“Ақлли кишилар самолару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар” (Оли имрон сураси 191 оят)
1 Сентябрда Ўзбекистонда давлат мутақиллигининг 23 йиллиги нишонланади. Ўзбек халқи Ислом ва Турк дунёсининг энг танилган вакилларидан биридир. Фақат Имом Бухорий ва Имом Тирмизийларнинг бу ватаннинг фарзандлари эканлигини айтиш Ўзбекистонни таърифлаш учун кифоя қилади.
Совет Иттифоқининг тарқалиб кетиши натижасида мустақилликка эришган Ўзбекистон бугун ҳам фақат Ўрта Осиё ёки тарихий номи Туркистоннинг эмас, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг энг муҳим давлатлардан биридир. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бу мамлакатда кечаётган ижтимоий ва сиёсий жараёнлар ҳақида Халқаро Туркистонликлар жамияти Раиси ўринбосари Доктор Намоз Нормўмин билан суҳбатлашдик.
Савол: Ватанингизнинг мустақиллиги арафасида кўнглингиздан нималар кечмоқда?
Жавоб: Ватанимизда мустақиллик кунининг нишонланаши арафасида ҳам севинч ҳамда қайғу ичидаман. Бундан хурсандман, чунки шаклини қабул қилмасамда бир мустақил давлатимиз бор. Масалан, Шарқий Туркистонлик биродарларимиз бўлган Уйғурларнинг ҳозирча ўз мустақил давлатлари йўқ. Бу сабабдан Хитой ҳукумати уйғурларни ассимилация (манқуртларштириш) сиёсатини олиб бормоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг ўз халқига қилаётган зулми Хитойникидан қолишмаётган бўлсада, биз ўзбеклар энг камида Русларнинг манқуртларштириш сиёсатидан қутулдик. Айни пайтда қайғу ичидаман, чунки Ўзбекистоннинг яқин келажаги жуда катта таҳлика остидадир. Бугун халқимиз ва давлатимиз тарихида даҳшатли из қолдирадиган Ислом Каримов режими ниҳоясига етмоқда. Аммо эртага халқимиз ва давлатимизнинг бошига нималар келишини билиш у ёқда турсин, афсуски тахмин ҳам қила олмаймиз….
Савол: Сиз Ўзбекистон мустақилликка қандай эришганини ўз кўзингиз билан кўргансиз. У кунларни қисқа ҳикоя қила оласизми?
Жавоб: Мустақиллик жараёни Михаил Горбачевнинг “Қайта қуриш ва ошкоралик” номли сиёсати билан бошланганди. Бу сиёсий жараён аслида Совет режимининг ошкораликка чидай олмаслигини кўрсатди. Натижада жамият ва давлат ҳаётида ҳамма нарса аралаш қуралаш бўлиб кетди. “Қайта қуришнинг” нималигини ҳеч ким билмасада, “Ошкоралик” ўз натижаларини кўрсата бошлади. Аввал Болтиқбўйи Республиклари ўз мустақиллигини талаб қилдилар. Горбачев у ерга танкларни юборасада, вазиятни ўзгартира олмади. Кейин тарихга кўмилиб кетаётган Совет Комунист партияси раҳбарлари давлат тўнтариши қилиб, Горбачевни тахтдан ағдармоқчи бўлишди. Улар ГКЧП номида бир режимни эълон қилдилар ва Горбачевни Қримда қамоққа олдилар. Шундан кейин бошқа халқлар ўз мустақиллигини талаб қила бошладилар. Фақат Ўрта Осиёнинг комунист раҳбарлари, масалан Ислом Каримов ўз халқининг мустақиллигига мутлақо қарши эди. Бу аҳвол кулгули манзараларга ҳам саҳна бўлганди. Совет Иттифоқи Олий Кенгаши тарқалиб кетишига қарамай, Ўрта Осиёлик депутатлар Олий Кенгаш залидан чиқишни истамадилар. Борис Ельцин танк устига чиқиб, Михаил Горбачевни ГКЧП қамоғидан қутқаргандан кейин, ГКЧП ни қўллаб қувватлаган Ўрта Осиё раҳбарлари ўз давлатларининг мустақиллигини эълон қилдилар. Улар бу ишни мустақилликни истаганлари учун эмас, ҳокимиятга қайта келган Горбачевнинг ўзларини жазолашларидан қўрқанидан амалга оширдилар…
Савол: Мустақиллик Ўзбекистонга нима берди сизнингча?
Жавоб: Мустақилликнинг мутлақ натижаси бизнинг 150 йиллик Рус истилосидан кейин ўз давлатимизга эга бўлишимиз бўлди. Мен мухолиф сиёсатчи сифатида бир халқ учун ўз мустақил давлатига эга бўлишининг қандай маънога келишини яхши тушунаман. Давлат муқаддас эмас, асос ҳам эмас, аммо ҳар бир миллат учун ўз мавжудлигини қўришининг бир воситасидир. Биз ўз мустақиллигимизни йўқотгандан кейин миллий ўзлигимиз, тарихимиз, ёзувимиз ва ҳатто динимиздан ҳам айрилиб қолдик. Энди эса мустақил давлат бўлгандан кейин бу қадриятларни қайта қўлга кирита бошладик…
Савол: Ўзбекларнинг миллат сифатида асосий хусусиятлари нималардан иборат?
Жавоб: Ўзбеклар сабрли, атрофларида бўлаётган воқеаларга, айниқса ижтимоий сиёсий жараёнларга бироз бефарқ, аммо ўз дардларига, оилаларига жуда боғланган, меҳнати қилишни севадиган инсонлардир. Биз бир асрлик тарихимизда Русларинг таъсирида қолдик. Руслар бизга “Биз сизларнинг катта оғаларингизмиз, сизнинг ҳаёт ҳақида тафаккур юритишга эҳтиёжингиз йўқ, у бизнинг ишимиз, сиз бизнинг айтганимизни қилинг, сизга шу етар”, дер эдилар. Улар бизни колхоз дейилган совет қамоқхонларига ташладилар. У пайтлар Туркия каби қариндош давлатда бўлаётган воқеалар у ёқда турсин, қўшни вилоятдаги воқеалардан ҳам хабарсиз эдик. Аммо энди вазият ўзгариб бормоқда. Ислом Каримов режимининг даҳшатли зулмарига қарамай, инсонларимиз ўзларининг ҳақиқий кимлиги бўлган Исломий шахсиятларига эришиб бормоқдалар…
Савол: 23 йиллик мустақиллик даврида Ўзбеклар ичида дунёга танилган шахсиятлар, сиёсий ёки диний ташкилотлар ўртага чиқдими?
