Дунё туркийлари глобаллашган дунёда

Yazının Türkçe kısa özeti:  Bu yıl 27 Nisan İstanbul’da Uluslar arası Türkistan Kurultayı gerçekleşti. Kurultayda dünyanın çeşitli ülkelerinde yaşayan Türkistanlı ilim, siyaset ve sosyoloji uzmanları katıldılar. Bunlardan biri şu anda Fransa’da yaşayan Özbek asıllı siyaset uzmanı Kamoliddin Robbimovdır. Bu yazı Özbek siyaset ilim adamımın 21. Yüz yılda “Globalleşen Dünya Türkî Halklar” adlı makalesinin Özbek Türkçesindeki metnidir.

 

 Камолиддин М.РАББИМОВ

Сиёсатшунос

Ушбу доклад жорий йилнинг 27-апрелида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган «Халқаро Туркистонликлар Қурултойи»да муаллифнинг «Туркий халқларнинг маданий, сиёсий алоқалари аҳволи» номли маърузаси асосида тайёрланди. Ушбу қурултой Туркияда расман рўйҳатдан ўтган «Туркистонликлар Халқаро Ҳамкорлик Жамияти» томонидан ташкил қилинди.

Глобаллашув бўсағасида

Инсоният тарихини икки ўта йирик қисмга бўлиш мумкин: локаллик ва глобаллашув. Инсониятнинг шу пайтгача давом этган тарихий даврини “локализм”, “локаллик” деб таърифлаш  мумкин. Минг йиллар давомида инсонлар ўта чекланган географик муҳит ва шартларда ўз атрофига таъсир қилишган, ва кейинги бир-икки асрга қадар, ўрта статистик одам ўзи яшаб турган муҳитда, тахминан олти километр радиус атрофидаги воқеа-ҳодисаларни билиш ва таъсир қилиш қобилиятига эга бўлган холос. Яни, ахборот олиш, яратиш ва тарқатиш имкониятлари географик тўсиқлар билан чеклаб-чегараланган эди. Инсониятнинг шу пайтгача давом этган даври – локализм тугади, ва биз эндигина янги – глобаллашган дунёга кириб келмоқдамиз. Инсоният тарихи учун бир неча ўн йилликлар – ўта қисқа давр. Ва айнан кейинги бир-икки ўн йилликларда ахборот глобаллашуви кузатилмоқда. Инсониятнинг глобаллашув шароитларида яшаш тажрибаси мавжуд эмас, келажакни тасаввур қилиш, уни устига, келажакни моделлаштириш ўта мураккаб вазифадир.

Агарки шу пайтгача, инсоният маданияти ва тафаккури тарихида диффузия, тарқалиш, турфаланиш кузатилган бўлса, мана бугунга келиб, бутун бир инсоният ва унинг тафаккури, қадриятлари, қарашлари бир сафга тизилиб, бир бирига жиддий назар билан қарамоқда, ўрганмоқда, баҳс-мунозарага кириша бошламоқда. Айтиш мумкинки, шу пайтга қадар, рақобат, конкуренция локал ва чегарадош табиатга эга бўлган бўлса, энди дунёдаги барча қадриятлар тизимлари глобал рақобатга, конкуренцияга кириша бошлади. Биз, ушбу глобал юзлашувнинг, глобал танишув ва бахс-мунозараларнинг энг бошланғич бир палласида турибмиз, ва бу бахс-мунозаралар, рақобатнинг энг асосий таснифловчи омил – ўзлик (рус тилида “идентичность”), кимлик масаласидир.

Ўзлик бугунги глобал дунёдаги кучлар нисбатини, ресурсларни, реал дўстлар ва потенциал оппонентларни аниқлаб берувчи кўрсаткичдир. Ўзликнинг аҳамияти шундаки, инсонлар – қадриятлар, тарихий ҳотиралар, интилишлар, манфаатлар ва айниқса, мақсадлар билан яшар экан, ўзлик айнан мана шу омилларни ўзида ифодаловчи марказий ўлчов бирлигидир. Инсон ўзликсиз бўлиши, яшаши мумкин эмасдир. Ҳар бир инсон “мен кимман”, “яшашдан мақсад ва вазифа нима”, “кимлар менинг дўстларим, кисмлар эса мени рақиблари (ёки душманларим)” деган саволларга жавоб излаши тайин. Глобал дунёда, давлатлар ва миллатлар ўртасидаги энг қудратли ва мустаҳкам иттифоқлар, барқарор зиддиятлар, айнан ўхшаш ёки фарқли ўзликлар негизи асосида кечади, ва бу муносабатларга “цивилизацион” таъриф берилади. Агар локализм даврида инсонлар борган сари турфаҳилликка, тарқоқликка юз тутган бўлса, глобаллашган дунёда борган сари умумийлашув, интеграция кузатилади, ва биринчи ўринда яқин ёки айни бўлган миллатлар ва давлатлар интеграцияси кутилади.

