Ислом Каримовнинг билинмаган сирлари (4)
21 Aralık 2017  //  By:   //  Özbekistan  //  No Comment   //   141 Okunma

ЖАМШИД КАРИМОВ: ИСЛОМ КАРИМОВ ВАФОТИНИ БЕШ ОЙГАЧА СИР САҚЛАШДИ
(интервью, 4-қисм)

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (4-қисм)

20.12.2017

Бугунги сонда:

• Собиқ мулозим: “Каримовнинг оғзига ёғоч қошиқ солинарди”;

• “Онам ўғри эмас”;

• “Ислом лотареяга хотин ютиб олган”;

• Татьяна Каримова: “Нимага бир оғиз Исломга айтмадинглар…”;

• Ислом Каримов: “Менга қолса, ўша Қуръонни ёқиб ташлардим”;

• “Тур, Ислом амакинг келди”;

• “Фарғона шаҳзодаси”;

• “Исламчик, кел болам, қандайсан?”;

• Жамшид Каримов: “Гулнора мен каби судсиз, терговсиз, мавҳумликда азобланишини истамайман”;

• “Отахон пойтахтда яшаётганингиздан норози”;

• Абдуғани Каримов Малайзияда;

• “Бизларга чет элга чиқиб кетишимиз учун виза қилиб бер”;

• “Сиз Шавкат Мирзиёев билан тез-тез учрашиб турармидингиз?”;

• “Уларнинг 98 фоизи мутлақо руҳий ва жисмоний соғлом”;

• “Журналист бўласанми?”;

• “Гулноранинг “Bella Terra” журнали таҳририятига бордим”;

• “Буни билган устоз Толиб Ёқуб…”;

• “Улуғбек Ҳайдаров билан танишдим”;

• Ёмонқулов билан бирга…

*****
Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган президент Ислом Каримовнинг 50 ёшли жияни машҳур журналист Жамшид Каримов билан туркум суҳбатлар.

Собиқ президентнинг учинчи акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда гаплашганмиз.

Унда Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида атрофлича суҳбатлашганмиз.

Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам Жамшид Каримов батафсил сўзлаб берган.

Ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотлар мазкур интервьюдан ўрин олган.

Суҳбатни Норвегиядан журналист Улуғбек Бакир олиб борган.

*****
IV ҚИСМ

Улуғбек Бакир: Қандай касаллик?

Жамшид Каримов: Бу ҳақда мана биринчи марта сизга айтяпман. Ислом Каримовда ўсмирлигидан вирусли энцефалит касаллиги бўлган. Вақти-вақти билан бу дард хуруж қилиб, тутқаноқ бериб турган. Оиласи ва у билан бирга ишлаган яқин сафдошлари бу ҳақда билишади. У бутун умр шу дарддан азият чекиб ўтди. Мен бу касалликка қизиқиб, Санкт-Петербургдаги мутахассислардан суриштириб кўрганман. Вирусли энцефалит тузалмайдиган касалликлардан бўлиб, беморнинг зеҳнига ва руҳияти (психикаси)га қаттиқ таъсир қилиши натижасида одам ўта қаҳрли, асабий бўлиб қоларкан. Бу бош мия пўстлоқ остининг яллиғланиш хасталигидир.

Ислом Каримовда бу неврологик касаллик ўсмирлигида пайдо бўлган. Қаттиқ шамоллаб, 2-3 ой ётиб қолган. Шароит бўлмаганидан яхши даволанмаган. Самарқандда яшаганида дарди тутиб, кўп марта ўзини билмай, йиқилиб қолади. Психикаси шундан кейин бузилади. Отам билан бу ҳақда кўп гаплашганмиз. Ёшлигида ва кейинчалик ҳам бир неча марта тутқаноғи ушлаганлигини кўпчилик кўрган. Президент бўлгандан кейин бу қаттиқ сир тутилган.

У биринчи марта қўлини Қуръонга қўйиб, “унни, нонни нархини кўтармайман”, деб қасам ичганда, онам “бу энцефалитик оғзига нима келса гапираверади, халқни алдашни бошлади”, деганди. Мажбурий равишда нархни ушлаб туриб бўлмаслигини онам иқтисодчи бўлмаса ҳам тушунарди. Боз устига, 90-йилларнинг бошида бутун Иттифоқ бўйлаб, ҳеч ким нарх-навони ушлаб туролмасди.

Ислом Каримовнинг касаллиги ҳақида вақтлар келиб, у билан бирга ишлаган инсонлар ўз мемуарларида ёзишар.

1-изоҳ: Жамшид Каримов билан интервьюмизнинг мазкур қисмини нашрга тайёрлаш жараёнида Ислом Каримовнинг бу касаллиги ҳақида изланишлар олиб бордик.

Айни дамда АҚШда истиқомат қиладиган Ўзбекистон Олий Кенгашининг собиқ депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаҳонгир Муҳаммад “ИАК” мемуар асарида, жумладан, шундай ёзади:

“…- Лекин, йўқотаман, билиб қўй! – дея бақирди Каримов, унинг оғзидан кўпиклари чиқиб атрофга сочила бошлади. Унинг қуянчиқ (тутқаноқ – У.Б.) касали бор дейишарди, нима бало, тўғри эканми, деб шу дамда касали тутиб қолишидан қўрқдим. Лекин барибир жавоб беришни афзал кўрдим…

…У очиқ эшик томонга қараб сўкина бошлади. Шукрулла Мирсаидов бизнинг тортишувимиз пайтида қўлидаги сигаретни кўрсатиб ташқарига, яъни кичик хонадан каттароқ жойга ўтганди. У нима гап, дегандай кириб келганда Каримовнинг оғзидан кўпик сачраб сўкинаётган эди.

Шу пайт Олий Кенгаш қўмиталаридан бирининг раиси Абдуваҳоб Йўлдошевнинг айтган гапи эсимга тушди.

– Бу одамнинг қуянчиғи бор,- деган эди Каримовнинг жаҳли чиқишига шаъма қилиб.

