Тошкент-Душанбе парвози яна қолдирилди
4 Nisan 2017  //  By:   //  Uncategorized  //  No Comment   //   319 Okunma

4 апрель куни парвоз қилиши керак бўлган Тошкент-Душанбе учоғи йўловчи камлиги сабаб бекор қилинди. Бу ҳақда Би-би-сига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиа ширкати матбуот котиби маълум қилди.

Чорак асрда илк бор Тошкентдан Душанбега учиши керак бўлган учоқ парвози номаълум муддатга қолдирилди. Чипта олганларнинг пули қайтарилади.

“Етарли йўловчи йиғилмади. Қанча одам чипта олгани ҳақида маълумот йўқ, лекин керакли йўловчи юкланмади. Чипталар яхши сотилмади. Чипта олганларнинг пули авиакассаларимиз орқали қайтариб берилади”, – дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” матбуот котиби Феруза Қурбонова.

Унинг билдиришича, кейинги парвознинг ҳам амалга ошиши савол остида.

“Қатновга ўрта магистральда учадиган Airbus самолётлари қўйилган. Унда камида 100 дан тошиқ пасажир бўлиши керак. Бу энг кичкина самолётимиз. Ил у ерга учолмайди. Душанбе ўрта магистраль ҳисобланади”, дейди Феруза Қурбонова.

Ширкат ҳафтада икки марта- сешанба ва шанба кунлари Тошкент-Душанбе-Тошкент парвозларини амалга оширишни режалаштирган.

Рейс амалга ошмаганига қарамасдан Душанбе шаҳрида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг расмий ваколатхонаси очилиш маросими бўлиб ўтган.

Avesta хабар агентлигинг маълум қилишича очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов ҳам иштирок этган. У икки пойтахт ўртасида парвозларнинг амалга ошмаётганини сиёсийлаштирмаслик керак деган.

“Қоронғу хонада қора мушукни излаш керак эмас. Бу масалани сиёсишлаштирманг”, – деган у.

Ўзбек элчиси бир томонга учиш чипта нархлари – 145 доллар қиммат эканлигини ҳам айтган. Унга кўра, Тошкент-Душанбе-Тошкент рейси нафақат бизнесмен ва амалдорларга, юалки оддий одамлар учун ҳам бўлиши керак.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиа компанияси матбуот котиби Феруза Қурбонова Би-би-си билан суҳбатда нархлар ҳаводан олинмаслигини айтди.

“Бизда таърифларни белгилайдиган департамент бор. Улар ҳамма нарсани ҳисобга олиб чипталарнинг нархини қўяди. Бунақа баланд нарх ўз-ўзидан қўйилмайди”, – деди у.

Шу йилнинг 20 феврал куни Тожикистоннинг “Сомон Эйр” авиаширкатининг илк учоғи Ўзбекистон пойтахтига парвоз қилиши эълон қилинган, йўловчиларга чипталар сотилган, бироқ парвоз амалга ошмаган эди.

Бунинг сабаби Ўзбекистон ва Тожикистон тарафи парвозга боғлиқ техник жиҳатлар пухта йўлга қўйилмагани, бунга масъул бўлган “Сомон Эйр”нинг масъул раҳбари ишдан бўшатилгани хабар қилинди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиапарвозлар 1992 йили Тожикистондаги фуқаролар уруши боис тўхтатиб қўйилган эди.

Икки мамлакат пойтахтлари ёки йирик шаҳарлари ўртасида авиақатнов йўлга қўйилишини ҳам Ўзбекистон ва ҳам Тожикистонда кўпдан буён орзу қилишади.

Тошкент ва Душанбе парвозлари қайта йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар 2015 йил ҳам тарқалган эди.

04.04.2017

BBC ÖZBEK

Yorum Yapın