Дунё туркийлари

Етти миллиарддан ошиқ инсоният глобаллашувга турфа хиллик билан етиб келди. Инсон учун энг қадрли ўзлик – “сиз кимсиз” деган саволга биринчи бўлиб берган жавоби ва бу унинг воз кечиши қийин бўлган ўзлигидир. Инсоннинг она тили билан боғлиқ ўзлиги – энг самимий ва табиий ўзлигидир. Тарихий локализм даврида бир бирини таржимонсиз тушунадиган, маданияти ва зеҳнияти ўхшаш, яқин ва ёки айни бўлган миллатлар ва давлатлар сони кўп эмас. Қиёслаш учун айтадиган бўлсак, агар кимдир армани ёки грузин бўлиб туғилган бўлса, бу миллатларнинг қардошлари мавжуд эмас, шунингдек, ушбу миллатларнинг географик-демографик муҳити ҳам кенг эмас. Лекин, яқин ёки айни тилга асосланган баъзи бир миллатлар ва давлатлар иттифоқи  борки, улар жуда қудратлидир.

Масалан, англасаксонлар – АҚШ, Бирлашган Қироллик, Канада, Австралия ва Янги Зелландия, бу ягона тилга ва протестант конфессиясига асосланган иттифоқ дунёда энг қудратли иттифоқдир. Ёки, Лотин Америкаси – улкан маданият ва географик мухитдир, араб дунёси – сиёсий тарқоқ бўлсада, диний анча яхлит, маданий ва ахборот ҳудуди тўла узвийдир. Шу жамладан француз тилида сўзлашувчи давлатлар ва миллатларни ҳам санаб ўтиш мумкин.

Локализмдан глобализмга етиб келишга муваффақ бўлган яна битта ягона тиллар оиласига кирувчи миллатлар ҳамжамияти – дунё туркийларидир. Дунё туркийлари – сайёрамизнинг энг катта қитъаси, Евросиёнинг ўта кенг географик сарҳадларида яшаб келадиган миллатлар ва халқлар ҳисобланишади.

Дунё туркийларининг сони борасида аниқ келишилган маълумотлар мавжуд эмас. БМТ ва АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси охирги йиллик ҳисоботларига кўра, сайёрамиздаги туркий тилларда сўзлашувчи аҳоли сони камида 180-200 миллионни ташкил қилиши, Туркиядаги илмий-сиёсий доиралар маълумотларига кўра эса, биринчи ва иккинчи тил сифатида туркий тилларда гаплашадиганлар сони 250 миллиондан ошиши айтилади.

Туркий тиллар оиласи – дунё монотоизмининг маркази ва ҳотимаси бўлган Ислом динининг тўртинчи кенг тарқалган тил гуруҳидир. Туркий мусулмонлар, сони ва салмоғи бўйича, 1,65 миллиардлик Ислом цивилизациясида араб (21 давлат тили) индонез-малай (Индонезия, Малайзия, Бруней, Сингапур) ва бенгал (Бангладеш, қисман Ҳиндистон) тиллари қаторида, биринчи тўртликка киради, ва туркийлар мусулмон дунёсининг шимолий халқлари ва миллатлари ҳисобланишади.

Шу билан бирга, туркий дунё кейинги асрларда ўта машаққатли даврларни бошидан кечирди ва кечирмоқда. Туркий дунё – мустамлака қилинган дунё. Туркий дунёнинг фақат битта вакили – Туркия, кейинги асрларда инсоният тарихида ҳукмрон бўлган мустамлакачилик исканжасидан омон қолган давлатдир. Бугунги кунда мустақил туркий давлатлар сони олтитадир: Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Азарбайжон, Туркманистон ва Қирғизистон. Рўйхатдаги кейинги бештаси яқинда мустақилликни қўлга киритган, ва ҳали тўлақонли сиёсий-иқтисодий рақобатбардош жамиятлар қуриб улгурмаган давлатлардир. Шу бугунги кунда ҳам дунё туркийларининг кўплаб миллатлари ва халқлари мустақилликка ва давлатларига эга эмас. Жумладан, Шарқий Туркистон уйғурлари, Россия Федерацияси таркибидаги татарлар, бошқирдлар ва ҳ.к.

Афсуски, бир  неча юз миллионлик дунё туркийлари, тарихан шаклланган тил ва дин ўзлиги нақадар қимматли ресурс эканлигини англаб етганлари йўқ. Дунё туркийларининг, айниқса, янги мустақил бўлган туркий тилли давлатларнинг онги, сиёсий маданияти, ҳали ҳануз локализм даврида қолиб келмоқда – улар ҳамкорлик, самарали сиёсий-иқтисодий иттифоқлар шакллантиришдан кўра, ўзини ташқи дунёдан иҳоталаш ва ўз муаммоларини якка тартибда, муаммоли йўллар билан ечишни табиий деб кўришади.

Турк дунёси давлатлари

            Туркий дунёсининг энг қудратли давлати – Туркия бўлиб, аҳоли сони, сиёсий салоҳияти, иқтисодий имконияти, ҳарбий қудрати ва бошқа бир қанча мезонлар бўйича туркий дунёнинг мутлақ лидеридир. Туркия, ўзининг бир триллионлик ялпи ички маҳсулотига тенг иқтисодиёти билан, дунё давлатлари орасида 16-17 ўринларда келади, ва мусулмон дунёсида биринчи ўринда туради. У “Буюк Йигирматалик”га кирадиган ягона туркий давлатдир. НАТОга аъзо ягона туркий ва мусулмон давлати, анъанавий (ядро қуролидан ташқари бўлган) ҳарбий салоҳияти бўйича Европада энг қудратли ва альянсда АҚШдан кейинги иккинчи давлатдир.

