Мирзиёев Россиядан $16 миллиардлик шартнома билан қайтмоқчи
4 Nisan 2017  //  By:   //  Uncategorized  //  No Comment   //   168 Okunma

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 16 миллиард АҚШ долларилик шартномалар имзоналади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматовга таяниб хабар берган.

Расмий Тошкент Москвада ушбу миқдорда шартнома имзолашга эришса бу Ўзбекистон тарихидаги энг йирик суммадаги шартнома бўлади. Бунгача 2013 йили Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 15 миллиард долларлик шартномалар имзоланган эди.

Россия ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий соҳадаги келишувлар билан 55 ҳужжатдан иборат жаъми 16 миллиард долларлик шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида ҳужжатларнинг бир қисми имзоланиш тадбирида маълум қилган.

Раматов Мирзиёевнинг Россияга ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, янги истиқболлар очишини таъкидлаган.

“Ташриф арафасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, ҳарбий-техника, миграция борасида, шунингдек минтақалараро ҳамкорлик, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган 55 ҳужжат имзоланади”, деган у.

Шартномалар сирасига Ўзбекистондаги йирик темир конини ўзлаштириш, икки давлат ҳамкорлигида 1,5 миллиард долларга металл қуйиш заводи барпо қилиш каби лойиҳалар киритилган.

Очилбой Раматов иштирок этган имзолаш тадбирида 3,5 миллиард долларлик шартномаларга қўл қўйилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги веб саҳифаси маълум қилган.

«Учинчи апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи арафасида Москвадаги элчихонада Ўзбекистон делегацияси билан ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтди», – дейилган хабарда

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар ҳажми 3,5 миллиард доллардан ошиқ бўлган 16 та ҳужжатни имзолашган.

Хабарда ёзилишича, Ўзбекистон Миллий банки «Газпромбанк» билан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳақида битим тузган. Ҳужжат доирасида томонлар Ўзбекистон саноатининг тўқимачилик ва бошқа тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиргани айтилмоқда.

Шунингдек, «Газпромбанк» ва «Асака» банки Тошкентда металлургия заводини қуриш ҳақида битим имзолаган. Лойиҳа қиймати 280 миллион евродан ошади. Завод қурилиши яқин ойларда бошланиши маълум қилинган. Саноат лойиҳаси 2019 йилда ишга туширилади.

Икки давлат ўртасида товар айланмаси Россиядаги инқироз ортидан 2016 йили қарийб 5 фоизга тушиб кетган ва 4 миллиард 237 миллион долларни ташкил қилган.

Россия илк бор Ўзбекистоннинг ташқи савдодаги энг катта ҳамкори ўрнини Хитойга бўшатиб берган.

Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида 1 миллиард долларлик шартнома имзоланганди.

04.04.2017

BBC ÖZBEK.

About the Author :

Yorum Yapın