Ўрнак-намуна бўлмоқ
Фарзанд тарбиясидаги энг муҳим, энг фойдали ва қалбларга муҳрланиб, ўрнашиб қолувчи нарсалардан бири — ЎРНАК БЎЛИШДИР. Чунки болажонлар илк болалик даврларида зўр тақлид қилиш қобилиятига эга бўладилар. Мисол қилсак, боланинг намоз ўқиётган онасига тақлид қилиб эргашаётганини кўрасиз, онаси рукуъ қилса, у ҳам рукуъ қилади, сажда қилса, у ҳам сажда қилади. Бу ва бунга ўхшаган тақлид кўринишларини эртаю кеч гувоҳи бўламиз.
Шундай экан, бизнинг зиммамизга тушган вазифа — уларнинг ўша қобилиятларини тўғри йўналтириш ва ушбу фурсатдан фойдаланиб уларга ДИН учун амал қилиш муҳаббатини сингдиришдир.
Бу иш қуйидагилар билан амалга ошади:
- Болажонларга саҳобалар, солиҳ инсонлар ва уламоларнинг ҳикояларини айтиб бермоқ;
- Ҳар бир яхши ишда кўриб тақлид қилсинлар дея уларни ёнимизда олиб юришимиз. Масалан, болажонларни ўзимиз билан жамоат намозларига масжидга олиб бормоғимиз;
- Ёшларига муносиб бўлган фойдали исломий аудиоларни эшиттирмоқ;
- Намоз ўқиш, садақа бериш каби баъзи ибодатларни болажонларнинг кўз ўнгида қилмоқ.
Амалий ўрнак бўлишнинг аҳамиятига доир қисса:
“Солиҳ ота ва Солиҳа она” мавзусида болажонларга ўрнак бўлишнинг уларнинг шахсиятларининг шаклланишидаги аҳамиятига доир баъзи мисолларни биргаликда кўргандик. Бу ўринда яна бошқа мисолларни келтириб ўтмоқчиман:
1) Ибн Аббоснинг озод қилган мавлоси Курайбдан ривоят қилинади. Ибн Аббос (Оллоҳ ундан рози бўлсин) унга бир кеча холаси ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси Маймунанинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) уйларида қолганини айтиб берган экан. Ибн Аббос (Оллоҳ ундан рози бўлсин) айтади:
“Мен ёстиқнинг кўндаланг тарафида ётдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва завжалари (Маймуна) эса, ёстиқнинг узунасида ётиб ухладилар. Ярим кеча бўлганда, ёки ундан озгина олдин, ёки бир оз кейинроқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғондилар. Уйқуни кетказмоқчи бўлиб, юзларини қўллари билан ишқаладилар. Кейин эса, Оли Имрон сурасининг охирги оятларидан ўқидилар. Сўнг бориб, осиғлиқ турган мешдан сув олиб, таҳорат ола бошладилар ва гўзал-мукаммал таҳорат қилдилар. Сўнг намоз ўқий бошладилар”.
Ибн Аббос (Оллоҳ ундан рози бўлсин) айтадилар:
“Мен ҳам туриб, у зот қилганларидек қилдим. Сўнгра у зотнинг ёнларига келиб турдим, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ўнг қўлларини бошимга қўйдилар. Сўнг ўнг қулоғимдан ушлаб, бураб қўйдилар. Кейин эса икки ракаат намоз ўқидилар, сўнг яна икки ракаат, яна икки ракаат, яна икки ракаат, яна икки ракаат ва яна икки ракаат намоз ўқидилар, сўнгра витрни ўқидилар. Кейин эса муаззин келгунига қадар ёнбошлаб ётдилар. (Муаззин келиб чақирганидан) Кейин ўринларидан туриб, икки ракаат енгил намоз (бомдоднинг суннатини) ўқиб, масжидга чиқдилар ва бомдоднинг фарзини одамларга ўқиб бердилар”.[1]
2) Мўминларнинг онаси Оишадан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади:
“Гап сўзи Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламникига (қизлари) Фотимадан кўра кўпроқ ўхшаган бирортани кўрмадим”.[2]
Ушбу бу ривоят бизга фарзандларнинг оталаридан яхшигина таъсирланганликларини ва уларга неқадар тақлид қилганликларини кўрсатмоқда.
Амалий ўрнак бўлишнинг аҳамиятига доир амалий мисол:
Садақа бермоқ:
Агар ўғлингиз ёнингизда бўлган пайт бир бечораҳол кишини кўриб қолсангиз, ўғлингизнинг қўлига пул тутқизинг ва буни олиб боргинда ана у кишига бергин, денг. Буни қилгандан кейин, бу иши учун унга баракалла денг ва уни ака-укалари олдида мақтаб қўйинг. Ана ўшанда унинг қалбига ушбу амални яхши кўриш ўрнашади. Шу тариқа садақа қилишни яхши кўрадиган ва бечора муҳтожларга ёрдам қўлини чўзадиган насллар етишади. Қолган амалларни ҳам шунга қиёсланг.