Давлатнинг қудрати, унинг потенциалини ўлчовчи бир қанча мезонлар мавжуд. Жумладан, бу давлатнинг аҳоли сони ва инсон салоҳияти ривожланганлиги, худудининг катталиги ва жойлашув аҳамияти, иқтисодий тараққийлиги, ҳарбий салоҳият, табиий бойликлар, унинг тарихи ва бошқа омиллар. Ўзбекистон, жамият ва давлат сифатида ушбу мезонлар билан ўлчанганда, минтақада, турк дунёсида ва улкан Ислом дунёсида алоҳида ўринга ва аҳамиятга эга.

Глобал туркий дунёнинг иккинчи кўп сонли давлати – Ўзбекистондир. 1991 йилда мустақилликка эришган Ўзбекистон аҳолиси, расмий статистик маълумотларга кўра, мустақиллик арафасида 19 миллиондан ошарди. 2012 йилнинг охирига келиб, Ўзбекистон аҳолиси 30 миллиондан ошганлиги расман эълон қилинди. Ўзбекистонда йиллик соф аҳоли кўпайиши таҳминан 420 минг одамни ташкил қилади.

Биринчи ўрин. Ўзбекистон аҳоли сони-салоҳияти бўйича Марказий Осиёнинг биринчи давлатидир. Марказий Осиёнинг ялпи аҳоли сони 65 миллионга яқин бўлса, ундан сал кам ярми – 30 миллиони битта Ўзбекистонда истиқомат қилса, қолган 35 миллиони қолган тўрт республикада яшашади.

Иккинчи ўрин. Шу кунга қадар олтита туркий тилли мустақил давлат мавжуд бўлса, Ўзбекистон 75 миллионлик Туркиядан кейинги улкан турк дунёсининг иккинчи давлати ҳисобланади. Бу билан ўттиз миллионлик Ўзбекистон, Марказий Осиёдаги ва пост-совет ҳудудидаги биринчи туркий тилда сўзлашувчи давлатдир.

Учинчи ўрин. Ўзбекистон жорий аҳоли сони билан пост-совет ҳудудида Россия Федерацияси (аҳоли сони 140 миллионга яқин) ва Украина Республикасидан (45 миллион атрофида) кейинги учинчи ўринни эгаллайди. Пост-совет ҳудудида кузатилган демографик тенденцияларга кўра эса, Ўзбекистонда аҳоли кўпайиши бўйича мутлақ лидер ҳисобланади. РФ ва Украинада демокрафик тенденция жадал қисқариш томонга кетаётган бир пайтда, Ўзбекистонда йиллик соф аҳоли кўпайиши таҳминан 420 мингни ташкил қилади. Агар ушбу тенденция сақланиб қолса, таҳминан 2,5-3 ўн йиллик ичида Ўзбекистон пост-совет ҳудудининг иккинчи ўрнига чиқади, Украина эса учинчи ўринга тушади.

Ўн бешинчи ўрин. Улкан, динамик Ислом цивилизацияси тахминан 1,65 миллиард аҳолини қамраб олади, энг салоҳиятли Исломий ташкилотлардан бири ҳисобланмиш Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига 54дан ортиқ давлатлар аъзо. Бу ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисининг мутлақ кўпчилиги, ёки салоҳиятли қисми Ислом динига эътиқод қилишади. Энг йирик мусулмон давлатлар Индонезия (234 млн.), Покистон (164 млн.), Бангладеш (151 млн.) ҳисобланишса, Ўзбекистон ўзининг Исломга эътиқод қилувчи аҳоли сони билан мусулмон давлатлари ичида иккинчи ўнталигининг ўртасидан – ўн бешинчи ўринда жойлашади. Маълумки, ўттиз миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг таҳминан 90-92% Ислом динининг Аҳли суннат вал жамоа мазҳабида ҳисобланади.

            Ўзбекистон улкан туркий дунёнинг Туркиядан кейинги иккинчи йирик давлати, Марказий Осиё минтақасидаги, қолаверса пост-совет ҳудудидаги энг йирик туркий давлат ва мусулмон жамияти ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмон жамоасининг катталиги билан, Саудия Арабистони (28 млн аҳолининг 15% шиа мазҳабига эътиқод қилиши айтилади), Хитой Халқ Республикаси (мусулмон аҳолиси тахминан 20-25 млн атрофида баҳоланади, лекин мусулмонларнинг реал сони ХХР томонидан яшириб келинади), Яман (25 млн.), Малайзия (29 млн. аҳолининг 60-65% Исломга эътиқод қилади) каби давлатлар билан ёнма-ён, ёки улардан олдинда туради. Яни, Марказий Осиё давлатлари орасидаги, қолаверса, пост-совет ҳудудидаги энг йирик мусулмон жамоаси Ўзбекистонда истиқомат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистон дунё ўзбекларининг миллий маркази, эпицентр давлати ҳисобланади. Бутун дунё бўйлаб кейинги асрларда тарқалиб кетган ўзбекларнинг сони аниқ эмас, Ўзбекистоннинг истисносиз барча қўшни (Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон) давлатларида катта сонли маҳаллий (автохтон) ўзбек аҳолиси яшайди, бу аҳоли ушбу республикалардаги баъзан иккинчи, баъзан учинчи этник гуруҳлар ҳисобланишади. Салоҳиятли ўзбеклар (туркистонийлар) жамоалари Туркияда, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларда истиқомат қилишса, яқиндан бошлаб ўзбек диаспоралари шаклланиши ғарб давлатларида, жумладан, Россия, Украина, АҚШ ва ғарбий Европа давлатларида ҳам бошланди. Тахминий ҳисобларга кўра, дунё ўзбекларининг сони 34-40 миллион атрофида бўлиши мумкин.

