“ТУРКИСТОНЛИКЛАР ЖАМИЯТИ” ҚУРУЛТОЙИ:
14 Kasım 2016  //  By:   //  Uncategorized  //  No Comment

ТУРКИСТОННИНГ (ЎРТА ОСИЁ) ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ИЖТИМОИЙ ТИНЧЛИК, МУСУЛМОНЛАРНИНГ БИРЛИГИ ВА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШИ ШАРТДИР.

2013 йилда таъсис қилинган Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти ўз Низомига ўзгартириш киритиш, раҳбариятини қайта сайлаш ва Ўзбекистонда собиқ Президент Ислом Каримов вафотидан кейин ўртага чиққан аҳволга ўз муносабатини билдириш учун Туркиянинг Станбул шаҳрида 2016 йил 13 Ноябрь куни 3. Фавқулодда Қурултойини ўтказди.

“Туркистонликлар Жамияти”нинг ушбу Қурултойига жамият аъзолари орасидан сайлаган 110 делегат, Туркиядаги фуқаролик жамиятларининг ва жамотчилигининг вакиллари қатнашдилар.

Қурултойда Жамиятнинг 2014-2016 йиллар орасидаги фаолият хулосаси, молия ва текширув бўлимларининг хулосалари ўқиб эшиттирилди ва маъқулланди.

“Туркистонликлар Жамияти”нинг Қурултойида сўзга чиққан Жамият Раиси Бурҳон Қовунчи ўтган қисқа муддатда Жамиятнинг икки Халқаро ва икки Ички Қурултойлари ташкил қилинганини, Туркиядаги Ўрта Осиёлик муҳожирларга илмий, маърифий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларда муҳим хизматлари кўрсатилганини айтди.

Қурултойда сўз олганлар Жамиятнинг фаолиятларига ва Ўзбекистонда Ислом Каримов вафотидан кейин ўртага чиққан аҳволга баҳо берар эканлар, Ўрта Осиё, яъни Туркистон мусулмонларининг ўз қадриятлари асосида она ватанларининг бутун соҳаларда тараққиёт қилиш учун ҳаракат қилишлари лозимлигини билдирдилар.

Шу билан бирга Қурултойда ҳозирги пайтда Туркистонлик мусулмонлар ўз олдиларидаги диний, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги жуда кўп муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиши ва ўз юртларидаги ҳукуматларнинг турли тазйиқларидан қутулиши учун ўзаро бирлик ва ҳамкорлик қилишларининг шарт эканлиги таъкидланди.

Қурултойда Ўрта Осиё давлатларида ҳар томонлама тараққиётга эришиш учун ижтимоий барқарорлик ва тинчликнинг муҳимлиги, мусулмонларнинг ўз фаолиятларида тинч ва ҳикматли давъат, ўзаро бирлик ва ҳамкорлик ҳамда яхши ташкилотчилик ишларини йўлга қўйишларининг муҳим эканлиги билдирилди.

“Туркистонликлар Жамияти”нинг 3. Қурултойи Жамият Низомини ўзгартириб, унинг Маслаҳат Кенгашини ташкил қилишга қарор берди. Шунингдек, Қурултойда Жамиятнинг 20 кишидан иборат Бошқарув Ҳайъати ва 10 кишидан иборат Маслаҳат Кенгаши сайланди.

Қурултой Ўзбекистон янги бошқарувига ўз истаклари ва талаблари изҳор қилган бир Баёнотни ҳам қабул қилди.

“ТУРКИСТОНЛИКЛАР ЖАМИЯТИ” ҚУРУЛТОЙИНИНГ БАЁНОТИ

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти (“Туркистонликлар Жамияти”) 2013 йилда Ўрта Осиё давлатларидан турли сабаблар билан ватанларини тарк қилиб, хорижий давлатларда яшаётган Туркистонлик муҳожирларга илмий маърифий, ижтимоий ҳуқуқий ёрдам бериш учун қурилди. Шу билан бирга жамиятимиз она ватанимиз Туркистондаги халқларимизнинг ҳар томонлама тараққий қилишига ўз ҳиссасини қўшишни ҳам ўзининг асосий вазифаларидан бири, деб билади.

Биз Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти (ХТҲЖ) ўлароқ Ўрта Осиё, яъни Туркистон ҳудудидаги ўзаро қардош халқларимиз ва давлатларимиз орасида бутун соҳаларда ҳамкорлик ва дўстона алоқаларнинг ривожланишини истаймиз.

Хусусан, собиқ Президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистондаги янги ҳукумат ижтимойи ҳаётнинг турли соҳаларида ислоҳотлар ўтказишини зарурий, деб биламиз.

Дунёда халқларнинг ва давлатларнинг тараққий қилишининг асоси деб кўриладиган ижобий маънодаги инсон ҳуқуқларининг, эътиқод, сўз ва матбуот эркинлигининг, халқнинг ўз раҳбарларини сайлаш, фуқаровий жамиятлар, сиёсий ташкилотлар тузиш, тадбиркорлик ва тижорат эркинликларининг Ўзбекистонда тадбиқ қилинишини янги ҳукуматнинг асосий вазифларидан, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон халқининг асосий қисми мусулмонлардир. Уларнинг эркин ибодат қилишлари диний эътиқодларининг талаби бўлгани учун Ўзбекистон мусулмонларига бу ҳақларининг таъмин этилиши зарур.

