Тили Боғланган Йигит (Бир мафиянинг уйида тўрт кун)
13 Şubat 2016  //  By:   //  Dr. N. Normumin  //  No Comment   //   482 Okunma

(Бир мафиянинг уйида тўрт кун)

Ҳикоя

-Шуҳрат ака, алоо, Шуҳрат ака..

–Ҳа, Баҳодир эшитаяпман, гапиравер…

Баҳодир Москвага жўнаб кетиш масаласида беш дақиқа олдин Шуҳрат билан телефонда сўзлашгани учун бу гал унга салом бериб ўтирмасдан гапга бошлади:

-Йўлга китоблар ҳам олайми?

-Қанақа китобар?

-Бир икки роман, яна шеърлар тўплами…

-Нима қиласан у китобларни? Биринчидан, ўзинг шоирсан, истаган китобингни тўқиб ташлайверасан. Кейин Москва ҳозир олдинги Москва эмас, у ер Ўзбекистон бўлиб кетган. У ерда хоҳлаган китобингни топишинг мумкин. “Ўтган кунлар”у, ўтмаган кунлар, дегандай…Сен яхшиси Ҳалима холамга айт икки уч тандир нон пишириб берсин. Анови мафия тоғанг кунда бешта нон ейди бир ўзи. Кейин иссиқ кийимларингнинг ҳаммасини ол. У ёқларда ҳозир совуқ кунлар бошланиб қолди, биласанку…

-Ҳа, хўп…

Баҳодир ўзидан икки ёки уч ёш катта хамқишлоғи Шуҳрат билан Москва сафарига отланганди. Бу ишга у ҳозир дунёнинг тўрт томонига ишга бориш элга келган тўй бўлгани учун эмас, ўзининг бошига ҳақиқатан ҳам тўй ташвиши тушгани учун қарор берганди. Аслида Баҳодир Тошкентда Миллий Универститетнинг журналистика бўлими учинчи курс талабаси эди. Аммо ёзда таътилга келганида бу йил мактабни битирган синглисининг Ойсулув исмли дугонасини кўриб, бу “дунё гўзалига” ошиқ бўлиб, эндиги масала тўйни ўтказишга келиб қолганди. Чунки ҳозирги ёшларнинг ишқу муҳаббати ҳақидаги гаплар аввалги замонлардагидек тоғнинг етти қават остидаги олтин хазинаси каби сирли эмасди. Баҳодир ва Ойсулувнинг ишқу муҳаббати аллақачон қишлоқ аҳлининг оғзига тушиб бўлганди. Шунинг учун отаси Октябрь ойида таътил баҳона, Ойсулувнинг диёдори ғанимат, дея уйига келган ўғлига масалани кўндаланг қўйди. “Шу қизга уйланмоқчимисан”, деди унга отаси. Баҳодир сирни яшириб ўтирмади, зотан унинг Ойсулувга муҳаббати боя айтганимиздек эл оғзига тушиб бўлганди “Ҳа, ўйланаман Ойсулувга”, деди у отасига….

Шу гапнинг эртаси кун Баҳодирнинг отаси ва онаси Ойсулувларникига совчи бўлиб боришди. Қишлоқда бу икки оила бир бирларини яхши танишганлари учун масала муаммосиз ҳал бўлди…

Фақат тўйни ўтказиш учун пул керак эди. Баҳодир “Жон чекмасанг жонона қайда”, дея кўп қатори Россияга пул ишлаб келиш учун боришга қарор қилди. Ойсулувдан бошқа ҳамма унинг бу ишига рози бўлди. У билан сафардош бўладиган Шуҳрат аввал икки уч марта Москва тарафларга бориб, ишлаб келганди. Унинг яна Россияга ишга кетаётгани Баҳодирга қўл келиб, икковлон йўлга бирга чиқишга келишиб олишди. Москвада Баҳодирнинг онасининг унча яқин бўлмаган амакисининг ўғли, Хуррам мафия, деган йигит бор эди. Хуррам мафия Москвага борганларга иш топиб берарди, албатта бепулга эмас. Аммо нима бўлганда ҳам Баҳодир масаланинг бу томонидан хотиржам эди. Аслида Хуррам мафия, дея танилган боксчи ва полвон тоғаси бошқа томондан унга янада яқинроқ аймоқ эди. У Баҳодирдан уч тўрт ёш катта бўласи Гулшод опасига уйлангану аммо Русияга кетганига ўн йил ўтишига қарамасдан, қишлоққа қайтиб келмаганди. Бу орада Гулшод опасининг икки ўғли ҳам йигитча бўлиб қолишганди. Эридан ажраб ажрамагани номаълум бўлган, шу сабабданми ёки бошқа сабабданми тез тез касал бўлиб турадиган Гулшан опасининг дадаси, Умар почча қизи ва неваралари учун ўтган йили катта уй ҳам солганди. Поччасининг айтишича, янги уй учун пулни куёви мана шу Хуррам мафия жўнатган экан…

Баҳодирнинг ўзи Хуррам мафияни мактабда ўқувчилик вақтида бир икки марта кўрганди. Шунинг учун унинг ташки кўринишини яхши эслай олмасди. Аммо қишлоқдагилар Хуррам мафия бола чақасини ташлаб, Москвада бир ўрис қизга уйланиб кетган, деган гапларни гапиришгани учун Баҳодир кўнглида ҳам тоға ҳам поччаси ҳисобланадиган бу мафиядан бироз норози ҳам эди…

Унинг нияти Москвада кўпи билан бир йил, бир ярим йил ишлаб топган пулига тўйни ўтказиб, Ойжамолнинг висолига етиш, ундан кейин ўқишни давом эттириш эди…

Шуҳрат билан Баҳодир эртаси кун шахсий таксида Тошкентга келишди ва бир кеча бу шаҳардаги ҳамқишлоқларининг уйида меҳмон бўлишди. Шу кеча Шуҳрат иккаласига интернетдан Москвага билет олди. Яна бир кун ўтиб улар, самолёт билан Москвага етиб келдилар…

Баҳодир бир томондан чарчагани учун, бошқа томондан эса хаёли Ойсулувда бўлгани учун йўлда қўлига қалам ҳам ололмади. У унча бунча шеъру ҳикоялар ёзиб, талабалар орасида “Шоир” деган унвонга сазовор бўлишга улгурганди. Аммо бу кунлар илҳом бошқа ёқда, Баҳодир бошқа томонда қолиб кетишди…

Москва аэропортида уларни девқомат бир йигит кутиб олди. Бу тоғаси ва поччаси Хуррам мафиянинг шофери Карим, деган йигит экан. Шуҳрат аэропортда Баҳодир билан хайрлашиб ўз йўлига кетди. Баҳодир ва Карим машинада Хуррамнинг уйига йўл олишди…

-Қандай, тоғам соғ саломат юрибдиларми, деб сўради Баҳодир Каримдан машина катта йўлга тушиб олгач.

Карим боя аэропортдан саломлашгандан кейин Баҳодир билан бир сўз ҳам гаплашмаганди. Ҳозир ҳам у Баҳодирга бир қараб қўйдида, худди унинг саволини эшитмагандай, диққат билан машинани ҳайдашга давом этди. Шу тарзда улар машинада бир соатча чурқ этмасдан Хуррам мафия турадиган жойга етиб келишди. Вақт кечки ўнларга яқинлашиб қолганди…

Карим яна ҳеч нарса демасдан, машинадан тушдида, жуда баланд бир домнинг эшигини калит билан очиб, тилга кирди:

Сен анови лифт билан еттинчи қаватга чиқ. Ўнг томондаги 39  квартиранинг званогига фақат бир марта бос…

-Сизчи? Келмайсизми мен билан?