Абдуваҳоб Йўлдошев илгари Тошкент вилоят ижроия қўмитасида раҳбар бўлган. Кейин уни Самарқанд вилоят ижроия қўмитаси раислигига юборишганда танишган эдим. 1988 йилда у киши билан бирга Афғонистонга борган эдик. Кўнгли очиқ, самимий одам. Мени яхши танигани учун ҳам маслаҳат бериб турар, Каримовдан эҳтиёт бўлишга ундарди. Аслида ҳам ҳали Каримовни яхши билмас эдим, аммо у киши унинг мусиқасини эшитиб кўрган, уни яқиндан танир эди.

У oғир, ҳар бир гапини ўйлаб гапирадиган ва қишлоқ хўжалиги иқтисодини яхши биладиган одам. Олий кенгашнинг Иқтисод қўмитасини бошқарар эди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ишлаган депутат Эркин Хўжаев эса унга ўринбосар эди. Улар битта хонада ўтирар эдилар. Ўзи ёлгиз бўлсагина анча гаплашардик. Тажрибали, билимли бу одам билан суҳбатлашиш мароқли эди. Кейинчалик билсам, ниҳоятда тарбияли, ҳар бир сўзини ўйлаб гапирадиган, ўз ишининг билимдони бўлган бу кишини ҳам Каримов кўп ҳақоратлаган экан. Мана энди унинг “Каримовнинг қуянчиғи бор” деган гапини эслаб, ростдан ҳам шундай эканми, деб ўйлаб қолдим”. (Иқтибос тугади).

2-изоҳ: Ҳозирда Ўзбекистонда яшайдиган, Ислом Каримов билан бирга ишлаган уч мулозим билан ҳам президентнинг тутқаноқ касали ҳақида суҳбатлашдик. Исмини очиқламаслик шарти билан гапирган собиқ расмийлар, ҳақиқатдан ҳам Ислом Каримовнинг тутқаноқ касали борлигини тасдиқлашди.

“Президент қаттиқ асабийлашганда оғзидан кўпик келарди. Агарда ўша вақтда тез ёрдам кўрсатилмаса, ҳушидан кетиб, йиқилиб тушарди. Шундай пайтларда оғзига ёғоч қошиққа ўхшаш махсус предмет солинарди. Акс ҳолда тилини чайнаб ташлаши мумкин эди. Шунинг учун ҳар қандай масала билан у кишининг олдига одамлар киритилмас эди. Маълумот ва ахборотлар сараланиб бериларди. Агарда президент билиши ўта муҳим бўлган фавқулотдаги салбий информациялар бўлса, уни тақдим қилишдан аввал етти ўлчаб, бир кесиларди. Бир жойга борсалар ҳам аввалдан қаттиқ тайёргарлик кўрилар, асабга тегадиган сўзлар гапирилмаслиги алоҳида назорат қилинарди. Доим ёнида кечаю кундуз шифокорлар бўлар эди. Яна баъзи муҳим нарсалар бор, уларни ҳозир айтолмайман. Кўп гаплар бор ҳали… Вақти-соати келса, айтилар”, дейди собиқ мулозимлардан бири.

3-изоҳ: Асаб касалликлари бўйича етакчи мутахассислардан бири, Тошкентдан исми сир қолишини истаган тиббиёт фанлари доктори, профессор билан айнан энцефалит хасталиги бўйича суҳбатлашдик. Йўллаган саволимизга қуйидагича жавоб олдик (матн қисқартириб берилмоқда):

“Энцефалит – бош мия моддасининг яллиғланиш касаллигидир. Зарарланиш жойига қараб диэнцефал, мезэнцефал, пўстлоқ ости, мияча ва мия устунидаги энцефалитларга бўлинади. Яллиғланиш турига қараб инфекцион, инфекцион-аллергик ва аллергик турлари ажратилади. Келтириб чиқарган инфекцион агентга қараб микробли ва вирусли энцефалитлар фарқланади.

Бирламчи энцефалитларда қўзғатувчи агентнинг бевосита таъсири натижасида яллиғланиш жараёни нейронлар ва нерв толаларини зарарлантиради. Иккиламчи энцефалитларда қўзғатувчи микроблар нейронларга бевосита таъсир кўрсатмайди. Организмда кечаётган инфекцион жараён натижасида инфекцион-аллергик реакция юзага келиб, бош мия қон томирлари деворини зарарлантиради. Гемодинамика ва ликвор айланишининг бузилиши натижасида бош мия моддасида иккиламчи дистрофик ўзгаришлар вужудга келади.

Энцефалитлар клиникасида, касалликни қўзғатувчиси қандай бўлишига қараб, ўзига хос кўринишлар билан бирга ўхшашликлар ҳам бор. Ҳар бир симптомни тўғри аниқлай билиш ташхисни тўғри қўйилишига ва даво чораларини тўғри олиб борилишига омил бўлади. Бу ҳолатда бемор руҳиятидаги ўзгаришларни билиш ҳам яхши натижа беради.

Энцефалитларда учрайдиган руҳий бузилишлардаги умумийлик белгилари

Ҳар бир энцефалит турларининг клиник кўриниши ўзига хос бўлишига қарамай, уларнинг клиник кечишида умумий ўхшашликлар топиш мумкин. Бу ҳолатни қуйидагича тушунтириш мумкин: ҳар бир инфекцион жараён озми-кўпми бош миянинг ҳар бир бўлимини зарарлантиради, айниқса, иккиламчи менингоэнцефалит патогенези асосида инфекцион-аллергик жараён ётганлиги учун, бош мия қон томирлари диффуз зарарланади, бу ўз-ўзидан бош миянинг диффуз зарарланишига олиб келади. Энцефалитларнинг ўткир даврида ҳар бир инфекцион агентнинг ўзига ҳос неврологик зарарлантириш белгилари бўлгани билан руҳий фаолиятнинг бузилиш белгиларида ўхшашликлар мавжуд бўлиши мумкин.

Шунга кўра, барча менингоэнцефалитларнинг клиник кечишида руҳий фаолият бузилишининг уч хилини аниқлаш мумкин.

