Туркиядаги сиёсий “пот” вазияти ҳақида

 Yıkılmadım ayaktayım

dertlerimle başbaşayım
zalimlere kötülere yenilmedim
buradayım…

“Йиқилмадим, оёқдаман,

Дардларимла ёлғиз қолдим.

Золимларга, ёмонларга енгилмадим,

Шу ердаман…” (Туркча қўшиқдан)

Туркияда 7 Июнда ўтказилган Мажлис (парламент) сайловларидан кейинги сиёсий аҳвол ушбу қўшиқда ифодалаган ҳақиқатга яқиндир. Яъни, 2002 йилдан кейин бу мамлакатни бошқариб келган ва ғарбда Исломий, дея таърифланадиган Тойиб Эрдўғон ва Аҳмад Довудўғлининг “Адолат ва Тараққиёт Партия”си (АТП) бу сайловларда жиддий мағлубият олсада, тамоман мағлуб бўлмади. Яъни, бу сайловда АТП “йиқилмади, оёқда қолди”…

Ҳали тўла тасдиқланмаган  сайлов натижалари шундай бўлди: Исломий АТП 41% овоз олди ва 258 миллатвакилига эга бўлди. Отатурк турафидан тузилган секуляр (дунёвий, туркча Laik) Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) 25% овоз олди ва 132 миллатвакилига эга бўлди. Турк миллатчиларининг партияси (МХП) 16% овоз олди ва 80 миллатвакилига ва Курд Миллатчиларнинг партияси (ХДП) 13% овоз билан 80 миллатвакилига эга бўлдилар…

Бу партияларнинг сиёсий мафкураси ва бугун олиб бораётган сиёсатлари бир биридан тубдан фарқ қилади, албатта…Олдин шу масалага бироз тўхталайлик,

ТУРКИЯДАГИ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Туркияда ҳозирда 100 га яқин сиёсий партия бўлиб, улардан 20 партия сўнгги сайловларда қатнашди. Бу партиялардан фақат 4 таси 10% тўсиқни ошиб, Туркия Буюк Миллат Мажлисга (Парламентига) кира олди. (Яъни, 10% кўп овоз олган партияларгина Мажлисга (Парламентига) кира олди). 

“Адолат ва Тараққиёт Партия”си (АТП) 2001 йил 14 Августда Тойиб Эрдўғон ва сафдошлари тарафидан қурилди. АТП аслида 1970 йилларда ўртага чиққан “Миллий қараш” Исломий ҳаракатининг давомидир. Бу ҳаракатни собиқ Бош Вазир Нажмиддин Эрбоқон ва сафдошлари 1970 йилларда бошлатганди. “Миллий Қараш” Исломий ҳаракати ўз сиёсий партияларига ҳам эга эди. Туркиядаги секуляр режим бу партияларни доимо таъқиқлаб келганди. Миллий Низом, Миллий Саломат, Рефах, Фазилат ва Саодат партиялари 1970 йиллардан бошлаб бу ҳаракат томонидан тузилганди. Тойиб Эрдўғон 2000 йилларда бу ҳаракатдан айрилганини эълон қилиб АТП ни тузганди. АТП 2002 йилдан то 2015 йилгача бир неча марта сайловларда ғолиб келиб, Туркияни якка ҳолда бошқариб келди.

АТП Исломий партиядир. Тойиб Эрдўғоннинг “Демократия менинг учун бир трамвайдир, ундан истаган пайтимда тушиб қоламан” сўзи машҳурдир.Секуларизм (Laik давлат), яъни давлат ва диннинг ажралиши масаласида Президент Тойиб Эрдўғон Laik лик қоидаси давлат ва динни бир биридан ажратиш эмас, давлатнинг бутун дин мансубларига айни масофада туриши, яъни уларга адолатли муносабатда бўлишидир, деган фикрдадир. Туркия аҳолисининг 99% мусулмон эканлигини ҳисобга олинса, албатта бу адолатнинг аввало мусулмонларга тегишли бўлиши ўз ўзидан тушунарлидир. Шунинг учун ҳам 2002 йилдан кейин Эрдўғон бошқарувида мусулмонларга шахслар сифатида ҳам, жамоатлар сифатида ҳам катта эркинликлар берилди…