Мусулмонларнинг динларини ўзлари истаган давлат ва хусусий диний таълим муаассаларида ўрганишлари ҳам уларнинг инсоний ҳуқуқидир ва бу ҳуқуқнинг таъминлашини ҳам зарурийдир

Шу билан бирга муслима аёлларнинг динлари талаб қилган шаклда кийинишларини ҳам уларнинг ҳуқуқи деб биламиз ва уларга барча маконларда бу ҳақларининг берилишини мақсадга мувофиқ, деб биламиз.

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти (ХТҲЖ) Қурултойи ушбу ижобий эркинликларнинг ва инсон ҳуқуқларининг жорий қилиниши буюк ватанимиз Туркистоннинг бутун соҳаларда тараққий қилишининг воз кечилмас шарти, деб ҳисоблайди.

Ушбулар келиб чиқиб Ўзбекистон янги ҳукуматига қуйидаги истак ва талабларимизни баён қиламиз:

1. ДИНИЙ ЭРКИНЛИКЛАР

Ўзбекистон халқи мусулмондир. Халқимиз эътиқод ва ибодат эркинликларини истайди. Шунинг учун:

ИБОДАТ ЭРКИНЛИГИ

Масжидларда халқ эшитадиган шаклда азон ўқилиши шарт.
Ёшига қарамасдан масжидларда намоз ўқишни истаганларга рухсат берилиши керак.
Ишхоналарда, меҳмонхона ёки инсонлар тўпланадиган бошқа жойларда намоз ўқиш учун жойнамоз қўйилиши ва намоз ўқиш имкони берилиши керак.

КИЙИНИШ ЭРКИНЛИГИ

Муслима аёлларнинг кўчаларда, иш жойларида, давлат муассасаларида ва мактабларда эркин шаклда ҳижобли ҳолда келишларига рухсат берилиши керак.

ДИНИЙ ТАЪЛИМ ОЛИШ ҲАҚҚИ

Болаларига диний таълим беришни истаган кишиларга хусусий ёки давлат мактабларида бу таълим берилиши керак.

2. МАТБУОТ ЭРКИНЛИГИ

Оммавий ахборот воситалари ва матбуотга қўйилган ҳар қандай тўсиқ бекор қилиниши керак.

3. ИЖТИМОИЙ ВА СИЁСИЙ ЭРКИНЛИКЛАР

Фуқаролик жамияти (жамиятлар, касаба уюшмалари) ва сиёсий ташкилотлар ташкил қилишга ва уларнинг фаолиятига эркинлик берилиши керак.

Мамлакатда ўтказиладиган бутун сайловлар эркин номзодлик ва “яширин овоз ва очиқ ҳисоблаш” тамойили асосида амалга оширилиши лозим. Ватанимизда йиғилиш, митинг, оммавий юриш каби ижтимоий фаолиятларга эркинлик берилиши лозим.

4. ЖАЗОЛАР БЕКОР ҚИЛИНСИН

Давлатга ёки ҳукуматга қарши дейилган ёки диний ва сиёсий сабаблар билан қўлга олинган, қамалган ва устидан ҳукм чиқарилган барча кишилар озод қилиниши керак. Бундай сабаблар билан очилган бутун маҳкама ишлари тўхталиши, ўқилган ҳукмлар эса бекор қилиниши керак.

5. МУҲОЖИРЛАРНИ ҚАЙТАРИШ

Сабабидан қатъий назар, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган барча фуқароларнинг ва ота-оналаридан бири Ўзбекистонда туғилган эски муҳожирларнинг мамлакатга қайтишига рухсат берилиши лозим. Уларга қарши тергов жараёни бошлатилмаслиги кафолатланиши шарт.

6. ИҚТИСОДИЙ ЭРКИНЛИКЛАР

Ўзбекистонда совет давридан қолган пахта майдонларида мажбурий меҳнат қилдириш каби фаолиятлар “мажбурий меҳнат” ва инсониятга қарши жиноят сифатида кўрилади. Бу ва шунга ўхшаш ишлар ниҳоясига етиши керак.

7. САЁҲАТ ЭРКИНЛИГИ

Мамлакат ичкарисида саёҳат қилишда таъқиқлар ва қийинчиликлар бекор қилиниши ва Ўзбекистон шаҳарлари орасида саёҳат қилиш эркин бўлиши керак. Ўзбекистондан чиқиш визаси бўлган ОВИР бекор қилиниши керак. Бугун аҳоли орасида Ўзбекистондан чиқиб кетишни истаги жуда каттадир. Агар бу эркинликларга рухсат берилса ва иқтисодиёт яхшиланса, инсонларимиз ватанидан чиқиб кетишни истамаган бўларди. Инсонларга бу эркинликлар берилсаа аввал мамлакатларини ташлаб кетганлар ҳам мамлакатимизга қайтиб келарди.

8. ЧЕГАРАЛАР ОЧИЛСИН

Ўрта Осиё давлатлари билан чегаралар очилсин ва уларнинг фуқаролари учун визалар бекор қилинсин.

“Туркитонликлар Жамияти” 3. Фавқулодда Қурултойи

13 Ноябрь, 2016 йил.

About the Author :

Yorum Yapın