Турк дунёсининг учинчи аҳолиси йирик давлати Қозоғистон бўлиб, ҳудуди жиҳатидан эса энг йирик туркий давлатдир. Қозоғистон ҳудуди катталиги жиҳатидан дунёдаги тўққизинчи йирик давлатики, ўзининг 2 миллион 724 минг кв.км сарҳадлари билан Туркиядан сал кам уч ярим баравар, Ўзбекистон ва Туркманистондан эса олти баравар, Қирғизистондан 13,7 баравар, Озарбайжондан эса 31,6 баравар каттадир.

Лекин аҳоли сони жиҳатидан эса, Қозоғистон Туркиядан 4,7 баравар, Ўзбекистондан икки баравар кичик давлатдир. Айни пайтда, Қозоғистон аҳолисининг таркиби нуқтаи назаридан, туркий бўлмаган аҳоли улуши энг йирик бўлган туркий давлатидир. 16 миллионга яқин Қозоғистон аҳолисининг таҳминан беш миллионга яқини руслар ва русийзабон, туркий бўлмаган миллатларни ташкил қилади.

Озарбайжон ўзининг сал кам ўн миллионлик аҳолиси билан тўртинчи йирик, ва Кавказ минтақасидаги ягона туркий давлат ҳисобланади. Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон аҳолиси 5,5 миллионни, Туркманистон аҳолиси эса 5,1 миллионни ташкил қилади. Яна бир мустақил туркий давлат сифатида Шимолий Кипр Турк Республикасини ҳам зикр қилиш мумкин. Шимолий Кипр аҳолиси сал кам 300 минг кишини ташкил қилади, ҳудуди эса 3300 кв.км.

Айни пайтда, юқорида айтилгандек, ҳали кўплаб туркий халқлар ва миллатлар ўзларининг мустақил давлатчилигига эриша олганлари йўқ. Шарқий Туркистон – Шинжон Уйғур Республикаси Хитой Халқ Республикаси таркибий қисмида – расмий Пекиннинг темир панжаралари остида, қаттиқ босимлар билан мажбурий ассимиляция қилинмоқда. Шарқий Туркистон – Шинжон Уйғур Республикаси ўзининг 1 миллион 743 минг кв.км сарҳадлари билан, туркий дунёнинг тутқиндаги энг йирик яхлит ҳудуди ҳисобланади. Агар Шинжон Уйғур Республикаси давлат мустақиллигини шу бугунги кунда қўлга киритганида эди, у улкан туркий дунёнинг ҳудуди жиҳатидан иккинчи (Қозоғистондан сўнг) йирик давлати, аҳолиси жиҳатидан (Туркия ва Ўзбекистондан сўнг) учинчиси бўларди. Маълумки, Ўарқий Туркситон – Шинжон Уйғур Республикаси ҳозирги ХХР умумий ҳудудининг олтидан бир қисмини ташкил қилади. ХХР назорати остида уйғурлардан ташқари яна кўплаб туркий миллатлар мавжуд, жумладан, қоғоқ, дўнган, қирғиз ва бошқа миллатлар.

            Умумий аҳолиси 140 миллионни ташкил қиладиган Россия Федерациясидаги иккинчи йирик тиллар оиласи – туркий тилларидир. Тува Республикаси, Чуваш Республикаси, Бошқирдистон Республикаси, Татаристон Республикаси, Саха-Ёқутистон Республикаси, Қорачой-Черкас Республикаси, Олтой Республикаларининг туб, маҳаллий аҳолиси ва титул миллатлари – туркийлар, ҳозирги кунда ҳам бу республикалар аҳолисининг мутлақ аксариятини ёки ярмини ташкил қилади. Шунингдек, туркий халқлар Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси, Кабардин-Булғор Республикаси, Ҳакасия Республикаси ва яқинда босиб олинган Қирим ярим оролида яшашади. РФ таркибида яна бошқа кўплаб туркий миллатлар борки, улар ўзларининг миллий-ҳудудий давлатларига, республикаларига ёки вилоятларига эга эмас: қўмиқлар, туркманлар, нўғайлар, сибир татарлари ва бошқалар. РФ таркибидаги туркий халқлар ва миллатларнинг умумий, яхлит сони тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, лекин тахминий маълумотларга кўра, уларнинг сони 20 миллиондан ошади.

Табиийки, туркий тилларда сўзлашувчи автохтон миллатлар ва халқлар, бошқа давлатларда ҳам яшашади, жумладан, Эрон Ислом Республикасида, Ироқда, Болгарияда, Молдавияда ва кўплаб бошқа давлатларда истиқомат қилишади. Кейинги бир неча ўн йилликларда миграция ва эмиграция орқали, Европа ва Шимолий Америка давлатларида ҳам кўп сонли туркий халқлар диаспораларига асос солинди.

Марказий Осиё ва Ислом

 

Маълумки, тил бирлиги ёки этник яқинлик тўлақонли интеграцияга асос/мафкура бўла олмайди, интеграцияга қўшимча, лекин кучли восита ҳисобланиши мумкин. Бир тилда ёки яқин тилларда сўзлашувчи, лекин бетиним зиддиятларда бўлган халқлар ва миллатлар кам эмас. Тил ва этник яқинлик, ўхшашликнинг социал функцияси ҳар доим ҳам интеграция эмас, яни тил мустақил равишда – дунёқараш бирлигини, қадриятлар яхлитлигини шакллантирмайди.