1.Ўткир варианти – касаллик бошланишида қисқа муддат қўрқув ҳисси, ҳиссий қувватсизлик, жиззакилик каби продромал белгилар мия ичи гипертензияси ошиши шароитида кузатилади. Бу ўзгаришлар куннинг вақтига ва ташқи муҳит шароитига боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланади, ва кескин равишда онгнинг чуқур бузилишигача боради. Беморларда аллопсихик ориентацияни бузилиши, ҳовлиқиш пайдо бўлади. Психомотор қўзғалиш ва агрессияни келиб чиқишига сабаб бўладиган галлюцинациялар ривожланади. Улар кўпинча кўрув, кам ҳоллларда эшитув галлюцинациялари бўлиб, қўрқинчли ва императив (қатъий) кўринишга эга. Бундан ташқари психосенсор бузилишлар, ҳиссий галлюцинациялар, апраксия ва агнозия ҳам учраши мумкин. Буларнинг барчаси онгнинг енгил бузилиши фонида кузатилади. Аммо жуда тез онгнинг чуқур бузилиши – сопор ва кома ҳолати ривожланади, аксарият ҳолларда тонико-клоник тутқаноқ хуружлари қўшилади. Текширишлар шуни кўрсатдики, бундай руҳий бузилишнинг ривожланиши энцефалит клиникасининг оғир кечишини ва кўпинча летал натижа бўлишини белгилаб беради. Руҳият бузилишининг ўткир варианти аксарият ҳолларда бактериал менингоэнцефалитларда учрайди.

2.Ўткир ости ёки абортив варианти – бу вариантда руҳий бузилишлар қисқа муддат давом этади ва асосан касаллик дебюти даврида кузатилади. Ўз вақтида бошланган этиотроп ва патогенетик даволаш натижасида бу бузилишлар тез ўтиб кетади. Беморларда қисман дезориентация, узуқ-юлуқ кўрув ва эшитув галлюцинациялари, иллюзиялар ва юқори ишонувчанлик кузатилади. Олиб борилаётган муолажалар беморларда агрессив ҳолатни ва салбий ҳаракатларни келтириб чиқаради. Беморнинг аҳволи яхшилангач, уларда бўлиб ўтган воқеаларга нисбатан қисман ёки тўлиқ амнезия ҳолати кузатилади. Беморлар беҳол, тез толиқадиган, апатик ва астеник бўлиб қоладилар. Руҳиятнинг бундай бузилиши асосан бош миянинг вирусли зарарланиши ёки нейротоксикозларда учрайди.

3.Протрагирлашган ёки суст варианти – бу вариантда руҳий фаолият бузилишининг аста-секин ўсиб бориши қайд қилинган. Касалликнинг клиник кечиши бир неча кунлар (4-6 кун) давомида дезориентация ва галлюцинацияларнинг аста-секин ўсиб бориши билан характерланади, шу билан бирга неврологик симптомлар ҳам аста ривожланиб бориб, бир неча кунлардан кейин беморда мия шиши ривожланиб, сопор ва кома ҳолатига тушади”. (Иқтибос тугади).

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, Пётр Каримов билан охирги марта қачон кўришгансиз?

Жамшид Каримов: 1995 йили Тошкентга уларнинг уйига меҳмонга боргандим. Икки кеча қолиб, анча гаплашдик. Шу охирги учрашувимиз бўлди. Пётр отаси ҳақида деярли ҳеч нима демасди. Онаси эса Ислом Каримов ҳақида фақат ёмон гапирарди.

Наташа холам Пётрни отаси билан баъзан кўришиб туришини айтганди. Гарчи Пётр отасидан ҳеч қачон ёрдам сўрамаса-да, Ислом Каримов унга доимо ўз касали ҳақида, соғлиги яхши эмаслиги тўғрисида гапириб, нолийверган.

Наталья Петровна “Жамшид, амакингдан эҳтиёт бўлгин, ҳар хил гапларни гапирма, одамлар барибир сени тўғри тушунишмайди, ҳамманинг миясини заҳарлаб бўлишган. У касал одам, жуда қасоскор, айёр, сени ҳам, бошқасини ҳам аяб ўтирмайди”, дерди. У пайтларда ҳали халқаро матбуотга қадам қўймаган эдим. Наташа холанинг ҳамма гаплари тўғри бўлиб чиқди. И.Каримовни жуда яхши билган экан.

Улуғбек Бакир: Ислом Каримовнинг иккинчи оиласи ҳақида нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Энг аввало, Гулнора Каримова ҳақида тўхталмоқчиман. Биласиз, Гулнорага бир неча мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам жиноят иши очилган. У бир неча миллиард долларни ўзлаштириб юборган. Бу ҳақда халқаро матбуотда жуда кўп ёзилди. Бу пуллар ўзбек халқининг пулларидир. Гулноранинг Лондондаги 24 яшар тирранча ўғли кичик Ислом Каримов (Мақсудий) “онам ўғри эмас”, деб чиқди. Албатта, у онасини оқламоқчи бўляпти. Ким ҳам ўз туққан онасини ёмон, дейди. Аслида Ўзбекистон халқи ҳам аллақачонлардир Гулнора ва Лоланинг қип-қизил ўғри, қароқчи эканлигини билиб бўлган. Фақат бу ҳақда очиқ айтишга, ҳозирча қўрқиб туришибди. Эртага юқоридан “старт” берилса, ана унда кўрасиз, томошани. Сиз-у биз танқид қилишдан йўлда қолиб кетамиз. Ҳозир ҳам айрим Тошкентдаги интернет нашрлар бу ҳақда ёза бошлади.

Гулнора Тошкентдаги қамоқда сақланаётгани тўғри бўлди. Уни озодликка чиқариб бўлмайди, у давлат учун ҳам, жамият учун ўта хавфли жиноятчи. Гулнорани очиқ суд қилиб, узоқ йилларга қамаш керак. Лоланинг ҳам жинояти кўп. Унга ҳам зудлик билан чора кўрилиши керак.

