Қалб Муҳаббати Ва Нафс Шаҳвати
19 Ocak 2016  //  By:   //  Dr. N. Normumin  //  No Comment   //   600 Okunma

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Мавзудаги икки атаманинг ўртасидаги “ва” боғловчиси албатта ортиқчадир. Чунки инсоннинг қалби  ва нафсини нисбатан бир биридан айри, дея таъриф қилиш мумкин бўлсада, муҳаббат ва шаҳватни асло бир биридан айри тушуниш ҳам, таърифлаш ҳам тўғри эмас…

Аввало шаҳват (кўпчилик ҳоли “шаҳавот”) сўзининг луғавий маъносига тўхталишимиз зарур, деб ўйлайман. Бу калима араб тилида ўзбек тилидаги шаҳвонийликни эмас, умумий иштиёқни, истакни изҳор қилади. Севги эса маълум бўлгани каби иштиёқнинг, чидаб бўлмас бир иштиёқнинг ифодасидир, бундай иштиёқдан туғиладиган ҳис ҳаяжонлар, фикру режалар, амалу ҳаракатларнинг мажмауасидир …

“Одамларга аёллар, болалар, тўп тўп олтин ва кумушлар, чиройли отлар, чорва моллари ва экин текинлар шаҳватининг (иштиёқининг) муҳаббати зийнат қилиб берилди… ” (Оли Имрон сураси, 14 оят)

“…шаҳватининг (иштиёқининг) муҳаббати (севгиси) зайнат қилиб берилди…”.

Яъни, илоҳий ҳақиқатга кўра, иштиёқ муҳаббатнинг бир парчаси, унинг мураккаб ва ўзига хос моҳиятининг ажралмас қисмидир. Бошқа сўз билан айтганда иштиёқ муҳаббатнинг, севгининг бошланиши, ибтидосидир.

Яна бошқа бир шаклда ифодалайдиган бўлсак, қон инсон вужудида қандай маънони касб этса, севги муҳаббат ҳам инсон ҳаётида шундай маънони билдиради. Яъни, қон вужуднинг бутун ҳужайраларига етиб боргани ва уларга жон бағишлагани каби, севги муҳаббат ҳам унинг ҳаётининг катта кичкина, кўринадиган ва кўринмайдиган бутун соҳаларига жон беради. Бир сўз билан айтганда инсонга агар инсон номи берилмаганда эди, унга албатта севги ёки муҳаббат номи берилган бўларди. Чунки инсон севги муҳаббатдан туғилиши маълум. Ҳатто унинг ўлими ҳам баъзан бу инсонга бўлган севгини йўқота олмайди. Худди, оламдан ўтган ота оналарнинг севгиси фарзандларнинг қалбида муҳрланиб қолгани каби…

Севги муҳаббат мавзуси Илоҳий ҳақиқатларда тасвирлангандан кейин башарий китобу ҳикояларда бу мавзуни четлаб ўтилишининг имконсизлиги ўз ўзидан тушунарли бўлса керак. Хуллас, инсонни жонсиз тасаввур қилиб бўлмагани каби, уни севги муҳаббатсиз ҳам тасаввур қилиб бўлмайди…

Ўзбеклар севги муҳаббатни “кўнгил қўйиш” ҳам дейдилар. У бировга “кўнгил қўйибди”, дейишади кимнингидир бошқа бировга севгисини таърифлаш учун…

Халқ оғзаки ижоди ва тарихий мистик ривоятлардан бошлаб, инсоният ичида кейин ўртага чиққан адабиёт ва санъат соҳасидаги деярли бутун асарлар мавзуларининг асосини севги муҳаббат ташкил қилиши ҳам жумлаи оламга сир эмас. Эски Юнон мистик (хаёлий) ҳикояларидаги севги Тангричаларидан бирининг исми Венера эди. Кейинчалик инсонлар “чегарасиз” севги муҳаббат, яъни шаҳвоний алоқалар туфайли ўртага чиқадиган ва улар учун жирканч бир муҳрга айланган таносил касалликларига “Венера касалликлари” (русча “Венерические Заболевания”) номини бердилар…