-Мен билан ишинг булмасин, айтганимни қил…

Бу сафар Баҳодир унга жавоб бермади. “Бунча қўрс бўлмаса бу махлуқ”, деди ўзига ўзи ичида…

У лифт билан еттинчи қаватга кўтарилиб, ўнг томондаги 39 рақами ёзилган квартиранинг тугмасини босди. Эшик мустаҳкам, темирдан қилинган, бир эмас, уч жойида қулфи бор эди. Бироздан кейин устига боксёр халати кийган Хуррам мафия эшикни очди. Хуррам ўттиз беш ёшларда, шофери каби бақувват, аммо юзи совуқ ва жиддий нигоҳли киши эди..Шуҳрат расмини кўрсатмаганда Баҳодир ҳозир у бу узоқ тоғаси ва яқин поччасини танимаган ҳам бўларди…

Ассалому алайкум…

-Салом, ичкарига кир…

Хуррам мафиянинг Баҳодир исмли узоқ жияни борлигидан хабари ҳам йўқ эди. Ҳамқишлоғи Шуҳрат шофери Каримга телефон қилиб, унинг хабарини берганидан кейин, у Баҳодирни эслагандай бўли. У одатда Русияга ишга келганлар билан ўзи кўришмасди. Унинг бу иш билан шуғулланидиган одамлари бор эди. Улар пул топиш учун ишга келганларга ёрдам беришар, аммо бунинг эвазига олган пулларини Хуррам мафияга олиб келиб беришарди. Бунинг ёнида унинг одамлари истаганларга бозорларда савдо сотиқ жойлари, ижара уйлар топиб беришар, уларнинг ҳужжат ишларини расмийлаштириш,  полицияга тушганларни қутқариш… хуллас бу инсонларнинг нима дарди бўлса, Хуррам мафиянинг одамлари шу ишлар билан шуғулланарди. Албатта, бу ишлар аввало тўғри йўлдан қилинмасди. Кимгадир пора берилар, кимнингдир бозор жойими, бошқа нарсасиси тортиб олинарди. Яъни, Хуррам мафия бу ерда ўзига хос “давлатнинг” раҳбари саналарди…

Баҳодир ичкарига кириб, катта залнинг ўртасида тўхтадида, орқасига бурилди. Хуррам  тоғаси ундан бир метрча масофада турарди. Баҳодир у билан қучоқлашиб кўришмоқчи бўлганди, Хуррам унинг ҳавога кўтирилган ўнг қўлини эпчиллик билан тутди ва ўзининг ўнг қўли қўли билан Баҳодирнинг қўлини шундай қисдики, Баҳодирнинг кўзидан ўт чиқиб кетишига оз қолди. Бу Хуррам мафиянинг ўзи билан кўришгани келган йигитларни синаб кўришининг бир усули эди. У Баҳодирнинг қўлини темир панжаси билан қисиб турар экан, кўзларини ҳозиргина уйига келган жиянининг кўзларидан узмасди. Баҳодир жони қанчалик қаттиқ оғримасин, тишини тишига қўйиб чидади ва кучи етганча Хуррам мафиянинг усулида “саломлашишга” уринди…

Баҳодир Хуррам мафиянинг биринчи имтиҳонидан ўтганди. Одатда бошқа йигитлар Хуррамнинг бу “саломлашишидан” олдинга эгилиб қолишар, баъзилари эса қўли қаттиқ оғриганидан додлаб, кўзидан ёш ҳам чиқиб кетарди. Ўттиз етти яшар бу эски боксчи ва полвон йигитнинг билак кучига ҳар ким ҳам дош беролмасдида. У ўзи билан ишлашни истаганларни аввал шу шаклда қўрқитиб, синдирарди. Кейин эса уларни ўзи калтаклаб ёки одамларига калтаклатиб, уларнинг қўрқувларини янада ортирар, шу усулда уларни ўзига сўзсиз итоат қиладиган хизматчиларига айлантирарди.

“Аблаҳ, қўлни едингку, албаҳ”, деди ўзига ўзи Баҳодир бу ўзига хос “саломлашишдан” кейин Хуррам мафия кўрсатган креслога ўтирар экан. Хуррамнинг юзида уйига меҳмон келганидан хурсандчилик аломати йўқ эди.

-Амма, поччам яхши юришибдими, деб сўради у йўғон овоз билан…

-Ҳа, раҳмат, салом айтиб юбордилар…

“Бу жияндан одам чиқади”, деб ўйлади Хуррам мафия. Аммо ҳали унинг имтиҳонлари битмаганди. Аслида у Баҳодирни ўзига хизмат қиладиган йигитлар сафига қўшиш учун уйига олиб келтирганди. Агар бу нияти бўлмаганда одамларига айтиб, Баҳодирга ҳам бошқалар каби ҳам иш топиб берган бўларди…

“Бу жиян одам бўлади…”

-Мана бу хонага кириб, дамингни ол, деди у Баҳодирга залнинг тўридаги қора эшикни кўрсатиб…

Хуррам мафия кўрсатган хонанинг эшиги ҳам темирдан эди. Баҳодир зирқираб оғриётган ўнг қўли билан эшикни очмоқчи бўлганди, панжаси яна боягидек қаттиқ оғриди. “Аблаҳ” деди у яна ўзига ўзи. “Қўлимни едингку аблаҳ…”.

У чап қўли ва чап елкасини эшикка тираб, уни очди. Баҳодир ичкарига киргандан кейин темир эшик ўз ўзидан ёпилди ва “тиқ” этган товуш чиқариб, қулфланиб қолди. Эшик ёпилиши билан ичкаридаги хонанинг чироғи ёнди. Баҳодир орқага бурилиб, эшикни қайта очишга уриниб кўрди, аммо темир эшик маҳкам қулфланган, уни қайта очишнинг иложи бўлмади. Баҳодир кирган хона боя у Хуррам мафия билан “саломлашган” залга ўхшаш катта бўлмаса ҳам, анча кенг эди. Хонанинг чап деворида бир бўш шкаф, ўртасида бир қора стол ва тўрт стул, ўнг томонида эса бир диван бор эди. Баҳодирнинг кўзи ўнг томондаги диваннинг ёнидаги оддий эшикка тушди. У бу эшикни осонгина очиб, кейинги хонага ўтди. Бу хона ётоқхона экан. Бу хонанинг шифтидаги чироқ иккинчи хонанинг чироғи билан бирга ёнганди. Ётоқхонанинг тўрида кийим шкафи ва бу шкафнинг ёнида яна бир эшик бор эди. Баҳодир олдинга юриб, у эшикни ҳам очди. Буниси ванна ва ҳожатхона экан…

Баҳодир бу икки хонали маконда қамалиб қолганини тушунди. Унинг ўнг қўли ҳали ҳам зирқираб оғрирди. У ваннахонадаги сочиқлардан бирини совуқ сув билан ҳўлладида, ўнг панжасини шу ҳўл сочиқ билан ўради ва олдинги катта хонага ўтиб, у ердаги диванда ўн минутча ўтирди. Қўлининг оғриғи бироз тингандай бўлди. Баҳодир чап қўли билан чамодонини очиб, аввал онаси бериб юборган нонларни чиқарди. “Бу аблаҳга бу нонлар ҳаром”, деди у яна ўзига ўзи алам билан. Кейин чамодонидаги кўйлакларидан бирини олиб,  ўнг қўлини кўйлаги билан елкасига осиб олди. Шу шаклда бироз ўтиргандан кейин қўлининг оғри анча пасайганини сезди. Йўлдан чарчаб келган Баҳодир кийимларини ечиб, ўзини ётоққа ташлади…

Уйқусида тушига Ойсулув кирди. Ойсулув унинг ўнг қўли ҳудди совуққа қотгандай кечаси билан Баҳодирнинг бу қўлини пуфлаб чиқди…

…Баҳодир эрталаб турганида соат олти ярим эди. Ўнг панжасидаки оғриқ билинар билинмас сезилиб турарди. Баҳодир бармоқларини ўйнатиб, панжасини тугиб, мушт қилиб кўрди. Қўли иш кўрадиган ҳолда эди. У ётоқдан туриб, ваннахонада юз қўлини ювдида, кейин биринчи хонага ўтди. Шунда у икки хонанинг ҳам деразалари йўқлигини билиб қолди. Баҳодирнинг кўзи хонанинг ўнг бурчагида очиқ қолган чамодонига тушди. У чамодонига яқин келиб, ундаги нонларнинг ғойиб бўлганини кўрди. Кечаси у ухлаётганда кимдир хонага кириб, чамодонини очган ва унда фақат кийимларини қолдирганди. Баҳодир шошиб чамодонининг чўнтагига қўл урди. Аммо у ерда кеча ётишдан олдин қўйган паспорти ва икки юз доллар пули ҳам йўқ эди. Кейин унинг кўзи столдаги соткасига тушди. Сотка телефонининг орқа қопқоғи очилган ва унинг карти жойида йўқ эди. У чамодонидан доимо ёнида олиб юрадиган дафтар ва қаламини ҳам топа олмади. Баҳодир бу ҳолдан ҳайрон бўлганча, столдаги телефонинининг орқа қопқоғини ёпиб, уни чўнтагига солиб қўйди…

Соат саккизларга яқинлашиб қолганда кеча ўз ўзидан қулфланиб қолган эшик очилиб, жуда нозанин бир рус қиз қўлларида нонушта таомлари қўйилган патнис билан ичкарига кириб келди. Рус қиз Баҳодирга сал жилмайиб қарадида қўлидаги патнисни хонанинг ўртасидаги столнинг устига қўйиб, эшикка яқинлашди. Бироздан кейин темир эшик ўз ўзидан очилди. Рус нозанин хонадан чиққач темир эшик унинг орқасидан яна “тиқ” этганча қулфланиб қолди…

“Бу аблаҳ Хуррам мафия ўзига хизмат қиладиганларнинг тилларини кесганми, биронтаси гапирмайди”, деди ўзига ўзи Баҳодир столдаги таомларни ейиш учун ўтирар экан.