Тил ва этник яқинлик қулай коммуникация воситаси, агар икки тарафнинг қадриятлари бир-бирига ўхшаш бўлганда, яқин ёки бир тил ушбу дунёқараш яқинлигини янада кучайтиради. Замонавий таъсирчан дунёқараш тизимлари – мафкуралар, сиёсий-фалсафий оқимлар ва динлардир. Айниқса, Ислом дини каби мустаҳкам, мантиқан узвий, ҳаётий, инсон табиатига хос тарихий эволюцияларга чидамли, ғоялар корпуси ўта кенг ва чуқур бўлган дунёқараш-қадрият тизимининг муқобили ёки кучлироғи мавжуд эмас. Ислом дини инсоният тарихида ягона силсилага ва узвийликка эга Тавхид анъанасининг хотимаси ва марказидир.

Марказий Осиё минтақаси махаллий аҳолиси этник жиҳатдан туркийлар ва тожиклар (форсийлар)дан иборат. Лекин, бутун минтақанинг маҳаллий аҳолисини бирлаштирувчи, эффектив интеграцион омил – бу Ислом динидир. Унинг устига, минтақа аҳолисининг Исломий эътиқоди ягона мазҳабий-фиқҳий мактаб доирасида бўлиб, бу ўринда жуда сезиларсиз истиснолар кузатилади холос.

Маълумки, ҳар бир ўзликнинг бир қанча функциялари бўлади. Интеграция, бирлашув – ўзликнинг муҳим вазифалардан бири экан, ушбу вазифанинг яна бир қирраси – ташқи бегона ва таҳдидли ўзликларга қарши мудофаа қила олиш вазифаси ҳамдир.

Марказий Осиё минтақаси учун Ислом дини – ягона интеграцион ўзлик, ва ягона ташқи таҳдидлардан мудофаа ўзлигидир.

Бугунги Марказий Осиё – пост-атеистик минтақадир. Давлатларнинг сиёсий элиталари Исломга катта эҳтиёткорликдан тортиб очик қаршилик руҳида қарашадилар. Минтақанинг барча беш республикасида Исломга нисбатан ягона сиёсатнинг турли даражадаги ифодасини кузатиш мумкин. Ҳукуматларнинг дин борасида ўзларининг олдига қўйган вазифалари – ўз аҳолисининг Исломий диндорлик даражасини имкон қадар паст ушлаб туришдир. Бу стратегия барча давлатларга бирдек тегишли бўлиб, баъзиларида (Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон) бу сиёсатнинг қаттиққўллиги ҳукуматлар қўлидаги ресурслари билан боғлиқ бўлса, Қирғизистондаги нисбатан юмшоқроқ вазият давлатнинг фарқли стратегияси билан эмас, ҳукуматнинг заифлиги билан белгиланади.

Минтақада ўзининг Исломий ўзлигини энг кучли бостиришга интилаётган давлат – бу Ўзбекистондир. Ўзбекистон нафақат ўзининг диний ўзлигига хавотир билан қараётган давлат, балки ўзининг этник ўзликларини ҳам энг паст даражада тан олаётган давлатдир. Ўзбекистон аслида шундай ноёб давлатки, у бир томондан туркий дунёнинг аъзоси, айни пайтда, ўзининг кўп сонли тожик аҳолиси ва бой тарихи билан форсий дунёнинг ҳам таркибий қисмидир. Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатлари билан биргаликда, туркий-форсий дунёларнинг “кўприк” давлатлари сирасига киради.

Бугунги кундаги Ўзбекистон, ўзини ифодаловчи ўзликларни қандай тартибга солишни, яраштиришни, улар иштирокида геосиёсий иттифоқлар тузишни, ички ва ташқи сиёсатда барқарорлик, мудофаа ва тараққиётга қаратилган кучли воситага айлантиришни билмайди. Шу сабабки, Ўзбекистон бу ўзликларни ифодалаш борасида, уларни “баравар инкор қилиш” мавқеида турибди.

Марказий Осиё давлатлари, мустақилликка эришгач, ўзларининг келажакларини “дунёвий позициядаги демократик жамият ва ҳуқуқий давлат”да кўришларини билдиришди. Глобализм босими остида, минтақанинг бошқа тараққиёт йўли ва моделини тасаввур қилиш қийин. Гарчи ҳозирги барча беш республика авторитар бошқарув моделининг ҳар хил даражадаги қаттиққўллик режимлари билан белгилансада, шу нарса маълумки, келажакда инсонларни, жамиятларни тўлақонли назарот қилиш, ва бу орқали авторитар режимларнинг умрини сақлаб қолиш истиқболсиз. Глобализм, информационализм эркинликни ҳар тарафдан парваришлар экан, МО давлатларидаги режимларнинг табиати босқичма-босқич ёки инқилобий йўл орқали ўзгариши ҳам табиийдир. Ҳуқуқий давлат ва демократик жамиятларда эса дин борасидаги эски стратегия – аҳолининг диндорлик даражасини назорат қилиш, имкон қадар паст ушлаб туриш стратегияси ҳам яроқсиз ҳолга келади.

Ўйлайманки, МО давлатлари учун демократик, дунёвий тизимларни ривожлантирган шароитдаги дин борасидаги ягона мақбул стратегия – диний фаоллар, институтлар ва диндор аҳоли қатламларини жамиятнинг изоляция қилинган, назорат ва босим остидаги қатламидан ижтимоий-сиёсий масъул қатламига айлантириш стратегиясидир.

