Мирзиёев Кремлда: ‘Бунақаси ҳали бўлмаган’
7 Nisan 2017  //  By:   //  Uncategorized  //  No Comment

Россиянинг етакчи нашрлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи кўтаринки ва конструктив руҳда ўтгани ҳақида ёзган.

Ўзбекистоннинг янги раҳбарини россиялик ўқувчилар оммасига тақдим этаркан, Кремл журналистлари унинг марҳум Ислом Каримовдан фарқли жиҳатларини урғулашга ҳаракат қилганликлари кузатилади.

Президент Путининг энг севимли журналисти сифатида ном чиқарган “Ъ” (Коммерсантъ) сиёсий шарҳловчиси Андрей Колесников пайшанба куни чоп этилган мақоласи муқаддимасидаёқ Мирзиёевнинг “кучли таассурот қолдириши”ни таъкидлайди.

“Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев жуда кучли таассурот қолдиради. Афтидан, “Россия” сўзини талаффуз қилганда, унинг бағри бехосдан очилиб кетади ва у ҳар қандай шамолни бағрига босишга тайёр. Ва бу шамолларнинг ҳаммаси унга йўлдош”, деб ёзади Колесников.

Коммерсантъ мухбири Мирзиёевнинг икки ўртадаги товар айирбошлаш ҳажмига доир рақамлардан тўлқинлангани ҳақидаги ҳаяжонини тасвирларкан, ўзи ҳам ҳаяжонини яширмайди.

“Владимир Владимирович,— дея ҳаяжонини яширолмайди Шавкат Мирзиёев,- бунақаси ҳали бўлмаган!!! Ва бу охирги 4 ойдаги ишлар натижаси!

Асосийси, буларнинг барчаси ҳақиқат!”.

“Миромонович!”

Айни пайтда Кремл журналистлари ва расмий анжуман бошловчилари янги ўзбек раҳбарининг исми-шарифини талаффуз қилишга ўрганишлари учун маълум вақт кетадиган кўринади.

Коммерсантъ нашри Мирзиёевнинг фамилиясини “Мирзиеев” шаклида ёзган.

Шартномларни имзолаш маросимида эса Мирзиёевнинг отасининг исми-“Миромонович”ни талаффуз қилишга қийналган Кремл сухандони Евгений Хорошевни шахсан Владимир Путиннинг ўзи тузатишга мажбур бўлди.

Залда кулги кўтариларкан, “Миромонович!” дея баланд овозда таъкидлади Путин.

Мирзиёевнинг ўзи хижолат бўлмасликка тиришгани кўриниб турарди.

Бу каби ноқулайлик Россия Ички ишлар вазири Владимир Александрович Колокольцевнинг фамилиясини ўқиб эшиттириш чоғида ҳам такрорланди ва сухандон “Тьфу, кечирасиз” дея узр ҳам сўради.

Ушбу иккинчи ҳолатга эътибор қаратган Коммерсантъ Ўзбекистон раҳбарининг исмини талаффуз қилиш чоғидаги ноқулайликни четлаб ўтган.

“Мана, мен Шавкат Мирзиёевга қараб турибман. Ҳа, бу бошқа одам. Ислом Каримов масалан, бошқача куларди. Ва бошқача гапирарди ҳам. Бошқача ўйларди. Бу жилмайиш эса, айтишга кишининг юраги ҳам бетламайди, довдиратиб қўяди””, дейди Коммерсантъ мухбири.

Кремлга яқин тажрибали журналистнинг айтишича, “Кремлда анчадан буён бунақаси бўлмаганди”.

‘Қизиқарли ташриф’

Айнан Колесников 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан Сочига борган Каримовнинг ташрифини ёритган ва Путин Ўзбекистон раҳбаридан кўра, ўзининг ити Конига кўпроқ эътибор қаратгани тўғрисида истеҳзо билан ёзган эди.

Мирзиёевнинг Россияга илк ташрифи натижаларини сарҳисоб қилган Lenta.ru нашри ўзбек ҳайъати Кремлни “қанот чиқарган” алфозда тарк этганини сарлавҳага чиқарган.

“Қанот чиқарган” иборасини Россия нашри Президент Мирзиёевнинг сўзларидан олган.

Мирзиёев ўз баёнотида Ўзбекистон ҳайъати Кремлдан кўтаринки руҳ билан кетаётганини айтган.

У ташриф чоғида эришилган қарийб 16 миллиард долларлик шартномаларни “мислсиз” деб атаган.

Айни пайтда айрим минтақавий таҳлилчиларнинг аксига, рус матбуоти Мирзиёев Москвага биринчи бўлиб эмас, балки Туркманистон ва Қозоғистондан сўнг ташриф буюрганидан катта нарса ясамагани ва умумият-ла, ташрифни ижобий нуқтаи назардан туриб ёритганини сезиш мумкин.

Шунингдек, Россия матбуоти Ўзбекистон яқин келажакда Москва бошчилигидаги тузилмаларга қўшилмаслигини ҳам факт сифатида қабул қилган.

“Бу ташкилотларга қўшилмаслик Тошкент ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қолмоқда”, – деб айтган Lenta.ru нашрига Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институтидан Станислав Притчин.

Унинг сўзларига кўра, Путин ва Каримовнинг шахсий муносабатлари икки томонлама амалий ҳамкорлик даражасига кўтарила олмаганди.

“Ҳозир эса биз вазирлик ва идоралар даражасидаги фаол мулоқотга гувоҳ бўляпмиз. Бу жуда қизиқарли ташриф эди ва барча томонлар музокаралар натижаларига катта плюс баҳо қўйишлари мумкин”,- дея хулосалайди Притчин.

BBC ÖZBEK.

07.04.2017

About the Author :

Yorum Yapın