Жавоб: Шахслар сифатида уч кишининг исмини айтишим мумкин: Ислом Каримов, дунёнинг энг шафқатсиз диктаторларидан биридир. Равшан Эрматов, ФИФА нинг энг яхши футбол ҳакамларидан биридир, Алишер Усмонов таниқли футбол клуби “Арсенал”нинг хужайинларидан ва тахминан 25 милиярд доллар бойлиги билан эски Советлар Иттифоқи ҳудудининг энг бой кишисидир.
“Ташкилот” сифатида эса Амерканинг машҳур Гуантенамо ёки Абу Ғариб қамоқхоналаридан қолишмайдиган ва хусусан диний мухолифлар даҳшатли қийноққа солинаётган, қайноқ сувда ва шунга ўхшаш усуллар билан ўлдирилаётган мамлакат шимолидаги “Жаслиқ” қамоқхонасини ва Афғонистон ва Покистондаги жангларда қатнашаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини айтишим мумкин…
Савол: Сиз Ўзбекистондаги режимнинг диктаторлик тузуми эканлигини айтдингиз. Мустақиллик эълон қилингандан кейин ўз лавозимидан воз кечмай келаётган Президент Ислом Каримовнинг шахсияти ҳақида нималар дейиишингиз мумкин?
Жавоб: Исломда Каримов аввало атеист ва коммунист инсондир. Ашаддий даражада ҳокимиятни севадиган, кибрли, шафқатсиз айни пайтда маккор бир сиёсатчидир. Унинг бу сифатларини шахсий ҳаётида ҳам, мусулмонларга қарши ўтказаётган зулм сиёсатида ҳам кўришимиз мумкин. Каримовнинг фикрича ундан бошқа ҳеч ким Ўзбекистонни бошқара олмайди, бошқариши унинг ақлига ҳам сиғмайди. У бу нуқтаи назарини ҳаммага нисбатан шафқатсиз сиёсати билан исботлашга уриниб келмоқда. Аввало унинг бу сиёсатини ўз оила аъзларига қарши амалларида кўрдик. Яқинда унинг қизи Гулнора Каримова “отам бизга итларга муносабат қилгандек муносабат қилмоқда” деди. Аввал ҳам Гулнора отасини совет диктатори Иосиф Сталинга ўхшатганди. Шунинигдек. Каримов ўз ҳукумати аъзоларига, яъни вазирларга, ҳокимларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлади. Истаса уларни уради, истаса сўкади, истаса истеъфога чиқради. Шунинг учун ҳам ҳукуматдагилар Каримовдан озроқ ҳақорат кўришни ўзлари учун бир шараф деб биладилар. Нақадар аянчли бир маназара бу, шундай эмасми? Бундай сиёсати билан Каримов атрофига қўрқув тарқатишни истайди. Шунинг учун хам ҳеч ким унга итоатсизлик қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўра олмайди. Ислом Каримов сиёсий ва диний мухолифларига нисбатан ҳам ниҳоятда шафқатсиздир. Бу мухолифлардан мингларча киши ўлдирилди, қамоққа ташланди ёки сургунга юборилди.
Бу даҳшатли сиёсати билан Ислом Каримов Ўзбекистонда бир қўрқув императорлигига асос солди. Шунинг учун ҳам бугун Ўзбекистонда нафақат мухолифатнинг, балки бирор кишининг овози чиқмайди. Ҳамма ўз бурчагига яшириниб, ўз жонини қутқариш дардидадир…
Савол: Каримовни маккор сиёсатчи ҳам дедингиз?
Жавоб: Бу билан шуни айтмоқчиман: Ўзбекистон президенти ўзининг баъзи ҳамкасб диктаторларга ўхшаган ахмоқ одам эмасдир. Мен Каримовнинг Ўзбекистонда ва дунёда бўлаётган воқеаларни жиддий кузатиб боришига ишонаман. Масалан, Америкалик бир сиёсатчи Ўзбекистонда келганида ўз давлатинининг демократик эканлигини айтиб мақтанади. Каримов унинг кўзларига тикилиб, Ўзбекистон ҳам конституцияга кўра демократик давлат, дейди. Америкалик сиёсатчи Каримовнинг қатъий нигоҳига бардош бера олмай, нигоҳини бошқа томонга қаратади… Яъни, Ислом Каримов бугунги дунё тузумида эркинликлар эмас, кучли давлатларнинг ўзаро ваҳший рақобати устун эканлигини жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам у 2005 йилда АҚШнинг Ўзбекистондаги ҳарбий базасини ёпиб қўйди. Шарқий Европа ва эски Совет Иттифоқи ҳудудларида рангли инқилоблар (аслида булар Американинг манфаатига хизмат қиладиган давлат тўнтаришлари эди) қилган Жорж Сорос фондини ва ҳозир Туркияда яширин давлат тўнтаришини амалга оширишда айбланаётган Фатҳуллоҳ Гулан жамоатларини Ўзбекистондан ўз вақтида қувганди. Худди шундай Каримов Ўрта Осиё минтақасида АҚШ, Хитой ва Русия ўртасида бораётган геополитик ўйиннинг энг машҳур ўйинчиларидан биридир. Баъзан телевизор экранларидаги ҳужжатли фильмларда йиртқич ҳайвонлар ўз овларини парча парча қилишаётганида, овдан бир парча олиб қочадиган тулкининг ҳийласини кўрсатишади…Ислом Каримовнинг буюк давлатларнинг сиёсатида қатнашиши мана шу тулкининг ҳолига ўхшайди. У бу сиёсати билан бу давлатлар раҳбарларига шундай демоқчи бўлади: Сиз бизнинг ички ишларимизга аралашманг, аммо мен сиздан ўз ҳаққимни олишни албатта биламан…
Савол: Яъни, Ислом Каримов ташқи сиёсатда ўз давлатининг манфаатларини ҳимоя қилмоқда дейишимиз мумкинми?