“Нима қилмоқчи ўзи бу мафия? Нега у мендан сўрамасдан, чамодонимни тинтув қилади, паспортимни ва пулларимни олиб қўяди.. Аблаҳ, мафия ..мени қамоққа ташладинг, нарсаларимни сўрамасдан олдинг. Сенинг Гулшод опам ва жиянларимни зор қақшатиб кетишингдан кимлигининг маълум эди. Балки мен уларнинг яқин қариндоши бўлганим учун мендан ўч олишга ҳаракат қилаётгандирсан …бугуноқ бу уйингдан кетганим бўлсин…”.”.

Баҳодир шу ўйлар билан нонуштасини тугатди. Унинг овқатланиб бўлишини кутиб тургандек, темир эшик очилиб, ичкарига Хуррам мафия кирди. У устига спорт трикоси ва калта енгли куйлак кийиб олган, бақувват билакларининг мускуллари куйлагининг енгига зўрга сиғиб турарди…

-Ассалому алайкум, деди Баҳодир истамайгина. У ўрнидан турмоқчи бўлганди, Хуррам мафия чаққонлик билан унинг ўнг елкасидан тутиб, жойига ўтирғизди. Кейин Баҳодир ўтирган стулнинг орқа томонига ўтдида, икки қўлини унинг икки елкасига қўйиб, унинг елкаларини темир каби қаттиқ бармоқлари билан эза бошлади. Хуррам мафиянинг бармоқлари Баҳодирнинг елкаларига ботиб борар, бу кетишда унинг икки ўмров суягининг синиши ҳеч гап эмасди. Баҳодир бу сафар Хуррам мафияга ўзини қийнашга имкон бермаслик учун,  аввал олдинга бироз эгилди ва бир силтаниб унинг чангалидан чиқиб кетди. У эпчил ҳаракат билан хонанинг бурчагига бориб, уйнинг эгасига шундай деди:

-Хуррам ака, мен сизни қариндошим, деб уйингизга келгандим. Аммо сиз ноинсоф одам экансиз. Кеча ҳам инсон каби салом алик қилмадингиз, уйингизга келган одам билан бундай суҳбатлашмадингиз ҳам. Кечаси чамодонимдан паспортимни, пулимни, дафтар қаламимни, телефонимнинг картини олиб қўйибсиз. Мен сизни тушунмаяпман. Сизнинг мақсадингиз нима ўзи..

Баҳодир гапларини тугата олмади. Хуррам мафия боксчи маҳоратини ишлатиб, унга шитоб билан яқинлашдида, қорнига шундай мушт туширдики, Баҳодир кутилмаган бу зарбадан икки букилиб, нафас ололмай қолди. Спортнинг сирини билган Хуррам мафия Баҳодирнинг нафаси очилиши учун унинг биқинига бир тепди. Баҳодир бу зарбадан гандираклаганча хонанинг нариги бурчагига йиқилиб тушди…

Шу пайт Хуррам мафиянинг телефони жиринглаб қолди. У телефон қўнғироғига жавоб бериб, ким биландир русча гаплаша бошлади. Бироз ўзига келган Баҳодир боя чўнтагига солган телефонини қўлига олди. Хуррам мафия телефондаги суҳбат билан банд, унинг ҳаракатларини кузатмаётганди. Фурсатдан фойдаланган Баҳодир қаддини бироз ростладида, қўлидаги телефонни бор кучи билан Хуррам мафиянинг боши томонга отди. У отган телефон аниқ нишонга, яъни Хуррам мафиянинг телефони ёпишиб турган чап чеккаси ва чап қулоғига тегди. Бу кутилмаган зарбадан Хуррам мафиянинг телефони қўлидан учиб кетди ва Баҳодирнинг телефони теккан чеккасидан қон оқа бошлади. Баҳодир тезроқ ҳаракат қилмаса ҳолига маймунлар йиғлашини тушунган эди. У энди ўрнидан сакраб турдида, столдаги катта тарелкани олиб, Хуррам мафия томонга отди. Аммо биринчи зарбадан кейин ўзига келган Хуррам мафия бу марта юзини қўллари билан ёпишга улгурди. Баҳодир отган тарелка унинг билакларига тегди ва ерга тушиб синди. Ўзига келган Хуррам мафия чаққонлик билан Баҳодирга яқинлашиб, унинг биқинига бир мушт уриб, ерга йиқитди ва кейин “меҳмони”ни оёқ остига олиб, тепа бошлади…

2

…Хуррам мафия меҳмонини шу шаклда “сийлаб”хонадан чиқиб кетгандан кейин ярим соатлар ўтиб, Баҳодир ўрнидан зўрға турдида хонадаги диванга ўтирди. Унинг бутун вужуди, айниқса чап биқини зирқираб оғрир, ҳар нафас олганда оғриқдан додлаб юборгиси келарди. Баҳодирнинг нафақат оғриқдан,балки унга қилинаётган бу адолатсизликдан ҳам алами келиб, бўғзидаги хўрликнинг кўз ёшига айланиб кетишига оз қолди. Лекин кутилмаган ва номард душманнинг қамоқхонасига йиғлаб ўтиришни Баҳодир ўзига раво кўрмади. У бутун иродасини тўплаб, ётоқхонага ўтдида, эҳтиёткорлик билан оғриқ камроқ бўлган ўнг томонига ётиб олди….

Баҳодир уйғонганда соат кундуз ўн иккига яқинлашиб қолганди. У ўрнидан турмоқчи бўлган эди чап кўкрагининг пастки қисмида қаттиқ оғриқ ҳис қилди. У ўнг кафтини чап кўкрагининг оғриётган жойига қўйиб, оҳиста ўрнидан турди. Шунда елкалари, сонлари ва болдирлари ҳам зирқираб оғриётганини сезди. Унинг оғзи ва тили қуриб қолган, тана ҳарорати ортиб, вужудида ҳолсизлик ҳис қиларди. У эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиб, ваннахонага кирди. Қийналиб бўлса ҳам юз қўлини ювди. Шунда эрталаб Хуррам мафия кучли бармоқлари билан эзиб ушлаган чап елкасига кўзи тушди. Баҳодир бироз эгилган ҳолда куйлаги ва шимини ечди. Унинг икки елкаси, ўнг биқини, сонлари ва болдирлари Хуррам мафиянинг оёқ зарбаларидан моматалоқ бўлиб кетганди. Баҳодир шу ҳолда душхонага кириб, устидан илиқ сув қуйди. Ниҳоятда эҳтиёткорона ҳаракатлар билан ювиниб чиқди…

Шу шаклда ювиниб олган Баҳодир душхонада осиғлиқ оқ халатни кийиб, “қамоқхона”нинг катта хонасига чиқди. Бу хонада бояги жангнинг аломатлари супурилган ва Баҳодирнинг чамодони эса хонанинг бурчагига олиб қўйилганди. У чамодони турган ерга келиб, эҳтиёткорлик билан ерга тиз чўкди. Чамодонини очиб, тоза майка, кўйлак ва шим олиб кийди. Хонадаги столнинг устига тушки овқат қўйилганди. Баҳодир овқатни емади ва аммо патнисдаги сув идишидан шошмасдан икки стакан сув ичди. Унинг кўзлари столнинг бир бурчагида  турган бир қути дорига тушди. Бу тана ҳароратини туширадиган аспирин эди. Баҳодир дорини оч қоринга ичмаслик учун столдаги шўрвага бир тилим буханка нонни ботириб еди. Кейин бироз туриб, қутидан икки дона аспирин олдида, уларни бирин кетин сув билан ичди….

Баҳодир шундан кейин яна хонадаги диванга оҳиста келиб ўтирди. Боши, бутун вужуди лўқиллаб оғриётганига қарамай фикрларини жамлашга уринди, аммо ақлига жўяли бирор гап келмади..

Дунёда инсон бор, улар инсонлар,

Дунёда инсон бор, улар ҳайвонлар.

Пулни деб шу ҳолга тушдинг, эй йигит,

Топилмас дунёда сендек нодонлар…

Баҳодир шу сатрларни кўнглидан ўтказдида, яша “Жўқивой”, деб қўйди паст овоз билан. Кейин ўрнидан туриб, хонада зўрға ё ёқдан бу ёққа юра бошлади. Бу орада боя кўнглидан ўтказган тўртлигини ёзиб қўйиш учун қоғоз қалам бормикин деб, хонанинг ҳамма томонини қараб ҳам чиқди.

