим ҳам қулоғини беркитиб, ерга қараб қолганди..

Улуғбек Бакир: 11 йил давомида яқинларингиз билан учрашувларингиз қандай кечди?

Жамшид Каримов: Ҳибсга олишганда мени ҳеч ким тополмаган. Биласиз, мени кўчадан кундуз куни ўғирлаб кетишган. Биринчи бўлиб, мени қамоқдан Марианна исмли яқин дўстим топган. У бир ой роса қидирган. Охири бир амаллаб мени топиб, уйдагиларга хабар берган. Шундан кейин онам ва акам келган.

Онам йиғлаб-ёлворган. У ердагилар буйруқ юқоридан бўлганлигини, улар мени озод қилолмасликларини онамга айтишган. Шунда онам президентга: “Исломжон, Жамшидни озод қилинг, илтимос, у ҳеч нарсада айбдор эмас”, деб хат ёзган.

Мени ҳам қўярда-қўймай “ёз-ёз” дейишганларидан кейин Ислом Каримовга хат ёзгандим. Хатимда ўзимни айбсизлигимни, мени ноқонуний ҳибсга олишиб, бу ерда сақлаб турганликларини 11 бет қилиб пунктма-пункт ёздим.

Хатимда “амаки” ёки “ҳурматли Ислом Абдуғаниевич” деб ёзмадим. “Жаноб президент”, деб мурожаат қилиб, оддий фуқаро каби мактуб ёздим. Унда дунёга таниқли машҳур ёзувчи ва файласуфлардан иқтибослар ҳам келтирганман. Хатимни ўқиб турган шифокор: “Ислом Каримов шу сўзларингизни тушунади, деб ўйласизми?”, деганди.

Хатим президентга етиб бормаслигини ҳам, етиб борган чоғида ҳам ўқимаслигини яхши билардим.

Ислом Каримов мен хатимда иқтибослар келтирган сўзларни тушунмаслигини ҳам билардим. Чунки у бадиий адабиётдан жуда йироқ одам. Бу ҳақда дадамдан ва қариндошлардан кўп эшитганман. У фақат айрим сопромат каби аниқ фанларни яхши биларди, холос.

Ўзбек ёки рус мумтоз адабиёти ёхуд жаҳон адабиётини ўқимаган, бунга тоқати ҳам бўлмаган. Адабиёт ва санъат унинг ҳаётида бўлмаган, аниқроғи, назар-писанд қилмаган. Адабиёт ва санъат, маънавият ва маърифат каби қадриятлар Ислом Каримов учун ҳеч нарсани англатмасди. Шунинг учун бўлса керак, бирор машҳур мутафаккирларни ҳам яхшироқ танимасдан оламдан ўтиб кетди.

Алишер Навоий, Жалолиддин Румий, Умар Ҳайём каби улуғлар аслида ким эканлигини ҳам билмасди. Шунчаки, кўр-кўрона ундан-бундан эшитиб олган сўзларни такрорлаб, маслаҳатчилари ёзиб берган нутқларни ўқиб юриб умрини ўтказди.

Ёшлигидан бадиий адабиётни ўқиб ўтиришга чидамасди. Унинг учун бу бекорга вақт сарфлашдек туюларди.

Рақамлар, кундалик хабарлар ва турли ҳисоботларга кўмилиб яшади. Умрида тўрт қатор шеър ҳам ёдламаган бўлса керак.

Улуғбек Бакир: Сиз ёзган хатлар ташқарига чиқиши мумкин бўлмаса, қандай қилиб президентга хат юборгансиз?

Жамшид Каримов: Бу алоҳида ҳолат эди. Бош шифокорнинг назорати остида ёзганман. Хатни ёзиб бўлгунимча тепамда қўриқчилар турган. Хатни тугатганимдан кейин уни бўлим бошлиғига олиб боришган. У ўқиб кўргач, бош шифокорга юборган. Бош шифокор бошқа ҳамкасблари билан маслаҳатлашиб, буюртма почта орқали хатимни Тошкентга юборишган.