Ромео ва Жулетта, Отелло ва Дездемона, Алпомиш ва Барчиной, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, Отабек ва Кумуш…Тирик инсонлар севги муҳаббатдан туғилгани каби бунинг каби яна мингларча ва миллионларча хаёлий қаҳрамону персонажлар ҳам мана шу севги муҳаббатнинг “асарларидир”…

Шундай экан, нима ўзи севги ва муҳаббат? Бир нарса ёки жараён ҳақида бундай саволнинг берилиши у нарсанинг илдизини излашга бошлайди бизни…Севги муҳаббатнинг илдизини излар эканмиз, ҳақиқий, яъни имон билан йўғрилган севги муҳаббатнинг бир илдизи, ҳавойи нафсда туғилган дунё мулки, мақоми, мансаби ва жинсий шаҳвонийликнинг худди ажириқ томирлари каби жуда мураккаб илдизларга эга эканлигига гувоҳ бўламиз…

Аввало, севги муҳаббатнинг ягона ва ҳақиқий илдизи ҳақида тўхталайлик. Чунки аввал ва азалдан бор бўлган, бутун коинотлару махалуқотларнинг Яратувчиси, демакки ягона Робби ва Илоҳи бўлган Улуғ Зот Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир севги ва муҳаббат…Ал Вадуд, яъни севиладиган ва севадиган буюк Зотдир Аллоҳ субҳанаҳу ва таало…

“У (Аллоҳ) Ал Ғофурул Вадуддир…” (Буруж сураси, 14 оят)

Инсонлар орасида баъзан севги ва муҳаббат бир тарафли бўлиши мумкин, лекин Аллоҳ мутлақ севги ва адолат эгасидир. Яъни, банда Аллоҳни севадиган бўлса, албатта Аллоҳ ҳам бу бандасини севади..

“Ким аҳдиги вафо қилса ва тақвадор бўлса, Аллоҳ бундай тақводор (банда)ларни севади…” (Оли Имрон сураси, 76 оят)

“Аллоҳ сабрлиларни севади…” (Оли Имрон сураси, 146 оят)

Аммо банда Аллоҳнинг севгисидан ғофил бўлиб, номардлик ва хиёнат йўлига кирадиган бўлса, албатта Аллоҳ бундай бандаларни севмайди:

“Албатта, Аллоҳ хоинларни севмайди…” (Анфол сураси, 58 оят)

Аллоҳ таоло марҳаматлидир, шунинг учун ҳам у севги ва муҳаббатни фақат Ўзининг Зотига махсус қилиб қўймайди. У бу чексиз ва лаззати беқиёс иштиёқни, яъни севги муҳаббатни бандаларига ҳам раво кўрди. Бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз албатта, ҳозирча Илоҳий севгининг илдизларини тадқиқ қилишда давом этайлик…

Демак, Аллоҳ хам севиладиган ва севадиган улуғ Зотдир. У севги ва муҳаббатни бандарига тақсимлаш билан бирга асл Маҳбубнинг (севилувчининг) Ўз Зоти эканлигини марҳамат қилади:

“Одамлар ичида Аллоҳдан ўзгаларни У Зотга тенг кўриб, уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Мўминларнинг эса Аллоҳга бўлган севгиси жуда шиддатлидир. (Яъни, мўминлар олий, илоҳий севги билан фақат Аллоҳни севадилар)…” (Бақара сураси, 165 оят)

Яъни, эй банда сени яратган Роббингга қарши ношукр бўлма ва мутлақ ва тенгсиз бир севги билан фақатгина Аллоҳ таолони севгин…Нега? Чунки севги ва муҳаббат шунчаки бир туйғу, ҳис ҳаяжон эмас. Инсоннинг ҳаётга келишининг воситаси бўлган севги ва муҳаббат инсонларни бу дунё ҳаётига ва бир бирларига боғлаган восита ҳамдир. Шундай экан, эй инсон аввало кўнглингни, қалбингни севги ва муҳаббат билан Роббингга боғла ва у улуғ Зотнинг севгисига ярашадиган бандалик даражасига эриш…

