Туркистонликларнинг норозилик намойиши ва матбуот баёноти ҳақида

Эртага яъни 11 январь куни соат маҳаллий вақт билан соат 13.00 да Истанбулда муҳожиратдаги ўзбек фуқорларига қарши қилинаётган қотилликларга қарши намойиш бўлади.

Матбуот баёноти матни:

ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯЛИК МУҲОЖИРЛАРГА ҚАРАТИЛГАН ҚАТЛИОМЛАРГА ҚАРШИ НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИ

Сўнгги йилларда ўзбек ва чечен қочоқларига нисбатан бўлаётган жиноятларга асосий эътибор қаратиш мақсадида Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик жамияти “Туркистон-Дер” жамияти норозилик намойиши ва оммавий матбуот анжумани ўтказишни режалаштирмоқда. Кейинги якшанба (11 январ, 2015) Истанбул, Фотиҳ “Сарачане” паркида соат 13:00 да бўлиб ўтадиган намойишни “Мазлумдер” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Шарқий Туркистон Таълим уюшмаси ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Ушбу тадбирда Туркиядаги муҳожир ўзбеклардан кўпчиликнинг иштирок этиши кутилмоқда.

Анжуманнинг шиори қуйидагича:

ЕТАР!!!

Ўзбекистон ва Россиялик қочқинларга нисбатан бўлаётган жиноятларга норозилик билдирамиз!

Ватандан қочишдан бошқа чораси қолмаган ўзбек мухолифларга чет элда ҳам суиқасд давом этмоқда. Яқинда Туркия жумҳурияти ҳудудида, яъни Истанбулда Абдуллоҳ Бухорий рус ва ўзбек махсус хизматлари ходимлари томонидан ўлдирилди.

Аввалроқ Россия, Қирғизистон ва Швецияда амалга оширилган суиқасдлар занжири Истанбулнинг Зейтинбурну туманида ҳам акс-садо берди.

Ўзбек муҳожирларига қаратилган қотилликлар Ўзбекистон ҳукумати ҳамда унинг иттифоқчиси Россиянинг ёрдами, бевосита ва билвосита иштироки натижасида содир этилаётгани маълум бўлди. Бу суиқасдлар илгари Туркияда содир этилган “Чечен суиқасди” га ўхшаб кетади. Чеченистоннинг Россия тарафидан ишғол қилинишига қарши бўлган Чечен биродарларимиз Россия жосуслик хизматининг “қўғирчоғи” Қодиров билан тил бириктириши натижасида ўлдирилган эди.

Энди эса, Ўзбекистонда диктаторлик режимига қарши бўлган ўзбек олимлари ва сиёсатчилар нишонга олинмоқда.

Ўзбекистондаги Каримов бошлиқ ноқонуний ҳукумат мухолифларни ўғирлаш, узоқ муддатли қамоқ, суиқасд уюштириш, ном-нишонсиз йўқотиш каби ишларни дастлаб 1992 йилда бошлаган эди.

Энг дастлаб ўғирланган киши – имом Абдулла Ўтаев 1992 йилдан бери дом дараксиз йўқолди. Ўзбекистон Миллий Хафвсизлик хизматлари томонидан томонидан сўроқ қилиш учун олиб кетилганидан бери ундан бирон бир хабар олинмади.

Иккинчи воқеа машҳур ислом олими Абдували қори 1995 йилда Тошкент аэропортида қўлга олинган ва у кишининг тақдири ҳалигача ноъмалум бўлиб қолмоқда.

Бундан сўнгра баъзи суиқасдлар амалга оширилди:

2006 йилда Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридаги “Сараҳс” масжиди имоми Муҳаммад Рафиқ Камолов ёнидаги икки одам билан бирга суиқасд натижасида ҳалок бўлди. Қирғизистон расмий идоралари таёрлаган баёнотга кўра, қотиллик Ўзбекистон МХХ (разведка) ходимлари томонидан ташкиллаштирилган.

Навбатдаги суиқасднинг қурбони 2007 йил 24 октябр куни Қирғизистонда журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Алишер Соипов бўлди. Қирғизистон фуқароси Алишер Соипов ўзбек мухолифати билан ҳамкорлиги учун Ўшда ўлдирилди.

