Хотирамизда эмас, ҳаётимизда: Рус Чорлигининг 1916 йил Туркистонда қилган қатлиоми

16.04.2016

Ассалому алайкум ҳурматли дўстлар!

Эртага, яъни 17 Апрелда “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” тарафидан ташкил қилинган “2. Халқаро Туркистонликлар” Қурултойи бошланади. Қурултойни ташкил қилишдаги ҳамкорларимиз Туркиянинг Кастамони Университети ва Боғчилар Беледияси (туман ҳокимияти)дир.

Қурултойнинг асосий мавзуси “РУС ЧОРЛИГИНИНГ 1916 ЙИЛ ТУРКИСТОНДА ҚИЛГАН ҚАТЛИОМИ”.

Бундан100 йил олдин Русларнинг мустамлакаси бўлган Туркистонда Рус подишоҳи ватанимиздан аскар ва мардикор олиш сафарбарлигини эълон қилганди. Бунга қарши аввал Ҳўжандда, кейин Самарқанд, Жиззах, ҳозирги Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон ҳудудларида мусулмон Туркистонликлар ғалаёнга келдилар. Шу шаклда Туркистоннинг бутун ҳудудларида Руслар ва Туркистонликлар орасида тўқнашувлар бошланди. Мусулмон халқимиз Рус босқинчиларига бутун кучи билан қарши чиққан, айниқса ўша даврда давом этаётган биринчи дунё урушида Рус қўшинлари сафида Усмонли давлатига қарши урушмаслик учун ҳамда Сибирияга мардикорликка бормаслик учун жон жаҳди билан қўзғолон кўтарганди…

Афсус бу қўзғолоннинг марказий бошқаруви ва мусулмонларнинг қўлларида деярли қуроллари бўлмагани туфайли милтиқ ва тўплар билан қуролланган Рус қўшинлари Туркистонда 1,5 миллионга яқин мусулмон ота боболаримизни қатлиом қилди, Туркистон қонга бўялди…

Бу даҳшатли қатлиомга мана орадан 100 йил ўтди. Туркистонлик мусулмонларнинг ҳаётида нима ўзгариш бўлди бу даврда?

Қурултойни “Хотирамизда эмас,ҳаётимизда” шиори билан ўтказаяпмиз. Бугун фақат Қирғизистонда бу даҳшатли қатлиом расман хотирланмоқда. Туркистоннинг қолган ҳудудларида бу масалада жим житлик…Худди тарихимизда бу қонли воқеалар бўлмагандек… Биз “Хотирамизда эмас,ҳаётимизда” деймиз, баъзилар эса бу қатлиом хаёлимизга ҳам келмайди, деган қабилда иш тутмоқда..

Аммо Аллоҳдан умид кесилмайди. Эртага дунёнинг тўрт бурчагидан Ўзбеклар, Қозоқлар, Қирғизлар, Уйғурлар, Туркманлар, Тожиклар Истанбулга келадалар ва биз Туркистонликлармиз, Мовароуннаҳрликларимиз, дея ҳайқирадилар. Эртага биз ўлмаганимизни, ҳали ҳам Ҳақ даъвоси, миллат ва ватан қайғусида яшаётганимизни яна бир бор эълон қиламиз.

Сенга яхшилик тонглари насиб қилсин, бизнинг кўҳна ва мангу ватанимиз ТУРКИСТОН!

Намоз НОРМЎМИН
16.04.2016

Alakalı yazılar

Yorum yazın