АТП ни асосан мусулмончиликка эътибор берадиган кишилар, уларнинг жамиятлари  ва жамоатлари, мусулмон бойлар қўллаб қувватлайди. АТП 2002 йилдан кейин Туркияда ижтимоий ва сиёсий ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган ўзига яқин оммавий ахборот воситаларини (теле ва радио каналлар, газета ва журналлар ва ҳк) ҳам ўртага чиқарди. Фақат Туркия мусулмонлари узоқ йиллар капиталистик секуляр режим шароитларида яшаганликлари учун динларига у қадар ҳам боғлиқ эмаслар. Масалан, бу мамлакат мусулмонларининг энг кўпи билан 30 ёки 35 % беш вақт намозни адо қилади. Аммо сиёсатда бу масалаларга бевосита эътибор берилмайди. Эрдўғон ҳукумати 2002 йилдан кейин Исломий мактабларга қўйилган таъқиқларни олиб ташлади ва 2000 йилларгача бу мактабларда 100000 талаба ўқиган булса, ҳозирда 1000000 миллиондан кўпроқ талаба ўқийди. Бу жамиятда мусулмон кадрларнинг таёрланишида албатта муҳим роль ўйнайди. Унутмаслик керакки, Эрдўғоннинг ўзи ҳам шундай Исломий мактаблардан бирида таълим олган…

Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) 1923 йилда Отатурк тарафидан қурилган секуляр партиядир. 1950 йилгача Туркияни якка ҳолда бошқарди, исломий қадриятларни оёқ ости қилди, араб алифбосини лотин алифбосига ўзгартирди, Усмонли давлати тарқалиб кетгандан кейин жамият ва давлат ҳаётининг сиёсат, ҳуқуқ, таълим, ижтисод ва бошқа соҳаларида ғарбона секуляр қоидаларни жорий қилди, азонни 17 йил давомида Турк тилида ўқитди, бунга қарши чиққан мусулмонларни қатлиом қилди, уларга турли тазйиқлар ва таъқиқлар ўтказди…

ЖХП секуларизм масаласида доимо Турк ҳарбийлари ва капиталсит буржуа синфи билан ҳамкорлик қилиб келди, 1960, 1970, 1980, 1997 йилги ҳарбий тўнтаришларни қўллаб қувватлади. Яъни, ЖХП Туркияда Исломий қарашлар ва мусулмонларга қарши бўлган асосий сиёсий кучдир. Бугунги кунда бу партия секуларизм масаласида унчалик қатъий позицияда бўлмаса ҳам, бу сиёсий қараш доирасида мамлакатда ўзи ижтимоий ва иқтисодий сиёсатини олиб боришни истайди…

Турк миллатчиларининг партияси (МХП) 1969 йилда Турк миллатчилиги фикрининг асосчиси Арпарслан Туркеш тарафидан қурилди. 1970 ва 1980 йилларда МХП Туркиядаги сўл (коммунист) идеология ва бу мафкура тарафдори сиёсий кучларга қарши курашди. 1980 йилда ҳарбийлар давлат тўнтариш қилишидан олдин МХП тарафдорлари ва сўлчи кучлар вакиллари орасида қуролли тўқнашувлар содир бўларди.

МХП нинг ғояси Туркияда бутун фуқароларнинг Турк миллатига мансуб эканлиги ва давлатнинг бир миллий давлат эканлигидир. Бу партия қолган миллатларнинг, яъни курдларнинг, арабларнинг ва бошқаларнинг вақт ўтиши билан турклашганини иддоа қилади. Шу билан бирга МХП Турк халқининг мусулмон халқ эканлини эътироф қилади. Бу партиянинг кўпгина аъзо ва тарафдлорлари Исломий ибодатларни адо қиладилар. МХП га асосан Туркиянинг ич ҳудудларида яшайдиган аҳолининг бир қисми овоз беради…