2010 йил октябрида Россиянинг Сибир ўлкасида Нур Ислом партияси раҳбари, имом Исомиддин Акбаров машинасида икки номаълум шахс томонидан Калашников автомати орқали отиб ўлдирилди. Қотиллар ҳанузгача топилгани йўқ.

2011 йилда Ўзбекистонда Халқ ҳаракатининг Россия вакили Фуад Шокирийга суъиқасд уюштирилди. Шокирий 2011 йилнинг 24 сентябрида қуролли ҳужум натижасида Россиянинг Иванова шаҳрида ҳаётдан кўз юмди.

2012 йилда Швецияда Ўзбекистонлик муҳожиротдаги ислом олими Обид қори Назаровга нисбатан амалга оширилди. Ўша йилнинг 2 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасида рус асилли Юрий Жуковский Обид қори Назаровга унинг уйи олдида яқин масофадан туриб ўқ отди. Жиддий жароҳатланган Обид қори икки йил давом этган комадан яқин кунларда чиқишга муваффақ бўлди. Назаровга қилинган ҳужум билан боғлиқ жиноят ишида уч киши ва бир аёл ҳибсга олинди ҳамда улар Ўзбекистон хавфсизлик кучлари билан ҳамкорлиги борли-гини тан олди.

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида “Камолат” мадрасаси директори Мухторжон ака пичоқлаб ўлдирилди. Намозхон бўлиб танилган бошқа кўплаб биродарларимиз Россиянинг турли шаҳарларида ўғирлаб кетилиб, Ўзбекистонга топширилмоқда.

Ва ниҳоят, Истанбулда 2014 йил 10 декабр куни имом Абдуллоҳ Бухорийга қарши суиқасд амалга оширилди. Абдуллоҳ Бухорий қуролли ҳужум натижасида ҳалок бўлди. Қотил ва унинг жиноятчи шериклари ҳибсга олинди ва айбига иқрор бўлишди. Жиноятни амалга оширганлар юқоридагилар билан бир хил эди: Ўзбекистон МХХ си ва Россия ФСБиси.

Ушбу ҳужум, суиқасд ва қотилликлардан ташқари, Ўзбекистонда юзлаб одамлар қийноқлар остида ҳалок бўлди. Қийноқлар натижасида ўлдирилган кишилар орасида “қийноқларга дучор қилмаслик ва азоб бериб ўлдирмаслик” ҳақида ёзма кафолат олгандан кейин 1999 йилда Туркия ҳукумати Ўзбекистонга таслим қилган Зайниддин Аскаров ҳам бор. Яна 2000 йилда Ўзбекистоннинг қамоқхоналари ичида қийноқлари ила машҳур бўлган Жаслиқ ҳибсхонасида қайноқ сув ичида тириклайин қовурилган Музаффар Авазовни мисол келтириш мумкин.

Ўзбекистон халқи золим Каримов диктаторлиги остида энг асосий инсон ҳуқуқларидан ҳам маҳрум қолмоқда Диний таълим, ибодат ва ҳижоб ман этилган, шунингдек, сиёсий ташкилотлар, матбуот ва сўз эркинлиги йўқ. Шу боис юз минглаб ўзбекистонликлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди.

Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг чўкишига, халқнинг қашшоқлашишига Каримов олиб борган диктатура сабабдир. Диктатор ҳокимиятда қолиш учун қувғиндаги мухолифатчиларни йўқ қилишни мақсад қилган.
Биз – Туркиядаги муҳожирлар бу давлат ҳудудида, Туркия қонунларига зид равишда ўзбек қочқинларига нисбатан амалга ошириладиган барча ҳужумларни қоралаймиз, қамоқ ва ўлим таҳликаси бўлгани учун муҳожир биродарларимизни Ўзбекистонга топширмасликларини сўраймиз.

Ўзбекистон ва Россия томонидан ташкил этилган бундай сиёсий қотилликларни тўхтатиш учун 11 январ, якшанба куни Фотиҳдаги “Сарачхане” паркида норозилик намойиши ва оммавий матбуот анжумани бўлиб ўтади.

“TУРКИСТОН-Дер” жамияти,

“MАЗЛУМДЕР” жамияти,

“Шарқий Туркистон Маориф Уюшмаси.

10.01.2015

Alakalı yazılar

Yorum yazın