Мирзиёев Жаҳонгирни ортга қайтара оладими?
7 Nisan 2017  //  By:   //  Uncategorized  //  No Comment   //   336 Okunma

“Ҳозир Шўрчига қайтсам, 500 у ёқда турсин, 100 долларлик ойлик тополаманми?”, деган саволни ўзига-ўзи беради Жаҳонгир.

Жаҳонгир 20 ёшда ва бир йилдан буён Подмосковьеда. Қурилиш моллари корхонасида электр арава ҳайдаяпти. Россияга келган бошқа ватандошлариникига солиштирганда унинг иши қийин эмас. Яна бир яхши томони, шу корхонанинг ҳудудида яшашга рухсат беришган. Жаҳонгир ва яна бир неча ҳамқишлоғи шу ерда ётиб-туришади.

Жаҳонгир Россияга келишдан олдин кўп ўйланди: “йўл учун қарз-қавола кўтариб борганимга яраша тузук иш топа оламанми? “Даромадли иш топиб бераман” деб пулни олиб, қул қиладиганларнинг қўлига тушиб қолмайманми? Ана, телевизорда қулликка тушиб қолганларнинг нечтасини кўрсатишяпти-ку. Йўқ, тўғри Москвада ишлаётган ҳамқишлоқларининг олдига борса, алданиб қолишининг олди олинади. Лекин маоши тузук иш топиб бўлармикан? Мана отаси икки марта Россияга бориб келди. Биринчи марта етти йилча олдин Москвага бориб қурилишда ишлади. Ўшанда бироз пул йиғиб ҳам қайтди. Иккинчи мартасида эса қайтага соғлигини йўқотиб, пул жамғариш у ёқда турсин, уйга қайтганидан кейин яна қариндошлардан қарз олиб даволанишига тўғри келди”.

Электр арава
Image captionЭлектр арава ҳайдаш қурувчи ёки фаррошдек кўп жисмоний меҳнатни талаб қилмайди.

Шунинг учун дастлаб Жаҳонгирнинг Россияга боришига уйидагилар рўйхушлик беришмади. Аммо отаси киракашлик қилиб уч-тўрт сўм топиб юрган эски “Жигули” бузилиб, ҳам таъмирламаса ва ҳам балонларини янгиламаса бўлмай қолди. Таниш уста арзонроққа таъмирлаб беришга кўнди. Арзони ҳам бир йил олдинги нарх бўйича бир миллион сўмдан ошиб кетар экан. Шундан сўнггина Россияга кетишига ота-онаси ҳам рози бўлишди.

Жаҳонгирнинг Россияга бориши учун 500 доллар қарз кўтаришди. Етиб бориб пул ишлаб топа бошлаганидан кейин қарзни узиш шарти билан. Ўтган йил апрелида Москвага етиб борди, икки ой вақти “документ қилиш”га беҳуда кетди. Июн ойидан буён шу ерда ётиб шу ерда ишлаяпти. Қиладиган иши – электрокарда эшик-ромлар, бошқа тайёр маҳсулотларни омборхонага етказиб қўйиш. Маошини 30000 рубл деб келишишган, аммо ҳар ой қўлига тегадигани ҳар хил. Баъзан 500 долларга етади, баъзан ундан ҳам кам олади.

Жаҳонгир Шўрчидаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқиди. Бироқ Ўзбекистонда коллеж эмас, университетни битирган тақдирда ҳам оладиган маош ҳатто йўлкирага етмаса, нима қилиш керак?

Россиядаги меҳнат муҳожириФото муаллифлик ҳуқуқиRIANOVOSTI
Image captionРоссиядаги оғир меҳнатни талаб қиладиган кўп ишларни меҳнат муҳожирлари бажарадилар.