Ҳақиқий инсон (комил инсон эмас, чунки инсон фарзанди ҳеч қачон комил, яъни нуқсонсиз бўла олмайди), ҳақиқий мўмин бўлиш учун албатта банда ўз Роббига мана шундай самимий ва пок бир муҳаббат билан боғланиши керак бўлади. Ана шунда инсон Аллоҳ таолони қўйиб, тошу ҳайкалларга, бандалару сигирларга ва яна шайтон унга Илоҳ деб кўрсатадиган жонли ва жонсиз нарсаларга бандалик қилмайди, уларга сиғиниб, ибодату итоат қилиб икки дунёда шарманда бўлмайди…

Илоҳий севги яна инсонни тўғриликка, адолатга, самимиятга, меҳру шафқатга, руҳ,ақл, қалб, нафс ва вужуд покизалигига бошлайди. Энг муҳими эса қалбларида Илоҳий севгига ўрин берганлар ҳақиқий муҳаббатнинг моҳиятини тушуниб етадилар. Шунинг учун ҳам улар аввало Роббиларини, кейин уларни Аллоҳ таолога илк даъват қилган пайғамбарлари Муҳаммад (сав)ни, кейин уларнинг дунёга келишларига сабаб бўлган ота оналарини ва энг сўнгида эса жуфту ҳалолларини, фарзандари ва дўсти биродарларини севадилар…

Бугун инсоният ичида эгрилик, худбинлик, моддапарастлик, хиёнат, риё, кибр, ёлғон, ҳасад ва булар келтириб чиқарган ўзаро душманлик ва урушлар худди микроблар каби урчиб бораётган бир замонда, бу маънавий ва моддий хасталикларнинг ягона шифоси инсонларнинг Аллоҳ таолога бўлган Илоҳий севгиси эканлигини ким ҳам рад қила оларди, дейсиз…

Демак, севги баъзилар ўйладиган ва баъзилар кўйлайдиган, фақатгина севдим, ёндим, ақлу ҳушимни йўқотдим, ўлдим каби ишқ изҳори ва шаҳватнинг доду фарёдидан иборат эмас экан…

Инсон қалбини Илоҳий севгига тўлдириш билан ҳақиқий инсонга айланади дедик. У ҳолда бу севгининг шарти нима?

“Айтинг (эй Муҳаммад): Агар сизлар Аллоҳни севсангизлар, у ҳолда менга (пайғамбарга) эргашингизлар. Мана шунда Аллоҳ ҳам сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади…” (Оли Имрон сураси, 31 оят).

Ҳеч шубҳасиз, иймонли бандалар учун Муҳаммад (сав)ни севиш Аллоҳ севгисидан кейин келадиган энг покиза муҳаббатдир. Чунки инсонларни икки дунёда саодатига эриштирадиган, Илоҳий ва инсоний севги муҳаббатнинг моҳиятини очиб берадиган Қуръони Карим пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га нозил бўлди. Расулуллоҳ (сав) инсонларга Илоҳий ва башарий севгининг моҳиятини ўргатдилар, Исломдан аввалги жоҳилият даврида инсонларнинг қалбларини тўлдирган ширк, риё, ёлғон ва ҳасад хасталикларини, ҳаётларини тўлдирган шаҳвонийлик, ширк, зулм ва бошқа жоҳилият одатларини Қуръони Карим оятларида марҳамат қилинган Илоҳий ҳақиқатлар ва севги муҳаббат билан даволадилар. Шунинг учун ҳам саҳобалар Муҳаммад (сав)ни ўз ота оналари ва ўз нафсларидан ҳам кўпроқ севар эдилар. Бу эса ўз ўринда Аллоҳ таолонинг Пайғамбарига бўлган имоннинг шарти ҳам эди…

Яна шубҳасиз, ҳақиқий мўминлар Аллоҳ таоло ва Муҳаммад (сав)дан кейин ўз ота оналарини севадилар. Чунки инсонларда бу севги табиий, фитрий, покиза ва бетакрор бир муҳаббатдир. Айниқса оналарнинг ўз фарзандларига бўлган севги муҳаббатини тил таъриф этишга ожиздир…