Турган гапки, хатимга жавоб келмаган. Лекин, ундан кейин яна бир марта президентга хат ёзганман. Бу хатим унга етиб борганми, йўқми, билмайман, ҳарҳолда ёрдам бўлган.

Қизим ўшанда 11 ёшда эди. Хотиним рўзғорга қийналиб кетганидан уйдаги бор нарсаларни сотиб юборган, уй қуп-қуруқ бўлиб қолган, тўрт девордан бошқа ҳеч нарса қолмаганди. Егани нонлари ҳам қолмаганидан хотиним кузда пахта териб, уч-тўрт сўм пул топиб, амаллаб кун кўриб юришган экан. У йиғлаб, ёнимга келаверганидан кейин мажбур Ислом Каримовга қисқача хат ёзиб, бир амаллаб ташқарига чиқарганман:

“Жаноб Президент!

Шахсан менга ҳеч нарсангиз керак эмас!

Бир куни сиз ҳам ҳамма инсонлар каби бу дунё билан видолашаётган вақтингизда шу 11 ёшли қизалоққа давлат раҳбари сифатида эмас, унинг амакибобоси сифатида ёрдам берганингизни эслаб, зора озроқ таскин топсангиз. Нима бўлганда ҳам Женя сиз кўтариб юрган фамилияни кўтариб юрибди. У ҳам сиз каби каримовлардан…

Менинг қўлларимни кишанладингиз…

Бу ёғи энди тақдиримдан. Яратган нимани буюрган бўлса, унга итоат қилмай иложим йўқ! Сиз ҳам, ким бўлсангиз-да, бундан мустасно эмассиз!

Самарқанддан,

Жамшид”

(рус тилидан эркин таржима-У.Б.)

Улуғбек Бакир: Кейин нима бўлди?

Жамшид Каримов: Кўп ўтмай, хотиним келиб,…

(суҳбат давомини китобда ўқийсиз)

*****
Шунингдек, китобда интервьюнинг мазкур 5-якуний қисмидан ўрин олган бошқа кўплаб қизиқарли маълумотларни тўлиқ ҳолда ўқишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мазкур китобимиз шу йилнинг баҳор-ёзида нашрдан чиқиши кутилмоқда. Китобнинг электрон нусхаси ҳам интернетда берилади. Кейинроқ аудиокитоб шаклида тақдим этиш режамизда бор.

Демак, 5-қисмнинг давомидан баъзи иқтибослар:

• …“Нью-Йорк Таймс” газетасининг 2011 йили тарқатган хабарига кўра…

• …Биласизми, мен бу ҳолатни нимага ўхшатаман. Одамни чивин чақса, бир шапалоқ билан чивинни уради ёки бир газета-пазета билан ҳайдайди. Нормал одам ҳеч қачон бир чивинни ўлдириш ёки ҳайдаш учун Калашников автомати билан ўқ узмайди…

• …Лондондаги кичик Ислом Каримов ҳам худди Сталиннинг қизи Светлана Сталина (Аллилуева) каби ўз фамилиясидан воз кечишга мажбур бўлади… Гулнора ва Лолалар халқнинг нафратидан яширинишга уринадилар…

• …заҳарлашга ўтишган эди…

• …Ўшанда Шавкат Миромонович мени чақириб: “Жамшидбек, сенга бундай нарсалар ярашмайди… Яхшилик билан ҳал қилинглар”, деганди…

• …Татьяна Акбаровна: “оғир аҳволдаги жиянимга ёрдам қилинглар, майли, минг қилмаса ҳам қариндошмиз”…

• …“Бу сафар Жамшидга раҳм-шафқат бўлмайди! Мен ҳали унга кўрсатиб қўяман”. Бу диктатор Ислом Каримовнинг сўзлари…

• …Энди шу ҳужжатни олиш учун у аёлни судга беришим керак. Суд орқали олмасам, бошқа йўли йўқ экан…

• …Ўзбек халқи аслида нима бўлганлигини билса борми… қўрқиб кетаман… Биламан, бу узоққа чўзилмайди. Президент Мирзиёев ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб, мамлакатни тартибга келтириб олади. Мен бунга ишонаман. Аммо, осон кечмайди… Ҳали кўп ишлар олдинда…

