Туркистон Қурултойи таассуротлари

Туркияда 2013 йилда ташкил этилган ва қисқа вақт ичида ўзининг иккинчи қурултойини ўтказишга муваффақ бўлган Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти таклифига биноан мен Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда иштирок этдим. 2014 йилда биринчи қурултойда ҳам иштирок этиш каминага муяссар бўлганди. Бу қурултой ўзининг иштирокчиларининг салмоғи ва сўзга чиққан кишилар таркиби билан аввалгидан анча залворли бўлди. Қурултойда Ўзбекистондан, Қирғизистондан, Тожикистондан, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия, Шарқий Туркистондан, Саудия ва Афғонистондан ва хорижда яшаётган ўзбек муҳожирлари вакиллари иштирок этдилар.

Қурултой мавзуси расман айтганда, «Туркистон қатлиомининг юз йиллиги» деб аталади. Бу мавзуга тегишли ўнлаб маърузалар тингланди. Бу қурултойда иштирок этган Кастамону Университети профессор устозларидан ташкил топган олимлар шу мавзуга доир маърузалар қилдилар.

Қурултой аввалида Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг ва бошқа расмийларнинг қурултой иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Кейин сўзга чиққан Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти раиси жаноб Бурҳон Қовунчи юз йил олдинги Туркистонда бўлган рус босқинчилари қатли омига доир маъруза қилди. Ундан сўнг сўз олган Истанбул шаҳри Боғчилар тумани ҳокими маърузаси менда катта таассурот қолдирди. Бу киши комил маънодаги Исломий тафаккур эгаси экан. Қурултойда сўзга чиққан собиқ маданият вазири Хасан Гўзал Жалол анжуман иштирокчиларини табриклаб, буюк Туркистон халқлари ўзаро бирлашуви ҳақида маъруза қилди.

Унинг таъкидича Мусулмон Туркий халқлар Ислом умматининг олтидан бир қисмидир. Бу катта қисм Ислом оламида улкан ютуқларни қўлга киритган ва динга катта хизматлар қилган қисми эканлигини урғулади. Биз Ислом умматининг бир парчаси бўлганимиз билан фахрланамиз деди у. Биз узун тарих давомида доимо Аллоҳ калимаси олий бўлиши учун курашганмиз ва Ислом байроғини баланд кўтарганмиз ва бу ишни давом эттирамиз деди у.

Бундан сўнг сўз олган Кастамону Университети ректори профессор Сайид Ойдин анжуман аҳлини табриклаб, ўзи бошлиқ Университети олиб бораётган ишлар ҳақида гапириб берди.

Маълум бўлишича, бу Университетда Туркистон муҳожирлари фарзандларидан 200 тачаси таълим олаётган экан. Профессор Туркий халқлар буюклигида Ислом олами ҳам буюк бўлгандир. Туркий халқлар маҳзун бўлиб йиғлаганда ислом олами ҳам маҳзун бўлган эди деди. Унинг фикрича мусулмон туркий дунё борган ерида қурилишлар қилган. Инглизлар ва руслар борган ерида бузғунчиликлар қилган. Бугунги кунда Сурияда, Мисрда, Бирмада, Афғонистонда, ва бошқа жойларда мусулмон биродарлар қатл қилинмоқда. Биз буни биламиз ва масъулиятни ҳис қиламиз деди у.

Бу анжуманда Франциядан ташриф буюрган сиёсатшунос Камоладдин Раббимов бугунги дунёда ислом умматининг катта қисмини ташкил этувчи туркий халқларнинг ўзлигини аниқлаб олиши ва шу ўзликни геосиёсий муҳитда шу ўзликни сақлаб қолиш муаммолари ҳақида маъруза қилди. Туркий халқлар ўзлиги сифатида эса у аввало диний ўзликни ва кейин миллий ва маданий ўзлик ташкил этишини таъкидлади.

Саудиядан келган асли Туркистонлик муҳожирларнинг авлодлари вакилларидан бўлган Шайх Абу Умар Одил ал Бухорий ҳам сўзга чиқди. Бу киши бир мусулмонни қутқариш бутун оламни қутқаришга тенглигини айтиб, агар бутун бошли бир халқни қутқаришга ҳаракат қилиш қанчалик савоб бўлишига анжуман иштирокчиларини эътиборини қаратди. У араб тилида маъруза қилган учун унинг маърузасини туркчага таржима қилиб туришди.