Курд Миллатчиларнинг партияси (ХДП), яъни Халқларнинг Демократик Партияси. 2012 йилда тузилган. Аслида Курд миллатчилик фикри жуда эски замонларга, баъзиларга кўра Усмонли замонига бориб тақалади. 1974 йилда Абдуллоҳ Ўжалон ПКК (Курд Ишчи Партиясини) қуради. Бу коммунистик мафкурада бўлган ва Туркиянинг Жанубий шарқида атеизмга (динсизликка) асосланган мустақил Курд давлатини қуришни ғоя қилиб олган радикал террорчи ҳаракатдир. 1980 йллардан бошлаб ПКК Туркияда сон саноқсиз террор ҳужумларини амалга оширди ва Турк Ҳарбий кучлари ва полицияси билан жангларга киришди. Бу урушлар натижасида 50 мингга яқин киши ҳалок бўлди. Туркяининг бу урушларда 500 Милярд доллар зарар кўргани айтилади.

1999 йилда Абдуллоҳ Ўжалон чет элда қўлга олиниб, Туркияга келтирилди. Суд унга ўлим жазоси берди. Фақат Туркия Оврупа Иттифоқига аъзоликка номзод бўлгани учун бу жазо амалга ошмади ва Абдуллоҳ Ўжалон 17 йилдан бери қамоқ жазосини ўтамоқда…

Ҳозирда ПККнинг мамлакат шарқидаги тоғларда ва қўшни Ироқ ҳудудларида бир неча минг қуролли тарафдорлари бор. Шу билан бирга Курд миллатчилари мустақиллик учун сиёсий курашни давом эттирдилар ва бу мақсадда турли номлар билан сиёсий партиялар туздилар. Бу партиялар бирин кейин таъқиқлангандан кейин ниҳоят 2002 йилда Курд Миллатчиларнинг яна бир партияси (ХДП) қурилди. Ҳозирда бу партия икки ўртоқ Раисдош тарафидан бошқарилади. Булар Салоҳиддин Демиртош ва аёл сиёсатчи Фиган Юксактоғлардир.

2005 йиллардан бошлаб Тойиб Эрдўғон ҳукумати ПКК раҳбари Абдуллоҳ Ўжалон ва унга бўйсунадиган тоғлардаги ПКК милитанлари билан норасмий музокаралар ўтказа бошлади. Бу музокараларга албатта Курд миллатчи сиёсатчилари ҳам қатнашишди. Масалан, қамоқхонадаги Ўжалон билан ХДП миллатвакиллари кўришиб, кейин унинг қарашларини тоғлардаги ПКК милитанларига етказишди. Шу шаклда Эрдўғон ҳукумати ташаббусчиси бўлган Курд муаммосини “Ечиш Жараёни” (Туркча “Çözüm Süreci”) бошлатилди ва ҳозирда бу жараён давом этмоқда. Бу жараён давомида мамлакатда Курд тилида телевидение ва радио каналлари очилди, Курдлар ўз тилларида хусусий мактаблар очиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Сиёсий жиҳатдан Туркяининг бир федерация давлати, яъни Курдларга сиёсий автономия берилиши масаласи ҳам кун тартибига келтирилсада, лекин бу масалада ҳозирча бирор қарор олингани йўқ…

ТУРКИЯДАГИ ҲОЗИРГИ ИЖТИМОИЙ СИЁСИЙ ТУЗУМ ҲАҚИДА

 Туркия жумҳурияти 1923 йилда қурилгандан кейин бу мамлакатда бир неча марта Давлат Низоми (Конституция) қабул қилинган. 1980 йилда қабул қилинган Давлат Низоми унга кўпгина ўзгартиришлар киритилишига қарамай ҳозирда ҳам амалдаги давлат бошқарувининг асоси ҳисобланади. Бу давлат Низомида Туркия Жумҳуриятининг (ТЖ) шакли “ижтимоий, ҳуқуқ ва демократик секуляр (лаик) давлатдир”, дея таърифланган. Шу билан бирга ТЖ парламент бошқарув тизимига ҳам эга. Яъни, мамлакат Президенти рамзий салоҳитяларга эга бўлиб, давлатни сайловларда ғолиб келган сиёсий партия ёки партиялар каолицияси (иттифоқи) бошқаради. Бу бошқарувни Вазирлар Маҳкамасини ташкил қиладиган Бош Вазир амалга оширади. Яъни, Президент рамзий давлат Раиси, Туркия Буюк Миллат Мажлиси (Парламенти) қонун чиқарувчи орган,  Бош Вазир тузадиган ва бошқарадиган Вазирлар Маҳкамаси асосий Ижро органи ҳисобланади ва Суд ҳокимияти махкамалар тарафидан амалга оширилади…