Жавоб: Ташқаридан қараганда шундай бўлиб кўриниши мумкин, албатта. Аммо унутмаслик керакки, Ўзбекистон Президенти давлат дейилганда аввало ўз шахсий ҳокимиятини тушунади. Унинг маккорлигининг асосий жиҳати ҳам шундан иборатдир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий жихатдан имконлари даражасидаги тараққиётга эриша олмаяпти. Сиз бунга шонмаслигингиз мумкин аммо янада ишонинг: Биз 23 йилдир мустақил давлатмиз, аммо бу давлатнинг бюджети нимадан иборат, миқдори қанча ҳеч ким билмайди. Яъни, давлатимиз пулни қаердан топаяпти ва қаерга сарфлаяпти, бу бизда давлат сиридир ва бу сирга Президент ва унинг яқин атрофидагиларидан бошқа ҳеч ким воқиф эмас. Ўзбекистон жуда катта табиий бойликларга, унумли тупроққа ва етарли ишчи кучига эгадир. Аммо миллий даромаднинг киши бошига тўғри келадиган миқдори 1700 доллардир. Бу рақам масалан, ўз фуқароларига озгина бўлсада иқтисодий эркинликлар берган қўшни Қозоғистонда 10 000 доллардан кўпроқдир. Ўзбекистон эса зулм ва порахўрлик ботқоғига ботган, иқтисоди инқирозга учраган вазиятда қолмоқда. Шунинг учун ҳам Каримов усулига кўра жамиятида “тинчлик ва сиёсий барқарорлик” ўрнатилган Ўзбекистоннинг энг камида 5 миллион фуқароси мустақиллик йилларида бошқа давлатларга қочиб кетишга мажбур бўлдилар…
Савол: Давлатнинг иқтисод ва саноат соҳаларига сармоя қўйиши ҳақида нима дейиш мумкин?
Жавоб: Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда автомобиль заводи ишга туширилди. Ҳозирги кунда бу ишга Американинг ГМ ширкати ҳам шерик бўлди. Бир йилда 150000 яқин автомобил ишлаб чиқарилмоқда. Бу автомобиллар Ўзбекистоннинг ўзида ва ташқи давлатларда сотилмоқда. Тошкент ва Самарқанд орасида тез юрар поездларнинг сафари йўлга қўйилди. Бундан бошқа ҳам иқтисодий ва саноат сармоялари амалга оширилган бўлиши мумкин. Аммо зулм ва коррупция режими мамлакатимизда иқтисодий тараққиётга ва ташқи сармоянинг кириб келишига тўсиқлик қилмоқда…
Савол: Ўзбекистондаги ижтимоий ҳаёт ҳақидаги фикрларингизни айтсангиз. Кундалик ҳаётда ўзбеклар нима ишлар қилишади?
Жавоб: Совет даврининг ўз мафкураси, тузуми ва ахлоқий қадриятлари бор эди. Коммунист режимнинг инқирози туфайли бу қадриятлар ҳам йўқ бўлиб кетди. Мустақилликнинг илк йилларида мустақилликнинг ўзидан мафкура ясашга уринилди. “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деган шиор ўртага ташланди. Аммо бу сохта шиор амалий ҳаётда ўз ўрнини топа олмади. Совет режимининг инқирози билан бирга Ўзбекистоннинг иқтисоди ҳам инқирозга учраганди. Инсонлар кундалик ҳаётларини таъминлаш учун моддий имкониятлар ва иш топиш дардига тушгандилар. Ўзбекистон Комунистик партияси ўз номини Халқ Демократик партияси, дея ўзгартирди. Аммо ҳукуматнинг сиёсати ўзбек халқининг манфаатларига мос эмасди. Мана шундай вазиятда мамлакатимизда бозор иқтисодиётининг фикрлари ва амаллари кўрина бошлади. Менимча бу аслида мозор иқтисодиётидир. Чунки капиталистик иқтисод шакли ҳақиқатдан ҳам инсон маънавиятини йўққа чиқаради. Мана шундай давлат зулми, коррупция, иқтисодий бўҳрон ва чорасизлик инсонларимизни турли йўлларга бошламоқда. Давлат идорасида ишлайдиганлар пора олмасдан иш қилмайдилар. Порахўрликни давлат идораларида иш топишда ҳам, касалхоналарда даволанишда ҳам, олий мактабларда ўқишда ҳам ва ҳатто ҳажга бориш учун рўйхатга ёзилишда ҳам кўриш мумкиндир. Қоганларини ўзингиз тасаввур қилиб кўрингга…Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси чуқур инқироз ичидадир. Инсонлар пул ва иш топиш дардига мубтало бўлганлар. Эркинликлар йўқ қилинган ва ҳар қандай тадбиркорликка тўсиқ қўйилган бундай муҳитда жамиятда ёлғон, талон тарож, порахўрлик, кучлиларнинг заифларни эзиши каби ҳолатлар афсуски бугунги Ўзбекистонда одатий ҳолга айланган…
Савол: Ўзбек сиёсий ва диний мухолифатининг аҳволи ҳақида нима дейишингиз мумкин?
Жавоб: Сиёсий мухолифат Каримов режими тарафидан тамоман тор мор қилинган. Бу режим зулмидан қочиб, жонини қутқарган бир неча сиёсатчи чет давлатларда яшамоқда. Аммо уларнинг овози Ўзбекистонга етиб бормаяпти. Исломий мухолифат мамлакат ичида ҳам, ташқарасида ҳам янада кўпроқ таъсир кучига эга. Ўзбекистонда масжидлар ва имомларнинг фаолияти давлат тарафидан қаттиқ назорат қилинади. Болаларнинг масжидларга кириши, жамаотчилик жойларида муслималарнинг ҳижобда юришлари, диний жамоатларнинг эркин фаолиятлари таъқиқланган. Кейинги пайтларда бундай фаолиятларда айбланиб қамлаётган мусулмонларнинг сони тобора ортиб бормоқда…
Савол: Ўзбекистон мусулмонлари ва Туркия мусулмонлари орасида Ислом динини тушуниш ва яшашда қандай фарқлиликлар бор?
Жавоб: Туркияда тасаввуф ва тариқотларга эргашиш ва мусулмонларнинг сиёсий уринишлари янада кўпроқ сезилади. Ўзбекистонда эса Ҳизбут таҳрир, Таблиғ жамоати ва Салафий гуруҳлар янада фаолдирлар. Туркия мусулмонлари фуқаровий жамиятга иштирок этишга, бир бирларини тушинишга ва сиёсий фаоликка эътибор берадилар. Биздаги мусулмон жамоатлар эса ҳар ким ўзи билганини ўқиш ва амалга ошириш билан машғулдир…
Савол: Ўзбекистоннинг яқин келажаги ҳақида қандай фикрдасиз?