Раҳматли отам узоқ йиллар судьялик қилиб, жуда кўп одамларни оқлаган бўлса, укаси Ислом Каримов эса, аксинча, жуда кўп бегуноҳ одамларни, айниқса, миллатимиз ойдинларини узоқ йилларга қамаб юборди. Кўпчилигини ваҳшийларча қийнаб ўлдирди. Қолганларни эса ватандан бадарға қилди.

Улуғбек Бакир: Татьяна Каримова ҳақида нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Ўтган йиллар давомида, турли сайтларда Татьяна Акбаровна Ислом Каримовнинг хизмат пиллапояларидан кўтарилишида катта ёрдам берганлиги ҳақида кўп мақолалар ёзилди. Аслида ундай эмас, бу ёлғон маълумот. И.Каримовнинг юқорига кўтарилишида унинг биринчи хотини Наталья Петровна Кучми ўша 60-йилларнинг охирларидаёқ катта кўмак берган. У пайтларда Ислом Каримов 30 ёшлардаги йигит эди. Унинг қайнотаси “Ташсельмаш” заводи директори Пётр Иванович Кучмининг обрў-эътибори жуда кучли бўлган. У компартиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши депутати эди. Ҳурмати баланд бўлган. Бўлмаса, ўзингиз бир ўйлаб кўринг, узоқ Самарқанддан келган, ўқишни эндигина тамомлаган, пойтахтда ҳеч бир яқин одами бўлмаган оддий бир ёш йигитни ким дарров қўллаб-қувватлайди. Уни устига хулқи ҳам ёмон, одамлар билан муомала маданиятини билмайдиган одамга Тошкентда бировнинг қовоғи учиб турмаган бўлса керак.

Эслатма: 1964 йили Ислом Каримов 26 ёшида ўз тенгдоши Наталья Кучмига уйланган. 1966 йили уларнинг ўғли Пётр туғилган. 1969 йили улар ажрашган. (3-қисмда бу оила ҳақида тўлиқ маълумот берилган).

2017 йил 26 октябрда иш бошлаган “Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси”нинг расмий сайтида бўлажак президентнинг 60-йиллардаги ҳаёти бундай ёзилган:

“…1961 йилда у (И.Каримов – У.Б.) собиқ Совет Иттифоқининг ҳарбий-саноат мажмуасининг йирик корхоналаридан бирида – Тошкент авиация заводида муҳандис лавозимига тайинланди. Бу ерда 1966 йилгача ишлаб, етакчи муҳандис-конструктор лавозимигача кўтарилди…

У ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олди. Айнан шу тарзда 1967 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтининг кечки бўлимини тамомлади”. (Иқтибос тугади).

Жамшид Каримов: Пётр Иванович совет партияси элитаси ичида бўлган. Гапи ҳамма жойга ўтган. Бир оғиз қўнғироғи билан ҳал бўлмаган ишларни ҳам битириб ташлаган. Ўша пайтларда кўпчилик “Ислом лотареяга хотин ютиб олган”, дерди. Аслида ҳам шундай бўлган. Лекин, афсуски, биринчи оиласининг қадрига етмади. У ҳам поччам Иномга ўхшаб, яхшиликни билмайдиган кимсалардан эди.

Пётр Кучми оламдан ўтгач, кейинчалик Ислом Каримов қутуриб кетади. Хотинини хўрлаб, кўп азоб берган. Шуни айтсалар керакда, эшак семирса эгасини тепади, деб. Ким унга яхшилик қилган бўлса, ҳаммасига ёмонлик билан жавоб қайтарган. У билан бирга ишлаган вазирлар, давлат маслаҳатчилари, ёрдамчилар ва бошқа расмийлардан ҳам сўрасангиз, менинг бу сўзларимни тасдиқлашади. Ҳаммасидан фойдаланиб, ишлатиб-ишлатиб, кетига тепиб, кўчага ҳайдаган. Уларнинг кўпи инфаркт, инсульт бўлиб, хорликда оламдан ўтиб кетди. Бирортасига, ҳаттоки бир энлик таъзиянома ёзишга ҳам йўл қўймаган. Бўлмаса, уларнинг аксарияти бунга кўп ёрдам берган. Улар осмондан осилиб тушган ёки кўчадан тасодифан келиб қолган одамлар эмасди. Улар давлатимизнинг йирик арбоблари эди. Қолганлари ҳозир кексайиб, уйда ўтиришибди. Айримларини Мирзиёев қайта ишга олиб келди. Яна бирларини ҳурмат-иззатини тиклаб, расмий тадбирларга таклиф қиляпти, орден-медаллар билан сийлаяпти.

Биласизми, Ислом Каримовнинг, умуман бирор яқин дўсти бўлмаган. Дўстсиз одам қандай яшаши мумкин, билмайман. У умрининг охиригача ўзидан бошқа бировга ишонмай ўтди. Унинг дўсти Манфаат ва Худбинлик эди. Унга содиқ қолиб яшади. Бу аслида катта бахтсизлик, улкан фожиа!

Улуғбек Бакир: Ислом Каримовнинг иккинчи оиласи билан нақадар таниш бўлгансиз?

Жамшид Каримов: Худога шукрлар бўлсинки, мен ҳеч қачон улар билан яқиндан таниш бўлиб, борди-келди қилмаганман. Улар осмонларда учиб юрган “фаришталар” бўлса, биз оддий одамларга йўл бўлсин, ука (кулади-У.Б.).

Бир марта уларникига борганимиз эсимда. Биринчи курсда ўқирдим. 1985 йили ота-онам билан меҳмонга боргандик. Татьяна Акбаровна уйда экан, бизларни яхши кутиб олди. Ўшанда у “нимага бир оғиз Исломга айтмадинглар, Жамшидни Тошкентга катта ўқишларга жойлаштириб қўярди”, деганди онамга. Биз ҳайрон бўлиб, бир-биримизга қараб қўйгандик. Шу куни Гулнора билан Лолани кўргандим. Кичкина қизлар эди.

Ислом Каримов у даврда Молия вазири эди. Табиийки, ишда экан, кўришолмаганмиз. Улар яшаган бу уй янглишмасам, Поленов кўчасида жойлашган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг уйлари эди. Бир неча соат меҳмон бўлиб ўтиргандик.