Бу стратегиянинг замирида давлат, жамият ва диний қатлам ўртасидаги ишончсизлик –ишончга, ихоталаш – эркин фикрлаш, эркин ҳаракатланиш ва ҳамкорликка алмаштирилади. Бунда жамиятнинг диний мойилликлари тизгинлаб турилмайди, назорат қилинмайди, балки доимий диалог орқали жамиятнинг сиёсий (эркинлик, зулмларсиз ҳаёт), иқтисодий (фаровонлик) ва маънавий (солиҳлик, кўнгил ҳалофати) манфаатлари ўртасида узвий мутаносиблик изланади.

Агар эътибор берилса, Ислом динига эътиқод қиладиган туркий халқлар ва миллатлар ташқи босимларга, ассемиляция қилишга уринишларда анча бардошли ҳисобланади. Унинг устига, қайси бир мусулмон туркий халқнинг диндорлик даражаси юқорироқ экан – у демографик, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан нисбатан салоҳиятлидир. Аксинча, қайси бир туркий халқнинг Исломий диндорлик даражаси, диний тарихи ва диний тафаккур тажрибаси пастроқ ва қисқароқ экан – унинг салоҳияти ҳам мутаносиб равишда қисқадир. Ислом динидан ташқарида қолган туркийлар эса – бугунги кунда йўқолиб бораётган, ассимиляция қилинган халқлар ҳисобланишади. Ислом дини инсонларга ва жамиятларга мисли кўрилмаган даражада социал энергия берувчи омилдир. Ислом дини уни ифодалаётган тилни кенгайтириб юборади. Мисол учун, баҳайбат одамга кичик боланинг кийимлари сиғмагани каби, Исломдаги улкан ғоялар ва тушунчаларни ифодалаш учун, у ҳақда гапираётган ҳар қандай тил кенгайишга, ривожланишга мажбур бўлади.

Марказий Осиё минтақаси, қолаверса қолган ҳудудларда ҳам, туркий тиллар ва Исломий эътиқод, бир-бирини тўлдирувчи омил бўлиб, Ислом қардош халқлар ўртасидаги зиддиятларни, ўзаро миллатчиликни, шовинизмни эффектив бостира оладиган ягона тизим сифатида намоён бўлади. Айнан шу сабабларки, Ислом дини ва туркийлик бир томондан ички жипслаштирувчи рол ўйнаса, иккинчи томондан туркий бўлмаган халқлар билан боғловчи, бирлаштирувчи омил сифатида қадрланиши лозим.

 

Туркий дунёнинг долзарб вазифалари

 

Туркий дунё, географик улкан, демографик салоҳиятли бўлишига қарамасдан, у сиёсий пароканда, маданий ва геосиёсий тарқоқ, глобал сиёсатнинг қудратли субъекти эмас, объекти бўлиб қолмоқда. Ҳаттоки мустақил туркий давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишончдан кўра, шубҳаланиш, носоғлом рақобат ва бир-бирини инкор қилиш устунлиги кўриниб туради. Туркий дунёсининг биринчи ва иккинчи давлатлари – Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни “барқарор совуқлик муносабатлар” деб таърифлаш мумкин. Ўзбекистонда бугунги кунда шаклланган сиёсий тизимга кўра, давлат бошқаруви коллектив стратегик фикрлашга эмас, якка шахс ҳотирасига, кечинмаларига асосланар экан, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларга масъулият кўпроқ Туркия зиммасига юкланади. Яни, бугунги кундаги шароитда, икки давлат ва икки халқ ўртасидаги муносабатларни ижобий кўринишда сақлаб туриш ва имкон қадар ривожлантириш масъулияти расмий Анқарага кўпроқ юклатиладики, бугунги кундаги расмий Тошкентнинг айбларини рўкач қилиб, иккинчи туркий жамиятни ўз ҳолига ташлаб қўйиш тарихий, стратегик хато бўлади. Туркия қисман шу йўлдан кетмоқда ҳам. Туркия бир тарафлама Ўзбекистон ватандошларига визани бекор қилди, ва бу қадамнинг жиддий ижобий натижалари кузатилмоқда. Туркия, аста-секинлик билан, Ўзбекистон жамияти учун Россиядан кейинги – иккинчи геосиёсий ва геомаданий ориентир бўлиб бормоқда.

Айни пайтда, Туркия ташқи сиёсати, дипломатиясининг Ўзбекистон йўналишидаги вазифаси – Ўзбекистон ва Туркия жамиятлари ва давлатлари ўртасидаги узвийликни, ҳамкорликни, ишонч ва интеграция даражасини тинимсиз юқори паллага олиб чиқишга қаратилган бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, Туркиянинг Ўзбекистон борасидаги сиёсатида бирламчи омил деб – якка шахслар ва якка лойиҳалар эмас, ўттиз миллионлик Ўзбекистон жамияти қаралиши лозим. Бугунги кунда авторитар режим Ўзбекистон жамият устидан мустаҳкам монополия ўрнатиб олган. Расмий Тошкент ҳалқаро майдонда инжиқ ва беқарор ҳамкор, хусусан Туркия учун ҳам. Агарки, Туркия олдида бугунги Ўзбекистондаги каби, бир томондан якка шахслар-лойиҳалар, бошқа томондан жамият-давлат ўртасида зиддият мавжуд бўлар экан, Туркия ўзида шундай сиёсий-дипломатик салоҳият топиши керакки, лойиха шахсларнинг ҳавфсизлигини таъминлаган ҳолатда, жамиятга эътиборнинг устунлигини исботлаши, стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳамкорликни барқарор давом эттириши лозим.

