УНУТТИРИЛГАН ТАРИХ ЁКИ ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ
2 Mayıs 2016  //  By:   //  Doğu Türkistan, TÜRKİSTAN HABER  //  No Comment   //   582 Okunma

02.05.2016

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 2016 йилнинг 17-18 апрелида  иккинчи Ҳалқаро Туркистонликлар қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда 1916 йилдаги Туркистон қўзғалони ва унинг шафқатсизларча бостирилишига 100 йил тўлиши муносабати билан тайёрланган маърузалар ўқилди. 1916 йил фожеаси оқибатида шаҳид кетган туркистонликлар ёд этилди ва уларнинг ҳаққига дуолар қилинди.

Шунингдек, қурултой давомида аввалги Туркистон ҳозирда эса мустақил давлатлар бўлмиш  Марказий Осиё ўлкаларининг тарихи ва тарихий хатолардан бугунги кунимиз учун олиниши лозим бўлган сабоқлар ҳақида суҳбатлар бўлиб ўтди.

Боғчилар туман ҳокимлиги (Bağcılar Belediyesi)нинг молиявий кўмаги ва Кастамону (Kastamonu) университети ҳамкорлигида  Туркиияда ташкил этилган Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти томонидан уюштирилган мазкур қурултойда Марказий Осиё ва Европа ўлкаларида ҳамда ҳозирда Туркия давлатида яшаётган зиёлилар, диний илм олимлари, журналистлар ва Марказий Осиёдан келиб Туркияда таълим олаётган талабалар иштирок этишди.

Қурилтойнинг расмий очилиш қисмида сўзга чиққан Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти раиси жаноб Бурҳон Қовунчи 1916 йил қўзғалонининг 100 йиллиги дунё эътиборидан четда қолгани, Туркия ҳам бу ҳақда билмаслиги ва хатто Ўрта Осиёда ҳам бугунги кунда кўпчилик бу воқеалардан етарли хабардор эмаслигидан афсусланиб сўзлади.

“Аммо, мусулмоннинг қони бу қадар қадрсиз эмас[…] Биз ота-боболаримизнинг ўтмишдаги бу воқеаларидан керакли хулосаларни, дарсларни олишимиз керак […] 1916 йили Хўжандда қўзғалган минглаган қўзғалончини 100 нафар рус аскари енганини ҳам унутмайлик. Бунинг сабабларини билишмиз ва такрор қилмаслигимиз керак[…] Қирғизистонда юз берган қирғиз-ўзбек фожеаси ҳам бир тарихий такрордаги фитна эди[…] ”, – деди Бурҳон Қовунчи.

Шу билан бирга қурултойда нутқ сўзлаган туркиялик зиёлилар Туркистон уларнинг Ота юрти эканин ва туркистонликларни ҳозирги Марказий Осиё давлатлари аҳолисига бўлган муҳаббатларини изҳор қилиб ўтишди. Жумладан, 1916 йилги қирғин борасида фикр билдирган Кастомуну универститетинг ректори, профессор Сейит Айдин қўзғалоннинг сабаларидан бири туркистонликлар Россиянинг Усмонийларга қарши курашиш учун берган буйруғини амалга оширишни истамаганлиги эканлигини таъкидлаб ўтди.

“Қуролсиз исён кўтарган туркистонликлар ўлимни бўйинларига олган ҳолда чиқишганди”, -дейди профессор Сейит Айдин.

Қурултойда Марказий Осиёда бўлиб ўтган қўзғалонни исён деб эмас, балки озодлик учун харакат  деб аташ тўғрироқ бўлиши ҳамда бу харакат натижасида миллиондан ошиқ туркистонликлар рус аскарлари томонидан қирғин қилингани тилга олиб ўтилди.

Шу ўринда қурултойнинг айнан Туркияда ўтказилаётгани бежиз эмас, деган фикримни ҳам билдириб ўтишни истардим. Иккинчи бор ўтказилаётган қурултойда асосан тарих саҳифаларида битилган, аммо кўп ҳам ўқишга, уқишга иштиёқ билдирилмаётган ва балкида тилга олиниши орқали ҳозирги Марказий Осиё давлатларининг сиёсатига зиён бериш эҳтимоли тушунилган воқеалардан ташқари туркий ҳалқларнинг бир-бири билан яқинлашиши, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришнинг заруратлари ҳақида ҳам фикрлар билдириб ўтилди. Ўйлайманки, туркий ҳалқларнинг дўстлиги, уларнинг келажакдаги илиқ, мустаҳкам алоқасига фақатгина бу ҳалкларнинг душманларигина тўсқинлик қилишлари мумкин. Туркия эса туркий ҳалқларнинг, очиқроқ айтадиган бўлсак Марказий Осиё давлалари бирдамлигидан озорланмайдиган ҳамда буни истовчи оз сондаги давлатлардан биридир.

Қурултойда қатнашиш учун турли ўлкалардан келган, турли миллат ва турли ёшдаги инсонларнинг суҳбати, маърузаларини тинглаб, биз билмаган лекин дунёнинг турли ҳудудларига тарқаб кетган қанчадан-қанча илмли туркийларнинг мавжуд экани мени хурсанд қилди. Айтиб ўтиш керакки, қурултойда диний ва дунёвий илмга эътибор бериш зарурати ҳам кўп бора тилга олиб ўтилди. Шу ўринда, қурултойнинг ўтишида катта ҳисса қўшган Костомону университетида 200 нафардан ортиқ Марказий Осиё ёшлари бир қатор имтиёзлар билан таълим олаётганини эслатиб ўтишни истадим.

Мазкур университетнинг вакиллари бундан кейин ҳам марказий осиёлик ёшларнинг бу ерда илм олишлари учун ижобий амалларни бажаришда давом этишларини билдириб ўтишди.

Сўзимнинг сўнгида қурултой ташкилотчиси Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамиятининг ҳозирги пайтда Туркияда истиқомад қилаётган Марказий Осиё фуқароларига, уларнинг оилаларига инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиб келаётганини ва уларни ҳуқуқий томондан қўлашга уринаётганини ва бу хайрли ишлари учун миннатдорчилик билдириман.

Эслатиб ўтсам, Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти 2013 йили Туркияда ташкил этилган. Жамиятнинг биринчи қурултойи 2014 йили ўтказилган. Учинчи қурултойни эса 2018 йили ўтказиш режалаштирилмоқда.

Даврон Насибхонов

“Биз” газетасининг бош муҳаррири  

2016 йил, апрел. Ўш шаҳри

 

 

Yorum Yapın