2014 йилда Туркияда Президентлик учун илк марта умумхалқ сайловлари ўтказилди. Бундан аввал бу мамлакатда Президент Парламен тарафидан сайланарди. 2014 йилдаги сайловларда 52 % овоз олган Тойиб Эрдўғон Туркияда президентлик бошқарувини жорий қилиш ташаббуси билан чиқди. Бунинг учун эса янги Давлат Низоми (Конституция) қабул қилиниши шарт эди. Бунинг учун эса Эрдўғон ва Довудўғлининг АТП партияси Парламентда мутлақ кўпчиликни, яъни 550 миллатвакилидан 367 ўринни ёки ҳеч бўлмаганда 330 ўринни қўлга киритиши керак эди. Афсуски, сайловларда 2015 йилги сайловларда АТП фақат 41% яқин овоз олди ва 258 миллатвакилига эга бўлди.

Шундай қилиб, Туркиядаги ижтимоий сиёсий вазиятни ўзига хос ўтиш ҳолати, деб баҳолаш мумкин. Яъни, бугунги Туркия 1923 йилда Отатурк тарафидан тузилган секуляр давлат эмас, айни пайтда бу малакатдаги тузумни тўлиқ Исломий тузум ҳам, деб бўлмайди.

Туркия дунё сиёсатида ўти муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда бу давлат Оврупо Иттифоқига аъзоликка номзод давлат ҳисобланади. Туркия ҳозирда мусулмон мамлакатлар ичида ижтимоий,сиёсий ва иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан энг тараққий давлатлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга Туркия бугун жуда катта эркинликлар ўлкаси ҳамдир. Бу давлатда матбуот ва фикр эркинлиги, сиёсий ва ижтимоий ташаббуслар, иқтисодий тадбиркорлик эркинликлари таъминланган, турли динларнинг вакилларига катта эркинликлар берилган. 

БУГУНГИ КУНДА ТУРКИЯ СИЁСАТИГА ТАЪСИР ЎТКАЗАЁТГАН СИЁСИЙ БЎЛМАГАН КУЧЛАР

Бу кучларни Фатҳуллоҳ Гулан ҳаракатининг сиёсатга таъсири, Туркия ҳарбийларининг “сиёсий” фаоллашиши, Курд миллатчиларининг қуролли гуруҳи бўлган ПККнинг қурол ташлашни рад қилиши, капиталист бойлар ва улар таъсирида бўлган матбуот органларининг сиёсатга таъсири ва ниҳоят ғарб давлатларининг Туркия сиёсатига таъсири, деб айтиш мумкин.

ФАТҲУЛЛОҲ ГУЛАН ЖАМОАТИ МУАММОСИ 

Мен бу ерда 7 Июнь сайловларидан олдин ёзган “Туркия Жар Ёқасида Турибдими?” номли мақоламдан иқтибос келтирмоқчиман:

“Туркияда мусулмонлар аввал қисман, ҳозир эса тамоман ўзлари истаган жамоат, тариқот, жамоатчилик уюшмаси, фирқа ва ҳк тузиш эркинлигига эгадир. Мана шундай жамоатлардан бири Фатҳуллоҳ Гулан ҳаракатидир. Бу ҳаракат Туркияда ва чет давлатларда 1000 ларча мактаблари, шу билан бирга иқтисодий ширкатлари, ўз газета, теле ва радио каналлари, давлатнинг ҳуқуқ тартибот идораларида мингларча (полис раҳбарлари, прокурорлар ва судялар) кадрлари ва халқ ичида миллионларча тарафдорларига эгадир.