“Бу тўнка мафиянинг уйида қоғоз ва қалам нима қиларди. Бу ерда фақат сендек аҳмоқларгина қоғоз ва излаши мумкин”, деди Баҳодир ўзига ўзи паст овоз билан тўнғиллаб…

У бугун бўлган воқеани эслашга уринди….

“Нима бўляпти бу ерда ўзи? Нега бу Хуррам мафия менга душманлик қилаяпти? Ёки унинг Гулшод опамга бир хусумати бору, бунинг аламини мендан олмоқчими? Аммо мен ҳам бўш келмадим. Онангни эммагирнинг бошини ёрдим. Бундан кейин энди менга ўйлаб қўл кўтаради….Нима бўлганда ҳам бу тўнкадан менга фойда йўқ. Бир йўлини қилиб, бу зиндондан қутулишим керак? Аммо қандай…”

Баҳодир бугун еган таёқ зарбаларидан ҳолсизланиб қолганди. У столдаги сув идишидан яна бир стакан сув ичдида, ётоқҳонага ўтиб ётди. Унинг эрталабки таёқлардан дабдаласи чиққан вужудининг дам олишга эҳтиёжи бор эди…

Баҳодир қайта уйғонганда ётоқхонанинг бош тарафида деворга осилган соат кечки етти ярим бўлганди. У ухлашдан олдин сув ва аспирин ичгани учун ҳамма ёғи тер бўлиб кетганди. Бутун вужуди зирқираб оғрир, жуда ҳолсиз ҳолга келиб қолганди. Баҳодир зўрға ўрнидан турдида ваннахонада юз қўлини ювди. Ойнадаги сўлғин юзи унга аянч нигоҳ билан қараб турарди…

“Албаҳ, ҳайвон, сени инсон деб уйингга келгандим. Аммо сен ҳайвондан ҳам баттар экансан..”. Баҳодир шу фикрлар билан сочларини тарар экан, хайрият бу мафия бошимга ёки юзимга тепмабди, деган гап ҳам кўнглидан кечди…

У ювиниб катта хонага чиқди. Столда афтидан бироз аввал келтирилган кечки овқат бор эди. Баҳодир буни тарелкадаги шўрвани татиб кўриб билди. Шўрва анча илиқ, патнисда кабоб, салат ва нон ҳам бор эди. Баҳодир овқатга қўл ҳам урмади. Вужуди жуда ҳолсиз, бу туфайли иштаҳаси ҳам йўқ эди унинг…

Шоиртабиат Баҳодир маҳмодана бўлмаса ҳам гапга чечан, бошқалар билан турли мавзуларда суҳбат қилишни яхши кўрадиган йигит эди. Аммо у бир кундирки, эрталаб ўзи Хуррам мафияга айтган тўрт беш жумлани ҳисобга олмаганда, оғзидан бир сўз ҳам чиқмаганди. Шу онда у Университетдаги устози, мухолиф кайфиятдаги Ҳошимжон аканинг ўзига сир деб, айтган бир гапини эслади.

“Ҳозир Ўзбек халқининг овози ўчирилган, инсонларимизнинг оғзига латта тиқилган. Оддий одамлардан бошлаб, зиёлилар, санъаткорлар, шоиру ёзувчилар, уламолар ва раҳбарлар бирон масалада овозини чиқаришга қўрқишади. Бир халқни йўқ қилиш учун уни қўрқитиш орқали оғзига “латта” тиқишнинг ўзи кифоядир…”.

Баҳодир устозининг бу гапларининг моҳиятини энди тушунаётганда          й бўлди. Бу ерга келмасдан олдин дўстлари билан чақчақлашиб қилган суҳбатларини, Ойсулув билан пинҳона учрашганда унга муҳаббатини изҳор қилиб айтган ширин сўзларини эслади…Аммо мана бир кундир унинг ўзи мафия қариндоши тарафидан қамоққа ташланган, тили эса кўринмайдиган шаклда боғланган эди. У яна устозининг “бир халқни эзиш уни фақатгина зулм билан хўрлашдан иборат бўлмайди, асосийси халқни қўрқитиб, унинг овозини ўчиришдир. Бир халқ мана шундай йўллар билан маънавий жихатдан ўлдирилади. Менга энг алам қиладигани ҳам мана шу…”, деган сўзларини эслади…

“Аблаҳ, мафия сен ҳам мени қамаб қўйдинг, роса пўстагимни қоқиб, урдинг, оёқларининг тагига олиб, тепдинг…Аммо ёнимга бир одам қўйсанг ўлармидинг, ҳеч қурмаса у билан дардлашардику”, деди Баҳодир ўзига ўзи яна паст овоз билан. Хаёлидан ўтган бу фикрдан кейин у ўзича бир қарорга келди. У бир томондан жисмонан Хуррам мафия билан курашишга бел боғлади, иккинчи томондан эса ўзи билан ўзи гаплашиб бўлса ҳам мафия боғлаган тилини ечишга қарор қилди. Бу қароридан анча енгил тортган Баҳодир ўзи ўтирган хонанинг у бурчагидан бу бурчагига аста секин юра бошлади. Ўзича ўзини хонанинг бу бурчагида, маъшуқаси Ойсулувни эса иккинчи бурчагида тасаввур қилди…

Баҳодир аввал ўзи турган бурчагидан маъшуқасига салом берган бўлди:

-Ассалому алайкум, Ойсулув, қандайсан, яхши юрибсанми?

Кейин хонанинг иккинчи томонида ўтдида, ерга тикилганча (чунки Ойсулув у билан гаплашганда доимо ерга тикилиб сўзлашарди) овозини маъшуқасининг овозига ўхшатишга уриниб, ўзининг сўзларига жавоб берган бўлди:

-Ва алайкум салом, Баҳодир ака, ўзингиз яхшимисиз. Энг камида бир йилда келаман дегандингизку, бунча тез қайтиб келдингиз?

Баҳодир яна ўзининг бурчагига ўтиб, “суҳбатни” давом эттирди:

-Ҳм, тўғри аммо бир муаммо чиқиб қолди, шунга тез қайтиб келдим уйга…

-Қандай муаммо экан?

Баҳодир вужудидаги оғриқларидан ўламан, деб турган бўлса ҳам, овозини Ойсулувникига ўхшатишга уринишидан кулгиси қистади….

-Мафия муаммоси, Ойсулув, деди энди у ўзининг овози билан. Сен мафиянинг нималигини биласанми ўзи?

-Анови Хуррам мафия тоғангизни айтаяпсизми, деди иккинчи бурчакдаги Ойсулувнинг сохта овози…

-Ҳа, деди Баҳодир аввал. Кейин эса “Йўқ, мен мафияни шахс сифатида айтаётганим йўқ, мафиянинг маъносини сўраяпман сендан, деди у яна…

-Мен, қаёқдан билай, деди Ойсулувнинг сохта овози қарши бурчакдан. “Мен билан фақат шу нарсани гаплашишга келибсизда…”

Баҳодир севгилиси билан бу хаёлий суҳбатга бошқа чидай олмади, чунки ҳозир у маъшуқаси билан ҳақиқатан учрашиб, унинг жамолини кўришни ва Ойсулув билан жону дилдан суҳбат қилишни истаётганди. У хонада у ёқдан бу ёққа юравергани учун ҳолсизланиб, диванга ўтириб қолди. Вужудидаги оғриқ, кўнглидаги алам, ота онасининг ва Ойсулувнинг соғинчи ҳаммаси бир бўлиб, юрагини эза бошлади. Баҳодир кўз ёшларини ўнг қўли билан артидада, кейин икки қўли билан бошини чанггаллаган ҳолда диванда узоқ ўтирди…

…Баҳодир бу кеча туни билан алаҳсираб чиқди. Унинг вужудидаги таёқ изларидан иссиғи чиқиб, бутун тунасида қаттиқ оғриқ ҳис қилар, ухлаб ухламаётганини ҳам яхши билмас, бир балолар ҳақида кўрган тушларини эслай олмасди. У шу шаклда ярим уйқу ва ярим уйғоқ ҳолида тунни ўтказиб, эрталаб соат олтиларда ўрнидан турди. Ваннахонада илиқ сувда душ қилганидан кейин вужудидаги оғриқлар анча тиниб, ўзини бироз бақуват ҳис қила бошлади…

Баҳодир “қамоқхонанинг” катта хонасига ўтиб, бу ерда бугун бошидан тушиши мумкин ғавғолар ва уларга қарши нима қила олиши ҳақида ўйлай бошлади:

“Асло бу мафия қаршисида тиз чўкмаслигим керак. Агар шундай қиладиган бўлсам, у менинг елкамга чиқиб оладида, кейин тушмайди. Аммо унга қарши қандай курашишим мумкин?. Бу тўнка бу ерларда чўчқа гўшти еявериб, жуда кучли бўлиб кетибди. Аслида одамлар аввал ҳам унинг жуда кучли йигит эканлигини айтишарди, дея Хуррам мафия ҳақидаги аввалги фикрини тузатган бўлди Баҳодир…Менинг у билан очиқ курашишга кучим етмайди….Баҳодир ўз вақтида спорт билан жиддий шуғулланмаганига энди пушаймон бўлди. “Қўлингда қалам тебратиш билан билакларинг кучли бўлмас эканда”, деди у ўзига ўзи киноя билан….Демак, мен бу золимга қарши курашнинг бошқа усулларини ишлатишим керак. Аммо нима бу усул?….Баҳодир бироз уйланиб тургандан кейин, ўзича Хуррам мафияга қарши муштлашишнинг усулини топгандай бўлди… Агар қўлимга яхшироқ нарса илашса,  шу нарса билан бу золимнинг бошини пачақлашга харакат қиламан. Бунинг имкони бўлмаса, агар оёқда тикка туриш имкони бўлса, икки бармоғимни унинг икки кўзига тиқиб олишга ҳаракат қиламан….Шундан кейин бу дунёдан кўр бўлиб ўтади бу ҳайвон…Агар бунинг ҳам имкони бўлмаса, унинг зарбасидан кечагидай йиқилиб тушадиган бўлсам, ўзимни ҳушимдан кетган қилиб кўрсатаман. У менга яқинлашиши билан аблаҳнинг оёқларини тишим билан шундай ғажийки, Хуррам мафиянинг ҳам кўзидан ўт чиқсин…”.

У шу хаёллар билан диванда ўтирар экан, “қамоқхонага”нинг темир эшиги очилиб, кечаги рус қиз жилмайганича қўлида патнисдаги нонушта таомлари билан кириб келди. Баҳодир Хуррам мафиянинг хотиними, уйнашими бўлган бу нозанинга хўмрайиб қаради. Чунки у душманининг ёнидан келаётганди. Ким билади юзи жилмайиб турган бу нозанин Баҳодир ҳақида қандай фикрда бўлиши мумкин?. “Менга нима”, деди Баҳодир ўзига ўзи “Менга деса ўлиб кетмайдими ҳаммаси…Бу рус қиз хушруй бўлгани билан Гулшан опамнинг тирноғига ҳам арзмайди барибир…”.

 

Баҳодир яна икки кунни ёлғиз ҳолда “қамоқхонада” кечирди. Унинг кун тартиби деярли бир хил эди. Бу икки куннинг ярмидан кўпроғини ухлаб ўтказди. Баҳодир очиқ душмани ҳолига келган Хуррам мафия билан ниҳоий курашга ўзини тайёрларди. Шунинг учун у бу икки кунда ўзига рус нозанин қиз келтирган таомлардан тўйиб еди. Унинг иложи борича кўпроқ куч қувватга эҳтиёжи бор эди. Бу икки кун давомида Баҳодирнинг ақлига жўяли бир фикр келмади. У фақат устози Ҳошим аканинг “халқнинг оғзига латта тиқиб ўлдирилиши” ҳақида ўйларди. Бу фикрлаш жараёнида Баҳодир Ўзбекистонда нега бундай қаттиқ цензура ўрнатилганини тушуниб етгандай бўлди. Аммо у бу ҳолатдан ўзбек халқининг қандай қутулиши ҳақида аниқ фикр ва тасаввурга эга эмасди…

Баҳодирнинг қамоққа ташланганининг тўртинчи куни эди. У эрталаб деярли соғлом ҳолда ўрнидан турди. Душда яхшилаб ювиниб олгандан кейин, катта хонага ўтдида у куни хаёлида Ойсулув билан гаплашгани каби, устози Ҳошимжон ака билан ҳам хаёлан гаплашишга уринди…

-Ҳошимжон ака, деди у хонанинг бир бурчагида туриб. “Мана сиз ҳозирги ҳукуматга мухолиф кайфиятдаги бир инсонсиз. Сиз давлатни халққа зулм қилиб, унинг овозини ўчириб, шу шаклда инсонларимизнинг“оғзига латта тиқиб”, уларни маънавий жиҳатдан ўлдирмоқчи бўлаётганида айблайсиз. Аммо бу аҳволдан чиқиш ҳақида эса ҳеч нарса демайсиз….

Баҳодир энди хонанинг бу бурчагига ўтиб, устозининг ролига киришга уринди:

-Тўғри, Баҳодир аҳвол шундай, аммо бу аҳволдан қутулиш сен ўйлаганчалик осон иш эмасда…

Баҳодир энди хонанинг бу бурчагига ўтиб, ўзига “айланди”. Аммо у устозига жавоб беришга улгурмади. “Қамоқхонага” бояги рус қиз нонушта таоми билан кириб келди. Баҳодир бу кунлар унинг “қамоқхонага” кириб чиқишига ўрганиб қолгани учун унга эътибор бермай ҳам қўйганди.

Баҳодир ярим соатда нонуштани битирди. Унинг овқатланиб бўлишини кутиб тургандек, бояги қиз хонага кирди ва столнинг устидаги қошиқ товоқлар қўйилган патнисни олиб, хонадан чиқиб кетди. У чиқиши билан Баҳодир илк куни уни кўрган боксёрлар киядиган халатда Хуррам мафия  хонага  кирди…

Баҳодир бу марта Хуррам мафияга салом ҳам бермади, уни кўриб ўрнидан ҳам турмади. Унинг фикри хаёли ҳозир ўзаро жанг бошланадиган бўлса, душманига қарши қайси усулни ишлатиш билан машғул эди. Аммо Хуррам мафия ҳеч нарса демасдан, столнинг у томонига, Баҳодирнинг қаршисига ўтиб ўтирди…

-Баҳодир, биламан сен мендан хафасан, аслида эса хурсанд бўлишининг керак, дея сўзга бошлади у меҳмонининг кўзига тик қараганча. Баҳодир ундан кўзини олиб қочмади, аксинча Хуррам мафия унга қандай тикилиб қараган бўлса, у ҳам бу “тўнка, ҳайвон” лақабини бергани душманининг кўзига тик қараб ўтираверди….

-Аслида эса сен хурсанд бўлишинг керак, Баҳодир, дея бояги гапини такрорлади Хуррам мафия. Мен Москвага ишга келган бошқа болалар каби сенинг кўзингни қўрқитмоқчи, кейин эса сенга нима десам шуни сўзсиз бажарадиган ёрдамчим сифатида ишга олмоқчи эдим. Аммо сен ўжар бола чиқиб қолдинг…

Хуррам мафия  шундай, дея бошининг чап томонида билиниб турган яра жойини қўли билан силаб қўйди. Аммо бу Баҳодирга ҳеч қандай таъсир қилмади…

-Хуллас, сен Москвада ишлашга лойиқ йигит эмас экансан, деди Хуррам мафия чўнтагидан телефонини чиқариб. Бу Самсунг 5 модел сотка телефон эди. Хуррам мафия телефонидан бир видео фильмни очиб, уни Баҳодирга кўрсата бошлади. Видео фильм Баҳодирнинг Хуррам мафиянинг уйига кириб келишидан бошланганди. Унда Хуррам ва Баҳодирнинг қандай саломлашгани, Баҳодирининг қандай “қамоқхонага” ташлангани, Хуррам мафиянинг ўша кечаси меҳмонининг чамодонини титкилаб, унинг нарсаларини олгани, эртаси кун Баҳодирнинг Хуррамга бақириб гапиргани, кейин уларнинг ўзаро уруши ….хуллас шу тўрт давомида Баҳодирнинг бошидан нима ўтган бўлса, шу нарсалар тасвирланганди…Видео ярим соатча олдин Баҳодирнинг устози Ҳошим ака ролига кириб, унинг ўзига айтган гаплари ва Баҳодирнинг нонуштаси билан тугади…

“Аблаҳ, хоин”, деди Баҳодир ичида ўзига ўзи. “Демак, мен уйингга келганимдан кейин нарсаларимни ўғирлаганинг етмагандек, мени видеога ҳам тушириб олган экансанда…вой сени аблаҳ…”

-Биламан, ҳозир мени ичингда сўкяпман, аммо шуни билишинг керакки, бу менинг иш усулимдир. Фақат иш усулим эмас, бу менинг ҳаёт тарзим ҳамдир. Менинг қўл остимда ишлайдиган киши эртага мен уни ўлдиридигандек менден қўрқиши керак. Шунда у мен айтган буйруқларни гап қайтармасдан тўла тўкис амалга оширади. Ўз ўрнида ўзим ҳам мендан катта мафиялардан ўлгудек қўрқаман, улар менга нима дейишса, эътироз қилмай бажараман. Шундай қилмасам улар мени истаган пайтларида ўлдиришлари мумкин…

