“ТУРКИСТОНЛИКЛАР ЖАМИЯТИ”НИНГ ИСТАНБУЛДАГИ МИТИНГИ ҲАҚИДА
22 Ocak 2017  //  By:   //  Uncategorized  //  No Comment   //   75 Okunma

22 Январь куни Истанбулнинг Ускудар туманида “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” (Туркистонликлар Жамияти) ва бир қатор фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида Туркияда сўнг ойда содир бўлган террор ҳужумларига қарши норозилик митинги бўлиб ўтди.

Митингда Туркиянинг жуда кўп оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам қатнашдилар.

Митингда сўзга чиққан “Туркистонликлар Жамияти” Раиси Бурҳон Қовунчи, “Ўрта Осиёликлар” Жамияти вакили Тоҳир Абдулғани, “Невадер” Жамияти вакили Текин Улуташлар Истанбул ва бошқа шаҳарлардаги террор ҳужумларини қораладилар ва Туркия халқи билан бирга эканликларини изҳор қилдилар.

Маърузачилар Туркистонлик ва бошқа ўлкалардан Туркияга келган муҳожирларга ёрдам бераётган бу ўлка халқига ва Давлат Раиси Тойиб Эрдўғонга ташаккурларини айтдилар.

Шу билан бирга нарозилик митингда ДАЕШ, ПКК ва бошқа террор гуруҳларини тинч аҳолини қатлиом қилишга қаратилган зўровонлик ҳаракатлари қораланди. АҚШ, Аврупо Иттифоқи ва Русиянинг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги босқинчилик урушларини тўхтатиши талаб қилинди. Мусулмонлар кўпчиликни ташкил қиладиган ўлкаларда уларга ўз раҳбарларини эркин ва адолатли сайловларда сайлаш ҳуқуқи берилиши кераклиги, мана шунда террор гуруҳларининг фаолиятига хотима ясаш мумкинлиги айтилди.

“Туркистонликлар Жамияти иштирокида ўтган террор ҳаракатларига қарши норозилик митинги Туркия оммавий ахборот воситаларида тезкор ва кенг шаклда ёритилди.

Намоз НОРМЎМИН
“Туркистонликлар Жамияти” Раиси Ўринбосари
22.01.2017

“ТУРКИСТОНЛИКЛАР ЖАМИЯТИ”НИНГ БАЁНОТИ

ТУРКИСТОНЛИК МУҲОЖИРЛАР ТЕРРОР ҲУЖУМЛАРИНИ ҚОРАЛАЙДИ

Туркияда кейинги пайтда содир бўлган барча террор ҳужумлари ва қатлиомларнинг Туркия давлатига қарши унинг душманлари томонидан режалаштирилганини яхши тушунамиз.
Биз бу жиноятларга Марказий Осиёлик баъзи кишиларнинг иштирок этганидан чуқур қайғудамиз. Шу билан бирга, ҳар бир жамиятдан жиноятчилар чиқиши мумкинлигини ҳам биламиз. Бу сабабдан қотилларнинг дини ирқи, мамлакати йўқ, деб биламиз ва бундай жиноятларни содир қилганларнинг миллати билан таъриф қилинишини “Туркистонфобия” ва “миллий камситиш”, дея баҳолаймиз. «Исломий террорчилар” таърифи қанчалик хато бўлса, “Ўзбек террорчилар” ёки “Ўрта Осиёлик террорчилар” таърифи ҳам шу қадар хатодир.

Туркистонлик муҳожирлар бу ўлкага ва халққа зарар берадиган ҳар қандай зўровонлик амалларига, уларни амалга оширадиган ёмон ниятли кишиларга тоқат кўрсатмайди ва бундай кишиларга ўз сафларида жой бермайди. Бироқ ҳар бир жамиятдан жиноятчилар чиққани каби Туркистонликлар орасида ҳам бундай шахслар бўлиши мумкин. “Туркистонликлар Жамияти” ўлароқ Станбулнинг Бешикташ туманида қатлиомни амалга оширган жиноятчини ва у мансуб бўлган гуруҳни лаънат билан қоралаймиз. Ўзига қандай ном беришидан қатъий назар ДАЕШ ва бунга ўхшаш бутун қуролли гуруҳларни, уларнинг зўровонлик йўлларини ва жиноий ишларини рад қиламиз. Биз бундай гуруҳларга ҳеч қандай алоқамиз йўқлигини яна бир марта очиқ ва аниқ шаклда баён қиламиз.
Ўрта Осиё мамлакатларидаги турли муаммолар туфайли Туркияга келган Туркистонлик муҳожирлар маҳаллий мусулмонлардан яхшилик ва биродарлик муносабати кўрдилар. Она ватанимизнинг авлодлари бўлган Туркистонлик Ўзбеклар, Қирғизлар, Тожиклар, Қозоқлар, Уйғурлар ва Туркманлар Туркияни ўз ватани ва бу мамлакат халқини ўзларининг биродарлари, деб биладилар. Биз бу мамлакатни душман ўрнида кўрганларни ўзимизга дўст сифатида кўрмаймиз.
Имом Бухорий, Ибн Сино, Улуғбек, Али Қушчи ва Аҳмад Яссавийларнинг авлодлари бўлган Туркистонлик муҳожирлар Онадўлининг яқин тарихида Истиқлол урушида қатнашдилар, Туркиялик биродарлари билан бирга шаҳид бўлиб, биродарлигимизга катта ҳисса қўшган эдилар. Ускудардаги Ўзбеклар таккаси Истиқлол урушида муҳим вазифаларни бажарганди.
Бу ватаннинг мустақиллиги учун биргаликда шаҳид бўлган ота боболаримиз ҳурматига Туркия халқини ва Туркистонлик муҳожирларни дўстлик, биродарлик ва бирдамликка даъват этамиз.

ТУРКИСТОНЛИКЛАР ЖАМИЯТИ

ШАРҚИЙ ТУРКИСТОН “МАОРИФ” ЖАМИЯТИ

ХЎЖА АҲМАД ЯССАВИЙ ИЛМ ВА ИРФОН ЖАМИЯТИ

ЎРТА ОСИЁЛИКЛАР ЖАМИЯТИ

НЕВАДАР ЖАМИЯТИ

22.01.2017

About the Author :

Yorum Yapın