Мудҳиш Кун
27 Şubat 2016  //  By:   //  Dr. N. Normumin, İSLAM  //  No Comment

27.02.2016

Бир золим подишоҳ бор эди. Халқини зор қақшатар эди. Жосусларини ҳар бир фуқаросининг изидан қўйганди. Халқини ҳам жосусликка ўргатганди. Шунинг учун бу мамлакатнинг одамлари бирор киши ҳақида бир гап эшитишлари билан уни жосусларга етказишарди. Бу мамлакат подишоҳи шунинг учун ҳам ер тагида илон қимирласа биларди…

Бир куни шу подишоҳ, жарчисига амр қилди:

-Инсонлар шаҳар майдонига йиғилишсин…

Подишоҳнинг амри вожиб…Халқ ҳамма томондан оқиб келди. Шаҳар майдони ва атрофига инсон сиғмай кетди.

-Эй, халойиқ, деди подишоҳ халққа қарата. -Биласизлар, мен сизларга кўп жабру жафолар чектирдим. Бугун мен бу қилган ишларимдан пушаймонман. Аммо бу фақат менинг гуноҳим эмас. Сизлар ҳам буйруқларимга сўзсиз итоат қилдингиз, мени яхшиликка даъват қилмадингиз, аксинча жосусларимга қўшилиб, бир бирингизнинг изларингизни пойладингиз. Бугун мен жосусларим сизлар ҳақингизда йиғиб келган бутун сирларни очишга қарор қилдим. Ҳаммангизнинг ҳақиқий башарингиз очилади бугун.Мен ўзимнинг сирларимни ҳам, сизларнинг сирларингизни мана бу тепада турган оқсоқолга айтганман. Ҳозир мен отимни қамчилаб анови тоғнинг этагига шамолдек учаман. Ким орқамдан етиб келса келди, келмаганларнинг кирдоркорларини эса оқсоқол очиб ташлайди. Уйинг куйди, халойиқ, чунки бугун шармандалик кунидир…

Подишоҳ гапини тугатар тугатмас, отига қамчи урди. Унинг тулпори узоқдаги тоққа қараб шамол тезлигида чопа бошлади. Кутилмаган бу янгиликдан ларзага келган инсонлар бирин кетин подишоҳларининг орқасидан югура бошладилар. Қиёмат бўлиб, ур тўполон чиқиб, ким кимни йиқитиб, ким кимнинг устидан босиб, ҳамма тоғ томонга югурар эди. Подишоҳнинг ҳаром еб ўрганган, кўзини ёғ босган вазиру навкарлари ҳам жон талвасасида халққа қўшилиб чопишарди…

Шу тарзда кўп ўтмай майдонда тепанинг устидан турган оқсоқолдан бошқа кимса қолмади. Кўрган манзарасидан қалби парчалаган оқсоқол кўз ёшлари ичида Қуръоннинг шу оятларини ўқиди:

‘Эй, Роббимиз биз нидо қилувчининг (Пайғамбарнинг), Роббингизга иймон келтиринг, деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин.Эй, Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни ШАРМАНДА қилмагин. Албатта, Сен ваъдангга хилоф қилмайсан» (Оли Имрон сураси, 193, 194 оятлар)

Намоз НОРМЎМИН
27.02.2016

namoznormumin.blogspot.com

About the Author :

Yorum Yapın