Хуррам мафия шундай дея, ўнг қўлини столнинг тагига узатди. Баҳодир унинг бу ҳаракатидан сергак тортиб, ўзи ўтирган стулни бироз орқага тортиб ўтирди. Бироздан кейин темир эшик очилиб, хонага бояги рус қиз кирди. Афтидан столнинг Хуррам мафия ўтирган жойида хизматкорларини чақирадиган тугмачаси бор эди…

-Там у меня, рядом компютером есть одна газета и два листа бумаги. Принеси их мне…

-Компютеримнинг ёнида бир газета ва икки варақ қоғоз бор. Уларни менга келтир…

Рус қиз яна индамай хонадан ташқарига чиқиб кетди ва бироздан кейин Хуррам мафия айтган нарсаларни столга қўйиб, хонадан чиқди…

-Мен кичкина бир мафияман, аммо ўзимизга қайтиб борсанг, мафиянинг каттароғини кўрасан. Гулноранинг Европадаги бир миллиард доллари, Лоланинг Америкада сотиб олган виллари ҳақидаги ҳангомаларни эшитгандирсан?. Бу ҳали айбсергнинг, яъни муз тоғининг кўринган тарафи. Устозинг тўғри айтган, бу раҳбарлар мафияси бизнинг инсонларнинг оғзига латта тиққан. Сен ўзингнинг шоир акаларингга қара, улардан қайси бири ҳақиқий  маънода шеърлар ёки романлар ёзди кейинги йилларда…Чунки уларнинг ҳам овозлари қўрқув билан ўчирилган ва уларнинг ижод, деб юрган нарсаси шу оғзидаги қўрқув “латтаси” билан ғўлдирашидан иборатдир. Шунинг учун ҳам улар ёзаётган нарсаларни бошқаларни қўй, ўзлари ҳам тушунмайдилар…”

Хуррам бу сўзларни айтар экан, кўзлари чақнаб, юзлари қизара бошлаганди…

-Ёки бу ерни айтайми? Сен буларнинг президенти Путиннинг сирли бойликлари ҳақида америкаликлар нима деганини биласанми ўзи? Бу ерда ҳам ҳамма ишларни мафиялар бошқаради. Сенинг каби бу ерга келган ўзбек йигитлар шу мафияларнинг қўлларида қуллик қилишади. Улар бу мафиялар учун эрталаб соат олтидан кечқурун соат ўнгача ишлашади. Бу мафиялар бу ўзбек қулларига ўн долларлик  иш қилдириб, бир доллар садақа беришади. Бу бу ерда эмас, дунёнинг ҳамма жойида шундай. Шунинг учун на бу ерда, на ўзимизда, на дунёнинг бошқа ерида ҳеч қандай эркинлик ҳам, инсоннинг ўзи истагани каби яшаш имкони ҳам йўқ. Менга ишонмасанг, мана бу ердаги давлат газетасига қара…Булар ўзларининг мафия эканлигини яшириб ҳам ўтирмайдилар, билдингми энди?

Хуррам мафия шундай дедида, столдага газетани олиб, Баҳодирнинг олдига қўйди…

Баҳодир газетага кўз югуртирди. Унинг тепа қисмида катта ҳарфлар билан “КОММЕРСАНТ” ёзилганди. Газета саҳифасининг ўрталарида эса “Успехи правящей мафии. Как криминал подменяет государство” номли мақола ўрин олганди…

-Бу мақоланинг ўзбекча номи “Бошқарув мафиясининг муваффақияти. Жиноят дунёси кандай қилиб давлат бошқарувини қўлга киритди”… Ҳозир мен сенинг шуни тушунишингни истайман: Ўзимизда ҳам, бу ерда ҳам, бутун дунёда ҳам иш бошида кичкина ва катта мафиялар турибди. Улар ер юзидаги бутун инсонларнинг оғзига қўрқув “латта”сини тиққанлар. Ҳеч ким ва ҳеч қандай куч бу мафияларга қарши чиқа олмайди. Қарши чиқса, мана бу бўлади, деди Хуррам мафия ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан бўйнини кесаётгандай қилиб…

Баҳодирга баъзи нарсалар тушунарли бўлгандай эди. Аммо унинг қалбида бу ерда ўтказган тўрт кун давомида Хуррам мафияга қарши шундай нафрат ўйғонгандики, бундай номи инсон ўзи ҳайвон махлуқлар билан бирон масалада гаплашиш у ёқда турсин, уларнинг юзини ҳам кўришни истмасди. Хуррам мафия ўзича куйиниб билган ҳақиқатларини унга тушунтирар экан, Баҳодир бу масалаларни устози Ҳошим ака билан суҳбатлашишни кўнглига тугиб ўтирарди…

-Хуллас, менинг сенга бир таклифим бор, деди Хуррам мафия яна Баҳодирнинг кўзига тикилганча. –Сен қишлоққа қайтиб кет, шоирлигу ширин хаёлларингни бир четга улоқтир. Қишлоқда ўзинг севган қиз бор экан унга уйлан. Тўй харажатларини мен ўз зиммамга оламан. Кейин мен сенга туманимизда бир ферма очишга ҳам ёрдам бераман. Мен бу ишни фақат сен учун эмас, Гулшан опанг ва икки болам учун ҳам қиляпман…Ўзбеклар учун ҳозир ягона йўл, шу шаклда ўз оиласи билан тинчгина яшашдир. Йўқ, мен бунга розим эмасман, сизга қарши қандай курашган бўлсам, сиздан катта мафияларга ҳам қарши шундай курашаман, улар оғзимга тиққан қўрқув “латтасини” олиб ташлайман, десанг билгилки бу латта фақат бошинг билан бирга танангдан айрилади…

Хуррам мафия бу сўзларни айтар экан, овози титраб кетди. У биринчи марта кўзларини Баҳодирнинг кўзларидан олиб қочди. Сўзларини тугатгач бироз ўтирдида, кейин ўрнидан туриб хонадан чиқиб кетди…

Баҳодир тўғриси Хуррам мафиядан бунча гап кутмаганди. Асосийси устози Ҳошим аканинг “ўзбек халқининг овози ўчирилган, шу шаклда оғзига латта тиқилган” деган фикри билан ҳамқишлоғи Хуррам мафиянинг фикрларининг бир жойдан чиқаётгани эди…”.

“Аммо бу аблаҳ менга нима дедия” дея, ўйлай бошлади БаҳодирХуррам мафия “қамоқхонадан” чиққандан кейин. У “қишлоққа қайтиб кет, ўқишингни ташла, шоирлик хаёлларинг бир пулга арзимайди, дедику…Нима демоқчи у бу билан, бу тўнка?”.

Баҳодир шу нарсаларни ўйлар экан, хонанинг эшиги очилиб, Ҳуррам мафия хонага қайтиб кирди. У аввал ўтирган стулига қайта ўтирдида, боя рус қиз газета билан келтирган икки варақ қоғозни Баҳодирнинг олдига қўйди…

“Мен Баҳодир Эргашев Гулшан опамнинг эридан 10 минг доллар пул олганман. Булардан 5 минг долларни Гулшан опамга олиб бориб бераман. 5 минг долларни қарз сифатида олдим ва шахсий эҳтиёжимга ишлатаман. Бу пулларни аста секинлик билан Гулшан опамга қайтаришга сўз бераман…Имзо…” .

Баҳодир бу сўзларни ўқир экан, Хуррам мафия чўнтагидан бир пачка доллар пулни чиқариб столга қўйди. Кейин иккинчи чўнтагидаги Баҳодирнинг паспортини ва уйдан олиб келган 200 доллар пулни ҳам доллар пачкасининг ёнига қўйди….

Баҳодир оғзига талқон солинган каби сукут сақларди. У Хуррам мафияга нима, деб жавоб беришни ўйларди. “Сенинг бу пулларинг ҳаром пуллар…Сен уларни бу ерга ишлагани келган ўзбек йигитларини қон қақшатиб олгансан…”. Баҳодир бу сўзларни Хуррам мафияга очиб айтмоқчи бўлди, аммо бу фикридан дарров қайтди.

“Шунча дарди бор экан, одамга ўхшаб уйига келган куним айтса бўлардику…Мени қўрқитмоқчи эмиш…Иш усули, ҳаёт усули шу эмиш…Тупурдим мен сенга ҳам, иш усулингга ҳам, ҳаёт тарзингга ҳам…Кейин бу гапларни айтганим билан бу мафия қилиб юрган жиноятларидан воз кечиб қолармиди?!”.

Баҳодирнинг кўнглидан бу гаплар кечар экан, хаёлига эса бир даҳшатли ҳақиқат келди.