Жавоб: Суҳбатнинг муқаддимасида айтганим каби, Ўзбекистонда Ислом Каримов даври тугаб бормоқда. Аммо янги даврда нималар бўлиши ҳақида гапириш эса деярли имконсиздир. Бу мавзуда аввал шуни айтмоқчиман: бизда ҳукуматнинг тинч йўл билан алмашиш тажрибаси ҳали синаб кўрилган йўқ. Ҳақиқат шундан иборатки, мамлакатимизда ҳукумат Каримовнинг вафотидан кейин алмашади. Аммо Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий инқироз ва Русиянинг аралашуви натижасида энг қўрқинч манзара, яъни сиёсий бўҳрон ва жамиятда тўс тўполонлар чиқиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Русия Украинадаги каби эски Совет республикаларида аввал сиёсий инқироз, кейин эса тўп тўполонлар чиқариш йўли билан ўз мақсадига эришишни ва бу мамлакатларни қайта қўлга киритишни режалаштирмоқда..
Савол: Бундай таҳликали вазиятда ҳокимият алмашувининг энг яхши йўли қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?
Жавоб: Мен Каримов давридан кейин ҳокимиятга келадиган Давлат Раҳбарининг, бу ким бўлишидан қатъий назар, жамият ва давлатда сиёсий барқарорликни сақлаб қолиши тарафдориман. Юқорида айтганим каби, агар мамлакатимизда ҳокимият пораканда бўлиб, сиёсий бўҳрон ва ур тўполонлар майдонга келадиган бўлса, бу жанжалларни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмайди. Бундай вазиятда Ўзбекистонда давлат ҳокимиятини қайта ташкил қиладиган сиёсий кучлар ва тажриба йўқдир. Бу эса жамиятда миллий ва диний қарама қаршиликларнинг бошланишини билдиради. Шунинг учун ҳам давлат ҳокимиятини оёқда тутиб туриш ҳаётий аҳамиятга эгадир. Ва янги ҳукумат халқ интизор бўлиб кутаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириши керак. Сталиндан кейин Хрушчев, Брежневдан кейин Горбачев жамиятда илиқликни ўрнатган эдилар. Яъни, давлат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилиш учун инсонларга эркинликлар бериш билан бирга сиёсий барқарорлик ва ижтимоий тинчликка ҳам эҳтиёж бор. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда Ислом Каримов давридан кейин марказий ва маҳаллий ҳукумат органларининг оёқда туришига ва жамиятда ислоҳотларни ўтказишга эҳтиёж бўлади…
Савол: Сизнинг идеалингиздаги ижтимоий тузумни таъриф қилсангиз?
Жавоб: Биз мустақилликнинг илк бир икки йилида эркинлик ва демократия тажрибасини яшаб кўрдик. Аммо бироз оз муддатдан кейин воқеалар бошқа тус ола бошлади. Тожикистонда фуқаролар уруши ва Қирғизистонда миллий низолар майдонга келди. Бу фожеаларда ўн мингларча кишилар ҳалок бўлдилар. Бу тажрибалар бизнинг минтақамизда ғарбдаги дунёвий (секуляризм) қоидаларига асосланган жамиятлар ва давлат тузуми қуришнинг имконсизлигини ҳам кўрсатди. Бу масалада Туркиянинг ҳам аччиқ тажрибаларини ҳисобга олишимиз керак бўлади. Туркия бугунларга келиш учун изтиробли даврларни, такрор ва такрор давлат тўнтаришларини бошидан ўтказди. Бундай салбий сиёсий тажрибаларни такрорлашимизнинг бизга фойдаси йўқ, деб ўйлайман.
Ўрта Осиё ёки Туркистон аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардир. Шунинг учун ҳам жамиятда инсонларга мусбат ҳақ ва ҳуқуқлар, эркинликлар берилиши билан бирга Исломий қадриятларга ҳам эътибор бериб, янги бир жамият ва давлат шаклини майдонга келтиришимиз лозим бўлади. Яъни, менинг идеалимдаги жамият ва давлат тузуми аввало мусулмонларнинг ўз қадриятларига ва қолверса инсониятнинг бу соҳалардаги мусбат тажрибаларида ўрин олган шахсий эркинликларга, фуқаровий жамият қоидаларига, қонун ва ҳуқуқнинг устуворлигига, сиёсий муроса қонунларига ҳамда ижтимоий тинчликка асосланиши керак.
“Turkistan-Der” Xabar Markazi
Доктор Намоз Нормўмин ҳақида қисқа маълумот
1957 йилда имом Тирмизийнинг ватани бўлган Тирмиз шаҳрига яқин бир қишлоқда туғилди. 1980 йилда Тошкент Тиббиёт Институтини битиргандан кейин, жарроҳ бўлиб ишлади. 1990 йилларда аввал Ўзбекстон мустақиллигининг тарафдори, кейин эса Каримов режимининг мухолифи сифатида сиёсий курашда иштирок этди. 1993 йилда мухолифатга қарши тазйиқлар натижасида ватанини тарк этди ва Туркияга келди. Муҳожирлик йилларида сиёсий фаолиятини давом эттириш билан бирга Ислом дини ва Турк дунёсининг тарихи ҳақида тадқиқотлар олиб борди, бу мавзуларда мақолалар ва китоблар ёзди. Туркистон мусулмонлари хорижда ташкил қилган халқаро жамиятнинг асосчилардан бири бўлган Доктор Намоз Нормўмин Ўзбек тили билан бирга турк, рус, норвег тилларида, ўрта даражада араб ва инглиз тилларида гаплашади олади. Оилали ва уч фарзанди бор.
31.08.2014 йил.
“Aqlli kishilar samolaru yerning yaratilishi haqida fikr yuritadilar” (Oli imron surasi 191 oyat)
1 Sentyabrda O‘zbekistonda davlat mutaqilligining 23 yilligi nishonlanadi. O‘zbek xalqi Islom va Turk dunyosining eng tanilgan vakillaridan biridir. Faqat Imom Buxoriy va Imom Tirmiziylarning bu vatanning farzandlari ekanligini aytish O‘zbekistonni ta’riflash uchun kifoya qiladi.