Гулан жамоати 2011 йилгача Эрдўғон ҳукумати билан ҳамкорликда иш олиб борганди. Фақат 2012 йил Февраль ойида бу жамоатга аъзо прокурорлар Туркия Миллий Истиҳборатининг (биздаги МХХ) раисини қамашга уриндилар. Шу тарзда биринчи марта Эрдўғон ҳукумати ва Гулан жамоати орасида тўқнашув юзага келди. Кейинчалик 1999 йилдан бери АҚШда яшайдиган Гулан жамоатининг чет эл давлатлари, асосан АҚШ ва Исроил билан яқин алоқалари борлиги аниқланди. 2014 йилда жамоат аъзоси прокурорлар Эрдўғон ҳукуматининг 4 вазири ҳақида порахўрлик даъвоси очиб, уларнинг яқинларини қўлга олдилар. Бу сиёсий зарбанинг асосий мақсади Эрдўғон ҳукуматини ҳокимиятдан ағдариш, яъни ҳуқуқ тартибот идораларининг ёрдами билан давлат тўнтаришини амалга ошириш эди. Шу тарзда бу жамоат билан ҳукумат орасида ҳақиқий сиёсий ва ҳуқуқий “уруш” бошланди. Ҳозир ҳам бу кураш давом этмоқда ва Гулан жамоати Эрдўғоннинг сиёсий ҳаракатига қарши бўлган ички ва ташқи сиёсий кучлар билан ошкора ҳамкорлик қилмоқдадир…

(Қаранг: http://namoznormumin.blogspot.no/2015/05/blog-post_22.html)

Туркия ҳарбийларининг “сиёсий” фаоллашиши 

Маълумки, 1923 йилда Туркия Жумҳурияти қурилгандан кейин ўрнатилган секуляр режим асосан ҳарбийларнинг қўллаб қувватлаши билан оёқда турган эди. Бу мақсадда Туркия ҳарбийлари бир неча марта давлат тўнтаришлари ҳам амалга оширган эдилар. 2002 йилда Тойиб Эрдўғоннинг партияси ҳукуматга келгандан кейин Туркияда ҳарбийларнинг сиёсатга фаол аралашувига барҳам берилди. Яъни, ҳарбийлар Эрдўғон бошқарадиган фуқаровий (русча гражданский, арабча маданий) ҳукуматга бўйунсунадиган бўлдилар. Аммо 7 Июнь сайловидан Эрдўғон ва Довудўғлининг АТП си ҳукуматни ташкил қилишдан маҳрум бўлса ва секуларизм тарафдори ЖХП бошчилигида ҳукумат тузиладиган бўлса, Туркияда ҳарбийларининг сиёсий ташаббусни яна ўз қўлларига олиши учун янги имконлар пайдо бўлиш эҳтимоли йўқ эмас…

Капиталист бойлар ва улар таъсирида бўлган матбуот органларининг сиёсатга таъсири 

Туркия бозор иқтисоди қоидалари амал қиладиган бир мамлакатдир. Бу мамлакатда миллиардларча долларга эга бўлган катта бойлар ва улар таъсирида бўлган оммавий ахборот воситалари кундалик сиёсатга катта таъсир ўтказиш қувватига эга. Масалан, Туркиянинг энг катта бойларидан бири бўлган Мустафо Қўч дунёда сиёсий ва иқтисодий жараёнларни бошқариши иддоа қилинадиган норасмий “Билдерберг Жамият”ининг доимий аъзосидир. Туркия матбуотида шу кунларда дунёни бошқариши иддоа қилинган бу жамият ҳақида жуда қизиқарли бир мақола эълон қилинди. (қаранг: sabah.com.tr/gundem/2015/06/10/bilderberg-neyin-pesinde).

 

Бундай капиталист бойлар ўлкада юз мингларча нусхада босиладиган “Ҳуррият”, “Миллият” каби газеталарни, ўнларча телевидение ва радио каналларини ва бошқа оммавий ахборот воситаларини ўз назоратида тутади ва улардан ўзлари истаган шаклда ҳукуматга қарши пропаганда воситаси сифатида фойдаланадилар

Курд миллатчиларининг қуролли гуруҳи бўлган ПККнинг қурол ташлашни рад қилиши 

Юқорида айтилгани каби ҳозирда Туркиянинг шарқидаги тоғларда ва Ироқ ҳудудида Курд миллатчиларининг бир неча минг қуролланган тўдалари бор. Бу қуролли тўдалар сайлов жараёнида ҳам мамлакатнинг шарқидаги саловчиларни Курд миллатчиларига овоз беришлари учун қурол билан таҳдид қилдилар. Туркияда Курд муаммосининг яқин вақтларда сиёсий йўллар билан ҳал қилинишини башорат қилиб бўлмайди. Демак, қуролланган ПКК тўдаларининг яқинда қурол ташлашларини ҳам кутиб ҳам бўлмайди…

