Андижонда ҳижобли абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмаган

18.07.2017

Андижон Давлат Университетида ҳижобли абитуриент қизлардан ҳужжат қабул қилинмаган. Қабул коммиссияда ўтирган Хотин қизлар қўмитаси ва бошқа мутасаддилар уларнинг ҳижобини ечтиришга мажбур қилган.

Ҳижобни ечмайман, деб оёқ тираб турган қизлар уни қулоқни орқасидан ўрашга мажбурланган. Акс ҳолда улардан имтиҳон топшириш учун ҳужжат қабул қилинмаган.

Бу каби талаб ҳужжат топширишга шортик (калта шим)да келган абитуриентларга ҳам қўлланилган.

Андижон Давлат Университети Қабул коммиссиядан гўшакни кўтарган масъул ҳужжат топширишга келган абитурентлардан ҳижобни ечиш шарт қилиб қўйилганини тасдиқлади.

“Ҳижобни ечтириш ҳолати бўлди. Хотин қизлар қўмитасидан келган одамлар ва бошқа мутасаддилар қизлардан ҳижобни ечишни, сўнгра ҳужжат топширишни талаб қилишди. Рози бўлиб ечишди, кўнмаганлари уни қулоқнинг орқасидан ўраб ҳужжат топширишди. Бу талаб бизга Тошкентдан келган, веб камерага суратга тушаётганда ҳижоб билан бўлмаслик керак экан”, – дейди қабул комиссияси ходими Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда.

Андижон Давлат университетига ҳужжат қабул қилиш 15 июндан 15 июлгача давом этган. Қабул комиссияси ходимининг билдиришича, ҳижобли абитурентлар кўп бўлмаган, аммо уларга уни ечиш ёки қулоқ орқасидан ўраш каби қатъий талаб қўйилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда Олий ўқув юртларидаги ички тартиб қоидаси бўйича ҳижоб кийиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Вазирлик мутасаддиси ўқув юртларини ҳарбий объектларга тенглаштирди ва талаб қилинган кийимда келиш шартлигини уқтирди.

“Олий таълим муассасасининг ички тартиб қоидаси бор-да. Масалан, казармада, ҳарбий қисмдаям шортик билан бороролмайсиз. Ҳарбий қисмда ҳарбий тартиб бўлади. Олий таълим муассасасининг ҳаммасининг ўз ички тартиб қоидаси бор. Олий таълим муассасасига талабалар киритилади, умуман формасиз кириш мумкин эмас”, – дейди Фарҳод Бабашев.

Мутахассислар аёлларнинг ҳижобини ечтиришга мажбурлаш уларнинг диний ва виждон эркинлиги каби ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш эканлигини айтишади.

Олий таълим масъули қизлар ҳижоб билан суратга тушса, имтиҳонга киришда қалбакилаштиришга уринишлар бўлиши мумкинлингини айтади.

“Расмга олиш учун албатта кўриниб туриш керак. Тасаввур қилинг, ҳижобда расмга тушса, унинг ўрнига ким кирганини ким билади. Расмга туширганда одамнинг қулоқлари, сочлари ҳамма ери кўриниб туриши керак. Шунинг учун ўша сиз айтган нарсани ечинг дейишга ҳаққи бор”, – дейди Фарҳод Бабашев.

Би-би-сининг қулоқдан одамни қандай ажратиш мумкин, деган саволига Матбуот хизмати раҳбари ўша одам норози бўлса судга бериши мумкинлини айтди.

Фарҳод Абашев ҳижобда ҳужжат топшириш мумкин эмасми деб қайта берилган саволга, ҳижобда мумкин эмас, деётганим йўқ, деб жавоб берди.

“Мен сизга ҳижобда мумкин эмас, деётганим йўқ. Аниқ кўринишга ҳалақит берадиган нарсалар бўлса, уларни ол, деб айтишга ҳаққи бор. Сиз шундай десангиз кейин ҳамма мана шунақа нарса ўраб, кийиб борадиган бўлади. Уни қандай ажратади”, – дейди у.

Суҳбат бошида олийгоҳ ҳудудига формасиз кириш мумкин эмас деган матбуот котиби суҳбат охирида бинога ҳижобда кириш мумкинлигини, аммо суратга тушаётганда уни ечиб қўйиш кераклигини айтди.

Фарҳод Бабашев олий ўқув юртларида ҳижобда ўқиш мумкинми, шундай қизлар борми деган саволга “мен қаёқдан билайин”, деб жавоб берди.

Бабашев билан суҳбатни тинглаш учун ушбу линкка босинг

o’zbek bbc

Görüntünün olası içeriği: gökyüzü ve açık hava
Görüntünün olası içeriği: açık hava

Alakalı yazılar

Yorum yazın