Sovet Ittifoqining tarqalib ketishi natijasida mustaqillikka erishgan O‘zbekiston bugun ham faqat O‘rta Osiyo yoki tarixiy nomi Turkistonning emas, balki butun Markaziy Osiyo mintaqasining eng muhim davlatlardan biridir. O‘zbekiston mustaqil bo‘lgandan keyin bu mamlakatda kechayotgan ijtimoiy va siyosiy jarayonlar haqida Xalqaro Turkistonliklar jamiyati Raisi o‘rinbosari Doktor Namoz Normo‘min bilan suhbatlashdik.
Savol: Vataningizning mustaqilligi arafasida ko‘nglingizdan nimalar kechmoqda?
Javob: Vatanimizda mustaqillik kunining nishonlanashi arafasida ham sevinch hamda qayg‘u ichidaman. Bundan xursandman, chunki shaklini qabul qilmasamda bir mustaqil davlatimiz bor. Masalan, Sharqiy Turkistonlik birodarlarimiz bo‘lgan Uyg‘urlarning hozircha o‘z mustaqil davlatlari yo‘q. Bu sababdan Xitoy hukumati uyg‘urlarni assimilatsiya (manqurtlarshtirish) siyosatini olib bormoqda. O‘zbekiston hukumatining o‘z xalqiga qilayotgan zulmi Xitoynikidan qolishmayotgan bo‘lsada, biz o‘zbeklar eng kamida Ruslarning manqurtlarshtirish siyosatidan qutuldik. Ayni paytda qayg‘u ichidaman, chunki O‘zbekistonning yaqin kelajagi juda katta tahlika ostidadir. Bugun xalqimiz va davlatimiz tarixida dahshatli iz qoldiradigan Islom Karimov rejimi nihoyasiga yetmoqda. Ammo ertaga xalqimiz va davlatimizning boshiga nimalar kelishini bilish u yoqda tursin, afsuski taxmin ham qila olmaymiz….
Savol: Siz O‘zbekiston mustaqillikka qanday erishganini o‘z ko‘zingiz bilan ko‘rgansiz. U kunlarni qisqa hikoya qila olasizmi?
Javob: Mustaqillik jarayoni Mixail Gorbachevning “Qayta qurish va oshkoralik” nomli siyosati bilan boshlangandi. Bu siyosiy jarayon aslida Sovet rejimining oshkoralikka chiday olmasligini ko‘rsatdi. Natijada jamiyat va davlat hayotida hamma narsa aralash quralash bo‘lib ketdi. “Qayta qurishning” nimaligini hech kim bilmasada, “Oshkoralik” o‘z natijalarini ko‘rsata boshladi. Avval Boltiqbo‘yi Respubliklari o‘z mustaqilligini talab qildilar. Gorbachev u yerga tanklarni yuborasada, vaziyatni o‘zgartira olmadi. Keyin tarixga ko‘milib ketayotgan Sovet Komunist partiyasi rahbarlari davlat to‘ntarishi qilib, Gorbachevni taxtdan ag‘darmoqchi bo‘lishdi. Ular GKChP nomida bir rejimni e’lon qildilar va Gorbachevni Qrimda qamoqqa oldilar. Shundan keyin boshqa xalqlar o‘z mustaqilligini talab qila boshladilar. Faqat O‘rta Osiyoning komunist rahbarlari, masalan Islom Karimov o‘z xalqining mustaqilligiga mutlaqo qarshi edi. Bu ahvol kulguli manzaralarga ham sahna bo‘lgandi. Sovet Ittifoqi Oliy Kengashi tarqalib ketishiga qaramay, O‘rta Osiyolik deputatlar Oliy Kengash zalidan chiqishni istamadilar. Boris Yelsin tank ustiga chiqib, Mixail Gorbachevni GKChP qamog‘idan qutqargandan keyin, GKChP ni qo‘llab quvvatlagan O‘rta Osiyo rahbarlari o‘z davlatlarining mustaqilligini e’lon qildilar. Ular bu ishni mustaqillikni istaganlari uchun emas, hokimiyatga qayta kelgan Gorbachevning o‘zlarini jazolashlaridan qo‘rqanidan amalga oshirdilar…
Savol: Mustaqillik O‘zbekistonga nima berdi sizningcha?
Javob: Mustaqillikning mutlaq natijasi bizning 150 yillik Rus istilosidan keyin o‘z davlatimizga ega bo‘lishimiz bo‘ldi. Men muxolif siyosatchi sifatida bir xalq uchun o‘z mustaqil davlatiga ega bo‘lishining qanday ma’noga kelishini yaxshi tushunaman. Davlat muqaddas emas, asos ham emas, ammo har bir millat uchun o‘z mavjudligini qo‘rishining bir vositasidir. Biz o‘z mustaqilligimizni yo‘qotgandan keyin milliy o‘zligimiz, tariximiz, yozuvimiz va hatto dinimizdan ham ayrilib qoldik. Endi esa mustaqil davlat bo‘lgandan keyin bu qadriyatlarni qayta qo‘lga kirita boshladik…
Savol: O‘zbeklarning millat sifatida asosiy xususiyatlari nimalardan iborat?
Javob: O‘zbeklar sabrli, atroflarida bo‘layotgan voqealarga, ayniqsa ijtimoiy siyosiy jarayonlarga biroz befarq, ammo o‘z dardlariga, oilalariga juda bog‘langan, mehnati qilishni sevadigan insonlardir. Biz bir asrlik tariximizda Ruslaring ta’sirida qoldik. Ruslar bizga “Biz sizlarning katta og‘alaringizmiz, sizning hayot haqida tafakkur yuritishga ehtiyojingiz yo‘q, u bizning ishimiz, siz bizning aytganimizni qiling, sizga shu yetar”, der edilar. Ular bizni kolxoz deyilgan sovet qamoqxonlariga tashladilar. U paytlar Turkiya kabi qarindosh davlatda bo‘layotgan voqealar u yoqda tursin, qo‘shni viloyatdagi voqealardan ham xabarsiz edik. Ammo endi vaziyat o‘zgarib bormoqda. Islom Karimov rejimining dahshatli zulmariga qaramay, insonlarimiz o‘zlarining haqiqiy kimligi bo‘lgan Islomiy shaxsiyatlariga erishib bormoqdalar…
Savol: 23 yillik mustaqillik davrida O‘zbeklar ichida dunyoga tanilgan shaxsiyatlar, siyosiy yoki diniy tashkilotlar o‘rtaga chiqdimi?