“Боя нима, деди бу аблаҳ мафия менга? Сен ўзингнинг шоир акаларингга қара, улардан қайси бири ҳақиқий  маънода шеърлар ёки романлар ёзди кейинги йилларда…Чунки уларнинг ҳам овозлари қўрқув билан ўчирилган ва уларнинг ижод, деб юрган нарсаси шу оғзидаги қўрқув “латтаси” билан ғўлдирашидан иборатдир. Шунинг учун ҳам улар ёзаётган нарсаларни бошқаларни қўй, ўзлари ҳам тушунмайдилар… Ахир, бу сўзлар ҳақиқатку, Ҳошим ака ҳам шу сўзларини айтиб юрадику…Ўзимнинг ҳам қанча мақола ва ҳикояларим цензурадан ўтмадику..”

Баҳодир бирдан ўзини оғзига сассиқ “латтаси” тиқилган ижодкорлардан бири ўрнида кўрди. Бу фикрдан кўнгли айниб, ўқчиди…Оғзидан ёқимсиз ҳид келаётгандай бўлди. У индамай ўрнидан турдида, ваннахонага ўтиб, тиш чёткасига сурган крем билан оғзини ва тишларини яхшилаб ювди. Кўнгли бироз ҳузур топиб, ётоқхонадаги ўрнига ёнбошлади…

Баҳодир шу ҳолда энди нима қилишини ўйлайвериб, ухлаб қолди. У уйғонганда соат кундуз бирга яқинлашганди. Кўзларини очиб, ухлашдан олдинги ҳоли ёдига тушди. Оғзидан ва бутун вужудидан ёмон ҳид келаётгандай сезди ўзини…Ваннахонага кириб қайтадан оғзини ва тишларини тозалади. Бу етмади, уст бошини ечиб, иссиқ сувда шампун ва совун билан роса ювинди. Аммо уни безовта қилаётган нарса уст бошининг ёки вужудининг кир бўлиб кетгани эмас, оғзидаги хаёлий кўланка ҳид эди..У ойнага яқинлашдида чуқур нафас олиб, кейин ойнага нафасини пуфлади. Кейин кафтига нафасини пуфлаб, қўлини ҳидлади. Аммо бурнига ёмон ҳид келмади…

Баҳодир катта хонага чиқиб ўтириши билан нозанин рус қизи эшикни очиб ичкарига кирди:

-Вас приглашают на обед, деди у жилмайганча Баҳодирга…

“Сизни тушки овқатга чақиришаяпти…”

Ниҳоят бу ерга келганининг тўртинчи куни Баҳодирга “қамоқхонадан” чиқиш рухсати берилганди. У индамасдан рус қизга эргашди. Улар аввал катта залга, ундан ўтиб чап тарафдаги ошхонага киришди. Ошхонанинг ўртасидаги катта стол ўзбек таомлари билан тўлдириб ташланганди. Тўрдаги стулда келишган ва кучли қоматига ярашган чиройли куйлак кийган Хуррам мафия ўтирарди. Баҳодир индамасдан уй эгасининг қаршисидаги стулга ўтирди. Афтидан бу жой ўрис қизники эди. Баҳодир буни қизнинг талмовсираб қолганидан сезди. Аммо унга бу нарсанинг фарқи йўқ эди. Рус қиз Баҳодирнинг олдидаги шўрвани олиб, Хуррам мафиянинг ёнида меҳмон учун қўйилган шўрва билан алмаштириб қўйдида, ўзи ўша жойдаги стулга бориб ўтирди. Баҳодир дастурхондаги қази, тандир гўши, кабоб ва ҳар хил таомларга кўз югуртириб чиқди. Дастурхоннинг ўртасида ўзи олиб келган нонлардан тўрт донаси бор эди. Баҳодир нонларни кўриб, уни бу томонларга не не умидлар билан жўнатган онажонини эслади. Кўзига ғилқ этиб ёш келди, аммо энди у кўз ёшларини артиб ўтирмади. У шу шаклда сессиз йиғлаганча онажони пиширган нонлардан бирини синдирдида, қайнатма шўрва билан ея бошлади. Кўзидан оқаётган ёшларнинг тахир таъми онаси пиширган ноннинг ширин лаззати билан аралашиб кеди. У шу онда ўзини дастурхондаги хилма хил таомлар билан эмас, бир томондан бу ерда кўргани хўрлик, адолатсизлик, ҳурматсизлик, бошқа томондан эса онажонининг, отажонининг, укалари ва сингилларининг, дўстларининг, севглиси Ойсулувнинг соғинчи туфайли дилида пайдо бўлган ярадан оқаётган кўз ёшлари билан” тўйдирар” эди…

Баҳодир бир икки луқма таомни шу шаклдан томоғидан ўтказгандан кейин тўсатдан унга столдаги бутун овқатларнинг ҳиди эрталаб димоғида ҳис қилган, оғзига тиқилган сассиқ латтанинг ҳидига ўхшаб туюлди…Баҳодир оғзида чайнаётган овқатни юта олмай тўхтаб қолди. Унинг меъдаси айниб, кўнгли беҳузур бўла бошлаганди. Столда яна бироз ўтирса, шу ерда қусиб юбориши ўйлаб, ошхонадан югуриб чиқди. У тўғри “қамоқхонага” қараб югурдида, темир эшикни очиб, ваннахонага етар етмас еган нарсаларининг ҳаммасини қусиб ташлади…

Баҳодир ётоқхонада бироз ётдида яна “қамоқхонанинг” катта хонасига ўтди. “Менга нима бўляпти ўзи”, деди у хаёлан. “Бу мафиянинг уйида менга нима бўлди ўзи? Биқинимга бир икки тепки еганимга шунчами? Йўқ, гап мафияда эмас, унинг гапларида ҳам эмас. Чунки бу гапларни аввал менга Ҳошимжон ака ҳам айтганди. Мен ўқиш, ижод, муҳаббат деб, бу катта ва даҳшатли ҳақиқатга эътибор бермаган эканман. Даҳшат, қандай даҳшат, нафақат ўзимизда, Ўзбекистонда, бу ерда, Русияда ва дунёда бутун инсониятнинг оғзига қўрқувнинг сассиқ “латтасини” тиқиб юришга мажбурланиши қандай катта даҳшат…Балки бутун инсоният мана шу шаклда оғзига қўрқув “латтаси” тиқилгани учун, бу туфайли дунёдаги одамлар дардларини очиқ айта олмаётгани учун дунёда шундай қирғин барот урушлар бўлаётгандир…”

“Бутун инсониятдан олдин ўзингни ўйла Баҳодир, ўзинг бугунгача шундай  тили боғланган, оғзи ёпилган  миллиардларча қуллардан бири эканлигингни ўйласангчи…”.

Бу фикр орқали Баҳодир Хуррам мафиянинг уйида нега тўрт кун “тилсиз” қолганини тушунгандай бўларди. Хуррам мафия мени қучоқ очиб кутиб олганда, бошимга шу кўргуликлар тушмаганда нима бўларди? Унинг уйида бояги лаззатли таомларни тўйиб еб, у ёқдан бу ёқдан маъносиз гапларни гаплашиб, кейин Москвада бу мафиядан катта мафияларга қуллик қилган бўлар эканманда…Қандай дахшат… Ёки биринчи кун у қўлимни темир панжаси билан эзганда унга эгилиб таъзим қилсам ёки иккинчи кун қорнимга бир мушт уриб, мени дабдала қилиб тепганида ерга судралиб, оёқларига ёпишиб йиғлаганимда, у бу гапларни менга айтмаган бўларди. Яна нима деди бу мафия менга…”Мен ҳам ўзимдан катта мафиялардан қўрқаман, чунки улар истаган пайтларида ўлдирадилар”, деди…

Баҳодир шу ўйлар билан шартта ўрнидан турдида, боя ўтирган стулига бориб ўтирди. У бундан кейин нима қилиши ҳақида бир қарорга келганди.

“Зудлик билан Тошкентга бориб, ҳамма гапни Ҳошимжон акага айтаман. Мана бу газетадаги мақолани ҳам у кишига кўрсатаман. Менга фақат у кишигина тўғри маслаҳат бериши мумкин. Шунга қараб иш қиламан бундан кейин… ”.

У устози Ҳошимжон аканинг нега ўзига ўхшаган самимий талабаларини бир четга олиб, дилидаги гапларини уларга тўкишини энди тушунгандай бўлди. Бечора, Ҳошимжон ака шу йўл билан бироз бўлсада бошқалар қатори ўзининг ҳам оғзига тиқилган қўрқув “латтасини” чиқаришга уринар эканда…

“Менинг ўзимчи, деди у хаёлан ўзига ўзи. Ўзим ҳам тили боғланган бир қулманку, бу ерга шу қуллик вазифасини бажариш учун келмадими?”