Талабалигимда бир онанинг фарзандига севгиси ҳақида қуйидаги шеърними, ҳикояними эшитгандим: Бир йигит бир соҳибжамол қизни севади. Қиз йигитдан унга бўлган муҳаббати учун далил талаб қилади. “Бу далил”, дейди қиз ўз ошиғига “онангизнинг юрагини менинг оёқларимнинг остига кўмишингиздир. У ҳолда ҳозир онангизни ўлдириб, унинг юрагини оёқларимнинг остига кўминг…”. Соҳибжамолнинг гўзаллигидан маст бўлган ошиқ, онажонига бориб аҳволни тушунтиради. Онаси фарзандига бўлган севгиси туфайли ўғлининг уни ўлдириб, қалбини маъшуқасининг оёқ остига кўмишига розилик беради. Соҳибжамол қиз севгисидан ақлу ҳушини йўқотган йигит онасининг кўкрагини ёриб, уни қўлига олганча маъшуқасининг ёнига югуради. Ундаги севги кўзини кўр қилгани учун йўлнинг баланд пастини кўрмайди ва бир ерда оёғи қоқилиб йиқилиб тушади. Шунда унинг қўлидаги она юраги тилга киради: “Ҳеч еринг лат емадими болам…”.

Аниқ эслайман, биз ёшлар ўшанда ўз маъшуқасининг орзуси учун онасини қурбон қилган бу шеър ёки ҳикоянинг “қаҳрамонига” бир оғиздан лаънат ўқигандик. Аммо ҳақиқат шуки, агар инсонлар орасида бошқалар учун кипригини қоқмасдан жон берадиганлар топиладиган бўлса, бу ҳам бўлса ўз жонларини фарзандлари учун ҳар сонияда қурбон қилишга тайёр турадиган онажонлардир…

“Йиғласа онам йиғлар, қолганлар ёлғон йиғлар”, дея бекорга айтилмаган бир Турк қўшиғида ахир…

Шундай қилиб, дўстлар, энг сўнгида мингларча ва милёнларча ҳикоя ва романлар, шеъру достонларнинг ёзилишига сабаб бўлган эркак ва аёл орасидаги муҳаббат мавзусига ҳам етиб келдик. Ажаб эмаски, бу муҳаббатнинг илдизларини ҳам аввало Илоҳий ҳақиқатлардан ўрганамиз:

“Ва уларда таскин топишингиз учун ўзларингиздан сизларга жуфтлар яратиши (яъни Исломий таълимотга кўра, Момо Ҳаво Одам Отанинг ўзидан яратилган) ва ораларингизда севги муҳаббат пайдо қилиши ҳам Аллоҳнинг (борлигининг) оят ишоратларидандир…” (Рум сураси, 31 оят)

Субҳаналлоҳ! Демак, эркак ва аёл орасидаги севги ва муҳаббат шаҳвоний интилишларнинг ва хом хаёл ижодларнинг маҳсули эмас, яратилишнинг бир ҳақиқатидир. Юқоридаги ояти каримадан шуларни тушунамиз: Аввало севги муҳаббат Аллоҳнинг (борлигининг) оят ишоратларидандир”. Қолаверса, жуфтлар орасидаги севги ва муҳаббат улар учун ўзларининг кўпайиши, яъни наслларини  давом эттиришнинг шартидир. Ва энг сўнгида эса ўзаро “таскин” топишнинг йўлидир севги муҳаббат…

Инсонларнинг кўпи севги муҳаббатни мана шу “таскинни” излаш, унга эришиш, у лаззатдан айрилмаслик, деб биладилар. Агар улар бу ўзига хос “таскинга” имон назари билан қарашганда, бу лаззатнинг маъноси нафсларининг, кўзларининг, лабларининг ва бошқа жойларининг роҳатланиши эмас,  ўзларининг яратилиш лаззати эканлигини тушуниб етган бўлардилар…

Тўғри йўлдан адашган бандаларнинг ҳақиқатларга фақат юзаки баҳо бериши ҳам маълумдир. Инсоннинг қуёшни унутиб, унинг иссиғини яхши кўриши каби…Худди шундай севги муҳаббат масаласида ҳам кўп ҳолларда юзакилик ёки бўлмаса юзсизликка йўл қўйилиши ҳам яшириб бўлмайдиган бир ҳақиқат. Яъни, севги муҳаббатни фақат “таскин”, жонга ором, шаҳват лаззати ўрнида кўришдир бундай юзакилик ва юзсизлик аслида…