Турк дунёсининг йирик муаммоларидан бири – ягона ахборот ҳудудининг мавжуд эмаслиги. Араб дунёси қанчалик сиёсиё тарқоқ бўлмасин, барча араб жамиятлари Ал-Жазира, Ал-Арабия ва бошқа ОАВлари таъсири остидаги ягона ахборот муҳитида яшайди. Англосаксон дунёси узвий ахборот, сиёсий, диний, ва ҳавфсизлик тизимида бирлашгандир. Лотин Америкаси ҳам кейинги ўн йилликлар ичида анча сиёсий ва иқтисодий интеграцияга юз тутди. Лекин турк дунёси ҳали ягона ахборот ҳудуди яратиш борасида жиддий ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Унинг устига, янги мустақил бўлган туркий давлатлар ҳам ўзларининг хусусий ахборот маконларини шакллантира олишмади.

Турк дунёсининг асосий мустамлакачилари икки йирик империядир. Бири – кўпгина экспертлар томонидан “сўнаётган” деб таърифланувчи Россия Федерацияси бўлса, иккинчиси, ўта тезлик билан ривожланаётган Хитой Халқ Республикаси. Бу икки давлатни бир қанча омиллар бирлаштириб туради: аксил-ғарб, аксил-Исломий ва ниҳоят, аксил-туркий (уларга кўра, сепаратистларга қарши) кайфият, мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик.

РФ томонидан Қиримнинг ҳарбий куч ва сиёсий технологиялар орқали Украинадан юлиб олиниши глобал сиёсатда катта ўзгаришларни бошлаб берди. Қоғоғистоннинг Россияга бўлган ярим ишонч-ярим хавотир кайфияти тўлалигича ҳавотир билан алмашди. Марказий Осиё давлатлари, чорак аср олдин каби, Москвага нисбатан тўлақонли қўрқувга ботди. Турк дунёси ва унинг лидери Туркия олдида турган вазифалардан биринчиси – мустақил туркий давлатлар билан шу пайтгача шаклланган муносабатларни қайта кўриб чиқиш, эски совуқ муносабатларни ижобийлаштириш ва МО давлатларининг миллий мустақиллигига таҳдидлар пайдо бўлса – ҳамкорликда жавоб излаш, ва бу билан туркий давлатлар мустақиллигини мустаҳкамлаш бўлиши керак.

Шу пайтгача ташқи дунёдан, жумладан мусулмон ва туркий дунёдан ўзини изоляция қилишга одатланган Ўзбекистон ҳам олий ҳокимият алмашинув палласига яқинлашиб бормоқда. Ўзбекистон кўпгина фундаментал зиддиятлар қаршисида қолмоқда. Биринчидан, минтақадаги энг қаттиққўл авторитар режим Ўзбекистондадир. Иккинчидан, ўттиз миллионлик Ўзбекистон ўзининг ички барқарорлигига ва тараққиётига фақатгина инсон потенциалини таъминлаб эришиши мумкин холос. Ер ости ва ер усти бойликлари авторитар режимга истиқболда вазиятни ислоҳотларсиз ушлаб туриш имкониятини бермайди. Учинчидан эса, Ўзбекистоннинг на ичкарисида, на ташқарисида жамият олдида турган вазифаларига мунатосиб интеллектуал салоҳиятли демократик элитаси мавжуд эмаски, бу холат Ўзбекистоннинг тақдири сермашаққат кечишига ишорат қилади.

            Ўзбекистонда олий ҳокимияти ўзгариши давлат ички ва ташқи сиёсатининг қисман ёки тўлалигича кўриб чиқилишига имконият беради. Мана шундай сиёсий фурсатдан фойдаланиб, Туркия янги Ўзбекистон раҳбариятининг туркий дунё билан ҳамкорлик қилиш мойилликларини шакллантириш ва парваришлашга интилиши лозим бўлади.

Туркий дунёнинг йирик вазифаларидан бири – форсий тилида сўзлашувчи давлатлар ҳамжамияти билан муносабатларни тартибга солиш, ишончли лойиҳалар асосидаги ҳамкорликни ривожлантиришдир. Жумладан, шундай лойиҳалар қабул қилиниши керакки, Тожикистон МО туркий давлатлари ҳамкорлигидан қўрмаслиги ҳам, четда қолмаслиги ҳам керак. Тарихан шундай шаклландики, дунё туркийлари ва форсийлари бир бири билан энг кучли қоришган, аралашган ва ҳамнафас бўлиб яшаётган халқлардир: Эрондаги иккинчи йирик этник гуруҳ – озарийлар, Ўзбекистондаги иккинчи йирик этник гуруҳ – тожиклар, Тожикистондаги иккинчи йирик этник гуруҳ – ўзбеклар, Афғонистон эса учта йирик этник гуруҳ асосига қурилгандир – пуштунлар, тожиклар ва ўзбеклардир. Бу халқларнинг барчасини бирлаштириб турувчи омил Ислом динидир.