Ғарб давлатларининг Туркия сиёсатига таъсири 

2000 йилларгача Туркиянинг ички ва ташқи сиёсати жиддий маънода ғарб давлатларининг таъсири остида эди. Бундай таъсирни Муборак замонида Мисрда ёки қироллар тарафидан бошқариладиган Араб ўлкаларида ҳам кўришимиз мумкин.

Туркияда 1960 ва 2000 йиллар орасида содлир қилинган давлат тўнтаришларида ғарбликларнинг қўли борлиги ва бу тўнтаришлар уларнинг манфаатига мос равишда амалга оширилгани ҳам инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

2014 йилда Истанбулнинг Таксим майдонида яна ғарб давлаттлари қўллаб қувватлаган сиёсий ғалаёнлар бўлиб ўтди. АҚШ CNN телеканали бу ғалаён ҳақида 11 соатлик узлуксиз кўрсатувлар намойиш қилди. Мақсад Мисрдаги Таҳрир майдонида халқ тарафидан сайланган Президент Мурсийни ёки Киевдаги “Майдон”  ҳаракатига ўхшаш жараёнларни ташкил қилиб, Тойиб Эрдўғонни ҳукуматдан ағдариш эди. Аммо Эрдўғон ҳукуматнинг бу ғалаёнлар жараёнида қатъий сиёсий ва хавфсизлик чораларини олиши натижасида кўзланган мақсадлар амалга ошмай қолди…

Ғарб давлатлари матбуоти 7 Июнь сайлов жараёнида ҳам узлуксиз равишда Тойиб Эрдўғон ва ҳукуматини ўққа тутиб турди. Шунингдек, бу давлатларнинг Туркияни бўлиб юбориш учун Курд миллатчиларини қўллаб қувватлашлари ҳам ошкора бир ҳақиқатдир…

 

ТУРКИЯ СИЁСАТИДА БУНДАН КЕЙИН НИМА БЎЛАДИ? 

7 Июнь кунида ўтказилган Парламент сайловларидан кейинги сиёсий вазиятни шахмат тили билан айтганда “Пот” ҳолати, дейиш ҳам мумкин. Яъни, бу сайловларда бирор партия ҳам ҳукуматни тузиш учун лозим бўлган мутлақ кўпчилик овозларни ололмади. Яъни, 275 ва ундан кўпроқ миллатвакилига эга бўла олмади.

Эрдўғон ва Довудўғлининг АТП си парламентдаги мутлақ кўпчиликни йўқотди, 41% овоз олиб, фақатгина 258 миллатвакилига эга бўлди. Бу эса 550 миллатвакилидан ташкил топган Туркия Буюк Миллат Мажоҳлисда якка ҳолда ҳукумат тузиш учун етарли эмас. Бунинг учун энг камида 275 миллатвакилига эга бўлиш керак. Демак, АТП энди бир ўзи ҳукуматни туза олмайди. Мухолифатдаги ЖХП, МХП ва ХДП партиялари зотан якка ҳолда ҳукуматни туза олмайдилар.

Бундай сиёсий “пот” вазиятида Парламентга кирган сиёсий партиялар ҳукуматни тузиш учун ўзаро иттифоқ тузишга мажбурдирлар. Масалан, АКП мухолифатдаги ЖХП ёки МХП ёки ХДП билан келишиб ҳукумат туза олади. Аммо бу партиялар орасида мақоланинг бошида айтилгани каби жиддий мафкуравий ва сиёсий фарқлиликлар бор. Шунинг учун бу партияларнинг иттифоқ (коалиция) ҳукумати тузишлари унчалик ҳам осон сиёсий жараён ҳисобланмайди…