Швециядан борган доктор Муҳиддин Ширинов маърузаси Босмачилар деб аталган ҳаракатнинг рус босқинчиларига қарши кураши ва унинг мағлубияти сабаблари ҳақида маъруза қилди. Камина эса бу мавзуга бевосита алоқадор бўлмаган бўлсада, билвосита алоқадор бўлган мавзуда маъруза қилдим. Менинг мавзуим Мустақиллик давридаги диндорларга нисбатан бўлган тазйиқлар ва қамоқхоналардаги мунтазам қўлланилган қийноқлар ҳақида бўлди.

Мен бу каби зўравонликлар юз йил олдин руслар томонидан қилинган бўлса, бугун ўзини мусулмон санаган кечаги даҳрийлар томонидан қилинаётганлигига иштирокчилар эътиборини қаратдим.

Жами 25 та киши бу анжуманда расман маъруза қилишди. Туркия телевидениясидан ва бошқа радио журналлардан мухбирлар келиб, анжуманни матбуотда ёритиб боришди. ББС мухбири Паҳлавонни шу ерда кўрдим. Анжуман Истанбулнинг Боғчалар Баладияси қисмидаги ёшлар саройида катта анжуман залида бўлиб ўтди. Қўшни залда катта намозхона ташкил қилинган бўлиб, у ерда намозхонлар намозларини ўқиб олишди. Бошқа залда 500 кишилик стол ёзилиб ҳаммага ош тарқатилди. Анжуман уч кун давом этди.Туркияда мени ҳайратга соладиган нарсалар жуда кўп. Шулардан бир қанчаси шу қурултойда эшитган маърузаларимдир. Мен бу ерда кўплаб ватандошларимизни учратдим.

Меҳмонларни хизматида кўп сонли ватандошларимиз хизмат қилдилар. Аллоҳ уларни барчасини ажрлантирсин. Уларнинг аксари мени танир экану мен танимасдим. Шу ерда танишдик ва баъзилари билан кейинчалик радиосуҳбатлар қилиш учун ўзаро алоқалар ўрнатдик. Анжумандан бир кун олдинги норасмий суҳбатда Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти аъзолари ва меҳмонлардан баъзилари иштирокида норасмий суҳбатлашиш бўлди.

Кун бўйи давом этган бу суҳбатларда турли ердан келган диндор ватандошларимиз билан ўзаро фикр алмашдик. Жамият фаолиятини янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак деган мавзуда ҳам фикрлар алмашилди.

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти кўплаб муҳожир ватандошларга ҳуқуқий ва имкон қадар моддий ёрдам кўрсатиб келаётган жамиятдир. Бу ишларнинг бошида турган Бурҳон Қовунчи жанобларига ва унинг муовини доктор Намоз Нормўминга мен шахсан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Уларнинг бу қилаётган хайрли ишларида омадлар ва муваффақиятлар тилаб қоламан. Туркия нафақат турк дунёсидаги лидер балки, Туркия бугунги кунда ислом уммати учун кўплаб ибратли ишлар қилаётган давлатдир. Бу ердаги инсонларнинг бизга қилаётган самимий муомаласидир. Мен бу каби муомалани бошқа бирорта туркий давлатда кўрмаганман. Бугунги кунда кўплаб туркистонлик муҳожирларга бошпана бераётган давлат ҳам шу Туркиядир. Ўз бағридан уч миллионга яқин Сурияликка жой берган давлат ҳам айни шу Туркиядир.

Бирмадаги ва Фаластиндаги мусулмонларни халқаро майдонда туриб ҳимоя қилган давлат ҳам Туркиядир. Бу давлатни ва барча ундаги холис инсонларни ва мусулмонларни Аллоҳ паноҳида асрасин деб дуо қилиб қоламан.

———-

Муҳаммадсолиҳ Абутов

23 апрел 2016 йил

Швеция

Alakalı yazılar

Yorum yazın