Бунинг сабаби эса  шоир Омон Матжон тили билан айтганда “Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана” сатрида ифодалаган сирдир. Бу ерда албатта шоир масалани илҳом тили билан таърифлаган. Аслида эса “Нафс ипига боғланур қалб ипларин узган тана”, дейилганда ҳақиқат янада тўғрироқ ифодаланган бўларди назаримда. Бу сир эса бизни ҳеч ким учун сирли бўлмаган “кўзини сузмаса, ипини узмайди”, деган маънога етаклайди…

Хўш, нега шундай бўлади? Нега фақатгина шеъру романларда эмас, балки амалий ҳаётда ҳам “кўзлар сузилишдан ва иплар узилишдан” ва бу икки “иш”дан бошланадиган ишқу ҳижрон, изҳору бедорлик, интилишу айрилиш, ётоғу фироқ, бўсаю васвасалардан иборат ҳаёт ҳикоялари ва жараёнлари тўхташ билмайди?

Бундай ҳолларнинг сабабини излаб яна инсоннинг ботиний (ич) дунёсига “қадам” ташлаймиз. Бу дунёга қараш учун албатта пешонадаги кўзлар ожизлик қилади. Бу ҳақиқатларни фақатгина Илоҳий ва фойдали дунёвий илмлар “кўзойнаги” билангина кўриш мумкин. Бу назар воситаси билан инсон кўкрагига қарайдиган бўлсак, аввало у ерда тиним билмай ураётган қалбга нигоҳимиз тушади. Ва севги муҳаббат дейилганда аввало ақлимизга қалб келишини тушуниб етгандай бўламиз. Чунки қалб инсон борлиғида бутун тугунлар “тугунланган” нуқтадир. Яъни, инсон қалбида унинг руҳи, ақли, нафси “тугунланган” бўлади. Инсон қалби яна имоннинг “саройидир”. Шунинг учун ҳам ҳадис шарифларда “Аллоҳ вужудингизга эмас, қалбингизга қарайди”, “Қалб соғлом бўлса, бутун вужуд соғлом бўлади”, дейилади. Имон эса юқорида айтганимиз каби илоҳий севги муҳаббатдан бошланади…

Аммо севги муҳаббатда юзакиликка йўл қўядиганлар ҳам ўз ошиқларига ёки маъшуқаларига қалбларини ҳадя қилишни унутмайдилар. Аммо улар қалбда фақат севги муҳаббатнинг эмас, нафсларининг ҳам тугуни борлигини унутиб қўядилар…

Нафс эса инсонда истак, орзу, иштиёқ, бир сўз билан айтганда бутун шаҳватлар туғиладиган бир “марказдир”. Нафснинг моҳияти мавзуси алоҳида бир мавзу бўлсада, биз бу ерда фақат севги муҳаббат масаласига ойдинлик киритиш учун нафс ҳақида қисқача тўхталмоқчимиз. Хуллас, нафс асосан икки маънога эгадир. Биринчиси, нафс инсоннинг ёки бошқа мавжудотларнинг ўзи, шахси маъносини билдиради. Нафснинг иккинчи маъноси эса унинг инсонда шаҳватларни ўртага чиқарадагина ўзига хос “марказ” бўлишидир. Руҳ ва нафс “тугунлари” қалбда ўрин олсада, аслида инсоннинг бутун борлиғи унинг руҳи ва  нафси учун ўзига хос “ётоқ” ҳисобланади. Шунинг учун ҳам инсоннинг тирноғу соч толасидан бошлаб, кўзу юз, қўлу оёқ, жиғилдону меъда, хуллас вужуднинг бутун қисмлари руҳдан жон олгани каби, вужуднинг бутун бу қисмларига нафс ҳам ўзида ҳосил бўладиган  иштиёқу шаҳватни тарқатади. Нафс имон ва ақл назоратидан чиқадиган бўлса, унинг бу ҳолига “Нафси аммора”, яъни ёмонликни амир қиладиган нафс ҳоли, дейилади:

“(Юсуф ас): Ва мен ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс агар Рообим унга раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Роббим мағфиратли ва билгувчидир”, деди” (Юсуф сураси 53 оят)

Инсонлар ҳақиқий муҳаббатни нафсоний иштиёқлардан ажратиб олсинлар, дея Қуръони Каримда у замонки Миср ҳукмдори аёлининг Юсуф (ас) қилган ишқий ҳийлалариги ҳам ўрин берилган.