Шу онда унинг кўзига ҳеч ким ва ҳеч нарса кўринмас, ақлига ҳозироқ устози Ҳошимжон акасининг ёнига бориб тилини “ечишдан” бошқа фикр келмасди.Шунинг учун ҳам Баҳодир Хуррам мафия ўзига узатган қоғозга яна бир марта кўз югуртирдида, столдаги ручкани олиб ундаги матнни шу шаклда тузатди:

“Мен Баҳодир Эргашев Гулшан опамнинг эри Хуррам…”Баҳодир Хуррамнинг исмидан кейин тоғам ёки поччам, дея ёзмоқчи бўлдида, кейин бу фикридан воз кечди. “Гулшан опамнинг эри Хуррам…дан 10 минг доллар пул олганман. Буларни қишлоққа Гулшан опамга олиб бориб беришга сўз бераман…Имзо…”.

Бу Баҳодир Москвада қўлига қалам олиб ёзган биринчи ва охирги “ижоди” эди. У икки варақдаги ёзувларни ҳам шу шаклда тузатдида, уларга имзо қўйиб, улардан бирини боя Хуррам мафия берган русча газетанинг варақлари ичига яшириб, чамодонига солиб қўйди. Столдаги бир пачка долларни костюмининг бир чўнтагига, паспорти билан ўзи олиб келган икки юз долларни иккинчи чўнтагига солди. У шунда кўнглидаги беҳузурликнинг анча тинганини сезди. Столдаги сув идишидан бир стакан сув ичди. Бояги кўнгил айниши анча пасайган, ичган суви ҳам меъдасига ёмон таъсир қилмаганди.

Баҳодир столдаги варақларни имзолагандан кейин беш дақиқа ўтиб, Хуррам мафия темир эшикдан ичкарига кирди. У Баҳодирга сенга нима бўлди, аҳволнинг қандай, бундан кейин нима қилмоқчисан, деб сўраб ҳам ўтирмади. Баҳодир имзолаган қоғозни қўлига олиб, унга бир назар ташладида, уни қайтариб столга қўйди.

-Уч соатдан кейин Тошкентга самолёт кетади. Пастда сени Карим кутмоқда, Хуррам мафия, шундай дедида темир эшикдан ташқарига чиқди. Баҳодир шошганича кийимларини йиғиштириб, чамодонига солди. Сув идишидан яна бир стакан сув ичди. Бу сафар сув Баҳодирнинг томоғидан одатдагидай ўтди, меъдасида ҳам ҳеч нарса сезмади. У чамодонини қўлига олиб, темир эшикдан катта салонга чиқди. Квартиранинг кириш эшиги ёнида Хуррам мафия ва нозанин рус қиз уни кузатиш учун кутиб туришарди. Хуррам мафия Баҳодирга илк кўришганларида бўлгани  каби совуқ ва жиддий нигоҳ билан қараб қўйди. Рус қиз эса, бошини эгиб, кўзларини полга тикиб турарди.

-Хўп, яхши қолинглар, деди Баҳодир оёғига этигини кияр экан. Бу гап унинг Хуррам мафиянинг уйига кириб, мезбонга айтган учинчи гапи эди.

Баҳодир қўлига чамодонини олдида, лифтнинг ёнига бориб унинг тугмасига босди.

-Баҳодир, деди очиқ эшикка суяниб турган Хуррам мафия паст овоз билан унга. “Сендан илтимос, Гулшан ва болаларга яхши муомала қил, сендан илтимос…”.

Хуррам мафия шундай дедида, эшикни ёпиб, ичкарига кириб кетди. Баҳодир пастга шитоб билан тушаётган лифтда камқонлик ва невроз касали бўлган Гулшан опасини ва унинг тирик етим қолган икки ўғлини эслаб, яна кўнгли бузилди. Кўзидан оқаётган ёшларини чўнтагидаги рўмолчаси билан артди. Ташқарига чиққанида Карим унинг қўлидаги чамодонини олиб, машинанинг багажига қўйди. Баҳодир бу гал шофёрнинг ёнидаги ўриндиққа эмас, ўнг томондаги орқа ўриндиққа ўтирди…

Баҳодир билан Карим машинада аэропортдан қандай чурқ этмай Хуррам мафиянинг уйига келишган бўлса худди шу тарзда аэропортга қайтиб боришди. Карим машинани парк жойига қўйиб, Баҳодир билан аэропорт залига кирди.

-Менга паспортингни, ёнингдаги 200 доллар пулни бер, деди Карим Баҳодирга улар аэропортга киргандан кейин…

“Тилинг бор эканку, албаҳ, деди Баҳодир ўзига ўзи овоз чиқармай. Кейин индамай Карим айтган нарсаларни уларнинг қўлига тутқазди…

Орадан ўн дақиқалар ўтиб, Карим қўлида Баҳодирнинг паспорти ва билет билан қайтиб келди ва уларни Баҳодирга берди.

Кейин улар йўловчилар ва билетларни рўйхатдан ўтказиш ва багаж топшириб бўлимига ўтишди. Бу иш ҳам битгандан кейин Баҳодир олдинда, Карим орқада паспорт контроли томон илдам юра бошладилар. Баҳодир паспорт конролидан ўтиш ерига яқинлашганда, Карим билан хайрлашиш учун орқасига ўгрилиб қаради. Аммо Карим аллақачон ғойиб бўлганди…

….Баҳодир Тошкентга учадиган самолётнинг ўрталаридаги билетида кўрсатилган ўнг томондаги деразанинг ёнидаги ўриндиққа ўтирди. Бироздан кейин унинг ёнига бир семиз одам ва афтидан унинг ўғли бўлган Баҳодирга тенгдош йигит келиб ўтиришди. Баҳодир улар билан бош силкиб саломлашган бўлди. Самолётга бирин кетиб келиб ўтираётган йўловчиларнинг ўзаро ғала ғовур гаплари Баҳодирга оғзига латта тиқилган кишиларнинг ғулдирашларига ўхшаб эшитиларди. Димоғига яна Хуррам мафиянинг уйида ҳис қилгани бетамиз ҳид ўрнашгандай бўлиб, кўнгли беҳузур бўла бошлади. У бўйнидаги шарфини бурнини тўсадиган шаклда юзига ўради. Йуловчиларнинг овозларини эшитмаслик учун эса олдинги ўриндиқнинг чўнтагидаги мусиқа эшитиш жиҳозини икки қулоғига тақиб олди…

Самолёт ҳавога кўтарилгандан кейин ярим соатлар ўтиб, стюардессалар йўловчиларга овқат тарқата бошлашди. Баҳодир ўзига узатилган овқатни қўл ишорати билан рад қилган эди, ёнида ўтирган семиз киши “майлими мен есам”, деди. Баҳодир “хўп, олинг, олинг”, дегандай бош силкади…

Йўловчилар овқатланишар экан, Баҳодир самолёт деразасидан узоқ узоқларда ботаётган қуёшни ва тобора кўпроқ қизариб бораётган уфқни томоша қилиб ўтирарди. Ўзининг овқатини еб бўлган ёнидаги семиз киши Баҳодирнинг стулчасидаги овқатни ҳам олмоқчи бўлиб, беихтиёр унинг тирсагини туртиб юборди. Баҳодир истамайгина самолётдаги қўшнисига қаради. Семиз одам нимадир, деди аммо Баҳодир қулоқларига мусиқа эшитадиган жиҳоз таққани учун унинг сўзларини яхши тушунмади. У одоб доирасидан қулоқларини “очди”:

-Ука, деди семиз киши оғзида овқат бўлгани учун ғўлдираб. –Шу дейман, сиз шиор ёки файласуф бўлсангиз керак а? Гапирмайсиз ҳам, овқат ҳам емайсиз…Ёки касалмисиз а?

Баҳодир семиз кишининг бу сўзларига жавоб бериб ўтирмади. У Хуррам мафиянинг уйида боғланиб қолган тилининг ҳали ечилмаганини сезиб турарди. Аммо ёнидаги семиз киши томонга бурилганда кўзлари қарши тарафдаги уч ўриндиқдан ўзларига яқин ўтирган олтмиш ёшлардаги, бошига кўкимтир дўппи кийган, оқ соқолли, нуроний юзли кишига тушди.. Бу оқсоқол ҳам овқат емасдан, қўлидаги газетани ўқиб ўтирарди. Шу пайт бу киши ҳам ўзига тикилиб турган Баҳодир томонга қаради. Баҳодир жилмайиб унга салом берган бўлди. Кейин бошини олдинга эгиб, бўйнини бироз узатиб, оқсоқол ўқиётган газетанинг тепа қисмини ўқиди:

“КОММЕРСАНТ !!!”.

Намоз НОРМЎМИН

2016 йил, Февраль.

www.namoznormumin.blogspot.com

 

 

 

 

 

 

 

 

 

About the Author :

Yorum Yapın