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, сиз Ислом Каримов билан ҳеч учрашганмисиз?

Жамшид Каримов: 1977 йили 10 яшар бола эдим. Уйда ухлаб ётсам, отам билан Ислом Каримов кириб келди. “Тур, Ислом амакинг келди”, дейишди. У 40 ёшлар атрофида эди. Аввал ҳам унинг доимо қора кийиниб юришини эшитгандим. Ўша куни ҳам қоп-қора кийиниб олган экан. Менга янги ўйинчоқ автомат совға қилди. Кейин Женя бувим уни меҳмон қилиб кузатганди. Ундан аввал ҳам, кейин ҳам у билан бошқа кўришмаганман. Фақат уйдагилардан, қариндошлардан у ҳақда эшитиб турардим. Биз Жиззахда яшаганмиз. Самарқандга кам борардим. Ислом Каримов ҳам жуда кам келарди. Бутун умр Тошкентда яшаб, ишлади.

Ота-онам Ислом Каримов ва оиласи билан анча-мунча алоқада бўлиб турган. Тошкентга боришганда уларникига ҳам кириб туришган.

Эсимда, бир куни отам жаҳл билан уйга келди. Тошкентга бориб, укаси билан учрашган экан. Янглишмасам, 80-йиллар эди. Биласиз, ўша пайтларда динга қарши қаттиқ курашлар кетарди. Партия раҳбарлари, ҳатто отаси қазо қилса ҳам жаноза ўқитишга ва дўппи кийишга қўрқиб қолишганди. Шунда дадам Ислом Каримовнинг ёнига бориб, “сен, каттаконлар нималар қиляпсанлар ўзи. Энди одамлар дўппи ҳам кийишолмайдими?”, деганда, “тўппа-тўғри қилиняпти, дўппи ҳам кийилмайди. Менга қолса, ўша Қуръонни ёқиб ташлардим”, дебди. Бу гаплардан отамнинг жаҳли чиқиб, “сен одам-подам бўлмай қолибсан, ҳатто кофир ҳам бундай демайди. Кўзингни ёғ босиб кетибди, сал пастга тушгин, Худодан қўрқгин!”, дебди. Унда И.Каримов Молия вазири эди.

Улуғбек Бакир: Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ… Ислом Каримов атеист бўлганми?

Жамшид Каримов: У нафақат атеист бўлган, балки ўзидан бошқа ҳеч кимга ишонмаган, ҳатто оиласига ҳам.

Улуғбек Бакир: Нима дейишга ҳам ҳайронман… Яна қандай хотираларингиз бор, бу оила ҳақида?

Жамшид Каримов: И.Каримов президентлик пайтида бир марта онам, акам ва келинойим “Дўрмон” (президент қароргоҳларидан бири – У.Б.) га боришганда, оила аъзолардан ҳеч ким йўқ экан. Уларни қоровул ва хизматкорлар кутиб олишибди. 5-6 ёшли бўлган Гулноранинг ўғли ҳовлида ўйнаб юрган экан. “Қўлида 4-5 та мобил телефонлар”, деганди онам. У пайтлари бундай қўл телефонлар энди-энди чиқиб келаётганди. Онам “Исламчик, кел болам, қандайсан?”, деса у салом ҳам бермабди, қиё ҳам боқмабди. Уйга келиб онам “Гулнора боласига, ҳатто салом беришни ҳам ўргатмабди-я”, деганди.

Умуман олганда, Ислом Каримовнинг рафиқаси ва қизлари фақат оммавий тадбирларда, йиғинларда ўзларини жуда тарбияли, маданиятли, художўй қилиб кўрсатишади. Содда ўзбек халқини шундай йўл билан ҳам алдашмоқчи бўлади. Аслида уларда на тузукроқ тарбия, на маданият бор. Улар халқимиздан жуда узоқ бўлган одамлар.

Ўзбекчилик, мусулмончилик каби фазилатларнинг кўчасидан ҳам ўтишмаган. 27 йил Ўзбекистонга ҳукмронлик қилган раҳбарнинг аёли бутун умр мамлакатда яшашига қарамай, яқинда бўлиб ўтган тадбирда икки оғиз ўзбекча сўзни эплаб гапиролмаганини халқ ҳам кўрди. Мустақилликдан кейин ўтган 25 йилни ҳисобга олганимизда ҳам ҳар қандай инсон, агарда чин юракдан истаса, энг камида бир тилни мукаммал ўрганса бўлади. Боз устига, бу тил давлат тили бўлса, шу диёрда туғилиб ўсиб, унинг халқига эгалик қилаётган бўлсанг-да, шу тилда гапиришни истамасанг, албатта, сен, бу элни ҳурмат қилмаган бўласан. Бу-ку, майли, президентнинг хотини, лекин, Ислом Каримов ҳам умрининг охиригача ўзбек тилини яхши гапиролмай ўтиб кетди. Қоғозга ёзиб берилганини ҳам эплаб ўқиб беролмасди. Ўзбек тилида гапирган гапига биров тугул, ўзи ҳам тушунмаган бўлса керак.

Қизларини энди гапирмаса ҳам бўлади. Уларнинг кийинишидан тортиб, юриш-туришию ҳаётигача ўзбекча эмас. Ваҳоланки, мамлакатнинг биринчи оиласи халққа ўрнак бўлиши керак эмасми?

“Сен ўзинг-чи, ўзинг ҳам рус тилида ёзасан ва шу тилда гапирасан”, дейишингиз мумкин. Тўғри, шундай. Лекин, мен ўзбек тилини, маданиятини, урф-одатларини ҳурмат қиламан. Бадиий тилда яхши гапиролмасам ҳам маиший даражада ўзбек тилини яхши биламан. Матнларни ўқиб, тушунаман. Мен халқ ичида ўсган оддий одамман. Президент оиласидан фарқли равишда халқ олдида алоҳида, махсус масъулиятга эга эмасман. Оддий одамни қайси тилда гапириши бировни қизиқтирмаса ҳам керак. Уни устига, мен рус тили ва адабиёти фани бўйича мутахассисман. Ўзимни ўзбек журналисти ва рус ёзувчиси, деб биламан…

Бир сўз билан айтганда, бу оила Ўзбекистонни жарлик ёқасига олиб келди. Аниқроғи, жарга улоқтириб ташлади. Фақат Ислом Каримов эмас, унинг қизлари ҳам юртни хонавайрон қилишда отасидан қолишмади.