Ёмонликка ундайдиган  нафс (Нафси аммора) ва унда пайдо бўладиган иштиёқ (шаҳват) бу маънода тўхташ билмай ҳар томонга тарқаладиган ажриққа ўхшайди. Нафснингбу ҳоли ҳақида бир пайтлар шу мисраларни ёзганимни хотирлайман:

НАФС

Кечагина шаполоқ единг,

Дединг, етар, бўлдим пушаймон.

Етар жанжал, cулҳга келайлик,

Томорқамни айланай омон…

 

Гул экканман унинг четига,

Иштаҳангга алоқаси йўқ.

Сув сепайин лолазоримга,

Бир озгина кўнглим бўлсин тўқ…

 

Чопонимни елкамга ташлаб,

Кетаяпман лолалар сари…

Аммо, номард нима ишинг бор,

Бу ерларда қора ажириқ…

 

Бу “қора ажириқнинг севгиси” Қуръонда яна шундай таърифланади:

“Ва сизлар дунё молини бутун муҳаббатингиз билан севасизлар…” (Фажр сураси, 20 оят)

Қандай даҳшатли ҳақиқат бу…Инсон бутун муҳаббатини дунё моли мулкига, унинг моддий “қадриятларига”, ейишга, ичишга, кийинишга, уйли жойли бўлишга, мансабу тахт эгаси бўлишга сарфласа…Дунёнинг фақат шу моддий “фадриятлари”, яъни ундаги мол мулк ва мансабу мақомга эришиш учун ўзига ва ўзгаларга зулм қилса, ноҳақ қон тўкса, ер юзини фисқу фасодга тўлдирса, уни ҳақиқий муҳаббат ва бахт кўшкига эмас, шаҳвоний орзулар, ўйинлар, ётоқларга айлантирса…Мана сизга материализмнинг, моддапарастликнинг илдизи, шундай эмасми?

Аммо қалб иймонга тўла бўлса, Қуръон таърифидаги бундай “салим” (соғлом) қалб нафсдан келган иштиёқни (шаҳватни) покиза бир севгига айлантиради. Бу ҳолда иштиёқ ва ҳаваснинг маракази бўлган нафс ҳам “мутмаин (қаноаткор) нафс” ҳолини олади. Қалби имонга тўла, бу туфайли нафси мутмаин ҳол олган нафс “ҳамкорлигида” ўрта чиқадиган ҳақиқий севги муҳаббатнинг мисоли ўзбеклар юз йилдан бери ўқишдан зерикмайдиган ва лаззатига тўймайдиган Отабек ва Кумушнинг покиза муҳаббати қиссасидир. Абдулла Қодирийнинг ўзи каби қаҳрамонлари ҳам мўмин мусулмон эдилар. Отабек қалби Аллоҳ севгиси, фикри ватан хуррияти билан тўлган мўмин йигит, Кумуш эса аёл гўзаллиги, ҳаё ва одобни ўзида мужассамлаштирган, Қуръонни тиловат, хатм қилган, уни ҳаётига тадбиқ қилган мўмина аёл эди..

Аммо агар қалб имондан жудо бўлиб, Қуръон таърифидаги “тош” ҳолини оладиган бўлса, ана унда бошланади “юзакилигу юзсизликлар, кўз сузиши, ип узишлар…”. Чунки бу ҳолда инсон нафси унинг борлиғининг султони бўлган қалбининг назоратидан чиқади ва шу шаклда “нафси аммора” ҳолини олиб, бутун кучи билан иштиёқу шаҳватини ҳар томонга ёйишга бошлайди. Бу ҳолни тасаввур қилиш учун тоғ бағридан отилиб чиқаётган вулқонни кўз олдимизга келтириш кифоядир. Бу вулқон нафақат тоғнинг бағрини, балки атрофда нима бўлса, барини ёқиб кул қилади. Энди бундай “вулқон”нинг инсоннинг ички дунёсида портлаб, бу портлашдан туғилган шаҳват оловининг унинг бутун борлиғига тарқалишини тасаввур қилиб кўрингга…