Javob: Shaxslar sifatida uch kishining ismini aytishim mumkin: Islom Karimov, dunyoning eng shafqatsiz diktatorlaridan biridir. Ravshan Ermatov, FIFA ning eng yaxshi futbol hakamlaridan biridir, Alisher Usmonov taniqli futbol klubi “Arsenal”ning xujayinlaridan va taxminan 25 miliyard dollar boyligi bilan eski Sovetlar Ittifoqi hududining eng boy kishisidir.
“Tashkilot” sifatida esa Amerkaning mashhur Guantenamo yoki Abu G‘arib qamoqxonalaridan qolishmaydigan va xususan diniy muxoliflar dahshatli qiynoqqa solinayotgan, qaynoq suvda va shunga o‘xshash usullar bilan o‘ldirilayotgan mamlakat shimolidagi “Jasliq” qamoqxonasini va Afg‘oniston va Pokistondagi janglarda qatnashayotgan O‘zbekiston Islomiy Harakatini aytishim mumkin…
Savol: Siz O‘zbekistondagi rejimning diktatorlik tuzumi ekanligini aytdingiz. Mustaqillik e’lon qilingandan keyin o‘z lavozimidan voz kechmay kelayotgan Prezident Islom Karimovning shaxsiyati haqida nimalar deyiishingiz mumkin?
Javob: Islomda Karimov avvalo ateist va kommunist insondir. Ashaddiy darajada hokimiyatni sevadigan, kibrli, shafqatsiz ayni paytda makkor bir siyosatchidir. Uning bu sifatlarini shaxsiy hayotida ham, musulmonlarga qarshi o‘tkazayotgan zulm siyosatida ham ko‘rishimiz mumkin. Karimovning fikricha undan boshqa hech kim O‘zbekistonni boshqara olmaydi, boshqarishi uning aqliga ham sig‘maydi. U bu nuqtai nazarini hammaga nisbatan shafqatsiz siyosati bilan isbotlashga urinib kelmoqda. Avvalo uning bu siyosatini o‘z oila a’zlariga qarshi amallarida ko‘rdik. Yaqinda uning qizi Gulnora Karimova “otam bizga itlarga munosabat qilgandek munosabat qilmoqda” dedi. Avval ham Gulnora otasini sovet diktatori Iosif Stalinga o‘xshatgandi. Shuninigdek. Karimov o‘z hukumati a’zolariga, ya’ni vazirlarga, hokimlarga nisbatan shafqatsiz munosabatda bo‘ladi. Istasa ularni uradi, istasa so‘kadi, istasa iste’foga chiqradi. Shuning uchun ham hukumatdagilar Karimovdan ozroq haqorat ko‘rishni o‘zlari uchun bir sharaf deb biladilar. Naqadar ayanchli bir manazara bu, shunday emasmi? Bunday siyosati bilan Karimov atrofiga qo‘rquv tarqatishni istaydi. Shuning uchun xam hech kim unga itoatsizlik qilish haqida o‘ylab ham ko‘ra olmaydi. Islom Karimov siyosiy va diniy muxoliflariga nisbatan ham nihoyatda shafqatsizdir. Bu muxoliflardan minglarcha kishi o‘ldirildi, qamoqqa tashlandi yoki surgunga yuborildi.
Bu dahshatli siyosati bilan Islom Karimov O‘zbekistonda bir qo‘rquv imperatorligiga asos soldi. Shuning uchun ham bugun O‘zbekistonda nafaqat muxolifatning, balki biror kishining ovozi chiqmaydi. Hamma o‘z burchagiga yashirinib, o‘z jonini qutqarish dardidadir…
Savol: Karimovni makkor siyosatchi ham dedingiz?
Javob: Bu bilan shuni aytmoqchiman: O‘zbekiston prezidenti o‘zining ba’zi hamkasb diktatorlarga o‘xshagan axmoq odam emasdir. Men Karimovning O‘zbekistonda va dunyoda bo‘layotgan voqealarni jiddiy kuzatib borishiga ishonaman. Masalan, Amerikalik bir siyosatchi O‘zbekistonda kelganida o‘z davlatinining demokratik ekanligini aytib maqtanadi. Karimov uning ko‘zlariga tikilib, O‘zbekiston ham konstitutsiyaga ko‘ra demokratik davlat, deydi. Amerikalik siyosatchi Karimovning qat’iy nigohiga bardosh bera olmay, nigohini boshqa tomonga qaratadi… Ya’ni, Islom Karimov bugungi dunyo tuzumida erkinliklar emas, kuchli davlatlarning o‘zaro vahshiy raqobati ustun ekanligini juda yaxshi biladi. Shuning uchun ham u 2005 yilda AQShning O‘zbekistondagi harbiy bazasini yopib qo‘ydi. Sharqiy Yevropa va eski Sovet Ittifoqi hududlarida rangli inqiloblar (aslida bular Amerikaning manfaatiga xizmat qiladigan davlat to‘ntarishlari edi) qilgan Jorj Soros fondini va hozir Turkiyada yashirin davlat to‘ntarishini amalga oshirishda ayblanayotgan Fathulloh Gulan jamoatlarini O‘zbekistondan o‘z vaqtida quvgandi. Xuddi shunday Karimov O‘rta Osiyo mintaqasida AQSh, Xitoy va Rusiya o‘rtasida borayotgan geopolitik o‘yinning eng mashhur o‘yinchilaridan biridir. Ba’zan televizor ekranlaridagi hujjatli filmlarda yirtqich hayvonlar o‘z ovlarini parcha parcha qilishayotganida, ovdan bir parcha olib qochadigan tulkining hiylasini ko‘rsatishadi…Islom Karimovning buyuk davlatlarning siyosatida qatnashishi mana shu tulkining holiga o‘xshaydi. U bu siyosati bilan bu davlatlar rahbarlariga shunday demoqchi bo‘ladi: Siz bizning ichki ishlarimizga aralashmang, ammo men sizdan o‘z haqqimni olishni albatta bilaman…
Savol: Ya’ni, Islom Karimov tashqi siyosatda o‘z davlatining manfaatlarini himoya qilmoqda deyishimiz mumkinmi?