Бошқа томондан мухолифатдаги ЖХП, МХП ва ХДП партиялари ўзаро келишиб иттифоқ (коалиция) ҳукумати тузишлари мумкин. Аммо бундай келишув ҳозирда Туркияда деярли имконсиз, дея кўрилмоқда. Чунки Турк ва Курд миллатчиларининг келишиб, бир иттифақ ҳукуматига аъзо бўлишларига деярли ҳеч ким эхтимол бермайди. Аммо манфаатлар устун кўриладиган бундай сиёсий муҳитда ҳар қандай сиёсий қадамлар отилиши мумкинлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Масалан, ЖХП ва МХП ҳукумат тузиш ҳақида келишса, курдларнинг ХДП си бу иттифоққа аъзо бўлмасдан ҳам, Парламентда бу иттифоқ ҳукуматини қўллаб қувватлаши мумкин…

Яна бир эҳтимоллардан бири АТП нинг озчилик ҳукуматини тузишидир. Бунинг учун мухолифатдаги партиялардан бири АТП билан иттифоқ ҳукуматига кирмаса ҳам Парламентда АТП тузадиган ҳукуматни қўллаб қуватлаши керак…

Ва ниҳоят агар бу партиялар ўзаро келишиб ҳукумат туза олмасалар, у ҳолда Президент Тойиб Эрдўғон бу парламентни тарқатиб юбориб, мамлакатда янги сайловлар эълон қилиш ҳуқуқига эгадир…

ТУРКИЯ СИЁСАТИДАН ҚАНДАЙ ХУЛОСАЛАР ЧИҚАРИШ МУМКИН? 

Агар Туркияда ҳозирги сиёсий тузум ва жараёнларни Ўзбекистондаги Каримов диктатураси, Эрондаги оятуллоҳлар режими, Араб давлатлардаги қиролликлар диктаторлиги, қирғинбарот урушлар давом этаётган Ироқ, Сурия ва Афғонистондаги вазиятларга таққосланса, албатта Туркиядаги умумий  аҳвол ва сиёсий жараёнларнинг бу мамлакатлардаги вазиятлардан яхшироқ эканлигини кўрамиз.

Албатта, бундай баҳолашга баъзилар қўшилмаслиги ҳам мумкин. Айниқса, баъзи мусулмон тоифалар орасида Туркиядаги режимни ва сиёсий жараёнларни ғайриисломий, дея баҳолайдиганлар ҳам топилади. Аввало, бу ерда юқоридаги таққослашга эътибор қаратилиши керак, деб ўйлайман. Яъни, ўзини мусулмон давлатлари деб атайдиган аммо турли шаклдаги дикторликлар билан бошқариладиган ёки қирғинбарот урушлар кетаётган давлатлардаги сиёсий тузумлар ва жараёнлар яхшими ёки том маънода исломий бўлмаса ҳам асосан тинчлик вазияти ҳкумрон бўлган, жамиятда жуда катта ижтимоий ва сиёсий эркинликлар таъминланган ҳозирги Туркиядаги вазият ми? Қолаверса, Тойиб Эрдўғон ва Аҳмад Довудўғли бошқараётган АТП сининг секулаяр партия эмаслигини, бу сиёсатчиларининг секуларизмни дин ва давлатни бир биридан айириш эмас, давлатнинг бутун дин вакилларига бир хил муносабатда бўлиши, дея таърифлашларини ҳам унутмаслигимиз керак. Шунинг учун Эрдўғон ва Довутўғли ҳукуматлари Туркияда ғарбона секуларизмга асосланган режимга қатъий зарбалар бердилар, бу режимни қўллаб қувватлайдиган ҳарбийларнинг сиёсатга таъсирини жиддий маънода камайтирдилар мамлакатда мусулмонларга катта ҳуқуқлар берилишига эришдилар…

Аммо Туркияда мусулмончилик ва ғарбона тузум тарафдорлари орасидаги сиёсий ва ижтимоий кураш тамоман тугалланди, дейишга ҳозирча етарли асос йўқ. Бунинг устига мамлакатда Турк ва Курд миллатчлиги тобора авж олиб бормоқда. Шунингдек, Туркия мураккаб геополтик жараёнлар давом этаётган дунё сиёсий муҳитининг марказларидан бирида турибди…

Келажакда нима бўлишини албатта Аллоҳ таоло билади..

Намоз НОРМЎМИН

10.06.2015 

Alakalı yazılar

Yorum yazın