Машҳур ўзбек театр саҳнасида Обид Юнус ижросидаги “Ёндирасиз, куйдирасиз, ўлдирасиз…” каби вайсашу васвасалар ёки ғарб адабиётидаги Мопассан ва бошқа шиору ёзувчилар тарафидан ёзилган аксарият роману ҳикоялардаги ишқу шаҳват ҳикоялари, кечинмалари, севги ўйинлари, хиёнатлари, фалокатлари ва фожеаларининг инсон нафсидаги бу “вулқон” портлашидан туғилганлигига ҳеч шубҳангиз бўлмасин…

Севги муҳаббатга бу шаклда фақат мусбат, яъни “қалбнинг муҳаббати” ёки фақат манфий, яъни “нафснинг шаҳвати”, дея таъриф бериш билан бирга булар орасида мужмал, тушуниб бўлмайдиган ҳоллар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак…

Бобурномадан ўқиймиз: “Алишербекнинг мижози нозик билан машҳурдир. Эл назокатини давлатнинг ғуруридан тасаввур қилур эрдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандда эканда ҳам ушмундоқ нозик мижоз экандур…Ўғил ва қиз ва аҳли аёл йўқ, оламни тавре фард ва жарийда ўткарди..”.

Илоҳий ҳақиқат бизга севги муҳаббатнинг моҳиятини Аллоҳнинг борлигига далил (оят), инсоннинг ўз ўзидан (эр ва аёлдан) кўпайиши ва улар орасидаги “таскин”, яъни лаззатланиш, ором олиш, дея таъриф қилгани ҳолда севги ва муҳаббат адабиётининг “шери” бўлган Алишер Навоийнинг бу ҳолини қандай изоҳлаш мумкин?

 

Мавжлиғ дарё каби ошуфта кўнглим қўзғолур,

Ваҳ, мени ташлаб фироққа, ёр йироққа йўл олур.

 

Йиғлама, эй кўз, недин соҳилга чиқмас кема деб,

Ким ёшинг дарёсидур ҳар сориким эл кўз солур,

 

Сабр кўнгилда, кўнгил ул ойда, ул ой кемада,

Ваҳки, бориб, термулиб кўз, мунграйиб жоним қолур,

 

Кирма савдо баҳрига оламдан истаб судким,

Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

 

Ғарқ этар баҳри фано ғам заврақин, эй пири дайр,

Илкига чунким Навоий бода киштисин олур…

Бир томонда “мижоз заифлиги ва аёл йўқлиги”, бошқа томонда эса буларга эга бўлганлардан мислсиз даражада шиддатлироқ севги муҳаббат мубталолиги… Демак, севги муҳаббат фақат сурат эмас сийрат, фақат жасад эмас, кўнгил савдоси ҳамдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, севги муҳаббат мавзуси бир мақолага сиғмайдиган даражада чуқур ва кенг бир мавзудир. Аммо бу мавзуда бир мақола ёзиш қўлида қалам тебратишни эплайдиганларнинг ҳам ҳаққи бўлса керак…

 

СЕВГИ

 

Сукунатнинг маънолари кўп,

Аччиқлари унданда кўпроқ.

Жимжитликнинг сўнгсиз қаъридан,

Чиқиб келар бир таниш титроқ…

 

Ойдинг юзинг қўрқмайди ундан,

Узоқларга қочиб кетмайсан.

Биллур лабинг титрайди унгдан,

“Мендан яна нима истайсан?”

 

Кўкрагинга санчганман ханжар,

Ишқ хазинанг кетди сочилиб.

Юрагингдан қизил қон эмас,

Муҳаббатинг турар томчилаб…

 

Қаршингдаги сенданда беҳол,

Тилга кирар бечора сурат.

“Яраланган мунис кўнглингдан,

Истаганим биргина шафқат..”

 

Намоз НОРМЎМИН

 

18.01.2016

 

www.namoznormumin.blogspot.com

 

Yorum Yapın