ХАЛҚАРО ТУРКИСТОНЛИКЛАР ҲАМКОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ БАЁНОТИ

24.10.2017

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти  ўлароқ 25 Октябрда Туркияга расмий ташриф билан келаётган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу зиёратини қўллаб қувватлашимизни билдирамиз ва Туркиядаги Туркистонликлар номидан Ўзбекистоннинг ҳурматли Президентига Туркияга “Хуш Келибсиз”, деймиз.

Ушбу муносабат билан ҳурматли Президент Ш. Мирзиёев номига ёзилган бир мактубни иловада тақдим қилмоқдамиз. Ушбу мактубда хусусан:

Ҳурматли Шавкат Мирзиёв раҳбар бўлгандан кейин ўтган бир йилга яқин муддат ичида ўқиган маърузалари, берган буйруқлари ва олган қарорларидан баъзилари кўрсатилиб, уларнинг ижобий қабул қилингани ва ислоҳот даврининг муқаддимаси ўрнида кўрилгани таъкидланди.

Мактубда бу ислоҳотларнинг янада кенг миқёсда давом эттирилиши ва халқимизнинг ҳаётида диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётида эркинликлар ва ҳуқуқ устивор бўлиши учун баъзи талабларимизни тилга келтирдик.

2017 йил Ўзбекистонда эркинликлар ва барча ижтимоий соҳаларда ислоҳотлар бошлаётган бир босқичнинг хабарчисидир. Эски давр вакилларининг бу ислоҳотларга тўсиқ бўлишга уриниши табиийдир. Мамлакатимизнинг кучли бўлиши ва халқимизнинг фаровон яшаши учун ҳурматли Президентнинг қатъий, кучли ва адолатли сиёсат олиб боришига ишонамиз.

Иловадаги мактубда айтилгани каби бундан кейинги даврда “Қора рўйхатлар” бўлмайдиган, диний ва сиёсий маҳкумлар озод қилинган, халқимизнинг ўз динини ҳаётига тадбиқ қилишда муаммоларга дуч келмайдиган ва булар орқали халқаро майдонда эътибори ортадиган мамлакатимизга биз ҳам қайтиб боришни орзу қилмоқдамиз.

Туркия давлати раҳбарлари билан учрашувларингизда бу ердаги муҳожирларнинг муаммоларини ҳам кун тартибига келтиришингизни ва Туркистонлик ишчилар, талабалар ва  бошқа муҳожирларнинг бу ердаги ҳаётини қулайлаштиришга қаратилган қарорлар олинишини умид қиламиз. Шу билан бирга биз муҳожирлар  ватанимизга қайтиб бориш истагида эканлигимизни Сизга билдирамиз.

Халқимизнинг ва мамлакатимизнинг тараққиёти йўлидаги фаолиятларингизга муваффақиятлар тилаймиз.

Бурҳон Қовунчи

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти  Раиси

 

Ўзбекистон Республикаси Президентига

Ҳурматли Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев!

Биз Туркиядаги Туркистонлик (Ўзбек) муҳожирлармиз.

Сизни 2016 йил 4 декабрда президентлик сайловидаги ғалабангиз билан табриклаймиз. Президентлик даврингизнинг Ўзбекистон ва халқимиз учун муваффақиятли, самарали ва фойдали бўлишини, катта ўзгаришлар ва ислоҳотларга бой бўлишини истаймиз ва бунинг учун дуо қилмоқдамиз.

Шунингдек, Президентлик вазифасини бошлаганингиздан кейин амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар ва бошқа ижобий жараёнлардан қониқишимизни билдирамиз.

Яъни;

-Ўзбек халқи муносиб бўлган эркинлик муҳитига тўсқинлик қилаётган омилларни  олиб ташлаш масаласида қилган нутқлар ва кўрсатмаларингиз,
– Мажбурий пахта теришни бекор қилишингиз.
– Порахўрликда айбланган Шуҳрат Ғуломов ва Гулнора Каримова каби шахсларнинг жазоланиши.
– Мамлакатга қайтиб келган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг озод қилиниши,
-Баъзи ёзувчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг қамоқдан чиқарилиши,
– Диний жиҳатдан айбланган 16 минг кишининг “қора рўйхат”дан чиқарилиши.

– Сургандаги баъзи сиёсий мухолифларнинг “Интерполнинг жиноят рўйхати” дан ўчирилиши.
– Қуръон ҳофизлари тайёрлаш ҳақидаги таълимотингиз.
– Имом Бухорий, Имом Матуридий, Улуғбек, Хоразмий каби буюк олимларимизни Ўзбекистон ёшларига намуна кўрасатишингиз ва уларнинг номлари бериладиган институтларни тузиш ҳақидаги топшириқларингиз.

– Мамлакатдан чиқиш визасининг (ОВИР) бекор қилиниши.

-Қўшни ўлкалар билан чегара муаммоларининг ҳал қилиниши ва яхши муносабатларнинг йўлга қўйилиши каби бу ерга сиғмайдиган бошқа яхши тараққийпарвар одимлар.

Бу ижобий қадамларнинг ёнида:

– Барча диний ва сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ва мамлакатимиз номига қора доғ бўлган  “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш.
– Порахўрлик ва қийноқлар каби жиноятлар содир қилганларни жазолаш, бундан кейин уларга йўл қўймаслик учун зарур чоралар кўрилиши,
– Ҳижобда бўлишни истаган аёл ва қизларимизнинг  мактабларга ва бошқа жамоат жойларига эркин кириши.
– 18 ёшгача бўлган болаларимизга Қуръон ҳофизлиги дарслари ва ва бошқа диний таълим бериш,
– 18 ёшдан кичкина болаларимизга масжидларда намоз ўқишга рухсат берилиши,

-Азон овозининг Мусулмон мамлакатлардаги каби жомеъ ва масжидларнинг ташқарисида ҳам эшитилиши.
– Мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган барча диний  ва сиёсий мухолифларнинг ватанга қайтиши каби хусусларни Сизга таклиф қиламиз.

Туркистонли ҳамюртларингиз ва Туркияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сифатида Сизни яна бир бор табриклаймиз ва Аллоҳ таолодан Сизга  соғлиқ ва муваффақиятли хизматларни насиб қилишини сўраймиз.
2017 йил 25 Октябрь

ТУРКИСТАНДEР (Халқаро Туркистонликлар  Ҳамкорлик Жамияти)
Раиси

Бурҳон ҚОВУНЧИ

Related posts

Yorum yazın