Татьяна Каримовани айтмаса ҳам бўлади. У бошчилигидаги Фарғонадаги қариндош-уруғларининг кирдикор ва жиноятлари бошқа алоҳида катта мавзу. Унга яна бир интервью қилишингизга тўғри келади (кулади-У.Б.). Биргина унинг синглиси Тамара Собированинг “Фарғона шаҳзодаси” деб ном чиқарган 34 яшар ўғли Акбарали Абдуллаевнинг жиноятларини бугун бутун дунё билиб бўлди. Бу ўғри-каззоб яқинда Ўзбекистондан қочиб кетиб, Киевдан қочқинлик мақоми олибди. Ҳозир Украинада ҳам йўқ эмиш.

Афсуски, бу бадбахт оиланинг касри ҳали узоқ вақтларга чўзилади. Янги президент ва ҳукумат уларнинг шалтоғларини тозалашга ҳали кўп вақт, кўп куч сарфлаши керак бўлади. Шу маънода жаноб Мирзиёевга ҳавас қилмаган ҳолда, улкан омадлар тилайман!

Гарчи шундай бўлса-да, ҳозирда қамоқда эканлиги айтилаётган Гулнора мен каби судсиз, терговсиз, мавҳумликда азобланишини истамайман. Агарда у ростдан ҳам қамоқда бўлса. Уни очиқ суд қилиб, телевизорда халққа кўрсатишлари керак. Суд адолат билан ҳукм чиқариб, унга қонуний жазо бериши керак. Шундай қилинсагина ўтган 25 йил ичида биринчи марта Ўзбекистонда одил судлов амалга оширилган ва адолат тантана қилган бўлади. Қолганларга ҳам бу катта сабоқ бўлиши керак. Кейингилар кўзини каттароқ очиб, қадамини ўйлаб боссалар, аввало, ўзларига ва авлодларига яхши бўлади.

Гулнора ва Лола ўғирлаган, ўмарган пуллар бу халқнинг пешона тери эвазига топилган пуллардир. Маблағлар ўз эгаси – халққа қайтарилиши керак.

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, Каримовлар хонадонининг кенжа фарзанди Хуршид Каримов оиласи ҳақида ҳам айтиб берсангиз. Суҳбатимиз давомида бу ҳақда ҳам бироз тўхталган эдик.

Жамшид Каримов: Ҳа, шундай. Кенжа амаким Хуршид Каримов (1941-2010) нинг, аввал ҳам айтганимдек, биринчи тожик хотини Илмиядан бир қизи бор. Бу қиз ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Илмия келинойи мен билан дўстона муносабатда бўлган. Ҳозир ҳаётдами, йўқми, аниқ билмайман.

Хуршид амаким 35 ёшгача ҳар хил аёлларга илакишиб, уйланмасдан бўйдоқ юраверган. Биринчи аёли билан кўп яшамай, ажрашиб кетганидан кейин ўзидан анча катта бўлган Роза исмли бир армани аёл билан яшаб юрган. Кейин турмадан қайтгач, нуроталик Муҳаббат келинойимга уйланади. Ҳозирда бу аёл тахминан 60 ёшларда бўлса керак. Улар Самарқанддаги бобомнинг ҳовлисида яшаган. Муҳаббат келинойи доим Ислом Каримов номини суистеъмол қилиб, кўп ишларини бажариб юрган.

Амаким бу аёл билан умрининг охиригача яшади. Хотини Самарқанддаги дорихоналар тармоғидан кўп даромад топарди. Уларни Тошкентда ҳам уч хонали уйи бор. Шу уйда Хуршид амаким яшаб турган пайтда Ислом Каримовнинг бир югурдаги келиб, “Хуршид ака, отахон пойтахтда яшаётганингиздан норози, сиз бу ердан кетаркансиз”, дейди. “Мен Ўзбекистон фуқаросиман, истаган жойимда яшайман. Бор йўқол, бошқа кўзимга кўринма, бориб хўжайинингга айтиб қўй, шу гапларимни”, деб амаким уни қувиб солади.

И.Каримов укасидан жуда қўрқарди. Хуршид амакимнинг қамалганини ҳаммадан яширишга ҳаракат қиларди.

Олдин ҳам айтганимдек, Хуршид амаким ва Муҳаббат янганинг Абдуғани исмли 22 яшар ўғли бор. У онаси билан бирга яшайди. Яқинда эшитдим, бу Абдуғани Каримовни юқоридаги баъзи бир кучлар қўллаб, уни Малайзияга ўқишга юборишибди. Ҳозир бу той бола ўша томонларда экан.

Улуғбек Бакир: Шундай қилиб, мана, ва ниҳоят, Каримовлар оиласининг саккиз фарзанди ва уларнинг авлодлари ҳақида батафсил суҳбатлашиб бўлдик. Умуман олганда, Ислом Каримов қайси ака-укалари билан яхши муносабатда бўлган?

Жамшид Каримов: Ислом Каримов фақат икки қариндошини тан олган. Жияни Азим Каримовични ҳамда акаси Ибод Ғаниевичларни. Улар билан баъзан учрашиб турган. Ибодулла амаким касал бўлганида дори-дармонларидан хабар олиб турган. Даволаниш учун санаторийларга жўнатган. Бир марта онам ҳам шундай ёрдам билан Чинобод санаторийсига кетганида мен ҳам бирга боргандим.

Каримовлар оиласида энг узоқ 90 ёшгача яшаган ҳам айнан Ибод амаким бўлади.

Ислом Каримов опаси Меҳри аммамни яхши кўрарди. Энг ёмон кўргани бу Хуршид амаким эди. Унга умуман тоқат қилолмасди.