Жаҳонгир ўқишини тугатганидан кейин мол боқиш ҳақида ўйлади. Қўй ёки қорамол сотиб олиш учун ҳам пул керак. Молбоқарлик ҳам дарров даромад келтирмайди, сотиб олган молингни камида 1 йил боқиш керак. Ҳозир шулха ва кунжаранинг килоси фалон пул. Қиммат бўлса ҳам топиб бўлмайди. Тошкентдан товар олиб келиб бозорда сотиш, Paynet очиб пул қилиш, қўшниси Уста Неъматнинг болаларига қўшилиб қурувчилик қилиш, эски колхознинг бутун бошли бригадаси ерини ўзиники қилиб олган Чори фермер қўлида ишлаш йўлларини ҳам кўриб чиқди. Фақат бир ўзи эмас, отаси, онаси, амакиси ва холалари ҳам “бош қотиришди” Жаҳонгирни ишли қилиш учун. Ўзининг қишлоғидан туман марказигача одам ташиш – “ота касби” билан шуғулланай деса ҳам, бозорда у-бу нарса сотай деса ҳам “конкурент” кўп, ҳар бир соҳанинг “бозори” аллақачон эгали бўлиб бўлган экан. Бир қариндоши ўзи ишлайдиган ғишт ишлаб чиқарадиган хусусий корхонада иш бор-йўқлигини суриштирди. Иши оғир, ойлиги 500 минг сўмлар атрофида. Аммо бу цехга ишчи керак эмас экан. Отаси 20 сўтихли томорқаларининг ярмига ҳар хил мевали дарахтларнинг кўчатларини ўтқазган, бу ниҳолларнинг мева тугишини ҳам ҳали яна бир-икки йил кутиш керак. Хуллас, кўплар қатори Жаҳонгир ҳам Россияни танлади.

Ишсиз ўзбекистонликлар
Image captionИшсизликми ёки минимал эҳтиёжни ҳам қондирмайдиган маошли ишми?

Ҳафтада ёки икки ҳафтада бир уйидагилари билан телефонлашиб турадиган Жаҳонгир Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга иш топиб бериш сиёсатини бошлаганини эшитган. Бир йил олдин радио билан телевизор ёшларнинг ишсизлиги ҳақида эмас, ўз ватанида “борига қаноат қилмасдан, хорижда енгил йўл билан пул топишни истаган дангасалар” ҳақида гапирар эди. Энди эса давлат раҳбари вазирлар ва ҳокимлардан янги иш ўринлари ташкил қилишни талаб қилаяпти, бу вазифани уддалаган ҳоким маошига 15 фоиз қўшилади, уддаламаганининг 15 фоиз маоши ушлаб қолинади.

Оддий одамлар мол, товуқ ёки балиқ боқишга, лимонарий ёки боғ барпо этишга, ўз бизнесини йўлга қўйиб, бошқа қонуний даромад йўлларини топиб бола-чақасини боқишга даъват қилиняптилар. Банкларнинг ходимлари уйма-уй юриб одамларга кредит таклиф қилишмоқда.

Президент Мирзиёев ва Президент Путин КремлдаФото муаллифлик ҳуқуқиREUTERS
Image captionПрезидент Мирзиёев билан Президент Путиннинг Москвадаги учрашувида Ўзбек мигрантларига бағишланган битимлар ҳам имзоланди.

Лекин ҳозирча Жаҳонгирга “қайтиб кел, шу ернинг ўзида яхши маошли иш бор”, деб ҳеч ким айтгани йўқ. У Россиядаги нақд маоши билан Ўзбекистонга қайтса юзма-юз келадиган мавҳумлик ҳақида ўйланиб қолган:

“Март ойида қўлига 28000 рубл беришди. 28 минг қарийб 500 доллар. Ҳозир Ўзбекистонда бозорда 1 доллар 7500 сўмга чиқибди. 500 доллар сўмда 3 миллион 750 минг дегани. Мен ҳозир Шўрчига қайтсам, 3 миллион сўмлик маош берадиган иш топа оламанми?”, деган савол устида боши қотган ватанини, қариндошларини соғинган Жаҳонгирнинг.

Президент Мирзиёев бошлаган янги иш ўринларини ташкил қилиш сиёсати самара берса, самара берганида ҳам Ўзбекистондаги бир ойлик маош бир оиланинг эҳтиёжини қондирадиган даражагача кўтарилсагина, Жаҳонгир ва бошқа муҳожирларда ватанга қайтиш-қайтмаслик масаласида иккиланиш бўлмайди.

BBC  ÖZBEK.

07.04.2017

Yorum Yapın