Javob: Tashqaridan qaraganda shunday bo‘lib ko‘rinishi mumkin, albatta. Ammo unutmaslik kerakki, O‘zbekiston Prezidenti davlat deyilganda avvalo o‘z shaxsiy hokimiyatini tushunadi. Uning makkorligining asosiy jihati ham shundan iboratdir. Shuning uchun ham O‘zbekiston iqtisodiy va ijtimoiy jixatdan imkonlari darajasidagi taraqqiyotga erisha olmayapti. Siz bunga shonmasligingiz mumkin ammo yanada ishoning: Biz 23 yildir mustaqil davlatmiz, ammo bu davlatning byudjeti nimadan iborat, miqdori qancha hech kim bilmaydi. Ya’ni, davlatimiz pulni qayerdan topayapti va qayerga sarflayapti, bu bizda davlat siridir va bu sirga Prezident va uning yaqin atrofidagilaridan boshqa hech kim voqif emas. O‘zbekiston juda katta tabiiy boyliklarga, unumli tuproqqa va yetarli ishchi kuchiga egadir. Ammo milliy daromadning kishi boshiga to‘g‘ri keladigan miqdori 1700 dollardir. Bu raqam masalan, o‘z fuqarolariga ozgina bo‘lsada iqtisodiy erkinliklar bergan qo‘shni Qozog‘istonda 10 000 dollardan ko‘proqdir. O‘zbekiston esa zulm va poraxo‘rlik botqog‘iga botgan, iqtisodi inqirozga uchragan vaziyatda qolmoqda. Shuning uchun ham Karimov usuliga ko‘ra jamiyatida “tinchlik va siyosiy barqarorlik” o‘rnatilgan O‘zbekistonning eng kamida 5 million fuqarosi mustaqillik yillarida boshqa davlatlarga qochib ketishga majbur bo‘ldilar…
Savol: Davlatning iqtisod va sanoat sohalariga sarmoya qo‘yishi haqida nima deyish mumkin?
Javob: Mustaqillikdan keyin O‘zbekistonda Janubiy Koreya bilan hamkorlikda avtomobil zavodi ishga tushirildi. Hozirgi kunda bu ishga Amerikaning GM shirkati ham sherik bo‘ldi. Bir yilda 150000 yaqin avtomobil ishlab chiqarilmoqda. Bu avtomobillar O‘zbekistonning o‘zida va tashqi davlatlarda sotilmoqda. Toshkent va Samarqand orasida tez yurar poyezdlarning safari yo‘lga qo‘yildi. Bundan boshqa ham iqtisodiy va sanoat sarmoyalari amalga oshirilgan bo‘lishi mumkin. Ammo zulm va korrupsiya rejimi mamlakatimizda iqtisodiy taraqqiyotga va tashqi sarmoyaning kirib kelishiga to‘siqlik qilmoqda…
Savol: O‘zbekistondagi ijtimoiy hayot haqidagi fikrlaringizni aytsangiz. Kundalik hayotda o‘zbeklar nima ishlar qilishadi?
Javob: Sovet davrining o‘z mafkurasi, tuzumi va axloqiy qadriyatlari bor edi. Kommunist rejimning inqirozi tufayli bu qadriyatlar ham yo‘q bo‘lib ketdi. Mustaqillikning ilk yillarida mustaqillikning o‘zidan mafkura yasashga urinildi. “O‘zbekiston kelajagi buyuk davlat” degan shior o‘rtaga tashlandi. Ammo bu soxta shior amaliy hayotda o‘z o‘rnini topa olmadi. Sovet rejimining inqirozi bilan birga O‘zbekistonning iqtisodi ham inqirozga uchragandi. Insonlar kundalik hayotlarini ta’minlash uchun moddiy imkoniyatlar va ish topish dardiga tushgandilar. O‘zbekiston Komunistik partiyasi o‘z nomini Xalq Demokratik partiyasi, deya o‘zgartirdi. Ammo hukumatning siyosati o‘zbek xalqining manfaatlariga mos emasdi. Mana shunday vaziyatda mamlakatimizda bozor iqtisodiyotining fikrlari va amallari ko‘rina boshladi. Menimcha bu aslida mozor iqtisodiyotidir. Chunki kapitalistik iqtisod shakli haqiqatdan ham inson ma’naviyatini yo‘qqa chiqaradi. Mana shunday davlat zulmi, korrupsiya, iqtisodiy bo‘hron va chorasizlik insonlarimizni turli yo‘llarga boshlamoqda. Davlat idorasida ishlaydiganlar pora olmasdan ish qilmaydilar. Poraxo‘rlikni davlat idoralarida ish topishda ham, kasalxonalarda davolanishda ham, oliy maktablarda o‘qishda ham va hatto hajga borish uchun ro‘yxatga yozilishda ham ko‘rish mumkindir. Qoganlarini o‘zingiz tasavvur qilib ko‘ringga…Ta’lim va sog‘liqni saqlash sohasi chuqur inqiroz ichidadir. Insonlar pul va ish topish dardiga mubtalo bo‘lganlar. Erkinliklar yo‘q qilingan va har qanday tadbirkorlikka to‘siq qo‘yilgan bunday muhitda jamiyatda yolg‘on, talon taroj, poraxo‘rlik, kuchlilarning zaiflarni ezishi kabi holatlar afsuski bugungi O‘zbekistonda odatiy holga aylangan…
Savol: O‘zbek siyosiy va diniy muxolifatining ahvoli haqida nima deyishingiz mumkin?
Javob: Siyosiy muxolifat Karimov rejimi tarafidan tamoman tor mor qilingan. Bu rejim zulmidan qochib, jonini qutqargan bir necha siyosatchi chet davlatlarda yashamoqda. Ammo ularning ovozi O‘zbekistonga yetib bormayapti. Islomiy muxolifat mamlakat ichida ham, tashqarasida ham yanada ko‘proq ta’sir kuchiga ega. O‘zbekistonda masjidlar va imomlarning faoliyati davlat tarafidan qattiq nazorat qilinadi. Bolalarning masjidlarga kirishi, jamaotchilik joylarida muslimalarning hijobda yurishlari, diniy jamoatlarning erkin faoliyatlari ta’qiqlangan. Keyingi paytlarda bunday faoliyatlarda ayblanib qamlayotgan musulmonlarning soni tobora ortib bormoqda…
Savol: O‘zbekiston musulmonlari va Turkiya musulmonlari orasida Islom dinini tushunish va yashashda qanday farqliliklar bor?