• …Ғани бобом ҳам… эркалаб, “Андрей” дея олмай, “Андрай” дерди…

• …Тўғри, балки у қаттиққўл раҳбардир. Лекин, инсон сифатида одамгарчилиги бор…

• …39 ёшимда қамалиб, 50 ёшимда ярим мажруҳ бўлиб уйга қайтдим…

• …Пора бериш, пора олиш пасткашларнинг иши. Мен курашган иллатлардан бири ҳам бу айнан шу порахўрлик, коррупция эди. Афсуски, ўша ҳолат ҳозир ҳам гуркираб давом этмоқда…

• …2006 йил июнида Швецияга кетмоқчи бўлиб, ОВИРга паспортимни топширгандим…

• …Бу Ш.Мирзиёев учун хавфли эмасмиди?..

• …Жиззахдаги оддий одамларнинг сизга муносабати қандай? Ҳарҳолда, собиқ президентнинг жиянисиз.
Оддий одамлар менга…

• …Ўз меҳнати эвазига ҳалол ризқ топиб, борига қаноат қиладиган миллатни яна қаердан топасиз?! Кимки бу халқни қадрига етмас экан, охири “вой” бўлади…

• …Лотин тилини эса, аввал отам раҳматлидан ўрганиб, кейинроқ, ўзим мустақил тарзда ўзлаштирганман. Мукаммал бўлмаса-да, биламан. “Бу халқаро тил, яхши ўргангин, керак бўлади”, дерди отам. Биласиз, кўп қадим асарлар айнан шу лотин тилида ёзилган. Отам юрист бўлгани учун ҳам лотин тилини яхши биларди. Бу тилда ёзилган кўплаб китоблари бор эди…

• …Президентнинг бошлаган ислоҳотларини қўллайман…

• …Мана секин-аста музлар эримоқда. Албатта, бирданига ҳамма нарса яхши бўлиб кетмайди. Ҳали олдинда иссиқ-совуқ кунлар бор…

• …Ҳа, Шавкат Миромонович билан шахсан танишман. У киши ҳақида менда кўп илиқ таассуротлар қолган…

• …“Женя, тегманг, ичманг, мана минерал сув ичинг”, деб қопқоғи очилмаган идишдаги сувни қизимга тутқазганди…

• …Мирзиёевга қўнғироқ қилган шекилли, тезда мени машинага солишиб, бир яхши санаторийга олиб кетишди…

• …Асосийси, энди музлик даври бўлмайди, деб ишонаман…

• …интервьюларида ҳам рус тилида гапиришни ва ўтмишини эслашни истамаган, инглиз тилида сўзлашган…

• …Амакиваччам Азим Каримовичга ҳам минг раҳмат! Қариндошлар ичидан фақат у киши вақти-соати билан онам орқали ёрдам қўлини чўзиб турган…

• …Кунлар келиб, Мирзиёевнинг…очиқ-ошкора, рўй-рост ёзадиган мемуар асарларини ўқишни орзу қиламан…

• …бериладиган ўта сифатсиз овқатларни ея олмасдим. Ошқозоним кўтармасди. Овқатлардан бадбўй ҳид келарди. Кўнглим озиб кетарди. Фақат суви қочган қора буханка нон ердим, холос…

• …Имомов ҳаттоки, ўзининг танишлари орқали яна кўплаб китоблар олиб келиб берарди. 60-70 томли XIX-XX аср рус адабиётларини олиб келганди…

• …Мен бирор жиноятда ёки ҳуқуқбузарликда айбланмаганман. Судланмаганман. Жиноят содир этмаган. Менинг ягона “айбим” фақат шу диктаторнинг жияни бўлганим ва унинг ҳамда оиласининг кирдикорлари ва жиноятларига қарши қўлимда қаламим билан бир журналист ўлароқ, имкон қадар курашганимдир…

Муаллиф: Улуғбек Бакир

2017 йил, октябрь – 2018 йил, январь

Ўзбекистон – Норвегия

Manba: http://mutabar.org/uz/2018/01/18153

Related posts

Yorum yazın