Отам билан совуқроқ муносабатда бўлгани билан доим унинг ишларига ва иқтидорига тан берарди. Қуддус амаким билан муносабати анча совуқ бўлган.

Хуршид амаким қамоқдан қайтиб келганидан кейин Самарқанддаги чинни фабрикасида директор ўринбосари лавозимида ишламоқчи бўлади. Айтиш мумкинки, бу мансабни очиқчасига талаб қилади. Шу мақсадда Самарқанд вилоят ҳокимининг ёрдамчиси билан гап талашиб, уни жағига мушт туширади. Ёрдамчининг жағи синади. Шундан кейин Ислом Каримов бир ойга укасини изоляторга қамаб қўяди. Одамлар орасида ҳар хил гап-сўзлар тарқалиб кетганидан кейин Қуддус ва Ибод амакимлар “буюк доҳий”нинг олдига бориб, “бизларга чет элга чиқиб кетишимиз учун виза қилиб бер, биз Ўзбекистондан кетамиз. Ака-укаларнинг бундай шармандали жанжалларига чидай олмаймиз. Биз кетганимиздан кейин нима қилсаларинг, қилаверинглар”, дейди.

Бу гаплардан капалаги учиб кетган И.Каримов укасини озод қилишга мажбур бўлади.

Улуғбек Бакир: Каримовларнинг ҳаммаси Самарқандда дафн этилганми?

Жамшид Каримов: Ҳа, шундай, барчаси Самарқанддаги Шоҳизинда қабристонидан қўним топишган. Санобар бувимнинг ёнларида қатор бўлиб ётишибди. Фақат Ғани бобом мозорнинг бошқа томонидан жой олган. Ислом Каримовни биласиз, унга жаноб Мирзиёев алоҳида ўша жойдан мақбара қуриб берди. Ҳозир одамлар тўп-тўп бўлиб, унинг қабрига сиғиниб келишяпти.

Отам ҳам ўша жойда. Қамоқдалигимда қаттиқ касал бўлиб, энди ўлиб қолсам керак, деб ўйлагандим. “Мен ўлсам, Жиззахга онамнинг олдига кўминглар”, деб қизимга васият қилгандим.

Улуғбек Бакир: Умрингиз узоқ бўлсин, илоҳим, кўп яшанг! Келинг энди, сиз ҳақингизда гаплашсак. Мана сиз Самарқандда салкам 11 йил тутқунликда бўлдингиз. Энг аввало, Ислом Каримовнинг вафот этганлигини қачон эшитдингиз?

Жамшид Каримов: Тилакларингиз учун раҳмат, Улуғбек! Сиз ҳам умрингиздан барака топинг! Саволингизга келадиган бўлсак, аслида унинг ўлганини бу йил февралда, озод этилганимдан кейин қизимдан эшитдим. Унгача беш ой мобайнида ҳеч ким менга айтмаган. Ҳамма сир тутган. Лекин, мен сезгандим. Озод бўлган куним 2 февралда, Самарқандда ёмғир ёғарди. Машинага ўтирганимизда қизим “дада, амакингиз ўлди”, деди…

Бу хабарни мендан сир тутишса ҳам мелисаларнинг оғзидан ушлаб олганман. Барибир бизнинг мелисаларимиз жуда содда. Уларнинг бошлиғи менга ғалати саволлар беришни бошлади. “Сиз Шавкат Мирзиёев билан тез-тез учрашиб турармидингиз? Нималар ҳақида суҳбатлашардингиз? У киши қандай одам? Сизга муносабатини биласизми?” каби турли саволлар билан бошимни обдон қотирди. Тоза ҳавога айлангани чиққанимда шундай гап-сўзлар бўларди. Демак, “буюк доҳий”га бир нима бўлган. Акс ҳолда, қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бу шоввозлар менга бундай ажабтовур саволларни беришга юраги бетламасди, дея ўйга чўмардим.

Улуғбек Бакир: У ерда телевизор, радио, газета йўқмиди?

Жамшид Каримов: Хонамда телевизор бор эди. Лекин, каналлардан узиб қўйилганди. Мен фақат телевизордан монитор ўрнида фойдаланиб, дискдан турли фильмларни кўрардим, холос. Радио, газета ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди. Ташқаридан ҳар қандай ахборот кириши тақиқланганди.

Аммо, қўриқчиларнинг хонасида телевизор бор эди. Бизларга эшитилмаслиги учун овозини пасайтириб қўйишарди.

Мени якка ўзимни бир хонада сақлашди. Бошқа бир катта хонада 20-25 га яқин маҳбуслар ўтиришарди. Ўша хонанинг қаршисида соқчиларнинг навбатчилик кабинети бор. Баъзан жуда диққинафас бўлиб кетсам, бир нарсани баҳона қилиб, уларнинг ёнига кирардим. Бундан 2-3 йил аввал ярим кечаси, қорним очиб кетди, бирор егулик беринглар, деб уларнинг хонасига кириб бордим.

Бир ҳазиллашгим келди-да, телевизордаги сухандонлар овозига ўхшатиб, мотам оҳангида гапира бошладим:

“Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис президиуми чуқур қайғу билан маълум қиладики, 2 мартдан 3 мартга ўтар кечаси (яъни, ўша тунда) тунги соат иккидан эллик беш дақиқа ўтганда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлари Олий Бош Қўмондони, буюк давлат ва сиёсат арбоби, улуғ Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов оғир хасталикдан кейин 75 ёшида вафот этди!” дея ўрисчалаб, худди советлар пайтидаги каби нутқ қилдим.

Аввалига нима гаплигини тушунмасдан, бемалол чой ичиб ўтирган мелисалар бирданига тиниб қолди. Ҳамма жим-жим, хонага сукунат чўмган. Кейин бирданига ҳушёр тортган навбатчи бошлиқ “мулло амак, илтимос, бундай гапларни гапирманг. Бу гапларни анаву жиноятчилар асло эшита кўрмасин. Улар эшитса, Худо билади, нима деб ўйлашади, ғалва-жанжал бошланиб кетмасин”, дея тожикчалаб бир нималарни гапириб кетди.