Javob: Turkiyada tasavvuf va tariqotlarga ergashish va musulmonlarning siyosiy urinishlari yanada ko‘proq seziladi. O‘zbekistonda esa Hizbut tahrir, Tablig‘ jamoati va Salafiy guruhlar yanada faoldirlar. Turkiya musulmonlari fuqaroviy jamiyatga ishtirok etishga, bir birlarini tushinishga va siyosiy faolikka e’tibor beradilar. Bizdagi musulmon jamoatlar esa har kim o‘zi bilganini o‘qish va amalga oshirish bilan mashg‘uldir…
Savol: O‘zbekistonning yaqin kelajagi haqida qanday fikrdasiz?
Javob: Suhbatning muqaddimasida aytganim kabi, O‘zbekistonda Islom Karimov davri tugab bormoqda. Ammo yangi davrda nimalar bo‘lishi haqida gapirish esa deyarli imkonsizdir. Bu mavzuda avval shuni aytmoqchiman: bizda hukumatning tinch yo‘l bilan almashish tajribasi hali sinab ko‘rilgan yo‘q. Haqiqat shundan iboratki, mamlakatimizda hukumat Karimovning vafotidan keyin almashadi. Ammo O‘zbekistondagi siyosiy va iqtisodiy inqiroz va Rusiyaning aralashuvi natijasida eng qo‘rqinch manzara, ya’ni siyosiy bo‘hron va jamiyatda to‘s to‘polonlar chiqish ehtimoli ham yo‘q emas. Rusiya Ukrainadagi kabi eski Sovet respublikalarida avval siyosiy inqiroz, keyin esa to‘p to‘polonlar chiqarish yo‘li bilan o‘z maqsadiga erishishni va bu mamlakatlarni qayta qo‘lga kiritishni rejalashtirmoqda..
Savol: Bunday tahlikali vaziyatda hokimiyat almashuvining eng yaxshi yo‘li qanday bo‘lishi kerak, deb o‘ylaysiz?
Javob: Men Karimov davridan keyin hokimiyatga keladigan Davlat Rahbarining, bu kim bo‘lishidan qat’iy nazar, jamiyat va davlatda siyosiy barqarorlikni saqlab qolishi tarafdoriman. Yuqorida aytganim kabi, agar mamlakatimizda hokimiyat porakanda bo‘lib, siyosiy bo‘hron va ur to‘polonlar maydonga keladigan bo‘lsa, bu janjallarni to‘xtatib qolishning imkoni bo‘lmaydi. Bunday vaziyatda O‘zbekistonda davlat hokimiyatini qayta tashkil qiladigan siyosiy kuchlar va tajriba yo‘qdir. Bu esa jamiyatda milliy va diniy qarama qarshiliklarning boshlanishini bildiradi. Shuning uchun ham davlat hokimiyatini oyoqda tutib turish hayotiy ahamiyatga egadir. Va yangi hukumat xalq intizor bo‘lib kutayotgan siyosiy, iqtisodiy va ijtimoiy islohotlarni amalga oshirishi kerak. Stalindan keyin Xrushchev, Brejnevdan keyin Gorbachev jamiyatda iliqlikni o‘rnatgan edilar. Ya’ni, davlat va jamiyat hayotini isloh qilish uchun insonlarga erkinliklar berish bilan birga siyosiy barqarorlik va ijtimoiy tinchlikka ham ehtiyoj bor. Shuning uchun ham O‘zbekistonda Islom Karimov davridan keyin markaziy va mahalliy hukumat organlarining oyoqda turishiga va jamiyatda islohotlarni o‘tkazishga ehtiyoj bo‘ladi…
Savol: Sizning idealingizdagi ijtimoiy tuzumni ta’rif qilsangiz?
Javob: Biz mustaqillikning ilk bir ikki yilida erkinlik va demokratiya tajribasini yashab ko‘rdik. Ammo biroz oz muddatdan keyin voqealar boshqa tus ola boshladi. Tojikistonda fuqarolar urushi va Qirg‘izistonda milliy nizolar maydonga keldi. Bu fojealarda o‘n minglarcha kishilar halok bo‘ldilar. Bu tajribalar bizning mintaqamizda g‘arbdagi dunyoviy (sekulyarizm) qoidalariga asoslangan jamiyatlar va davlat tuzumi qurishning imkonsizligini ham ko‘rsatdi. Bu masalada Turkiyaning ham achchiq tajribalarini hisobga olishimiz kerak bo‘ladi. Turkiya bugunlarga kelish uchun iztirobli davrlarni, takror va takror davlat to‘ntarishlarini boshidan o‘tkazdi. Bunday salbiy siyosiy tajribalarni takrorlashimizning bizga foydasi yo‘q, deb o‘ylayman.
O‘rta Osiyo yoki Turkiston aholisining asosiy qismi musulmonlardir. Shuning uchun ham jamiyatda insonlarga musbat haq va huquqlar, erkinliklar berilishi bilan birga Islomiy qadriyatlarga ham e’tibor berib, yangi bir jamiyat va davlat shaklini maydonga keltirishimiz lozim bo‘ladi. Ya’ni, mening idealimdagi jamiyat va davlat tuzumi avvalo musulmonlarning o‘z qadriyatlariga va qolversa insoniyatning bu sohalardagi musbat tajribalarida o‘rin olgan shaxsiy erkinliklarga, fuqaroviy jamiyat qoidalariga, qonun va huquqning ustuvorligiga, siyosiy murosa qonunlariga hamda ijtimoiy tinchlikka asoslanishi kerak.
Doktor Namoz Normo‘min haqida qisqa ma’lumot
1957 yilda imom Tirmiziyning vatani bo‘lgan Tirmiz shahriga yaqin bir qishloqda tug‘ildi. 1980 yilda Toshkent Tibbiyot Institutini bitirgandan keyin, jarroh bo‘lib ishladi. 1990 yillarda avval O‘zbekston mustaqilligining tarafdori, keyin esa Karimov rejimining muxolifi sifatida siyosiy kurashda ishtirok etdi. 1993 yilda muxolifatga qarshi tazyiqlar natijasida vatanini tark etdi va Turkiyaga keldi. Muhojirlik yillarida siyosiy faoliyatini davom ettirish bilan birga Islom dini va Turk dunyosining tarixi haqida tadqiqotlar olib bordi, bu mavzularda maqolalar va kitoblar yozdi. Turkiston musulmonlari xorijda tashkil qilgan xalqaro jamiyatning asoschilardan biri bo‘lgan Doktor Namoz Normo‘min O‘zbek tili bilan birga turk, rus, norveg tillarida, o‘rta darajada arab va ingliz tillarida gaplashadi oladi. Oilali va uch farzandi bor.
31.08.2014 yil.