Ҳар бир алоҳида олинган туркий давлатнинг, миллатнинг кун тартибида турган муаммолари, долзарб вазифалари бор. Бу кимдир учун ўз ички энергиясини тинч йўл билан тараққиётга йўналтирилган тизим шакллантириш, яна кимдир учун ўзининг улкан ва бўм-бўш ҳудудларини ўзлаштириш ва ўз қўлида ушлаб қолиш, яна бошқа биров учун миллий ва давлат мустақиллигига эришиш ва сақлаб қолиш ва ҳ.к. Бугунги куннинг ва келажакнинг муаммоси шундаки, бундан кейин, реал воқеълик локализмдаги каби “бетарафлик”, “дахлсизлик” тақдим қилмайди. Демакки, бундан кейин, атроф-муҳит ва ташқи дунёдан дахлсизликка, иҳота остидаги алоҳида тараққиёт модели шакллантиришга умид қилиш ўринсиздир. Бу фикрлар туркий дунёга, Марказий Осиё давлатларига ҳам тегишлидир. Туркий-мусулмон дунёси фақатгина босқичма-босқич интеграцияга киришган ҳолда ўзининг манфаатларини ҳимоя қила олишини тушуниб боради, ва бу тафаккур янги сиёсий элиталар фикрлашида ўз ифодасини топишга асосли умид қилиш мумкин бўлади.

Тарихий локализм даврида улкан мусулмон дунёси маълум тақсимланишга – мазҳабий бўлинишга учради. Лекин бу тақсимланиш, дифференциация мусулмон дунёсининг келажакдаги интеграциясига мутлақо тўсқинлик қила олмайди. Сабаби, тақсимланиш пропорцияси катта эмас, бўлиниш қизиқлари бирлаштирувчи (Қуръон ва Каъба) институтларга нисбатан ифодаланмаган. Глобализм эса борган сари бирлашувни, унификация ва интеграцияни тақозо қилаверади. Туркий дунё ҳам, форсий дунё ҳам ушбу мазҳабий бўлинишдан четда қолмади. Бугун инсоният глобаллашув жараёнининг энг бошланғич палласида турибди. Ҳар йили янги информацион технологиялар авлоди кашф қилинаётган даврда, йилига юз миллионлаб аҳоли биринчи марта доимий интернет тармоғига уланмоқда.

Локализм жамиятларга турфахиллик учун қулай имконият берган бўлса, глобализм инсонларни, жамиятларни ва цивилизацияларни тинимсиз ўзаро алоқаларга, мулоқотга ва рақобатга ундайверади. Шу пайтгача жамиятлар, давлатлар ва цивилизациялар ўртасидаги рақобат куч ишлатиш қобилиятида кўпроқ ифодаланган бўлса, бундан сўнг ҳақиқий рақобат – глобал инсоният нигоҳи ва жамоатчилик фикри назоратидаги ғоялар рақобати энди бошланади.

Демак, туркий дунё ўзи алоҳида, ҳамда Ислом цивилизациясининг таркибий қисми сифатида, бошланган ва келажакда фақат кучаядиган глобал рақобатга тайёрланиши лозим бўлади.

Муаллиф ҳақида:

1999 йилда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетини араб ва инглиз тиллари мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1999-2002 йилларда Президент ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши Академиясида сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича аспирантурада ўқиган.

2005-06 йилларда Польшанинг Варшава Университетида сиёсатшунослик тингловчи сифатида тадқиқотлар олиб борган.

2001-02 йилларда Ўзбекистон Республикаси Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида илмий ходим;

2002-04 йилларда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида илмий ходим.

2004-05 йилларда Фуқаролик Жамиятини ўрганиш институтида ката илмий ходим.

2003-05 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги Халқаро Республика Институти консултанти, Олмониянинг Конрад Аденауэр фонди билан референт сифатида ҳамкорлик қилган.

Камолиддин Раббимов 2007 йилдан буён ўз илмий-тадқиқот фаолиятини Францияда, тадқиқот маркази доирасида давом эттирмоқда.

Мени “Халқаро Туркистонликлар Қурултойи”га таклиф қилишгани, ва қурултойда ўз фикрларимни билдиришга берилган имконият учун «Туркистонликлар Халқаро Ҳамкорлик Жамияти“га, унинг раҳбариятига – Туркиянинг таниқли жамоат арбоби Бурҳон Қовунчи ва доктор Намоз Нормўминларга ўз самимий миннатдорчилигимни билдираман. Туркий давлатлар ҳукуматларининг муносабатлари беқарор ва етарсиз бўлиб турган шу даврда, «Туркистонликлар Халқаро Ҳамкорлик Жамияти“нинг туркий миллатлар, халқлар ва давлатларнинг ўзаро алоқаларини ривожлантириш, туркийлик ва Исломий ўзликни ҳамоҳанг ифодаси мақсади – юксак таҳсинларга лойиқ. Мен «Туркистонликлар Халқаро Ҳамкорлик Жамияти“га самимий ҳурматимни билдириб қоламан,

ХАЛҚАРО ТУРКИСТОНЛИКЛАР ЖАМИЯТИ ҲАҚИДА:

Cibali Mahallesi
Salihpaşa Caddesi 2/4 Unkapanı
Fatih/İstanbul/Türkiye

Phone: +90 212 523 23 80.
Fax: +90 212 523 23 80.

Email: [email protected]
Web: http://www.turkistanlilar.org

 

 

 

 

 

©Дунё туркийлари глобаллашган дунёда.

Камолиддин М.РАББИМОВ. Сиёсатшунос, Франция. 05.06.2014 й.

 

 

Alakalı yazılar

Yorum yazın