Улуғбек Бакир: У ерда сақланадиган маҳбуслар руҳий бемор одамларми?

Жамшид Каримов: Йўғ-а, уларнинг 98 фоизи мутлақо руҳий ва жисмоний соғлом одамлар. Улар асосан, жиноят содир этганлар, ичларида одам ўлдирганлари ҳам бор. Уларни вақтинчалик шу ерда ушлаб туришади. Жиноят содир этган шахснинг руҳий соғломлигини текширадиган муассаса бу. Маълум вақт экспертизагача шу ерда ушлаб туришади. Кейин текширишиб, агарда соғлом бўлса, терговга юборади, руҳий касал, деб топилса, мажбурий даволашга жўнатишади. Унгача ҳамма шу ерда текширувни кутиб ўтиради. Ҳеч ким йиллаб бу ерда қолмайди. Фақат мени алоҳида хонада мутлақо қонунсиз, ҳеч қандай суд-терговсиз, “буюк доҳий”нинг норасмий буйруғига биноан 10 йилдан ошиқ шу муассасада мажбуран, куч билан ушлаб туришди.

Бўйнимга бир айбни илиб, суд қилиб, узоқ йилларга “Жаслиқ”қами ёки бошқа турмагами жўнатишганда, у бошқа гап эди. Ҳарқалай, қанча муддатга кесилганимни, қачон муддатим тугашини аниқ билардим. Бу ерда эса, шу ётавердим, номаълум муддатгача. “Қачон озод бўламан, ўзи озод бўламанми ёки шу ерда ўлиб кетаманми ё президент бир куни ўлса қутуламанми, ундан ҳам баттари келса-чи, тақдирим нима бўлади”, дея кундан-кунга адойи тамом бўлардим.

Инсон учун энг ёмони, номаълум муддатга кутиш экан. Ундан ҳам ёмони эса, аросат. Ҳеч ким, ҳатто бошлиқлар ҳам бу саволларга жавобни билишмас эди…

Бу жойда одам ўлдирганлар бир ой давомида экспертизадан ўтказилади. Ундан деярли ҳамма соғлом чиқарди. Фақат эллик кишидан бир-иккитасини руҳий касал деб топишарди.

Эҳ-ҳе, у ерда кўрмаган одамим қолмади. Қанчадан-қанча ашаддий жиноятчиларни, каллакесарларни кўрдим. Ишчи-хизматчиларни айтмайсизми, шунча йиллар ичида камида 20 дан зиёд ҳамширалар алмашди. Санитар ходимларни-ку, сони бор, саноғи йўқ. Ошхона ишчилари, мелисалар ҳам шундай.

Муассасада жуда кўп одамларни кутиб олиб, яна кузатиб қўярдим. Энг кўп қолган ветеран ўзим эдим (кулади-У.Б.).

Улуғбек Бакир: Сиз у ерда қандай мақомда сақлангансиз?

Жамшид Каримов: Мени қандай йўқ қилишларини билмай, 2006 йили куппа-кундузи кўчадан ўғирлаб кетишган. Мени олиб келган одам кейин онамга “Рита опа, нима қилай, юқоридан шундай буйруқ бор, агарда бажармасам, ўзимни қамашади”, деб роса йиғлаган экан.

Кейин фуқаролик суди гўёки, руҳий соғломлигимни аниқлаш учун менинг иштирокимсиз сиртдан маъмурий суд қилиб, шу ерга экспертизадан ўтказиш учун олиб келишган. Узоғи билан мени бир ойда соғлом, деб топишса, қўйиб юборишлари (чунки, мен бирор жиноятда айбланмаганман) ёки касал, дейишса, мажбурий даволанишим учун бошқа жойга кўчиришлари керак эди.

Икки ҳафталарда комиссия бўлганидан кейин бўлим бошлиғи Ирода Шарофова “Каримов, яхшилаб эшитиб олинг, қачон бу ердан чиққанингиздан кейин бирор бир ҳуқуқбузарлик қилсангиз, сиз қонун бўйича жавоб берасиз. Чунки, сиз руҳан соғлом одамсиз, ўз ҳатти-ҳаракатларингиз учун жавоб бера олиш даражасида лаёқатлисиз. Сизда касаллик аломатлари топилмади”, деган.

Шундай бўлса-да, қўйиб юборишмасди. Ундан кейин неча марта шундай комиссия бўлган бўлса, ҳар доим мени соғлом, деб топишиб, озод қилинишим тўғрисида қарор олишарди.

Қарорларини юқорига юборишса, улар сафар “экспертиза муддати узайтирилсин”, деган буйруқ жўнатишарди.

Албатта, бу масалани фуқаролик суди ўзи ҳал қилмаган. Раҳматли ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев “Жамшид, сенга нисбатан ҳеч қандай суднинг қарори йўқ, сени сиртдан суд ҳам қилишмаган, ҳаммаси сафсата гаплар. Фақат амакингдан оғзаки буйруқ бўлган, холос”, деганди.

Ҳар қандай инсон бирор бир ҳуқуқбузарликда ёки жиноятда айбланса, унга расмий равишда қўлига қоғоз берилади, тўғрими? Мен эса, 10 йил бирор қарор тугул, бир энлик қоғозни ҳам кўрмадим.

Улуғбек Бакир: Сиз қандай хонада яшадингиз?

Жамшид Каримов: Бир хонада яшардим. Ойна ва эшиклар темир панжарали эди. Биринчи йиллари ҳар сафар устимдан қулфлаб юришди. Қарашса, ҳали-бери кетмайдиганман. Эшикни ҳадеб қулфлаб-очиш ўзларининг ҳам жонига тегди шекилли, кейинчалик қулфламай ҳам қўйишди. Уни устига, мен ҳам, улар ҳам бир-биримизга ўрганиб қолгандик.

Улуғбек Бакиров суҳбатлашди

Manba: https://www.facebook.com/ubakirov/posts/1533464000085715

 

Yorum Yapın